Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

338-боб. Дуо одоблари ҳақида

Билингки, фуқаҳолар, муҳаддислар, жумҳур уламолар, салафу халаф олимларнинг барчаси дуо мустаҳабдир, дейишган. Аллоҳ таоло: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо, илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди» (ўофир сураси, 60-оят), «Парвардигорларингизга тазарру билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз», деб айтган (Аъроф сураси, 55-оят).

Аммо бу ҳақдаги саҳиҳ ҳадисларнинг ўзи машҳурдир. Зикр қилинмаса ҳам, ўзи зоҳирдир. Биз кифоя қиладиган миқдорича зикр этдик.

Имом Абулқосим Қушайрийнинг рисолаларида қуйидагилар келтирилган: «Кишилар дуо афзалми ёки сукут қилиб, рози бўлишликми, деган фикрда ихтилоф қилишган. Кимдир юқоридаги ҳадисга мувофиқ дуо ибодатдир, чунки бунда Аллоҳга эҳтиёжмандлик изҳор қилинади, деди. Бошқа бир тоифа ҳукм жараёни остида сукут қилиб жим туриш мукаммалроқдир ва қадар бўлган нарсага ризо бўлиш аълороқдир, дейишган. Бир қавм эса дуо соҳиби тили билан айтиб, қалби билан рози бўлиши ҳаммасини жамлашликдир, деган».

Қушайрий: «Турли вақтларда айтмоқ аълороқдир. Баъзи ҳолатларда сукутдан дуо афзал. Ва яна қайсидир пайтларда дуодан кўра сукут афзалдир. Албатта у вақт билан билинади. Агар қалбида дуога ишора бўлса, афзалроқдир. Агар сукутга ишора топса, сукут мукаммалроқдир. Агар унга мусулмонлар насибаси ёки Аллоҳнинг унда ҳаққи бўладиган бўлса, дуо ибодат бўлгани учун аълороқдир. Агар нафси учун унда насиба бўлса, сукут мукаммалроқдир. Дуонинг шартларидан бири луқма ҳалол бўлишлигидир. Яҳё ибн Муоз ар-Розий: «Мен осий бўла туриб, Сенга қандай дуо қилай, Сен сахий бўла туриб, нечук дуо қилмай?» деб айтганлар. Ва яна дуонинг одобларидан бири қалбни ҳозир қилишликдир. Иншааллоҳ, бунинг далили келгуси бобларда келади. Баъзилар дуодан мақсад Аллоҳ хоҳлаганини қилса ҳам ҳокисорликни изҳор қилиб туришдир, деганлар.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» китобида дуо одоблари ўнтадир, дедилар.

Биринчиси: арафа куни, рамазон ойи, жума куни, кеча охирининг учдан бири, саҳар вақти каби шарафли пайтларни (дуо қилиш учун) кутмоқ.

Иккинчиси: сажда ҳолати, икки томон аскарлари йўлиққанда, ёмғир ёғаётганда, намоз қоим қилинганда ва намоздан кейин каби шарафли ҳолатларни дуо қилиш ғанимат билиш. Имом Нававий: «қалб юмшаганда ҳам», дедилар.

Учинчиси: қиблага юзланиш, икки қўлни кўтариш ва иккисини дуонинг охирида юзига суриш.

Тўртинчиси: махфий ва жаҳрий орасида овозни пастлатиш.

Бешинчиси: дуони қофия билан қилмаслик. Уни дуодаги ҳаддан ошиш, деб тафсир қилишган. Энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маъсур бўлган дуолар билан кифояланишликдир. Кимки дуони яхши қилса, бас, унинг ҳаддан ошиш хавфи бор. Баъзилар хўрлик ва эҳтиёжмандлик тили билан дуо қил, фасоҳат ва эркинлик билан дуо қилма, дейишган. Албатта уламо ва абдоллар (чилтанлар) дуони етти калимадан оширишмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг Ўзи Бақара сурасининг 286-ояти охиригача ўша (еттитаси билан) гувоҳлик беради: «Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама....». Аллоҳ таоло бирор ўринда бандалари бундан кўп дуо қилганларининг хабарини бермаган.

Аммо Имом Нававийнинг фикрларича, етти калимадан зиёда қилишнинг кароҳияти йўқ. Балки мутлақ ҳолда дуони кўпайтириш мустаҳабдир. Масалан, Иброҳим сурасининг 35-оятида «Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч шаҳар қилгин», деб айтган (яъни, етти калимадан зиёда қилган.)

Олтинчиси: хузуъ, тазарруъ ва қўрқиш. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Дарҳақиқат, улар (яъни, мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо илтижо қилар эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят), «Парвардигорингизга тазарруъ билан ичингизда (махфий) илтижо қилингиз!» (Аъроф сураси, 55-оят) деган эди.

Еттинчиси: талаб қилаётганда жазм қилиб, ижобат бўлишига ишониб, унга бўлган умидини тасдиқлайди. Бунга машҳур далиллар жуда кўп. Суфён ибн Уйайна (р.а.) дейди: «Сизлардан бирингизни нафсидан билган нарсаси дуо қилишдан ман қилмасин (яъни, ноумид бўлмасин). Чунки Аллоҳ таоло махлуқотлар ёмони бўлган Иблиснинг ҳам (дуосини) ижобат қилди. Аъроф сурасининг 14-15-оятларида: «Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди. (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан», деб келтирилган».

Саккизинчиси: дуода собит бўлмоғи, уч марта такрор қилмоғи ва ижобатга сабрсизлик этмаслиги лозим.

Тўққизинчиси: Аллоҳнинг зикри билан дуони бошламоқлиги. Имом Нававийнинг фикрларича, Аллоҳга ҳамд ва санодан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, яна шулар билан хотима ясайди.

Ўнинчиси: бу ижобат этилишига сабаб бўлувчи аҳамиятлисидир. Яъни, тавба қилиш, зулмни ўз эгасига қайтариш ва Аллоҳ таолога юзланиш.

Фасл: Ғаззолий: «Агар қазо-қадар битиб қўйилган бўлса-ю, дуонинг фойдаси нима?» деб айтилса, бунга жавоб қуйидагичадир: «Билингки, дуо билан қайтариш қазонинг жумласидандир. Дуо балони қайтариш ва раҳматнинг бор бўлишига сабабдир. Худди қалқон қуролни қайтаришга сабаб бўлгани ёки сув ердан ўсимлик чиқариш учун сабаб бўлгани кабидир. Шу сингари қалқон найзани даф қилади, дуо эса балони даф қилади. Силоҳни кўтармасдан қазо-қадарни эътироф этиш шарт эмасдир. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 102-оятида «Улар ҳам эҳтиёж чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар», деб айтган», дедилар.

Аллоҳ таоло бирор ишни тақдир қилса, унинг сабабини ҳам барпо этган. Дуода, зикр қилганимиздек, фойдалар бор. У ҳам бўлса, унда қалбни жамлаб эҳтиёжмандлигини билдириш. Бу икки хислат ибодат ва маърифатнинг ниҳоясидир.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио