Мишкотул масобиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Иймон китоби

Биринчи бўлим

         

2. Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот: «Бизлар бир куни Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларида эдик. Олдимизга оппоқ кийимли, қоп-қора сочли бир киши кириб келди. Унда сафарнинг асорати кўринмас ва бизлардан бирор киши уни танимас эди. Ҳатто у Набийнинг (с.а.в.) олдиларига ўтириб, тиззаларини Пайғамбаримизнинг тиззаларига теккизди ва қўлини Пайғамбаримизнинг сонлари устига қўйди. Ва «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик бермоқлигинг, намозни адо қилмоқлигинг, закотни бермоқлигинг, Рамазон рўзасини тутмоқлигинг ва йўлга қурбинг етса, Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлигинг», дедилар. У «Тўғри айтдинг», деди. Биз унинг ўзи сўраб, ўзи тасдиқлаганидан ажабландик!

У: «Менга иймон ҳақида хабар беринг», деди. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига ҳамда қадарнинг яхшилиги ва ёмонлигига иймон келтирмоқлигинг», дедилар. У: «Тўғри айтдинг», деди.

(Сўнг): «Менга эҳсон ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): Аллоҳга Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоқлигинг, гарчи сен Уни кўрмаётган бўлсанг ҳам, албатта У сени кўриб турибди.

У: «Менга Қиёматнинг қачон бўлиши ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қиёмат вақти ҳақида сўралган киши сўровчидан билувчироқ эмас», дедилар. У: «Менга унинг аломатлари ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Чўри ўз хожасини туғмоқлиги ва ялангоёқ, яланғоч камбағал, қўй боқувчиларнинг биноларида (уй-жойларини баланд қуришда) бир-бирларидан ким ўзар қилганларини кўрмоқлигинг», дедилар. Умар (р.а.) айтадилар. Сўнгра у киши кетди, мен эса узоқ вақт туриб қолдим. Кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: «Эй Умар, сўровчи ким эканлигини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва унинг Расули билувчидир», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта, У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

3. Абу Ҳурайрадан (р.а.) айрим фарқлар билан ривоят қилинади. Ушбу ривоятда шундай келади: «Ва агар ялангоёқ, яланғоч, кар, соқовлар ва ер подшоларининг (ғайбдан) беш нарса тўғрисида фикр юритаётганликларини кўрсанг (бу ҳам қиёмат аломатларидан). Зеро фақат Аллоҳнинг ўзи бу беш нарсани билур», деб қуйидаги оятни ўқидилар. «Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур». Муттафақун алайҳ.

 

4. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ислом беш нарсага устига бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бермоқ, намоз ўқимоқ, закот бермоқ, ҳаж қилмоқ ва Рамазон рўзасини тутмоқ», деб айтдилар. Муттафақун алайҳ.

 

5. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Иймон етмиш неча ҳам бўлакдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзи ва энг қуйиси йўлдан азият берадиган нарсани олиб ташлашликдир. Ва ҳаё иймон бўлакларидан бир бўлакдир», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

6. Абдуллоҳ ибн Амрдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «(Комил) мусулмон, мусулмонлар унинг қўли ва тилидан омонда бўлган кишидир. Ва (комил) муҳожир, Аллоҳ ман этган нарсаларни тарк қилган кишидир», дедилар. Бу Бухорийнинг лафзларидир. Имом Муслим лафзларида эса: «Бир киши Набий алайҳиссаломдан: «Қайси мусулмон яхшироқдир?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир», деб айтган лафз билан келган.

 

7. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Тоинки мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва бутун инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча сизлардан бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

8. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Уч хислат кимда бўлса, улар сабабли иймон ҳаловатини топади. Кимга Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа нарсалардан кўра суюклироқ бўлса, кимки бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва кимки Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олганидан кейин яна ўша куфрга қайтишни худди дўзахга ташланишни ёмон кўрганидек кариҳ кўрса», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

9. Аббос ибн Абдулмутталибдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки Аллоҳни Робб, Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни Расул деб рози бўлса, иймон тамини тотибди», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

10. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бу уммат ичидан яҳудий ва насронийлардан бирор киши йўқки, мени эшитиб, сўнг менга юборилган нарсага иймон келтирмасдан ўлар экан, у дўзах аҳлидан бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

11. Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Уч киши борки, уларга иккитадан ажр бор: Аҳли китобдан бўлган киши ўз пайғамбарига ҳам иймон келтирган ва Муҳаммадга (с.а.в.) ҳам иймон келтирган бўлса. Қул агар Аллоҳнинг ҳаққини ва хўжайинининг ҳаққини адо этса. Кишининг жимоъ қилиб юрган чўриси бўлиб, унга чиройли одоб ва яхши таълим берган бўлса, сўнг уни озод қилиб, унга уйланса, унга ҳам икки ажр бордир», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

12. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Одамлар токи «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир» деб шаҳодат келтирмагунларича, намозларини адо этмагунларича ва закотларини бермагунларича уларга қарши урушишга буюрилдим. Агар улар мана шуларни қилсалар, моллари ва жонлари мендан омонда бўлади. Лекин Ислом ҳаққида эмас. Ва уларнинг ҳисоб-китоблари Аллоҳгадир», дедилар. Муттафақун алайҳ.

Аммо имом Муслим «Фақат Ислом ҳаққида эмас» деган сўзни зикр қилмаганлар.

 

13. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган жонлиқларимизни еса, мана шу унга Аллоҳнинг кафолати ва Унинг расулининг кафолати бўлган мусулмондир. Унинг зиммасида Аллоҳга хиёнат қилманглар», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 

14. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига бир аъробий келиб: «Менга бир амални кўрсатингки, мен унга амал қилиш билан жаннатга кирайин», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳга ибодат қиласан, унга бирор нарсани шерик этмайсан, фарз бўлган намозларни қоим қиласан, фарз бўлган закотларни адо этасан ва Рамазон рўзасини тутасан», дедилар. Шунда у: «Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бунга бирор нарса зиёда ҳам қилмайман ва ё камайтирмайман ҳам», деди. Аъробий бурилиб кетгач, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимни жаннат аҳлидан бўлган кишига қараш қувонтирса, мана бу кишига қарасин», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

15. Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафий (р.а.) ривоят қилишича, у киши: «Эй Аллоҳнинг расули, менга ислом тўғрисида бир сўз айтингки, сиздан кейин бу ҳақда бирор кишидан сўрамайин», деди. Бир ривоятда «сиздан бошқасидан» деб келган. У зот «Аллоҳга иймон келтирдим деб айт, сўнг истиқоматда бўл», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

16. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинишича, Нажд аҳлидан сочлари тўзиган бир киши Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдига келди. Биз унинг шовқинли товушини эшитар эдик ва у айтаётган гапларни тушунмасдик. Ҳатто у Расулуллоҳга (с.а.в.) яқинлашгач, бирдан ислом ҳақида сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бир кеча кундузда беш вақт намоз ўқимоқлигинг», дедилар. Шунда у: «Менга бундан бошқа яна вожиб бўладими?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, илло нафл ўқимоқлигинг», дедилар. Ва яна Расулуллоҳ (с.а.в.): «Рамазон ойи рўзасини тутмоқлигинг», дедилар. Шунда у: «Менга бундан бошқа яна вожиб бўладими?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, илло нафл тутмоқлигинг», дедилар. Талҳа (р.а.) айтдилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) унга закотни зикр қилдилар. Шунда у : «Менга бундан бошқа яна вожиб бўладими?», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, илло нафл бермоқлигинг», дедилар. Талҳа айтади: «Ҳалиги киши шундай деганича ўгирилди: «Аллоҳга қасамки, бу нарсаларга бирор нарсани зиёда ҳам қилмайман ва бирор нарсани ундан камайтирмайман ҳам». Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бу киши нажот топди, агар рост гапирган бўлса», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

17. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот: «Абдул Қайс элчилари Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келганида Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бу қавм ким?», ёки «Бу элчилар кимлар?» дедилар. Улар: «Рабиъа» дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Хуш келибсизлар, хорланмаган ва надомат чекмаган қавм ёки элчилар», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг расули, биз сизнинг олдингизга фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина келишга қодир бўла оламиз. Биз билан сизнинг орангизда Музор кофирларидан бўлган мана бу қабила бор. Бизларни қатъий бир ишга буюрингки, биз уни орқадагиларимизга хабар бериб ва бу сабабли жаннатга кирамиз», деб ичимликлар ҳақида ҳам сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тўрт нарсага буюриб, тўрт нарсадан қайтардилар. Уларни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга буюриб: «Ёлғиз Аллоҳнинг ўзига иймон келтириш нималигини биласизларми?» дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчидир», дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бермоқ, намозни адо этмоқ, закотни бермоқ, Рамазон рўзасини тутмоқ ва ўлжанинг бешдан бирини бермоқ», дедилар. Ва уларни тўрт нарсадан қайтардилар: «Қуриган ошқовоқ идиши, хурмача, алқор ўсимлиги билан бўялган ва тахтадан ўйиб ишланган идишларда шароб тайёрлаб ичишни ман этаман», дедилар. Буларни ёдлаб олинглар ва орқаларингда бўлган кишиларга етказинглар», дедилар. Муттафақун алайҳ. Лафз Бухорийники.

 

18. Убода ибн Сомитдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) атрофларидаги саҳобалардан бир гуруҳи ичида: «Аллоҳга бирор нарсани шерик этмасликка, ўғрилик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, олдию орқаларингиздан тўқиб чиқиб бировга бўҳтон қилмасликка ва яхши ишларда осий бўлмасликка менга байъат беринглар. Сизлардан ким ўша байъатига вафо қилса, унинг ажри Аллоҳгадир. Ва кимда мана шу нарсалардан бирортаси содир бўлиб, дунёда ана шу сабабли азобланса, бу у учун каффоратдир. Кимки мана шу нарсалардан бирортаси содир бўлса, сўнг Аллоҳ уни дунёда яширса, у Аллоҳга ҳаволадир. Хоҳласа уни афв қилади ва агар хоҳласа, азоблайди», дедилар. Биз эса мана шунга байъат қилдик». Муттафақун алайҳ.

 

19. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Қурбон ёки Фитр (ҳайити)да намозгоҳга чиқдилар ва аёлларнинг олдиларига ўтдилар-да: «Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, менга сизларни дўзах аҳлининг аксари эканлигингиз кўрсатилди», дедилар. Улар: «Нима сабабдан, эй Аллоҳнинг расули?» дейишган эди, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кўп лаънатлайсизлар ва умр йўлдошларингизга ношукрлик қиласизлар. Мен ўзи ақл ва динда ноқис бўлиб, ақиллилар устидан ғолиб келувчиларни, сизлардан бошқаларда кўрмадим», дедилар. Улар: «Динимиз ва ақлимизнинг ноқислиги нимада, эй Аллоҳнинг расули?» дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аёлнинг гувоҳлиги эркакнинг гувоҳлигининг ярмидек эмасми?» деган эдилар, улар: «Ҳа, шундай», дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в): «Мана шу аёл ақлининг ноқислигидир. Агар аёл киши ҳайз кўрса, намоз ўқимайди ва рўза ҳам тутмайди, шундайми?» деган эдилар, улар: «Ҳа, шундай», дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Шу аёллар динининг ноқислигидир», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

20. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Одам боласи Мени ёлғончига чиқаради, ваҳоланки унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Ва Мени ҳақоратлади, ваҳоланки унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Аммо Мени ёлғончига чиқарганлиги, унинг: «Аллоҳ мени илк яратганидек, ўлганимдан кейин ҳаргиз қайта тирилтирмайди», деганидир. Илк яратишлик қайта тирилтиришдан кўра Менга осон эмас! Ва уларнинг Мени ҳақоратлаганликлари: «Аллоҳ ўзига бола тутгандир», деган сўзларидир. Ва Мен туғмаган ва туғилмаган беҳожат ягона зотдирман ва Менга бирор нарса тенг бўлмагандир!», деб айтди.

 

21. Ибн Аббосдан қилинган ривоятда: «Ва аммо унинг Менга ҳақорати: «Менинг болам борлиги» ҳақидаги сўзидир. Мен хотин ва бола тутишдан покдирман», дейилади. Имом Бухорий ривояти.

 

22. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Одам боласи замонни сўкиб, Менга азият беради. Ваҳоланки замон Менман, ишлар Менинг қўлимдадир, кеча-ю кундузни алмаштириб тураман, дейди». Муттафақун алайҳ.

 

23. Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳдан кўра эшитган азиятига сабр қилувчироқ бирор зот йўқдир. Унга боласи бор деб даъво қилсалар ҳам уларни сақлаб ризқлантираверади», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

24. Муоздан (р.а.) ривоят қилинади: «Мен эшак устида Расулуллоҳнинг (с.а.в.) орқаларида мингашиб олган эдим. Мен билан у кишининг ораларида фақат эгарнинг орқа қисми бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққини ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Расули билувчидир», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳнинг бандалардаги хаққи, (бандалар) Аллоҳга ибодат қилмоқликлари, Унга бирор нарсани шерик қилмасликларидир ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, Ўзига бирор нарсани шерик қилмаган кишини азобламаслигидир», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, одамларга бунинг башоратини бермайинми?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уларга башорат берма, агар башоратини берсанг, улар ўша нарсага суяниб қолишади», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

25. Анасдан (р.а.) ривоят қилинишича, Набий (с.а.в.) Муоз (р.а.) билан бир уловда мингашиб олган эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Муоз», дедилар. Муоз (р.а.): «Лаббайка, эй Расулуллоҳ, ва саъдайка», дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Муоз!» дедилар. Муоз (р.а.): «Лаббай, эй Расулуллоҳ, саъдайка», дедилар. Бу нидо уч маротаба такрорланди. «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига чин қалбидан гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар. Муоз: «Эй Расулуллоҳ одамларга бу тўғрида хабар бермайинми, улар хурсанд бўладилар», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ундай қилсанг суяниб қоладилар», дедилар. Муоз (р.а.) ўлимлари олдидан (илмни яширишни) гуноҳ санаганлари учун хабарини бердилар. Муттафақун алайҳ.

 

26. Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинади. Мен Набийнинг (с.а.в.) олдиларига келдим, у киши оқ кўйлакда бўлиб, ухлаб ётардилар. Сўнг яна келганимда у зот уйғонган эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бирор банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтса, сўнг мана шу эътиқодида ўлса, албатта жаннатга киради», дедилар. Мен: «Ва агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. Мен: «Агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар. Мен: «Агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар зино қилса ва ўғрилик қилса ҳам, Абу Зарр буни ёмон кўрса ҳам», дедилар. Абу Зарр қачонки бу ҳадисни айтсалар: «гарчи Абу Зарр буни ёмон кўрса ҳам», дер эдилар. Муттафақун алайҳ.

 

27. Убода ибн Сомитдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в): «Кимки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, шериги йўқ ёлғиз эканлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва расули эканлигига ва Исо Аллоҳнинг қули, расули ва чўрисининг ўғли ва Марямга ташлаган калимаси, ҳамда У томондан бўлган руҳ эканлигига ва жаннат, дўзах ҳақ эканлигига гувоҳлик берса, қанчалик амал қилган бўлмасин, Аллоҳ уни жаннатга киргизади», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

28. Амр ибн Осдан (р.а.) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб ўнг қўлингизни очинг, сизга байъат қиламан», дедим. Шунда ўнг қўлларини очдилар мен эса қўлимни тортдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга нима бўлди, эй Амр?» дедилар. Мен: «Шарт қўймоқчиман», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Нимани шарт қиласан?» дедилар. Мен: «Гуноҳларим кечирилмоқлигини», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Билмайсанми, эй Амр! Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ўчиради! Ва албатта ҳижрат ўзидан олдинги гуноҳларни ўчиради! Ва албатта ҳаж ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни ўчиради!», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) иккита ҳадис ривоят қилинган бўлиб, уларда шундай дейилган: «Аллоҳ таоло айтади: «Мен шерикларнинг шерикчилигидан энг беҳожатиман».

Ва бошқа ҳадисда: «Кибриёлик ридоим» деган.

Бу икки ҳадисни иншаалоҳ «Риё ва кибр» бобида зикр қиламиз.

 

Иккинчи фасл

 

29. Муоздан (р.а.) ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киргизсин ва дўзахдан узоқлаштирсин», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳақиқатда улкан иш ҳақида сўрадинг, аслида эса эса бу Аллоҳ осон қилган кишига осондир. У: Аллоҳга ибодат қилмоқ, Унга бирор нарсани шерик этмаслик, намозни адо қилмоқ, закотни бермоқ, Рамазон рўзасини тутмоқ ва ҳаж қилмоқлик», дедилар. Сўнг яна: «Мен сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми? Рўза тўсиқдир ва садақа худди сув оловни ўчирганидек хатоларни ўчиради ва кишининг кечасидаги намози (ҳам шундайдир)», дедилар. Сўнг тиловат қилиб: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан узоқ бўлур» оятини «ўтган амаллари»гача ўқидилар (Сажда-16,17). Сўнг яна: «Сени ишларнинг боши, устуни ва энг чўққисига далолат қилайинми?» дедилар. Мен: «Ҳа, далолат қилинг, эй Аллоҳнинг расули», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ишнинг боши­­­­ - Ислом, устуни - намоз ва чўққиси - жиҳоддир», дедилар. Сўнг яна: «Сенга буларнинг барчасини мустаҳкамлайдиган асоснинг хабарини бермайми?» дедилар. Мен: «Ҳа, хабарини беринг, эй Аллоҳнинг расули», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) тилларини ушлаб: «Мана буни тий», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биз у билан гапирган нарсаларимиз сабабидан ҳисоб қилинамизми?» деган эдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): Онанг боласиз қолгур эй Муоз! Одамлар дўзахга юзлари ёки бурунлари билан йиқилишлари бу тилларининг маҳсули сабабидандир», дедилар. Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

30. Абу Умомадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким Аллоҳ учун севса ва Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун берса ва Аллоҳ учун ман қилса, ҳақиқатда иймонини мукаммал қилибди», дедилар. Абу Довуд ривояти.

 

31. Имом Термизий Муоз ибн Анасдан қилган ривоятда, сўзларни ўрнини алиштирган ҳолда: «Ҳақиқатда у иймонини мукаммал қилибди», деб айтилган.

 

32. Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Амалларнинг афзали Аллоҳ йўлида яхши кўришлик ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришликдир», дедилар. Абу Довуд ривояти.

 

33. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мусулмон-мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин эса одамлар ўз қонлари ва молларида ундан тинч бўлган кишидир», дедилар. Термизий ва Насаий ривояти.

 

34. Байҳақий: «Шўъабул-иймон» китобида Фазола ривояти билан: «Мужоҳид Аллоҳга итоат қилиш йўлида ўз нафсига жиҳод қилган кишидир ва муҳожир эса хато ва гуноҳларни тарк этган кишидир», ни қўшимча қилди.

 

35. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга озгина хутба қилганлар, шунда ҳам: «Омонати йўқ кишининг иймони йўқ ва аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дедилар. Байҳақийдан «Шўъабул-иймон» китобида ривоят қилинган.

 

Учинчи фасл

 

36. Убода ибн Сомитдан (р.а.) ривоят қилинишича: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», деганларини эшитдим», деди. Муслим ривояти.

 

37. Усмондан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини билган ҳолида ўлса, жаннатга киради», дедилар. Муслим ривояти.

 

38. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Икки нарса вожиб қилувчидир», дедилар. Бир киши: «Эй Расулуллоҳ, бу вожиб қилувчилар нимадир?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки Аллоҳга бирор нарсани шерик келтирган ҳолида ўлса, дўзахга киради ва кимки Аллоҳга бирор нарсани шерик келтирмаган ҳолида ўлса, жаннатга киради», дедилар. Муслим ривояти.

 

39. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) атрофларида ўтирган эдик ва биз билан бирга жамоамиз ичида Абу Бакр ва Умар (р.а.) ҳам бор эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бизнинг орамиздан туриб кетдилар ва олдимизга қайтиб келишлари кечикиб кетди. Йўқлигимизда кори-ҳол етишидан қўрқдик. Бас, биз ҳам ваҳимага тушиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб ваҳимага тушган мен эдим, шу сабабдан Расулуллоҳни (с.а.в.) излаб чиқдим. Ниҳоят мен Расулуллоҳни (с.а.в.) қидириб Бани Нажжорлик ансорларнинг боғига кириб қолдим. Ва мен эшик бормикан деб, боғнинг атрофини айланиб чиқдим. Эшик топа олмадим. Ва бирдан ташқаридаги қудуқдан боғнинг ичига кирадиган робийъни кўрдим. Робийъ -- кичкина ариқ. Абу Ҳурайра айтдилар: «Мен эгилиб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига кирдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Абу Ҳурайра!» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Расулуллоҳ (с.а.в.)», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга нима бўлди?» дедилар. Мен: «Сиз бизнинг орамизда ўтирган эдингиз, туриб кетиб олдимизга (қайтиб келишингиз) кечикиб кетди. Биз йўқлигимизда кор-ҳол етишидан қўрқиб, ваҳимага тушиб қолдик ва биринчи ваҳимага тушган мен бўлдим. Шу сабабдан ушбу боғга келдим ва худди тулки эгилгандек мен эгилиб (ўтдим). У одамлар менинг ортимдадирлар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Абу Ҳурайра», деб оёқ кийимларини менга бердилар ва: «Ушбу икки оёқ кийимим билан боргин ва бу боғ ортида кимки қалби билан инонган ҳолда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бериб сенга йўлиқса, унга жаннатнинг башоратини бер», дедилар. Мен биринчи бўлиб Умарни (р.а.) учратдим. Умар (р.а.): «Бу қандай оёқ кийим, эй Абу Ҳурайра?» деди. Мен: «Бу Расулуллоҳнинг (с.а.в.) оёқ кийимларидирки, бу иккиси билан мени жўнатдилар ва кимки қалби билан инонган ҳолда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берса, унга жаннатнинг башоратини бераман», дедим. Умар (р.а.) менинг кўкрагим ўртасига урди. Мен кетим билан ўтириб қолдим ва у: «Қайт, эй Абу Ҳурайра», деди. Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига қайтдим ва йиғлашга тайёр эдим. Ва Умар (р.а.) ҳам менинг ортимдан эргашди, мен бир қараганимда у менинг орқамда эди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сенга нима бўлди, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. Мен: «Умарни (р.а.) йўлиқдим ва мени у билан юборган нарсангизнинг хабарини бердим. У менинг кўксим ўртасига урди ва мен кетимга йиқилдим», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Умар, бу қилган ишингга сени нима мажбурлади?» дедилар. Умар (р.а.): «Ота онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ. Қалби билан инониб Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берган киши йўлиқса, унга жаннатнинг башоратини беришни тайинлаб, Абу Ҳурайрани оёқ-кийимингиз билан юбордингизми?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳа», дедилар. Умар (р.а.): «Бундай қилманг, мен одамларни ушбу башоратга суяниб қолишларидан қўрқаман, уларни ўз ҳолига қўйинг, амал қилсинлар», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бас, уларни ўз ҳолига қўйгин», дедилар. Муслим ривояти.

 

40. Муоз ибн Жабалдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) менга: «Жаннатнинг калитлари Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришликдир», дедилар. Аҳмад ривояти.

 

41. Усмондан (р.а.) ривоят қилинади: «Набий (с.а.в.) вафот этганларида у кишининг асҳобларидан бўлган кишилар қаттиқ қайғурдилар. Ҳатто уларнинг баъзилари васвасага тушиб қолдилар. Усмон (р.а.) айтадилар: «Ва мен ҳам шулардан эдим. Шу вақтда мен ўтирган эдим, олдимдан Умар (р.а.) салом бериб ўтибдилар, буни сезмай қолибман. Умар (р.а.) бу ҳақда Абу Бакрга (р.а.) шикоят қилибдилар. Сўнг икковлари келиб, менга баробар салом беришди. Шунда Абу Бакр (р.а.) «Биродаринг Умарнинг саломига жавоб қайтармасликка сени нима мажбур қилди?» деди. Мен: «Бундай қилмадим», дедим. Умар (р.а.): «Ҳа, Аллоҳга қасамки, ҳақиқатда қилдинг», деди. Усмон (р.а.) айтди: «Мен, Аллоҳга қасамки, сизнинг ўтганингизни сезмадим ва салом берганингизни ҳам эшитмадим», дедим. Абу Бакр (р.а.): «Усмон рост айтди, дарҳақиқат сени бундан иш машғул қилиб қўйган», деди. Мен: «Ҳа, шундай», дедим. У: «У нима деди?» деди. Мен: «Аллоҳ ўз набийсини у кишининг ушбу ишнинг нажоти ҳақида сўрашимиздан олдин вафот эттирди», дедим. Абу Бакр (р.а.) «Батаҳқиқ мен у кишидан бу ҳақда сўраганман», деди. Мен туриб унинг олдига бордим ва унга: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз бунга хақлироқсиз», дедим. Абу Бакр (р.а.): «Мен: Эй Расулуллоҳ! Ушбу ишнинг нажоти нима?» дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки мен амакимга арз қилганимда, у киши рад этган калимани қабул қилса, бас, ўша калима унинг учун нажотдир», дедилар. Аҳмад ривояти.

 

42. Миқдоддан (р.а.) ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шундай деганларини эшитдилар: «Ер юзидаги шаҳару-қишлоқлардан бирор уй қолмайдики, илло Аллоҳ Ислом калимасини унга азизни иззатли ва залилни хор бўлган ҳолда киритади, Ёки уларни азиз этиб Ўз аҳлидан қилади. Ёки уларни хорлаб, унга бўйсундириладилар». Мен: «Бас диннинг барчаси Аллоҳники бўлади», дедим. Аҳмад ривояти.

 

43. Ваҳб ибн Мунаббиҳдан (р.а.) ривоят қилинади. Унга: «Ла илаҳа иллаллоҳ» нажотнинг калити эмасми?» дейилди. У: «Ҳа. Лекин бирор калит йўқки, магарам унинг тишлари бўлади. Агар сен тишлари бор калитни келтирсанг, у сенга очади. Ва агар тишлари йўқ бўлса, сенга очмайди», деди. Бухорий ривояти.

 

44. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Рсулуллоҳ (с.а.в.): «Агар сизлардан бирорталарингиз Исломини гўзал қилса, ҳар бир қилган яхшилиги учун ўн баробар мислидан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади. Ва ҳар бир қилган ёмонлиги ўз мислича ёзилади, бу то Аллоҳга йўлиққунчаўлади)», дедилар. Муттафақун алайҳ.

 

45. Абу Умома (р.а.)дан ривоят қилинади. Албатта бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: «Иймон нима?», деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар сени яхшилигинг хурсанд қилса ва ёмонлигинг хафа қилса, бас сен мўминсан», дедилар. У: «Эй Расулуллоҳ! Гуноҳ нима?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар нафсингда бирор нарса шубҳа уйғотса, бас, уни ташла», дедилар. Аҳмад ривояти.

 

46. Амр ибн Абаса (р.а.)дан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб: «Эй Расулуллоҳ! Ушбу ишингизда ким сиз билан бирга?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳур ва қул», дедилар. Мен: «Ислом нима?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ширин сўз ва таом бериш», дедилар. Мен: «Иймон нима?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сабр қилиш ва олийжаноблик», дедилар. Айтди: Мен: «Кимнинг Исломи афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган киши», дедилар. Мен: «Иймоннинг қайсиси афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Гўзал хулқлиси», дедилар. Айтди: Мен: «Намознинг қайсиси афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қунути узун бўлгани», дедилар. Айтди: Мен: «Қайси ҳижрат афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Раббинг ёмон кўрган нарсадан ҳижрат қилганинг», дедилар. Айтди: Мен: «Жиҳоднинг қайсиси афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимники оти ўлдирилса, қони оқизилса», дедилар. Айтди: Мен: «Қайси соат афзалроқ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кечанинг охирги ярми», дедилар. Аҳмад ривояти.

 

47. Муоз ибн Жабал (р.а.)дан ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Кимки Аллоҳга Унга бирор нарсани шерик қилмасдан, беш вақт намозни ўқиб, Рамазон рўзасини тутиб йўлиқса, уни кечирилади», деганларини эшитдим. Мен: «Одамларга башорат бермайинми, эй Расулуллоҳ?» дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уларни қўй, амал қилсинлар», дедилар. Аҳмад ривояти.

 

48. Яна шу кишидан ривоят қилинади. У киши Набий (с.а.в.)дан иймоннинг энг афзалини сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ учун яхши кўрмоқлигинг ва Аллоҳ учун ёмон кўрмоқлигинг ва тилингни Аллоҳ зикри билан машғул қилмоқлигинг», дедилар. У киши: «Бундан кейин яна нима қиламан, эй Расулуллоҳ?» деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўришинг ва ўзингга ёмон кўрган нарсани уларга ҳам ёмон кўришингдир», дедилар. Аҳмад ривояти.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио