Булуғ ал-маром

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ЖАНОЗА КИТОБИ

425) Абу Ҳурайра ра ривояти : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Лаззатларни барбод қилувчини кўпроқ ёдга олинг: яъни, ўлимни»-дедилар.

 

426) Анас ра : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Биронтангиз ҳам бошига фалокат тушганда, ўзига ўлим тиламасин, агар тилашга мажбур (ҳолда) бўлса, «Аллоҳим менга ҳаёт яхшироқ бўлса, мени яшатғил ва агар ўлим яхшироқ  бўлса, мени вафот эттирғил»-деб айтсин»-дедилар. Муттафақ.

 

427) Бурайда ра ривояти: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Муъмин киши  пешонасида тер ила ўлади».-дедилар. Учлик ривояти. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

428) Абу Саъид ва Абу Ҳурайра (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Маййтиларингизга «Ла: ила:ҳа иллаллоҳ»ни етказиб туринг» -дедилар. Муслим ва тўртлик ривояти.

 

429) Маъқал ибн Ясор ра ривояти: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Маййитларингиз устида «Йосин» ни ўқинг»-дедилар. Абу Довуд ва Насоий. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

430) Умм Салама ра айтдилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Абу Саламанинг олдига кирдилар. У кишининг кўзлари очиқ қолган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом қўллари билан унинг кўзларини ёпдилар, ва: «Жон чиқаётганда унга кўз эргашадир»-дедилар. Маййитнинг қариндош уруғлари уввос солиб юбордилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ўзингизга фақат яхшиликнигина тилаб дуо қилинг, чунки фаришталар ҳар бир айтган гапингизга «Омин» деб турадилар»-дедилар. Сўнг: «Парвардигор Абу Саламани мағфират қилғил. Ҳидоятланганлар орасида унинг даражасини кўтарғил. Унинг қабрини кенг ва нурафшон айлағил. Унинг (вафотидан сўнг) аҳлига Ўзинг бошчилик қил»-деб дуо қилдилар.

 

431) Оиша ра : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом вафот этганларида устилари узун ридо билан ёпиб қўйилди. Муттафақ.

 

432) яна мазкур ровий : Абу Бакр Сиддиқнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни ўлимларидан сўнг ўпиб қўйганларини келтирган. Бухорий.

 

433) Абу Ҳурайра ривояти: «Муъминнинг жони унинг (олиб қайтармаган) қарзи туфайли то у (ўз эгасига) қайтарилмагунча муаллақ туради»-дедилар. Аҳмад ва Термизий ривояти. Ҳадисни ҳасан деган.

 

434) Ибн Аббос ра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг туя устида йиқилиб ўлган одамни: «Сув ва сидр  билан ювинтиринг ва икки савб  қилиб (яъни, икки бўлак мато билан) кафанланг».-деганларини айтган. Муттафақ.

 

435) Оиша (р.а.) дан : «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни ювмоқчи бўлганлар: «Аллоҳ ҳаққи, бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни ҳам бошқа маййитларимиз каби (ювиш учун) ечинтирурмизми ёки йўқми?» деб ҳайрон қолдик».- дедилар. Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

 

436) Умм Атиййа (р.а.) дан: Биз қизлари ни юваётганимизда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом олдимизга кириб: «Уни уч ёки беш марта ва ё лозим топсангиз ундан кўпроқ сув ва сидр билан ювинг, охиргисида (сувга) бир оз кафур  солинг»-дедилар. Биз фориғ бўлгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни чақирдик, бизга ҳақв ларини ташлаб: «уни аввал шу билан ўранг (асл. ишъор қилинг)»-дедилар. Мутттафақ.

Бошқа ривоятда : «..Ювишни унинг ўнг томонидан ва таҳорат ўринларидан бошланг».

Бухорий ривоятида: «..ва унинг (Зайнабнинг) сочларини уч ўрам қилиб ўриб орқасига ташлаб қўйдик».

 

437) Оиша ра ривояти: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни уч бўлак оқ яманий сурп билан кафанлашди. Кафаннинг остида на кўйлак ва на салла бор эди. Муттафақ.

 

438) Ибн Умар (р.а.) дан: Абдуллоҳ ибн Убай ўлгач, у кишининг ўғли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Менга (отамни) кафанлашим учун кўйлагингизни беринг»-деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом кўйлакларини бердилар. Муттафақ.

 

439) Ибн Аббос (р.а.) дан: Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Кийимларингизнинг оқларини кийинг, клар энг яхши кийимларингиздир, маййитларингизни ҳам улар билан кафанланг»-дедилар. Насоийдан ташқари бешликнинг ривояти. Термизий саҳиҳ деган.

 

440) Жобир (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Биронтангиз ўз биродарини кафанласа,  яхшилаб (қунт билан) кафанласин».-дедилар. Муслим.

 

441) Яна мазкур саҳобийдан ра : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Уҳуд шаҳидларини икки кишини бир кафан қилиб кафанладилар. Сўнг : «Уларнинг қайси бири кўпроқ Қуръон ёдлаганди?»-деб сўрадилар. (Кўрсатишгач,) у (шаҳид)ни (қибла томондан) аввалги қабрга қўйдилар. Шаҳидлар ювилмади ва уларга жаноза ҳам ўқилмади. Бухорий.

 

442) Али (р.а.) дан: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг: «Кафаннинг қимматини олманг, у тезда ечиб олинур (яъни, фаришталар томонидан Ҳашр учун)».-деб айтганларини эшитганман. Абу Довуд ривояти.

 

443) Оиша (р.а.): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг уларга: «Агар мендан аввал ўлсангиз, ўзим сизни ювгайман деганлар»ини ривоят қилганлар. Аҳмад ва Ибн Можа  ривояти. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

 444) Асмо бинт Умайс ра Фотима ра нинг жасадларини ( у кишининг эри) Али ра ювсин деб васият қилганларини айтдилар. Дорқутний ривояти.

 

445) Бурайда ра зинода айбланиб тошбўрон қилинган Ғомидийя деган аёл ҳақида гапириб: Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом у(нинг жасади)ни келтиришни буюрдилар, унга жаноза ўқилиб, дафн қилинди.-дедилар. Муслим.

 

446) Жобир ибн Самура (р.а.) дан : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга ўзини ҳарсанг тош  билан ўлдирган кишининг жасадини олиб келдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом унга жаноза ўқимадилар. Муслим.

 

447) Абу Ҳурайра ра масжидни супуриб юрувчи аёл тўғрисидаги ривоятларида шундай дедилар: « Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом у аёл ҳақида сўрадилар, «у ўлди»-дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Мени жанозасига чақирмовдингларми?»-дедилар, саҳобалар аёлнинг ҳурматини бажо қилмагандек мулзам ҳолда турдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Менга унинг қабрини кўрсатинг»-дедилар. Улар кўрсатдилар: Унга жаноза ўқидилар». Муттафақ.

Муслим ривоятида: «...сўнг: «Ушбу қабрларнинг эгалари, қоронғулик билан тўла гўрларда ётибдилар, Аллоҳ менинг уларга ўқиган (жаноза) намозим ила қабрларини мунаввар қилур» деб зиёда қилинган.

 

448) Ҳузайфа ра Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ўликка дод-вой солиб йиғлашдан қайтарганларини айтганлар. Аҳмад ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан деган.

 

449) Абу Ҳурайра (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг Нажжошийнинг ўлган кунида унинг ўлими ҳақида ўз саҳобаларини хабарладилар. Улар хонақоҳга чиқиб саф тортдилар ва унга (ғойибона жаноза ўқиб) тўрт марта такбир айтдилар. Муттафақ.

 

450) Ибн Аббос ра : Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Бир мусулмон киши ўлса ва унинг жанозасини Аллоҳга ширк келтирмайдиган қирқ киши ўқисалар, Аллоҳ уларни Қиёматда ўша (ўлган мусулмон) киши учун шафоатчи қилиб қўяди».-деганларини эшитганман. Муслим ривояти.

 

451) Самура ибн Жундуб ра ривояти: Мен Набий саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг орқаларида туриб туғолмай ўлган аёлнинг жанозасини ўқидим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом марҳуманинг белининг тўғрисида турдилар. Муттафақ.

 

452) Оиша ра : Аллоҳ ҳаққи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом масжидда Байзонинг икки ўғлига (бир вақтда) жаноза ўқидилар. Муслим.

 

453) Абдурраҳмон ибн Абу Яъло ривояти: Зайд ибн Арқам ра жанозаларда тўрт марта такбир айтар эдилар, бир жанозада беш марта айтдилар, мен сўраган эдим: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом шундай қилган эдилар»-дедилар. Муслим ва тўртлик ривояти.

 

454) Али ра : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Саҳл ибн Ҳунайфга олти марта такбир айтганлар»ини айтганлар. Саъид ибн Мансур ривояти. Асл матни Бухорийда.

 

455) Жобир ра  ривояти : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом жанозаларимизда тўрт марта такбир айтар эдилар. Ва биринчи такбирда  Фотиҳа сурасини ўқирдилар. Шофиъий заиф иснод билан.

 

456) Талҳа ибн Абдуллоҳ ибн Авф ра дедилар: Бир жанозани Ибн Аббоснинг орқаларида туриб ўқидим. У киши Фотиҳа сурасини (овоз чиқариб) ўқидилар. Сўнг: « Бунинг суннат эканлигини (яъни, Фотиҳа ўқишликнинг) билишингиз учун шундай қилдим»-деб айтдилар. Бухорий ривояти.

 

457) Авор ибн Молик (р.а.) дан : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом жаноза ўқидилар мен ўқиган дуоларидан ушбу дуони ёдлаб олдим:

«Аллоҳуммағфир лаҳу варҳамҳу ва ъа:фиҳи ваъфу ъанҳу. Ва акрим нузулаҳу, ва вассиъ мадхалаҳу вағсилҳу билма:и вассалжи вал-бард . Ва наққиҳи минал-хато:йа: кама: наққайтас-савбал абйада минад-данас. Ва абдилҳу да:ран хайран мин дар:риҳи ва аҳлан хайран мин аҳлиҳи. Ва адхилҳул-жаннат ва қиҳи фитнат-алқабри ва ъаза:бун-на:р». (тарж. Парвардигорим, уни мағфират ва раҳм қилғил. Уни офиятда айлагил ва гуноҳларини кечгил. Борадирган жойини мукаррам, кирадирган қабрини кенг қилғил. Уни(нг гуноҳларини) сув, қор ва муз билан ювиб юборғил. Худди оппоқ кўйлак кирдан тозанлангани каби уни қилган хатоларидан тозалагил. Унинг ўз уйи ўрнига (жаннатда) ундан яхшироқ уй ато эт ва аҳлидан кўра яхшироқ аҳл инъом эт. Уни жаннатга дохил қил, уни қабр фитнаси ва жаҳаннам оташидан Ўзинг асра!»).

 

458) Абу Ҳурайра (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом жаноза намози ўқисалар: «Аллоҳуммағфир лиҳаййина: ва..» (охиригача)

(Тарж. Парвардигор, тирикларими ва маййитларимизни, ҳозирларимиз ва ғойибларимизни, кичикларимиз ва катталаримизни, эркакларимиз ва аёлларимизни Ўзинг мағфират қил. Парвардигор биздан кимники, ҳаётга келтирсанг исломдалик ҳолида келтир ва кимники вафот   эттирсанг имондалик ҳолида вафот эттирғил. Раббим, унинг ажрини биздан тўсмагил ва ундан сўнг бизларни фитнага қўймагил).–дер эдилар. Муслим ва тўртлик ривояти.

 

459) яна мазкур ровий (р.а.) дан: Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Агар маййит ҳаққига дуо қилсангиз ихлос билан қилинг»-дедилар. Абу Довуд ривояти. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

460) Абу Ҳурайра (р.а.) дан Пайғамбар салаллоҳу алайҳи вассалом: «Жанозани тезлаштирингалар, агар (маййит) солиҳ одам бўлса, яхши: уни тезроқ яхшиликка юзлагайсиз. Агар ундай бўлмаса (яъни, солиҳ одам бўлмаса), елкангиздаги ёмон (одам)дан тезроқ қутулгайсиз». Муттафақ.

 

461) Мазкур ровийдан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дедилар: «Кимки, жаноза намозидан олдин келиб қўшилса, унга бир қийрот (савоб бўла)дир. Кимки, дафн этишда ҳам қатнашса, унга икки қийрот (савоб бўла)дир». Сўрашди: «Икки қийрот у нима?» Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Икки баланд тоғдек»-дедилар. Муттафақ.

Муслимда: «...лаҳадга қўйилгунча қатнашса..».

Бухорий ҳам Абу Ҳурайра (р.а.) дан қуйидагича ҳадисни келтирган: «Кимки, мусулмон кишининг жанозасига имон ва савоб олишдан умид қилган ҳода эргашса, у икки қийрот (савоб) бирла уйига қайтур. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғидекдур».

 

462) Солим отаси Абу Бакр ва Умарларнинг жанозадан (тобутдан) олдин юриб бораётганларини кўрганини айтган. Бешлик ривояти. Ибн ҳиббон саҳиҳ деган.

 

463) Умм Атиййа ра дедилар: Биз (яъни, аёллар) жанозага эргашиб боришдан қайтарилдик. У бизларга 

Муттафақ.

 

464) Абу Саъид (р.а.) дан : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Жанозани кўрсангиз ўрнингиздан туринг. Унга эргашган (маййит) ерга қўйилмагунича ўтирмасин»–дедилар. Муттафақ.

 

465) Абу Исҳоқ ра  Абдуллоҳ ибн Язид ра нинг: Маййитни оёқ тарафи билан қабрга киритганларини ва: «бу суннат амалларидандир»-деганини айтган. Абу Довуд ривояти.

 

466) Ибн Умар (р.а.) дан : Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Маййитларингизни қабрга қўяётганингизда: «Бисмиллаҳ ва ъала миллати расулиллаҳ» (тарж. Аллоҳнинг исми ва Расулуллоҳнинг миллати ила)»-деб айтинглар»-дедилар. Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

467) Оиша (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Маййитнинг суягини синдириш-унинг тирик ҳолида суягини синдирган билан баробар бўлур»-дедилар. Абу Довуд ривояти.

Ибн Можанинг Умм Саламадан   қилган ривояти: «...гуноҳда баробар бўлур».

 

468) Саъд ибн Абу Ваққос ра дедилар: «Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломда қилинганидек, лаҳад қазиб кўминг ва (қабр устига) ғишт санчиб  қўйинг». Муслим ривояти.

Байҳақийнинг Жобир (р.а.) дан қилган шунга ўхшаш ривоятлари: «...ва уларнинг қабрлари ердан бир қарич кўтариб қўйилди» деб зиёда қилинган. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

Муслимнинг Жобирдан а: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қабрни (حصّص)қилишдан ва унинг устига ўтириш ва устига бино қуришдан қайтарганлари келтирилади.

 

469) Омир ибн Рабиъа (р.а.) дан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг «Усмон ибн Мазъун ҳаққига жаноза намозини ўқиганлар»и ва «қабрларининг олдига келиб, тик турган ҳолларида унинг устига уч сиқим тупроқ ташлаганлар»и ривоят қилинади. Дорқутний ривояти.

 

470) Усмон ра : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом маййит дафнидан сўнг унинг қабри олдида туриб, «Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинг ва унга савол-жавобда бардош тиланг. Албатта у ҳозир сўралажак»-деган эдилар.-дедилар. Абу Довуд ривояти. Ал-Ҳоким саҳиҳ деган.

 

471) Тобеъинлардан бири Замра ибн Ҳабиб дедилар: Маййит дафн қилиниб қабрининг усти теккислангач ва одамлар ундан узоқлашгач (саҳобалар) қабр олдида туриб: « Эй фалончи , «Ла: ила:ҳа иллаллоҳ»-деб айтинг» дейишни ва : «Эй фалончи, Раббим Аллоҳ, диним ислом, пайғамбарим Муҳаммад сав деб айтинг» дейишни хайрли, мустаҳаб амаллардан санашарди.

Саъид ибн Мансурнинг мавқуф тарзда ривояти. Табароний шу каби ҳадисни Абу Умомадан марфуъ ҳолда кенгроқ келтирган ривояти мавжуд.

 

472) Бурайда ибн Ҳусойб Асламий (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом айтдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилмакдан қайтариб эрдим. Уларни зиёрат қилаверинглар!» дедилар. Муслим ривояти.

Термизий ҳадис сўнгида : «..улар сизларга охиратни эслатурлар» деган зиёда билан келтирган. Ибн Можанинг Ибн Масъуддан қилган ривоятида эса, яна: «..ва дунёга нисбатан (сизларни) зоҳид (бефарқ) қилурлар» деб зиёда қилинган.

 

473) Абу Саъид Худрий ра дедилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом «дод-вой солувчи аёл»ни ва «уни тингловчи аёлни лаънатладилар». АД .

 

475) Умм Атиййа ра дедилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дод-вой солиб йиғламасликка бизлардан сўз (ваъда) олдилар. Муттафақ.

 

476) Ибн Умар ра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг : «Маййит қабрида унга қилинган дод-войлар сабабидан азобланади»-деганларини айтдилар. Муттафақ.

Бухорий ва Муслимнинг яна Муғира ибн Шуъба (р.а.) дан қилинган шунга ўхшаш ривоятлари ҳам мавжуд.

 

477) Анас (р.а.) дан : Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қайси бир қизлари дафн  қилинаётганида, ул зотнинг қабр олдида ўтирганларининг гувоҳи бўлганман. Муборак икки кўзларидан ёш оқар эди. Бухорий ривояти.

 

478) Жобир ра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг : «Маййитларингизни тунда дафн қилманглар. Илло бунга мажбур бўлсангизгина (мумкин)»-деганларини айтганлар. Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг асл матни Муслимда. Лекин ундаги ҳадис: «Кишининг тунда то унга жаноза ўқилмагунча кўмишни қаттиқ койидилар» тарзида келтирилган.

 

479) Абдуллоҳ ибн Жаъфар (р.а.) дан: Жаъфарнинг ўлдирилганлиги ҳақида хабар келгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Жаъфарнинг оиласи учун таом пиширинг. Уларга (ташвиш ила) банд қилиб қўювчи (яъни мусибат) келибдир».-дедилар Насоийдан ташқари бешликнинг ривояти.

 

480) Сулаймон ибн Бурайданинг отаси уларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг қабрлар олдига келганларида : «Ассала:му ъала: аҳлид дийа:р минал-муъмини:н вал-муслими:н. Ва инна: ин ша: Аллоҳу бикум ла:ҳиқу:н. Насъалуллоҳа лана: ва лакум ул-ъа:фийа» (Тарж. Ассалом эй, муъмин ва мусулмонлар бўлган ушбу манзил эгалари, биз ҳам иншааллоҳ сизлар билан кўришажакмиз, Аллоҳдан ўзимизга ва сизлар учун офият-хотиржамлик сўраймиз)-дейишлари кераклигини таълим берганларини айтганлар.. Муслим ривояти.

 

481) Ибн Аббос (р.а.) дан : Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом Мадина қабрлари олдидан ўтдилар. Улар томонга юзландилар ва : «Ассалому алайкум, эй қабрлар аҳли! Сиз бизнинг салаф-ўтганларимизсиз, биз ҳам  изма-из (у дунёга) борурмиз»-дедилар. Термизий ривояти. У ҳадисни ҳасан деган.

 

482) Оиша (р.а.) дан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ўлганларни койиб сўкманг, улар (шундоқ ҳам) қилган ишлари олдига юборилганлар». Бухорий ривояти.

Термизийнинг Муғирадан келтирган ривояти қуйидагича : «Ўликларни койиб (ёмонлаб) тирикларга озор берманг».

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио