Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ИСТИҒФОР КИТОБИ 348-боб. Истиғфор ҳақида

Билингки, бу китоб, яъни истиғфор китоби энг муҳим боблардан бўлиб, унга аҳамият бериш ва амал қилишда бардавом бўлиш лозим. Буни китоб охирида келтиришимдан мақсад Аллоҳ бизни истиғфор билан якун ясамоғига йўйиб, яхшилик аломатини кўриш эди. Мана шу ва бошқа яхши кўринишларни ўзимга, дўстларимга ва бошқа мусулмонларга сўраб қолурман. Омин.

Аллоҳ таоло айтган: «Ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У зотни) покланг!» (ўофир сураси, 55-оят), «Ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг» (Муҳаммад сураси, 19-оят), «Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо сураси, 106-оят), «Тақводор кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида улар абадий қоладиган, тагларидан дарёлар оқиб тургувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳнинг Ризолиги бор. Аллоҳ - «Парвардигоро, бизлар Сенга имон келтирганмиз, бас, гуноҳларимизни мағфират айла ва бизни жаҳаннам азобидан асра!» - дейдиган сабр-қаноатли, имонларига содиқ, ибодат-итоатли, инфоқ-эҳсонли бўлган ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандаларини кўриб тургувчидир» (Оли Имрон сураси, 15-17-оятлар), «Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!» (Анфол сураси, 33-оят), «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган, - ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, - билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон сураси, 135-оят), «Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар» (Нисо сураси, 110-оят), «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд сураси, 3-оят), Аллоҳ Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида хабар бериб: «Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир» (Нуҳ сураси, 10-оят), Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссалом ҳақларида ҳикоя қилиб: «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилингиз», деб айтган (Ҳуд сураси, 52-оят).

Истиғфор ҳақида оятлар кўпдир. Биз огоҳ этиш учун баъзиларинигина зикр қилдик, холос. Аммо истиғфор ҳақида ворид бўлган ҳадислар кўплигидан уни қамраб олиш мумкин эмас. Лекин ана шундан баъзи тарафларигагина ишора қиламан:

 

1049/1. Ағаррул Музанийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта, мен ҳам ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1050/2. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, албатта мен Аллоҳ таолога бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1051/3. Шаддод ибн Авсдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор -

 «Аллоҳумма анта роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъувзу бика мин шарри ма сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу ла йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени халқ қилдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларимни кечира олмайди.) Имом Бухорий ривоятлари.

 

1052/4. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда юз марта

 «Роббиғфирлий ва туб ъалаййа иннака анта таввобур роҳийм», деб айтганларини ҳисобладик. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

1053/5. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ таоло ҳар бир тангликдан чиқувчи йўл ва ҳар турлик ғамдан енгиллик ҳамда уни ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди», дедилар. Абу Довуд ва Ибн Можалар ривояти.

 

1054/6. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга бошқа) гуноҳ қиладиган қавмни олиб келади. Бас, улар (гуноҳларига) истиғфор айтишади, Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1055/7. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уч марта дуо қилган ва уч марта истиғфор айтган қойил қолдирар эди. Абу Довуд ривоятлари.

 

1056/8. Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) озод қилинган қулларидан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки истиғфор айтишда бардавом бўлса, бир кунда етмиш марта гуноҳга қайтса ҳам, у кечирилади», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Термизий бу ҳадисни исноди кучли эмас деб айтдилар.

 

1057/9. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам боласи, сен Менга дуо қилдинг ва Мендан умид қилдинг. Мен эса сенинг гуноҳингни аҳамият бермасдан кечириб юбордим. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг осмон булутича бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, гуноҳингни кечираман. Эй Одам боласи, агар Менга ер тўлалигича гуноҳ билан келиб, сўнгра бирор нарсани менга ширк келтирмасанг, гуноҳинг тўлалигича мағфират билан сенга бораман», деди». Имом Термизий ривоятлари.

 

1058/10. Абдуллоҳ ибн Бусрдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳифасида (номаи аъмолида) кўп истиғфор топган кишига мунча ҳам яхши», дедилар. Ибн Можа ривоятлари.

 

1059/11. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки

 «Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қаййум ва атувбу илайҳи», деб айтса, (Аллоҳ) урушдан қочгандаги гуноҳини ҳам кечириб юборади», дедилар. (Маъноси: Барҳаёт, тирик Аллоҳдан авф этишини сўрайман ва Унга тавба қиламан.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Имом Ҳоким бу ҳадис Бухорий ва Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳдир, деганлар.

Имом Нававий: «Бу боб жуда кенгдир. Лекин биз мана шу миқдордагиси билан кифояланмиз», дедилар.

Фасл: Истиғфорга тааллуқли нарсалардан Рабийъ ибн Хусаймдан (р.а.) келтирилган қуйидаги сўзларни айтиб ўтамиз: «Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳи», яъни «Аллоҳнинг авф этишини сўраб, Унга тавба қиламан», деб айтса-ю, уни қилмаса, ёлғончи, гуноҳкор бўлади. Балки унинг ўрнига «Аллоҳумма иғфир лий туб ъалаййа», яъни «Аллоҳим, мени кечир ва авф қил», деб айтади». Энди бу зотнинг «Аллоҳумма иғфир лий ва туб ъалаййа», деган сўзлари яхши. Аммо «Астағфируллоҳа ва атубу илайҳ», деб айтиш ёлғон бўлиб қолади, деган сўзларига қўшилмаймиз. Чунки «Астағфируллоҳа»нинг маъноси «Унинг мағфиратини талаб қиламан», деганидир. Бунда ҳеч қанақа ёлғон йўқдир. Ибн Масъуддан қилинган ҳадиснинг ўзи бу сўзларни рад этишга кифоя қилади.

Фузайл (р.а.): «Гуноҳни тарк қилмасдан истиғфор айтавериш ёлғончиларнинг тавбасидир», дедилар.

Бу сўзга яқинроқ қилиб, Робиъатул Адавиййанинг: «Истиғфоримиз кўп истиғфорларга муҳтождир», деган сўзларини келтирамиз.

Баъзи бадавий араблар Каъба пардасига қуйидаги жумлаларни осиб қўйишган эди: «Аллоҳим, гуноҳни давом эттириш билан бирга истиғфор айтиш тубанликдир. Авфинг кенглигини билиш билан бирга истиғфорни тарк қилиш ожизликдир. Мендан беҳожат бўлиш билан бирга менга қанчадан-қанча неъматлар бериб яхши кўринасан. Сенга эҳтиёжим бўла туриб, Сенга гуноҳ қилиш билан ғазабингни келтираман. Эй ваъда бериб, вафо қиладиган, агар таҳдид қилса ҳам, гуноҳдан ўтиб, авф қиладиган, раҳм қилувчиларнинг раҳмлиси бўлган Зот! Буюк гуноҳларимни буюк авфингга киргизгин».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио