Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

336-боб. Уламолардан бир жамоаси баъзи лафзлар кариҳ эканини айтса-да, у сўзлар аслида кароҳиятли эмаслиги ҳақида

Билингки, ботил сўз билан ғурурланмаслик ҳамда уни таъвил этмаслик учун бу бобни зикр қилиш эҳтиёжи бор.

Билингки, шариат аҳкомлари бештадир:

1) Ийжоб (вожиб, қилиниши шарт).

2) Надаб (тавсия қилинган).

3) Таҳрим (ҳаром, қайтарилган).

4) Кароҳа (макруҳ, кариҳ кўрилган).

5) Ибоҳа (мубоҳ).

Булардан бирортаси далилсиз ҳужжат бўлмайди. Шариат далиллари эса маълумдир. Далили йўқ нарсага мурожаат ҳам қилинмайди. Ва жавобига эҳтиёж ҳам бўлмайди. Чунки у ҳужжат бўлолмайди. Шу билан бирга баъзи билимдон уламолар бу каби нарсаларда унинг ботиллигига далил келтириб зикр қилишади. Кариҳ кўрилган, деб айтувчини «кариҳ кўрилган эмас» ёки «улар ботилдир» ё шунга ўхшаш уларнинг зиддига ибораларни айтишдан мақсадим унинг ботил эканига далил келтиришнинг эҳтиёжи йўқ эканини билдиришдир. Агар мен ҳам далил келтирсам, унда улар каби билимдонлардан бўлиб қоламан. Бу бобни қайд қилишимдан мақсадим хато билан тўғрини ажратиш ва бу ботил сўзларни қўшувчилар улуғликлари билан ғурурланмасликлари учундир. Билингки, баъзи лафзларни макруҳ, деб айтувчиларнинг обрўлари кетиб қолмаслиги учун ва ёмон гумон қилинмаслиги учун уларни номма-ном келтирмайман. Бу ерда мақсад уларни ёмонлаш эмас. Балки улардан нақл қилинган ботил сўзлардан огоҳ этиш, холос. Хоҳ у нақл қилинган нарса саҳиҳ бўлсин ёки саҳиҳ бўлмасин. Агар саҳиҳ бўлса, билганингиздек, уларнинг обрўларига зиён келтирмайди.

Ана шулардан бири Абу Жаъфар Наҳҳос «Шарҳи асмоуллоҳи таоло субҳанаҳу» номли китобларида: «Уламолар «Тасаддақаллоҳу ъалайка», яъни «Аллоҳ сенга садақа қилсин», деб айтмоқни кариҳ кўришган. Чунки садақа берувчи савобни умид қилади. (Аллоҳ бундан муназзаҳдир)», деб айтган сўзларидир. Имом Нававийнинг фикрларича, бу ҳукм очиқча хато бўлиб, хунук жоҳилликдир. Далил келтириш эса унданда қаттиқроқ бузуқликдир. Чунки «Саҳиҳи Муслим»да келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг қаср қилиниши ҳақида «У Аллоҳнинг сизларга инъом этган садақаси бўлиб, уни қабул қилиб олинглар», деганлар.

Фасл: Наҳҳоснинг айтишича, «Аллоҳумма аътиқний минан нар», («Аллоҳим, мени дўзахдан озод қилгин»), деб айтмоқлик макруҳдир. Чунки савобни талаб қилган кишигина озод қилади.

Имом Нававийнинг фикрларича, бу далил ва даъволар шаръий ҳукмларга нисбатан энг хунук хато ва жоҳилликдир. Агар Аллоҳ махлуқотидан хоҳлаган кишисини озод қилиши ҳақидаги ҳадисларни келтирсам, китоб малол келадиган даражада узайиб кетади. Масалан, «Кимки бирор қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзосини дўзахдан озод қилади» ва «Бошқа кунларга қараганда арафа кунида Аллоҳ таоло бандасини дўзахдан озод қилганидек кўп озод қилмайди», деб келтирилган.

Фасл: Баъзиларнинг фикрларича, «Аллоҳнинг исми устига ундай қил», деб айтмоқ макруҳдир. Чунки Аллоҳнинг исми ҳар бир нарсанинг устигадир, дейилган. Қози Иёз ва бошқалар бу сўз хато эканини айтиб, исботи учун саҳиҳ ҳадислар келтиришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик ҳақида саҳобаларига «Аллоҳнинг исми устига қурбонлик қилинглар», яъни «Аллоҳнинг исмини айтиб қурбонлик қилинглар», деб айтганлар.

Фасл: Ва яна ана шулардан Наҳҳоснинг Абу Бакр Муҳаммад ибн Яҳёдан ривоят қилган қуйидаги сўзлари бор: «Фақиҳ, адиб ва уламолар «Жамаъаллоҳу байнана фий мустақарри роҳматиҳи» («Аллоҳ орамизни раҳмати қарор топадиган жойда жамласин»), деб айтма! Чунки Аллоҳнинг раҳмати қарор топувчи жой бўлишдан кенгроқдир. Ва яна «Ирҳамна бироҳматика» («Раҳматинг билан бизга раҳм қил»), деб айтма, деганлар».

Имом Нававийнинг айтишларича, бу келтирилган икки лафзнинг ҳужжати ва далили борлигини билмаймиз. Чунки раҳмат қарор топадиган жой айтувчининг мақсад қилгани жаннатдир. Маъноси: жойлашиб ва ўрнашиб ҳамда қарор топиладиган макон бўлган жаннатда орамизни жамлагин. Албатта бу ерга кирувчилар Аллоҳнинг раҳмати билан киришади. Сўнгра ким у ерга кирса, унда абадий қарор топиб, ёмон ҳодиса ва ғамгинликлардан омонда бўлади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг раҳмати билан ҳосил бўлади. Гўёки «Раҳматинг билан етишадиган маконда орамизни жамлагин», деганга ўхшашдир.

Фасл: Яна Наҳҳоснинг айтишича, «Таваккалту ъала роббий роббил карийм» («Сахийларнинг Раббиси бўлган Раббимга таваккал қилдим»), деб бўлмайди. Балки «Таваккалту ъала роббил карийм» дейишлик жоиз.

Имом Нававийнинг айтишларича, бунинг ҳам асли йўқдир.

Фасл: Наҳҳос Абу Бакрдан ривоят қилишларича, «Аллоҳумма ажирна минан нар» («Аллоҳим, дўзахдан бизни ҳимоя қил») ва «Аллоҳумма урзиқна шафоатан набий» («Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари билан бизни ризқлантир»), деб айтмаслик даркор. Чунки дўзах вожиб бўлганларга шафоат қилинади, деб айтилган.

Имом Нававийнинг айтишларича, бу ҳам очиқ-ойдин жоҳиллик ва хатонинг ўзгинасидир. Агар бу хатолар билан ғурурга кетишнинг хавфи бўлмаганда ва тасниф қилинган китобларда бу нарсалар зикр этилмаганида, ҳикоя қилишга журъат эта олмасдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ваъда қилиб, комил мўминларни тарғиб этган қанчадан-қанча саҳиҳ ҳадислар келган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки муаззиндан эшитган нарсаларни айни ўзидек қайтарса, унга шафоатим ҳосил бўлади», деганлар.

Бу ҳақда имом, фақиҳ Абул Фазл Иёз (р.а.) чиройли сўзлар келтирганлар. Салафи солиҳларнинг шафоатга қилган рағбатларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларини сўраганликлари асарлар орқали билинади. Шунга биноан уни кариҳ қилувчиларнинг кароҳиятига эътибор қилинмайди. Чунки Имом Муслим ва бошқалардан саҳиҳ ҳадислар ҳисобсиз жаннатга кирувчи қавмларни ва жаннатда даражалари зиёда бўлувчи қавмларни шафоат сабабидан эканини исботлаб келган. Сўнгра гуноҳкорлигини тан олувчи, авфга муҳтож ҳар бир киши улар айтганидек бўладиган бўлса, мағфират ва раҳматни сўраб дуо қилмаслиги лозим бўлади. Чунки мағфират ва раҳматни сўраш гуноҳкор кишилар учун хосдир. Шундай бўладиган бўлса, улар қилаётган нарса салаф ва халафлар дуоларидан ўрганилган нарсага хилофдир.

Фасл: Уламоларнинг бир жамоасидан ҳикоя қилинишича, улар Байтуллоҳни тавоф қилишни «шавт» ёки «айланиш», деб исмламоқни кариҳ кўрдилар. Балки биринчисига - биринчи тавоф ва иккинчисига - иккинчи тавоф ва ҳоказо, деб айтилади, дейишган.

Имом Нававийнинг айтишларича, бу гапларнинг ҳам асли йўқ. Балки улар жоҳилият лафзларидан, деб кариҳ кўришган бўлса керак. Нима бўлганда ҳам, бундай деб айтишнинг кароҳияти йўқ. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

 

991/2. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбада уч шавтдан югурмоқни буюрдилар. Уларга ҳамма шавтни югуришни буюрмоқдан фақатгина уларга раҳм қилганларигина ман қилди, холос. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Ва яна ана шулардан «рамазонда рўза тутдик», «рамазон келди» ва шунга ўхшаш ана шу ой ирода қилинган сўзлардир. Бунинг кароҳияти ҳақида ихтилоф қилинган. Олдинги жамоалар, ойга қўшмасдан рамазоннинг ўзини айтиш кариҳ кўрилган, дейишган. Бу ҳақда Ҳасан Басрий ва Мужоҳидлардан ривоят қилинган. Байҳақий эса у икковларига бўлган йўл заифдир, деганлар.

Соҳибларимиз рамазон келди, рамазон кирди, рамазон ҳозир бўлди, деб айтмоқни ва шуларга ўхшаб ойни ирода қилиш учун қарийна (яқинлик) ҳосил қилмайдиган бўлса, кариҳ кўришган. Лекин унга бир нарса қарийна (яқинлик) бўлиб рамазон ойига далолат қилса, кароҳияти йўқдир. Масалан, рўза тутдим эмас, балки рамазон рўзасини тутдим, рамазонда турдим, рамазон рўзаси вожиб бўлади, муборак рамазон ойи ҳозир бўлди ва шуларга ўхшашлар. Абул Ҳасан Морудий ва Абу Наср Сибоғлар мана шу фикрларни айтиб, қуйидаги ҳадисни далил қилишган:

 

992/3. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон, деб айтманглар. Чунки Рамазон Аллоҳнинг исмларидан биридир. Лекин рамазон ойи, деб (ой сўзини қўшиб) айтинглар», дедилар. Байҳақий «Сунан»ларида ривоят қилиб, заиф, деганлар.

Бундаги заифлик очиқ кўриниб турибди. Чунки Аллоҳнинг исми ҳақида китоб тасниф қилганларнинг бирортаси Рамазон Аллоҳнинг исми эканини зикр қилишмаган. Тўғрисини Аллоҳ билувчидир.

Имом Абу Абдуллоҳ ал-Бухорий «Саҳиҳ»ларида ва яна бир қанча муҳаққиҳ уламолар рамазонни қандай айтса ҳам, кароҳияти йўқдир, дейишган. Чунки кароҳият шариат билан собит бўлади. Бунинг кароҳияти ҳақида шариатда бирор нарса собит бўлмаган. Балки ҳадисларда бунинг жоизлиги ҳақида собит бўлган. Икки «Саҳиҳ» ҳадисларда ва булардан бошқасида уларнинг фикрига қарши далиллар тўлиб-тошиб ётибди. Агар бунинг жоиз экани ҳақидаги ҳадисларни жамласам, икки юзтага етиб қолишини умид қиламан. Лекин мақсад битта ҳадис билан ҳам ҳосил бўлаверади. Мана шу қуйидаги биттаси ҳаммасига ҳам кифоя қилади:

 

993/4. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар рамазон келса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Баъзи ривоятларда «рамазон кирса» ёки «рамазон бўлса» ё «рамазонни муқаддам қилманглар» ва яна бошқа саҳиҳ ривоятда эса: «Ислом беш нарса устига бино қилинган, ундан бири рамазон рўзасидир», деб айтилган. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп.

Фасл: Ва яна ана шулардан бири олдингиларнинг баъзиларидан нақл қилинган қуйидаги сўзлардир: «Бақара сураси, Духон, Анкабут, Рум, Аҳзоб ва шуларга ўхшаш суралар, деб айтмоқ макруҳдир. Балки сигир зикр қилинган сура, хотинлар зикр қилинган сура, деб айтилади».

Имом Нававийнинг айтишларича, бу хато ва суннатга хилофдир. Буни баён қилган сон-саноқсиз ҳадислар собит бўлган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бақара сурасининг охирида икки оят борки, уни кечасида ўқиса, ўша кечага кифоя қилади», дедилар. Бу икки «Саҳиҳ» китобида келтирилган. Бунга ўхшашлари ниҳоятда кўп.

Фасл: Ва яна ана шулардан бири Мутрифдан (р.а.) ривоят қилинган қуйидаги сўзларидир: «Аллоҳ таоло китобида айтади, деб келажак лафзида истеъмол қилиш кариҳ кўрилган. Балки «Аллоҳ таоло айтди», деб ўтган замон лафзи билан айтилади. Чунки Аллоҳнинг сўзи каломдир. Калом эса қадимдир».

Имом Нававийнинг айтишларича, бу мақбул эмас. Саҳиҳ ҳадисларда бунинг кўп жиҳатдан ишлатилгани собит бўлган. Мен бу ҳақда «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳимда ва «Қорилар одоби» номли китобимда баён қилганман. Бу ҳақда Аллоҳ таоло «Аллоҳ ҳақиқатни айтади», деб келтирган (Аҳзоб сураси, 4-оят).

«Саҳиҳи Муслим»да Абу Заррдан (р.а.) қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб (қайтарилур) деб айтади», дедилар. (Анъом сураси, 160-оят).

«Саҳиҳ Бухорий»да «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча...» оятининг тафсирида Абу Талҳа: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча...», деб айтяпти», дедилар, дейилади.


 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио