Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари

349-боб. Кундузидан кечасигача жим, сукут қилиб юришдан қайтариш ҳақида

1060/1. Алидан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Балоғатга етгандан кейин етимлик йўқ. Кундузидан кечасигача жим, сукут қилиб юриш йўқ», деб айтганларини эшитдим». Абу Довуд ривоятлари.

Имом Абу Сулаймон Хаттобий Маъолус «Сунан» номли китобларида бу ҳадисни қуйидагича шарҳладилар: «Жим юриш жоҳилият аҳлининг амалларидан эди. Улардан бири бир кеча ва кундуз эътикоф ўлтирарди-да, ҳеч нарса гапирмай, сукут қиларди. Ислом келгандан кейин бундан қайтарилди ва ҳадис ҳамда яхшиликларни зикр этишга буюрилди».

 

1061/2. Қайс ибн Абу Ҳозимдан (р.а.) ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Аҳмаслик Зайнаб исмли аёлнинг олдига кирдилар. Унинг гапирмаётганини кўрдилар. Ва унга: «Нима учун гапирмаяпсан?» дедилар. Атрофидагилар: «Ҳаж қилган, гапирмайди», деб айтишди. Шунда Абу Бакр унга: «Гапиргин, бу (ишинг) ҳалол бўлмайди. Ва бу жоҳилият амалларидандир», деганларида, у хотин гапирди. Имом Бухорий ривоятлари.

 

Исломнинг ўзаги бўлган ҳадислар

 

Фасл: Иншааллоҳ, китобнинг яхши нарсалар билан тугашини истаб, қуйидаги ҳадисларни унга қўшдим. Бу қўшган ҳадисларим Исломнинг асоси ва ўзагидир. Уламолар бу ҳақда кўп ихтилоф қилишган. Уларнинг сўзларидан туғилган нарсани ўзим қўшган нарса билан жамлаганда ўттизта ҳадис бўлди.

 

1062. Биринчи ҳадис. Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, амаллар ният биландир. Ҳар бир киши ният қилувчидир. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, Аллоҳ ва расули учун ҳижрат қилибди. Кимнинг ҳижрати дунёга етишиш ёки хотинга уйланиш учун бўлса, унинг ҳижрати ўша нарсага бўлибди».

 

1063. Иккинчи ҳадис. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бизнинг ишимизда янгилик қилса, бу ундан бўлмаса, бас, у рад қилингандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1064. Учинчи ҳадис. Нуъмон ибн Баширдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ҳалол очиқ-равшан. Албатта ҳаром очиқ-равшан. Унинг ўртасида шубҳали нарсалар бўлиб, уни кўп инсонлар билишмайди. Кимки шубҳадан тақво қилса, дини ва обрўсини софлабди. Кимки шубҳага воқеъ бўлса, ҳаромга йўлиқибди. Риоя қилувчи қўриқхона атрофига бориб, унинг ичига кириб қолиши мумкин. Ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлади. У ҳам бўлса қалбдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1065. Тўртинчи ҳадис. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз онаси қорнида эканида қирқ кун маний ҳолатида халқ қилиниши жамланади. Сўнгра қуюқ қон бўлиб, ўша каби халқ қилиниши жамланади. Сўнгра парча гўшт бўлиб, ўша каби халқ қилиниши жамланади. Сўнгра фаришта юборилиб, унга руҳ пуфлайди. Ва тўрт калима, яъни ризқи, ажали, амали, бахтли ёки бахтсизлигини ёзиш буюрилади. Ундан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зот ила қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилади. Ҳаттоки, у билан жаннат орасида бир газ (ўлчов) қолади. Бас, унинг ўша ёзилган китоби илгарилайди-да, у дўзах аҳлининг амалини қилиб, дўзахга кириб кетади. Сизлардан бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилади-да, ҳаттоки у билан дўзах орасида бир газ қолади. Бас, унинг китоби илгарилайди-да, у жаннат аҳли амалини қилиб, жаннатга кириб кетади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1066. Бешинчи ҳадис. Ҳасан ибн Алидан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳали нарсани шубҳасизига қўй», дедилар. (Яъни, шубҳали нарсани тарк қилиб, шубҳасиз нарсани ол.) Термизий ва Насаий ривоятлари.

 

1067. Олтинчи ҳадис. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бефойда сўзларни тарк қилиш кишининг Исломи чиройлигидан (далолат)дир», дедилар. Имом Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

1068. Еттинчи ҳадис. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўла олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1069. Саккизинчи ҳадис. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло марҳаматлидир. Фақат марҳаматли бўлганни қабул қилади. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларига буюрган нарсаларини мўминларга ҳам буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилган: «(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик): «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билгувчидирман» (Мўъминун сураси, 51-оят), «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар» (Бақара сураси, 172-оят). Бир киши сафарда узоқ юради. Сочлари тўзиб, кийимлари чангиб кетади. Ва қўлини осмонга чўзиб, «Эй Раббим, эй Раббим», дейди. Унинг еяётган таоми ҳаром, ичаётган ичимлиги ҳаром, кияётган кийими ҳаром ҳамда озуқаси ҳаром. Қаердан унинг (дуолари) ижобат қилинсин?!» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1070. Тўққизинчи ҳадис. Зарар бериш ҳам йўқ. Зарар олиш ҳам йўқ. «Муваттоъ» китобида ривоят қилинган.

 

1071. Ўнинчи ҳадис. Тамийм ад-Дорийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин хайрихоҳликдир», деганларида, саҳобалар: «Ким учун, эй Расулуллоҳ?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, китобига, расулига ва мусулмонлар имоми ҳамда оммасига», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

(Аллоҳга бўлган хайрихоҳлик - Унга имон келтириб, айтганларини қилиб, қайтариқларидан қайтиш. Китобига бўлган хайрихоҳлик - ундаги нарсаларга бўйсуниб, тиловат қилиш. Расулига бўлган хайрихоҳлик- у олиб келган рисолатни тасдиқлаш. Мусулмонлар имомига бўлган хайрихоҳлик- уларга ҳақ йўлда бўлсалар, уларга ёрдам бериб, итоат қилиш. Оммага бўлган хайрихоҳлик-амру-маъруф, наҳий-мункар қилиб ҳамда азият бермаслик билан бўлади... - тарж.)

 

1072. Ўн биринчи ҳадис. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан қайтарган нарсамдан четланинглар. Буюрган нарсамни қодир бўлганингизча бажаринглар. Чунки сизлардан аввалгилар кўп сўраш ва пайғамбарларига ихтилоф қилиш сабабли ҳалок бўлишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1073. Ўн иккинчи ҳадис. Саҳл ибн Саъддан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг расули, мени бир амалга йўллаб қўйингки, у амал билан мени Аллоҳ яхши кўрсин ва инсонлар ҳам яхши кўрсин», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузуридаги нарсадан беҳожат бўл, инсонлар сени яхши кўради», дедилар. Ибн Можа ривоятлари.

 

1074. Ўн учинчи ҳадис. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони ҳалол эмас, фақат уч нарсанинг бирида ҳалолдир (яъни, ўлдириш жоиз): улар оилали зинокор бўлса. Нафс нафс билан, яъни қасос. Жамоатдан ажраб, динини тарк қилувчи», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1075. Ўн тўртинчи ҳадис. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», дейишмагунича, намозни қоим қилишмагунича, закотни беришмагунича улар билан урушмоққа буюрилдим. Агар мана шуларни қилишса, қонлари-ю моллари мендан омонда бўлади. Фақат Ислом ҳақида ундай эмас (яъни, ҳадларда). Ва уларнинг ҳисоби Аллоҳ таологадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1076. Ўн бешинчи ҳадис. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом бешта нарса устига қурилгандир. Улар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимасини айтиш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, ҳаж ва рамазон рўзасидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1077. Ўн олтинчи ҳадис. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кишиларнинг даъволарига қараб берилаверганида эди, улар қавмнинг моли ва қонларини даъво қилишган бўлар эди. Лекин даъво қилувчига ҳужжат келтириш ва инкор қилувчига қасам айттириш лозим бўлади», дедилар. Мана шу лафз билан ҳасандир. Ва икки «Саҳиҳ» китобида келтирилган.

 

1078. Ўн еттинчи ҳадис. Вобиса ибн Маъбаддан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик ва гуноҳ ҳақида сўраш учун келдингми?» дедилар. Шунда бу зот: «Ҳа», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбингдан фатво сўра. Яхшилик - нафс ва қалб унга хотиржам бўлганидир. Гуноҳ - нафс хира бўлиб, қалб беқарор бўлганидир. Агар кишилар сенга фатво беришса ҳам ва бердиришса ҳам», дедилар. Имом Аҳмад ва Дорамийлар ривояти.

Наввос ибн Самъондан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик - нафсинг кирланиб, кишилар ундан хабардор бўлишларини кариҳ кўрганингдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1079. Ўн саккизинчи ҳадис. Шаддод ибн Авсдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсада яхшилик бўлишини ёзди. Агар қатл қилсаларингиз, қатлни чиройли қилинглар. Агар қурбонлик қилсаларингиз, қурбонликни чиройли қилинглар. Сизларнинг бирингиз (қурбонлик қиладиган бўлса) тиғини ўткирлаб, уни тинчитсин» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1080. Ўн тўққизинчи ҳадис. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин. Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қўшнисини ҳурмат қилсин. Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1081. Йигирманчи ҳадис. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Менга васият қилинг», деди. Шунда у зот: «ғазаб қилма», деб бир неча бор қайтардилар. Ва яна «ғазаб қилма», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1082. Йигирма биринчи ҳадис. Абу Саълаба ал-Хушанийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло фарзларни фарз этди, уларни зое қилманглар. Ва ҳадларни чегара қилди, ундан ўтиб кетманглар. Ва нарсаларни ҳаром қилди, уни бузманглар. Ва унутмасдан сизларга раҳмат қилган ҳолда кўп нарсаларда сукут қилди, сизлар у ҳақда баҳс қилманглар», дедилар. Дорақутний ҳасан иснод билан ривоят қилганлар.

 

1083. Йигирма иккинчи ҳадис. Муоздан (р.а.) ривоят қилинади: «Эй Расулуллоҳ, менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ қилсин», десам, у зот: «Сен жуда катта нарса сўрадинг. Албатта у Аллоҳ осон қилган кишига енгилдир. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиласан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан. Сени эшикларнинг яхшисига далолат қилайми? Рўза пардадир. Садақа хатоларни худди сув ўтни ўчиргандек ўчиради», дедилар. Кишининг кечанинг ўртасидаги намози ҳақида қуйидаги оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. (Яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар.) Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирор жон билмас» (Сажда сураси, 16-17-оят). Сўнгра яна у зот: «Ишнинг боши ва устуни ҳамда юксак чўққисининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда у зот: «Ишнинг боши - Ислом. Устуни - намоз. Юксак чўққиси - жиҳоддир. Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. У зот тилларини ушлаб, «Сен мана буни тийгин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам жазоланамизми?» десам, у зот: «Онанг фарзандидан ажрагур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилишлари фақат тиллари гапирган нарсалар сабабидандир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

1084. Йигирма учинчи ҳадис. Абу Зарр ва Муоздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайда бўлмасин, Аллоҳдан тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, уни ўчириб юборади. Кишиларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

1085. Йигирма тўртинчи ҳадис. Ирбоз ибн Сориядан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ваъз айтдилар, ундан қалблар ваҳимага тушди ва кўзлардан ёш оқди. Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ, видолашувчи мавъиза бўлса керак, бизга васият қилинг», десак, у зот: «Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда агар қул бошлиқ бўлса, унинг сўзини эшитиб итоат этишни васият қиламан. Чунки сизлардан қайси бирингиз яшайдиган бўлса, кўп ихтилофларни кўради. Ана шу пайтда менинг суннатимни ва тўғри йўлда юрувчи хулафои рошидинлар суннатини ўзингизга лозим топиб, уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар. Ишларнинг янгисидан четланинглар. Чунки ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

1086. Йигирма бешинчи ҳадис. Абу Масъуд ал-Бадрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аввалги пайғамбарлар каломидан топилган нарса - «Агар уялмасанг, хоҳлаган нарсангни қил», деб айтилганидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1087. Йигирма олтинчи ҳадис. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Агар фарз намозларини ўқисам, рамазон рўзасини тутсам, ҳалолни ҳалол ва ҳаромни ҳаром, десам, буларга бирор нарсани қўшмасам, жаннатга кираманми?» деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1088. Йигирма еттинчи ҳадис. Суфён ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот: «Эй Расулуллоҳ, менга Исломдан бир сўз айтингки, мен сиздан бошқа бирор кишидан у ҳақда сўрамайин», деганда, у зот: «Аллоҳга имон келтирдим, деб айтиб, сўнгра истиқоматда (яъни, собитқадамликда) бўл», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Уламоларнинг айтишларича, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларни жамловчи ҳадислари бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқдир: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар» (Фуссилат сураси, 30-оят). Жумҳур уламолар фикрича, бу оят ва ҳадиснинг маъноси - «Имон келтириб, Аллоҳнинг тоатида бардавом бўлганлар»-дир.

 

1089. Йигирма саккизинчи ҳадис. Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинган, Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан имон, Ислом, эҳсон, Қиёмат ҳақида сўраган саволлари ҳақидаги Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида келган машҳур ҳадисдир.

1090. Йигирма тўққизинчи ҳадис. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эдим. У зот: «Эй болакай, сенга бир калима ўргатайми? Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, йўналишингни топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг ҳам, Аллоҳдан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина ёрдам бера олади, холос. Агар уммат бирор нарсада сенга зарар беришга жамланса, фақатгина Аллоҳ сенга (тақдир) қилиб ёзиб қўйган нарсанигина зарар бера олади, холос. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.

Термизийнинг бошқа ривоятларида: «Аллоҳга риоя қил, йўналишингни топасан. Аллоҳни кенгчиликда танигин, сени қийинчиликда танийди. Билгинки, албатта хато қилмаганинг тўғри қилганинг учун эмас. Ва тўғри қилмаганинг хато қилганинг учун эмас. Билгинки, албатта нусрат сабр билан бирга бўлади. Шодлик азиятлар билан бирга бўлади. Ва қийинчилик билан енгиллик бўлади», дейилган.

 

1091. Ўттизинчи ҳадис. Шайхимиз Ҳофиз Абулбақо Холид ибн Юсуф Нобилисий Димашқийдан, у Абу Толиб Абдуллоҳ, Абу Мансур Юнус, Абулқосим Ҳусайн ибн Ҳибатуллоҳ ал-Мисрий, Абу Яъло Ҳамза ва Абу Тоҳир Исмоилдан, улар Ҳофиз Абулқосим Али ибн Ҳусайн, яъни Ибн Асокирдан, у Димашқ хатиби Абул Қосим Али ибн Иброҳим ибн Аббос ал-Ҳусайнийдан, у Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Яҳё ибн Салвондан, у Абулқосим Фазл ибн Жаъфардан, у Абу Бакр Абдураҳмон ибн Қосим ибн Фараж ал-Ҳошимийдан, у Абу Мисҳардан, у Саид ибн Абдулазиздан, у Рабийъа ибн Язиддан, у Абу Идрис Хувлонийдан, у Абу Заррдан (р.а.), Абу Зарр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, у зот Жаброил алайҳиссаломдан, Жаброил (а.с.) эса Аллоҳ таолодан қуйидагиларнинг хабар бердилар:

«Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизларнинг ораларингизда ҳам уни ҳаром қилдим, бас, зулм қилманглар! Эй бандаларим, сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар. Мен эса аҳамият бермасдан гуноҳларингизни кечираман. Бас, Менга истиғфор айтинглар, гуноҳларингизни кечаман.

Эй бандаларим, барчангиз очсиз, фақатгина Мен таомлантирганларгина ундай эмас. Бас, Мендан таом талаб қилинглар, сизларни таомлантираман.

Эй бандаларим, барчангиз ялонғочсиз, фақатгина Мен кийинтирганларгина бундай эмас. Кийинишни Мендан талаб қилинглар, Мен сизларни кийинтираман.

Эй бандаларим, агар аввалларингизу охирларингиз, инсу жинлар фожир қалбли киши бўлишса, мулкимдан бирор нарса камайиб қолмайди.

Эй бандаларим, агар аввалларингизу охирларингиз, инсу жинлар тақволи қалб кишилари бўлишса, мулкимда бирор нарса зиёда бўлиб қолмайди. Бандаларим, агар аввалларингизу охирларингиз, инсу жинлар бир тепаликда туриб Мендан сўрашса, Мен ҳар бир киши сўраган нарсасини берсам, мулкимдан бирор нарса камаймайди. Фақатгина денгизга нинани бир марта тиқиб олгандаги камайганчалик озаяди, холос.

Эй бандаларим, у сизларнинг амалингиздир. Мен уни сизларга сақлаб бераман. Кимки яхшисини топса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтсин. Кимки бундан бошқасини топса, фақатгина ўзини маломат қилсин», деди».

Абу Мисҳарнинг айтишларича, Саид ибн Абдулазиз: «Абу Идрис агар мана шу ҳадисни гапирсалар, тиз чўкиб ўлтирардилар», деганлар.

Бу саҳиҳ ҳадис бўлиб, уни биз «Саҳиҳи Муслим» ва бошқаларда ривоят қилдик. Бунинг исноди мендан бошланиб, Абу Зарргача - барчалари димашқликдир. Абу Зарр ҳам Димашққа кирганлар.

Бу ҳадисда бир қанча фойдалар жамлангандир. Улардан исноди ва матнининг саҳиҳ бўлиши ва олий бўлиши, силсиласи димашқликларга бориб тақалиши ҳамда бунинг баракали бўлишлигидир. Ва яна бундан ташқари дин усуллари, фуруълари ва одобларини ҳамда қалб латофатлилигини ўз ичига олувчи улкан қоида ҳамдир.

Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал (р.а.): «Шом аҳлига мана шу ҳадисдан кўра шарафлироқ ҳадис йўқдир», деганлар.

Аллоҳнинг ёрдами ила «Ал-Азкор» китоби шу ерда ниҳоясига етди.

Аллоҳ таоло дуоларимизни қабул ва зикрларимизни мақбул айласин, Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин!

Омийн!


  < Олдинги


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио