Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

331-боб. Ишлатиш макруҳ бўлган лафзлар тўғрисида

934/1. Саҳл ибн Ҳунайф Оишадан (р.а.) ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз кўнглим айнияпти, деган сўзни (арабчада) «хабуса» лафзи ила эмас, балки «лақисат» лафзи ила айтсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

935/2. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз «кўнглим бузиляпти» сўзини (арабчада) «жошат» лафзи ила эмас, «лақисат» лафзи ила айтсин», дедилар. Имом Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

(Худди ўзбек тилидаги «қусгим келяпти» ўрнига чиройли қилиб «кўнглим айнияпти», деб айтганга ўхшаш... - тарж.)

«Лақисат», «жошат», «хабусат»ларнинг маъноси бир: «кўнгли айниши»ни англатади. Аммо «жошат» билан «хабусат» деб айтиш хунук бўлгани учун бу лафзларни ишлатиш кариҳ кўрилган.

 

936/3. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Кишилар узумни) ал-Карму, деб айтадилар. «Ал-Карму» эса мўминнинг қалбидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Муслимнинг ривоятларида «Узумни «ал-Карму» лафзи ила исмламанглар. Чунки ал-Карму мусулмондир», дейилган.

Бошқа ривоятда «Ал-Карму - мўминнинг қалби», дейилган.

 

937/4. Воил ибн Ҳижрдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Узумни) ал-Карму лафзи ила айтманглар. Лекин ал-Инаб вал-Ҳабала лафзи ила айтинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бу ҳадисдан мақсад узумни «Ал-Карму», деб исмлашдан қайтариш. Жоҳилиятда узум «Ал-Карму» деб номланар эди. Ҳозир ҳам баъзилар шундай айтишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай исмлашдан қайтарганлар.

Имом Хитобий ва бошқа уламоларнинг айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узумни чиройли исм билан чақиришни хоҳлардилар. Унинг мевасидан маст қилувчи шаробни тайёрловчилар узумнинг исмини салбий айтишар эди.

 

938/5. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши инсонлар ҳалок бўлди, деса, бас, ўша айтган киши ўзи ҳалок бўлувчидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ҳумайдий: «Одамларни паст ва ҳақир санаб ўзини фазилатли қилиб кўрсатиш мақсадида бўлса, бундай дейиши жоиз эмас. Чунки у Аллоҳнинг халқ қилгандаги сирларини билмайди», дедилар.

Хитобий айтдилар: «Инсонларнинг ёмонликларини зикр қилиб, айблаб, «Улар фасод бўлиб, ҳалокатга учрашди», деса, ўзи ҳалок бўлувчидир. Яъни, уларни айблаш билан ўзи энг ёмон ҳолатдадир. Кўпинча, ўз нафсига ажабланиши ва ўзининг фазилатли эканини ҳис қилиб, ўзини яхшиман, дейиши инсонни ҳалокатга элтади».

 

939/6. Қаънабий Моликдан, у эса Саҳл ибн Абу Солиҳдан, у отасидан, отаси Абу Ҳурайрадан қилган ривоятида ҳам худди юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар. Абу Довуд ривоятлари.

Молик: «Агар ана шу сўзни кишиларнинг диндаги сусткашликларини кўриб айтса, зарари йўқ. Лекин ўз нафсига ажабланиб, кишиларга паст назар билан қараб айтса, унда ман қилинганлар қаторида бўлиб қолади», дедилар.

Имом Нававийнинг фикрларича ҳам, мана шу сўз саҳиҳдир. Хусусан, Имом Моликдан (р.а.) бўлгани диққатга сазовордир.

 

940/7. Ҳузайфадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа, деб айтманглар. Лекин Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа, деб айтаверинглар», дедилар. Имом Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Хитобий ва бошқалар айтишган: «Бу ҳадисда одобга чақирувчи иршод бор. Чунки «ва» сўзи «бирга», «шерик бўлиш» маъносини англатади. «Сўнгра» сўзи эса тартиб ва заифликни англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда Аллоҳ хоҳишини бошқаларнинг хоҳишидан олдин келтиряптилар».

Иброҳим Наҳаъий «Аъувзу биллаҳи ва бика», яъни «Аллоҳ исми ва сенинг исминг билан паноҳ тилайман», деб айтмоқни кариҳ кўрардилар. Балки «Аъувзу биллаҳи сумма бика», деб айтмоқлик жоиздир. Яъни, Аллоҳнинг исми билан, сўнгра сенинг исминг билан, деганидир.

Ва яна: «Агар Аллоҳ қилмаганида, сўнгра фалончи қилмаганида, бундай қилардим», деб айтилади. Аммо «Аллоҳ қилмаганида ва фалончи қилмаганида, бундай қилмасдим», деб ҳаргиз айтма.

Фасл: Бирор нарса сабабли ёмғир ёғди. Албатта бунинг ёғдирувчиси булут ёки юлдуздир, деб эътиқод қилса, бас, у куфрликдир. Агар албатта бу ёмғирнинг ёғдирувчиси Аллоҳ, анави зикр қилинган нарса эса, ёмғир ёғиши учун аломат, холос, деб эътиқод қилса, куфр бўлмайди. Лекин жоҳилиятда истеъмол қилинган лафзни ишлатгани учун бу кариҳ кўрилган нарсадир. Биз бу ҳақда ёмғир ёғаётганда айтиладиган нарсалар бобида зикр қилдик.

Фасл: «Агар бундай қилсам, яҳудий ёки насроний бўлай» ё «Исломга алоқасизман» ёхуд шунга ўхшаш сўзларни айтиб, Исломдан чиқиш ҳақиқатини ирода қилса, ана шу ҳолда кофир бўлиб, унга муртадлик ҳукми юритилади. Агар бундай дейиш билан Исломдан чиқишни ирода қилмаса, кофир бўлмайди. Лекин ҳаром ишни бажаргани учун тавба қилиши вожиб бўлади. Ўша пайтдаёқ гуноҳдан тўхтаб, қилган нарсасига пушаймон бўлади, унга асло қайтмасликка қасд қилиб, истиғфор айтади, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб айтади.

Фасл: Мусулмон кишини «Эй кофир», деб айтмоқлик даҳшатли ҳаром амаллардандир:

 

941/8. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши биродарига «Эй кофир», деса, батаҳқиқ, у икковларидан бирларига қайтади. Агар айтганидек бўлса, ўша айтилганга, ундай бўлмаса, айтган кишининг ўзига қайтади». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

942/9. Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Кимки бир кишини кофир ёки Аллоҳнинг душмани, деб чақирса-ю, у нарса ўша кишида бўлмаса, у ўзига қайтади», деганларини эшитдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Агар мусулмон бошқа бир мусулмонга нисбатан «Аллоҳим, ундан имонни тортиб ол», деса, шу гапи билан осий бўлади. Мана шу дуонинг ўзи билан дуо қилувчи кофир бўладими? Бунда икки хил фикр бор: Қози Ҳусайн фатволарига кўра кофир бўлмайди. Бунга Мусо алайҳиссаломдан хабар берилган Аллоҳнинг сўзи ҳужжат қилинади. «Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи аламли азобни кўрмагунларича, имон келтирмасинлар» (Юнус сураси, 88-оят). Агар биздан олдингиларнинг шариати бизнинг шариатимиз, дейдиган бўлсак, бу далилга назар солмоқ керак.

Фасл: Агар кофир мусулмонни куфр калимасини айтмоқликка мажбурласа, бас, мусулмон уни айтиб, қалби имонига хотиржам бўлса, кофир бўлмайди. Бу Қуръондаги насс (далиллар)да ҳам, мусулмонлар ижмоъида ҳам иттифоқ қилинган. Энди ўлимдан ўзини сақлаш учун куфр калимасини айтишлик афзалми? Бу саволга беш хил фикр айтилган:

Энг тўғрироғи ва афзали ўлимга сабр қилиб, куфр калимасини айтмаслик. Саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг амаллари бунга далилдир.

Иккинчиси, жонини қатлдан сақлаш учун куфр калимасини айтмоқ афзал.

Учинчиси, уни омон қолишлиги душмандан қасос олиш ёки шариат аҳкомларини қоим қилишликда мусулмонларга манфаатли бўлса, куфр калимасини гапирмоқлиги афзалдир. Агар бундоқ бўлмайдиган бўлса ўлимга сабр қилмоғи афзал.

Тўртинчиси, уламо ва шуларга ўхшаш эргашиладиган кишилар бўлса, авом адашмаслиги учун ўлимга сабр қилмоғи афзал.

Бешинчиси, Аллоҳ таолонинг «Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят) сўзига биноан куфр калимасини айтмоқлик вожибдир. Мана шу охиргиси жуда ҳам заиф кўринишдагисидир.

Фасл: Агар мусулмон киши кофирни Исломга киришга мажбурласа, бас, у икки шаҳодат калимасини айтса ва ана шу айтувчи кофир ҳарбий бўлса, Исломи дуруст бўлади. Чунки уни мажбурлаш ҳақ билан бўлмоқда. Агар у айтувчи зиммий бўлса, у мусулмон бўлмайди. Чунки биз ундай қилмаслик мажбуриятини олганмиз. Бас, мажбурлашлик тўғри эмас. Баъзи заиф сўзлар борки, уларда: «У мусулмон бўлади, чунки буюриш ҳақдир», дейилган.

Фасл: Агар кофир икки шаҳодат калимасини мажбурланмасдан айтса-ю, ҳикоя тарзида масалан, Зайддан эшитдим, у «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деди деб айтса, Исломда эканига ҳукм қилинмайди. Агар мусулмоннинг таклифидан кейин икки шаҳодат калимасини айтса, масалан, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», дегин, деса-ю, кофир уни айтса, мусулмон бўлади. Агар ҳикоя ва таклиф кўринишида бўлмасдан, балки ўзича бошласа, машҳур саҳиҳ мазҳабга кўра, у мусулмон бўлади. Баъзилар ҳикоя эҳтимоли борлиги учун мусулмон бўлмайди, дейишган.

Фасл: Мусулмонлар ишига бошлиқ бўлган кишини халифатуллоҳ, яъни Аллоҳнинг халифаси, деб айтмаслик лозим. Балки у халифа ёки халифатур-расулуллоҳ ёки Амирул-мўминин, деб айтилади.

Имом Абу Муҳаммад ал-Бағавий «Шарҳи сунна» китобларида келтиришларича, мусулмонлар ишига бошлиқ бўлган кишини агар одил имомлар сийратига хилоф бўлса, мусулмонлар ишида қоим бўлгани ва мўминлар унинг сўзига қулоқ тутгани учун амирул мўминин ва халифа, деб атамоқликнинг зарари йўқ. Халифа, деб аталишига сабаб у ўзидан олдинги бошлиққа халифа (ўринбосар) бўлиб ўрнига ўтирганлигидир.

Бирор киши Одам алайҳиссаломдан ва Довуд алайҳиссаломдан кейин халифатуллоҳ, деб аталинмайди. Чунки Аллоҳ таоло: «Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман» (Бақара сураси, 30-оят) ва «Эй Довуд, дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик», деб айтган (Сод сураси, 26-оят).

Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади. Бир киши Абу Бакр Сиддиққа (р.а.) «Йа халифатуллоҳ», яъни «Эй Аллоҳнинг халифаси», деганида, бу зот: «Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалариман. Мен мана шу билан розиман», дедилар.

Бир киши Умар ибн Абдулазизга (р.а.) «Йа халифатуллоҳ», деганида, бу зот: «Сенга вой бўлсин. Сен анча йироқ сўзларни ишлатдинг. Онам мени Умар, деб исмлаган. Агар мени шу исм билан чақирсанг, буни қабул қилдим. Сўнгра улғайдим. Бас, Абу Ҳафс, деб куняландим. Агар мана шу куня билан мени чақирсанг, қабул қилдим. Сўнгра сизларни ишларингизга бошлиқ бўлдим. Бас, мени амирул мўминин, деб исмладинглар. Агар мени мана шу атама билан чақирсанг, кифоя қилади», дедилар.

Абул Ҳасан ал-Морудий «Аҳком ас-Султониййа» номли китобларида имомни халифа, деб исмладилар. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларидан халифа (ўринбосар) бўлди. Умумлаштириб, халифа ёки халифату расулуллоҳ, деб айтиш жоиз.

«Халифатуллоҳ» деган сўзимизнинг жоизлигида ихтилоф қилинган. Баъзилар Аллоҳнинг махлуқотларидаги ҳуқуқларда қоим бўлиб, бор бўлгани учун жоиз, дейишган. Бунга Аллоҳнинг сўзидаги «У сизларни ер юзида халифа қилиб қўйган Зотдир» оятини далил қилиб келтиришган (Фотир сураси, 39-оят).

Лекин жумҳур уламолар халифатуллоҳ, деб аташдан ман қилишди. Ва бундай деб айтса, гуноҳкор бўлишга олиб боришини таъкидлашган.

Имом Нававий айтдилар: «Биринчи амирул мўминин, деб исмланган киши Умар ибн Хаттобдирлар. Илм аҳллари орасида бу ҳақда хилоф йўқ. Аммо баъзи жоҳиллар Мусайлама, деб айтишади. Бу фикр очиқ хато ва уламолар ижмоъига мухолиф бўлган хунук жоҳилликдир. Уламолар китобларида очиқчасига иттифоқ қилиб, нақл қилишларича, биринчи амирул мўминин, деб исмланган зот Умар ибн Хаттобдирлар».

Имом Абу Умар ибн Абдулбирр «Истийъоб» номли китобларида Умар ибн Хаттобни биринчи бўлиб амирул мўминин, деб номланишларига сабаб Абу Бакр (р.а.) халифатур-расулуллоҳ (Расулуллоҳ ўринбосарлари), деб исмланганликларидир, дейдилар.

Фасл: Султонга ёки бундан бошқа ҳукмдорга шаҳаншоҳ, деб айтиш қаттиқ ҳаром бўлган амаллардандир. Чунки унинг маъноси мулкларнинг подшоси, деганидир. Бу сифат Аллоҳдан бошқага ишлатилмайди.

 

943/10. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳузуридаги таҳқирланган исм бир кишининг «маликул амлок» (мулкларнинг подшоси) деб аталмоғидир», дедилар. Биз буни «Исмлар китоби»нинг 731-ҳадисида зикр қилдик.

Фасл: «Саййид» лафзи ҳақида:

Билингки, «саййид» лафзи қавмида устун, қадри олий бошлиқ, фозил кишиларга ва бундан ташқари ғазаби қўзғамайдиган ҳалим кишига, сахийга, подшоҳга ва эрга нисбатан ишлатилади.

Фазл аҳлларига «саййид» лафзининг ишлатилиши ҳақида кўплаб ҳадислар келган.

 

944/11. Абу Бакрдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Али билан (р.а.) минбарга кўтарилдилар-да, «Бу болам саййиддир. Шоядки, Аллоҳ бу билан мусулмонларнинг икки жамоаси орасини ислоҳ қилса», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

945/12. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз келганларида ансорийларга қарата: «Саййидларингизга ёки яхшиларингизга туринглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

946/13. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Саъд ибн Убода: «Эй Расулуллоҳ, бизлардан бир киши тўшагида ёт эркак билан ётган хотинини кўрса, ўлдирадими?» деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: «Саййидларингиз нима деб айтаётганига қарамайсизларми?» дедилар.

«Саййид» лафзи истеъмол қилишдан ман қилинган далиллар:

 

947/14. Бурайдадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиққа саййид лафзини (ишлатиб) айтманглар. Агар саййид бўлса, Раббиларингиз азза ва жалланинг ғазабини келтирасизлар», дедилар. Имом Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Имом Нававий: «Бу ҳадисларни хулосалаганда, «Фалончи саййид ва эй саййидим», деб ёки шунга ўхшаш илми ҳамда ислоҳчилиги билан фазилатли, яхши кишиларга нисбатан ишлатилади. Лекин фосиқ ёки динида айбдор ва шуларга ўхшаш кишиларга нисбатан саййид, деб айтмоқ кариҳ кўрилган», дедилар.

Фасл: Шамолни сўкишдан қайтариш:

948/15. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Шамол бандаларга юборилган раҳматдир. Гоҳида у раҳмат билан келади, гоҳида азоб билан. Агар шамол эсса, уни сўкманглар. Аллоҳдан унинг яхшисини сўраб, ёмонидан паноҳ тиланглар», дедилар. Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари

Фасл: Иситмани сўкишнинг кароҳияти:

 

949/16. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соиб ёки Умму Мусаййабнинг (ровий шак қилдилар) олдига кириб, «Нима бўлди сенга, эй Умму Соиб ёки Умму Мусаййаб, титраётирсан?» деганларида, у аёл: «Аллоҳ баракасини кетказгур иситма сабабли», деди. Шунда у зот: «Иситмани сўкмагин, чунки у худди босқон темирнинг кирини кетказганга ўхшаб одам боласининг хатосини кетказади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Хўрозни сўкишдан қайтариш:

 

950/17. Зайд ибн Холид ал-Жуҳайнийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади», дедилар. Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Фасл: Жоҳилият даъволари билан чақириқ қилишдан қайтариш ва уларнинг сўзларини истеъмол қилишнинг ёмонлиги:

 

951/18. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки юзига уриб, чўнтагини йиртиб, жоҳилият даъволари билан чақириқ қилса, биздан эмас», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Муҳаррам ойини Сафар ойи, деб исмламоқ кариҳ кўрилгандир. Чунки у жоҳилият одатларидандир.

Фасл: Кофир бўлиб ўлган кишига мағфират тилаб дуо қилмоқ ҳаромдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «На пайғамбар ва на мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир», деб айтган (Тавба сураси, 113-оят).

Фасл: Шаръий сабабсиз мусулмонни сўкишга ижозат бериш ҳаромдир:

 

952/19. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкишлик фосиқликдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки сўкувчининг бошловчисига гуноҳ бўлади, агар мазлум ҳаддан ошмаса», дедилар. Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари.

Фасл: Одатда истеъмол қилинадиган ёмон лафзлар - киши хусуматчисига «эй эшак», «эй ахмоқ», «эй ит» ва шунга ўхшашларни айтмоқликдир. Бу икки жиҳатдан қабиҳдир. Биринчидан, у сўз ёлғондир. Иккинчидан, азият беришдир. Аммо золим, дейиш ундай эмас. Хусуматлашувчига заруратдан рухсат этилган. Чунки у кўпинча рост ҳам бўлиб чиқади. Камдан-кам инсонларгина ўз нафсларига зулм қилмайдилар.

Фасл: Наҳҳоснинг айтишларича, баъзи уламолар: «Мен билан бирга Аллоҳдан бошқа бирор махлуқот йўқ эди», деб айтмоқни кариҳ кўришди. Бу ерда кариҳ кўрилишдан сабаб лафзнинг ёқимсизлигидандир. Аслида, араб тилидаги истисно қоидаси юқоридаги сўзга улашни ирода этади. Бу ерда у нарса маҳолдир. Энди бу истиснодан мурод юқоридаги сўздан узишни ирода этади. Яъни, сўз замирида «Аллоҳ мен билан бирга эди», деган тушунча олинади. Бу Аллоҳнинг сўзидаги «... ва у (Аллоҳ) сизлар билан биргадир», деган оятидан олинган». Бунинг ўрнига «Мен билан Аллоҳдан бошқа ҳеч ким йўқ эди», деб айтмоғи лозим бўлади. Ва яна «Аллоҳнинг исмига ўтир», деб айтмоқ кариҳ кўрилди. Балки бунинг ўрнига «Аллоҳнинг исми билан ўтир», дейилади.

Фасл: Наҳҳос баъзи салафлардан ҳикоя қилиб қуйидагиларни айтганлар: «Рўзадор кишининг «Оғзимдаги мана бу тамға ҳаққи», деб айтмоқлиги ҳам кариҳ кўрилган. Чунки кофирнинг оғзига тамға қилинади, деб ҳужжат қилинди. Энди бу ҳужжатга назар солмоқ лозим. Чунки унда Аллоҳдан бошқа ила қасам ичиляпти». Бундан ман қилинганлиги ҳақида келгуси бобларда, иншааллоҳ, танишамиз. Бу - юқорида зикр қилганимиздек, Аллоҳдан ўзга ила қасам ичилганлиги ҳамда ҳожатсиз рўза изҳор қилинганлиги сабабли макруҳдир.

 

953/20. Абдураззоқ Маъмардан, у Қатодадан, ёки бошқасидан, у Имрон ибн Ҳусайндан (р.а.) қилган ривоятда бу зот: «Биз жоҳилиятда «Аллоҳ кўзингни доим севган кишингга тушадиган қилсин!» ва «Хайрли тонг», деб айтар эдик. Қачонки, Ислом келгандан кейин бундай деб айтишликдан ман қилиндик», деб айтдилар Абу Довуд ривоятлари.

Абдураззоқ ва Маъмар: «Киши «Аллоҳ кўзингни доим севган кишингга тушадиган қилсин!» деб айтмоғи макруҳ, лекин «Аллоҳ кўзингни хайрли қилсин», деб айтишнинг зарари йўқ», деб айтишди.

Фасл: Икки кишининг учинчи бир кишини якка қўйиб, пичирлашиб гаплашмоғидан қайтариш:

 

954/21. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши бўлсангизлар, бирини қолдириб, ҳаттоки, у одамларга қўшилиб кетгунча икки киши пичирлашмасин. Чунки ана шундай қилиш уни хафа қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

955/22. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар уч киши бўлсангизлар, учинчи кишини қолдириб, икки киши пичирлашиб гаплашманглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Довуд ривоятларида: «Мана шу ҳадиснинг ривоят қилувчиси Абу Солиҳ ибн Умарга: «Тўрт киши бўлса-чи?» деганларида, Ибн Умар: «Зарар қилмайди», деганлар»и зиёда қилинди.

Фасл: Аёлнинг эрига ёки бошқа эркакка агар шаръий ҳожат бўлмаса, ўзга бир хотиннинг бадани чиройли эканини хабар беришдан қайтариш:

 

956/23. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл бошқа бир хотиннинг хабарини бермасин. Борди-ю у эрига сифатласа, гўёки эри у аёлга қарагандек бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Наҳҳоснинг Абу Бакр Муҳаммад ибн Яҳёдан ривоят қилишларича, бирор киши ғазабланиб турган пайтда унга «Аллоҳни зикр қил», деб айтиш ҳам кариҳ кўрилган. Чунки бу ғазаби уни куфрга олиб келиши хавфи бор. Ва шу сингари ғазаби келган кишига «Расулуллоҳга салавот айт», ҳам дейилмайди. Чунки бунда ҳам юқоридаги хавф бор.

Фасл: Энг ёмон лафзлардан бири аксар кишилар одат қилиб олган қасамдир. Агар бирор нарсага қасам ичишни хоҳласа, «валлоҳи» сўзининг ўрнига «шундай бўлганини Аллоҳ билади», дейишади. Бунда улар қасам бузишни кариҳ кўрганларидан ёки Аллоҳни улуғлаганликларидан ва қасам ичишдан ўзларини сақлаганликларидан шундай қилишади. Бу иборада хатар бор. Агар ушбу сўз соҳибининг ана шу айтган сўзлари ўз айтганидек бўлса, бунинг зарари йўқ. Агар шак қиладиган бўлса, бас, у энг хунук сўздир. Чунки у Аллоҳга нисбатан ёлғон ишлатган бўлади. Чунки у Аллоҳ ана шу нарсани албатта билади, дейди-да, қандайлигига ўзида ҳам ишонч йўқ. Бундан ҳам нозик қабоҳатли томони бор. У Аллоҳни сифатлаб, Аллоҳ билган нарсанинг хилофини биламан, дейишликдир. Агар шу айтгани ҳақиқатда шундай бўлса, кофир ҳам бўлади. Кишининг бу иборалардан четланмоғи лозим бўлади.

Фасл: Дуода «Аллоҳим, агар хоҳласанг ёки ирода қилсанг, мени кечиргин», деб айтмоқ макруҳдир. Балки бунда сўрашни жазм ила қилади.

 

957/24. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз «Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени кечиргин, Аллоҳим, агар хоҳласанг, менга раҳм қилгин», деб айтмасин. Сўрашни қасд қилсин. Чунки Унда қабул қилмаслик йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Муслимнинг бошқа ривоятларида «Ва лекин қасд қилсин ва рағбатини оширсин. Чунки Аллоҳ таолога бирор нарсада катталик қилинмаса, уни беради, дедилар», дейилади.

 

958/25. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз дуо қилса, сўрашда қасд қилсин. Ҳаргиз агар хоҳласанг, менга ато қилгин, демасин. Чунки Унда қабул қилмаслик йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Аллоҳнинг номи ва сифатидан ташқари нарсаларда қасам ичиш кариҳ кўрилган. Хоҳ у набий, Каъба, фаришта, омонат, ҳаёт, руҳ ва бундан бошқа нарсаларда бўлса ҳам. Булардан кароҳиятлисининг энг қаттиғи омонат билан ичилган қасамдир.

 

959/26. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло сизларни ота-боболарингиз номи билан қасам ичишдан ман қилади. Кимки қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номи билан ичсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа саҳиҳ ривоятда «Кимки қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номи ила ичсин ёки сукут қилсин», дейилган.

Омонат ила қасам ичишдан қаттиқ таҳдид билан ман қилинган. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

 

960/27. Бурайдадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки омонат билан қасам ичса, биздан эмас», деб айтдилар. Имом Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

Фасл: Олди-сотдида агар рост бўлса ҳам кўп қасам ичишнинг макруҳлиги:

 

961/28. Абу Қатодадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олди-сотдида қасамни кўп ичишдан сақланинглар. Чунки у молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кетказади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Осмондаги камалакни «Қавсу-қузаҳ» лафзи ила ишлатмоқнинг макруҳлиги:

 

962/29. Абу Нуъайм «Ҳулиятул авлиё»да Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Камалакни) «Қавсу-қузаҳ», деб айтманглар, чунки «қузаҳ» шайтон, деганидир. Лекин «Қавсуллоҳи азза ва жалла», деб айтинглар. Чунки у ер аҳли учун омонликдир», дедилар (араблар камалакни «Қавсу-қузаҳ», деб айтишар эди. Бу ҳадисда камалакни «Қавсуллоҳ», деб аташга буюриб «Қавсу-қузаҳ», деб аташдан ман қилиняпти. Чунки «Қузаҳ» шайтон, дегани... - тарж.).

Фасл: Киши бирор гуноҳ ила ёки шунга ўхшаш нарса билан балоланса, бошқа бир кишига бу ҳақда хабар бермоғи макруҳдир. Балки Аллоҳ таолога тавба қилиб, ўша ҳолатдаёқ у гуноҳдан тўхташи, қилган нарсасига пушаймон бўлиб, иккинчи бор ана шундай гуноҳга қайтмасликни қасд қилмоғи лозим. Мана шу учта шарт тавбанинг рукнларидан бўлиб, уларсиз тавба дуруст бўлмайди. Шайхига ёки шунга ўхшаш гуноҳидан қутулишига йўл кўрсатувчи шахсга ё ана шу каби гуноҳга ботишдан омонда бўлишни ўргатувчи кишига ёхуд унинг сабабларини танитувчига ёки уни дуо қилувчи кимсага қилган гуноҳининг хабарини беришининг зарари йўқ. Энди бундай манфаатлар бўлмаса, ана ўша кариҳ кўрилган.

 

963/30. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан ҳар бири авф қилингандир. Фақат мужоҳирлар (ошкора қилувчилар) бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у кечасида бир амални қилади-да, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: «Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим», дейди. Ваҳоланки, Раббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Балоғатга етган мукаллафнинг бирор кишининг қули ёки хотини ё ўғли ёхуд дастёрига амру маъруф ёки наҳий мункар бўлмасдан, балки фасод сўзлар ила гаплашмоғи ҳаромдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз», деб айтган (Моида сураси 2-оят).

Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 18-оятида: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)», деган.

 

964/31. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бирор кишининг хотинини ёки қулини (бузғунчилик ниятида) алдаса, биздан эмас», деб айтганлар. Абу Довуд ва Насаийлар ривояти.

Фасл: Аллоҳнинг тоатида «молимни инфоқ қилдим» ёки шу каби сўзларни айтмоқ жоиз. Масалан, ҳажга бориб-келишимга минг (динор), ғазотда қатнашишимга икки минг (динор), меҳмонларнинг зиёфатига унча, болаларим хатнасига мунча, никоҳимга бир қанча инфоқ қилдим, дейди. Лекин аксари авомга ўхшаб, зиёфатимда зарар кўрдим, ҳажимда (унча) йўқотдим, сафаримда (бунчадан) маҳрум бўлдим каби сўзларни айтмайди. Зарар кўрдим, йўқотдим, маҳрум бўлдим каби сўзлар гуноҳ ва макруҳ амалларда ишлатилади. Инфоқ қилдим сўзи эса тоат йўлида ишлатилади.

Фасл: Аллоҳнинг зоти ила жаннатдан бошқа нарсани сўрамоқнинг макруҳлиги:

 

965/32. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатдан бошқа нарсани Аллоҳнинг зоти ила сўралмайди», дедилар. Абу Довуд ривоят қилдилар.

Фасл: Аллоҳнинг номи ила сўраганни ва Аллоҳ номи ила шафоат талаб қилганни ман қилишнинг макруҳлиги:

 

966/33. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳнинг номи билан паноҳ тиласа, унга паноҳ беринглар. Кимки Аллоҳ номи ила сўраса, унга беринглар. Кимки чақирса, ижобат қилинглар. Кимки сизларга бирор яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Агар мукофотлайдиган нарса топа олмасанглар, унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинглар. Ҳаттоки, сизлар мукофотлаганингизни унда кўрасизлар», дедилар. Абу Довуд ва Насаий саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.

Фасл: «Узоқ умр тилайман», деб айтиш ҳам кариҳ кўрилган. Абу Жаъфар Наҳҳос «Синоатул китоб» номли асарларида: баъзи уламолар «Узоқ умр тилайман», деб айтмоқни кариҳ кўришган ва баъзилари рухсат этишган, деганлар.

Исмоил ибн Исҳоқ: «Биринчи бўлиб бу сўзни ишлатганлар зиндиқлардир», дедилар (Зиндиқлар - адашган бир тоифа... - тарж.).

Ҳаммод ибн Салама: «Мусулмонлар ўзаро мактубларида «фалончидан фалончига аммо баъд. Сенга салом бўлсин. Шериги йўқ Аллоҳга ҳамд айтаман. Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оилаларига саловот бўлмоғини сўрайман», деб ёзишар эди. Зиндиқлар мана шу каби мактубларнинг аввалига «Сенга узоқ умр тилайман», деб ёзиб қўйишни янгилик қилишди.

Фасл: «Ота-онам сизга фидо бўлсин» ёки «Аллоҳ мени сизга фидо қилсин», деб айтишнинг кароҳияти йўқ. Хоҳ унинг ота-онаси мусулмон бўлсин ёки кофир бўлсин, бунинг жоизлигига икки «Саҳиҳ» китоби ва бошқаларда далиллар келтирилган. Баъзи уламолар агар ота-онаси мусулмон бўлишса, ана шуни айтишни кариҳ кўришган.

Наҳҳоснинг айтишларича, Молик ибн Анас «Аллоҳ мени сизга фидо қилсин», деб айтишни кариҳ кўрардилар. Баъзилар бунга ҳам ижозат беришган.

Қози Иёзнинг айтишларича, жумҳур уламолар: «Бу жоиз, фидо қилаётган хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, фарқи йўқ», дейишган.

Имом Нававий: «Бунинг жоизлигига сон-саноқсиз ҳадислар келтирилган. Мен «Саҳиҳ Муслим» шарҳида бундан огоҳ этдим», дедилар.

Фасл: Ва яна ёмон лафзлар ила тортишмоқ, баҳслашмоқ ва хусуматлашмоқлик:

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг айтишларича, «Ал-Мироу» (тортишмоқ) - бошқа кишининг сўзидаги хатони ошкор қилиб, қабул этмаслик. Бу билан у сўзловчини таҳқирлаш ҳамда ўз хусусиятини кўрсатиб қўйишдан бошқа нарсани англатмайди. «Ал-жидол» (баҳслашмоқ) - бирор йўлни кучли эканини билдиришдан иборат. Аммо «Ал-хусумат» (хусуматлашмоқ) мол-мулк ва бошқа нарсаларни қўлга киритиш учун шовқин-сурон ила сўзамол бўлмоқ. Гоҳида бу оддий бошланиб ва гоҳида тўсатдан дуч келиш билан бўлади. Баҳслашиш эса тўсатдан дуч келиш билан бўлади.

Билингки, баҳслашмоқ гоҳида ҳақ, гоҳида ботил билан бўлади. Аллоҳ таоло: «Сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар», деган (Анкабут сураси, 46-оят).

Ва яна: «Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг», деган (Наҳл сураси, 125-оят).

Ва яна: «Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб-тортишурлар», деб айтган (ўофир сураси, 4-оят).

Агар баҳс-мунозара ҳақ нарсада тўхтамга келиш учун бўлса, у мақталгандир. Агар ҳақни тан олмаслик ёки илмсизлик ила бўладиган бўлса, у ёмонлангандир.

Баъзилар хусуматдан кўра динни кеткизувчи, мурувватни ноқис, лаззатни зое қилувчи ва қалбни машғул этувчи нарсани кўрмадим, деб айтишган. Агар киши ҳаққини сақлаб қолиш учун хусумат қилишга мажбур бўлса, бунга жавоб имом Ғаззолийнинг қуйидаги сўзларидир: «Ботиллик ёки илмсизлик ила бўлган хусумат ёмон кўрилган. Худди қозининг вакилига ўхшаш. Чунки у қайси томон ҳақ эканини билишдан олдин хусуматда вакил бўлади. Бу вакил илмсиз хусумат қилади. Ва яна ҳаққини талаб қилиб, эҳтиёжи қадрича кифояланмагани ҳам ёмон хусуматлардандир. Балки у хусуматда ҳукмрон бўлиш учун душманлик ва ёлғонни зоҳир қилади. Ҳаққини қўлга киритишда ҳожат тушмайдиган азият берувчи калималарни хусуматда аралаштириш ҳам ёмон хусуматдир. Ва яна хусуматчисининг шикаст етказиши ва бўйсундириш учун соф қаршилик кўрсатиши ҳам хусуматларнинг ёмонидир. Аммо мазлумнинг шаръий йўл билан, душманликсиз, чегарадан чиқмасдан, шовқинсиз, қаршиликсиз, азият бермасдан ўз ҳужжатини олий қилмоғи ҳаром эмас. Лекин уни қилмасликка йўл топса, тарк қилгани афзалдир. Чунки хусумат пайтида тилни мўътадил ҳолатда ушлаб туриш узрлидир. Хусумат эса қалбда душманлик туйғусини келтириб, ғазабни қўзғайди. Агар ғазаб қўзийдиган бўлса, икковлари ораларида гина ҳосил бўлади-да, икки томон ҳам бир-бирига етган ёмонликка хурсанд ва яхшиликка хафа бўлади. Ва тилини унинг обрўсини тўкиш учун ишлатади. Кимки хусуматга киришса, мана шу офатларга йўлиқади. Бу офатларнинг энг ози қалбини машғул қилиб, намозда ҳам фикри хусуматга боғлиқ бўлади, истиқоматдаги ҳолатидан бирор нарса қолмайди. Хусумат ёмонликнинг бошланишидир. Шу сингари тортишиш ва баҳслашишлар ҳам. Хусумат эшикларини очмаслик лозим. Фақатгина чорасиз қолиб, зарурат туғилгандагина жоиз. Ўшанда ҳам тилини ва қалбини хусумат офатларидан сақламоқлиги даркор.

 

967/34. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хусуматчи бўлиб юришинг гуноҳкор эканлигингга кифоя қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Али (р.а.): «Хусуматчи учун ҳалокат бордир», дедилар.

Сўзда майдакашлик билан, баъзи фасоҳатчилар одатланганларидек, узайтириб саж-қофиялар ила ва фасоҳат-жимжимадор муқаддималар ҳамда безакли сўзлар ила гапириш ҳам кариҳ кўрилган хислатлардандир. Шу сингари саж (қофия)да ва эъробларнинг нозикларида ҳамда авомга қилинаётган хитобда қийин луғатларни истеъмол қилиш ҳам кариҳ кўрилган. Балки хитоб қилаётганда кишиларга оғир бўлмайдиган ва тушунарли лафз ила хитоб қилмоқ лозим.

 

968/35. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло худди сигир тилини безаганидек тилини безаб сўзамол - нотиқ бўлган кишилардан ғазабланади», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

969/36. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Синчков, инжиқ кишилар ҳалок бўлишди», деб уч марта айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

970/37. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга маҳбубларингиз ва Қиёмат кунида мажлис жиҳатидан яқинларингиз ахлоқи яхшиларингиздир. Менга ёмон кўрилганларингиз ва Қиёмат кунида мендан узоқларингиз сергап-эзмаларингиз, ахлоқсиз сўзларни сўзловчиларингиз ва мутафайқиҳлардир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сергап ва ахлоқсиз сўзларни айтувчини билдик. Аммо мутафайқиҳлар, деганингиз ким?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мутакаббирлар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.

Билингки, хутба ва мавъизаларда агар ҳаддан ошишлик бўлмаса, лафзларни чиройли қилишнинг ёмонланган жойи йўқ. Чунки бундан мақсад қалбларни Аллоҳнинг тоатига қизиқтириш ҳамда қалбга таъсир ўтказишдир.

Фасл: Хуфтон намозини ўқиган киши бу пайтдан ташқари гапирилиши мубоҳ бўлган сўзларни гапирмоқлиги кариҳ кўрилган. Аммо бу пайтдан ташқарида ҳам ҳаром ёки макруҳ бўлган сўзларни гапирмоқ кароҳияти ва ҳаромлиги ундан ҳам қаттиқдир. Аммо яхши нарсаларни сўйлаш, масалан, илм такрорлаш, солиҳлар ҳикоясини ва яхши ахлоқли сўзларни гапириш ҳамда меҳмон билан суҳбатлашишнинг кароҳияти йўқ. Балки у мустаҳаб ҳамдир. Бунга саҳиҳ ҳадислар келтирилган. Шу сингари фавқулодда бўладиган узр сабабидан сўзлашишнинг зарари йўқ. Бу зикр қилганларимнинг ҳаммасига машҳур ҳадислар бор. Мен улардан баъзисига қисқа ҳолатда ишора қилиб, кўпини ифода этаман:

 

971/38. Абу Барзадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин уйқуни ва ундан кейин сўзлашишни кариҳ кўрардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Аммо юқоридаги пайтларда сўзлашишга рухсат этилгани ҳам кўп:

 

972/39. Ибн Умардан (р.а.) қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирида хуфтон намозини ўқиб, сўнг салом бердилар-да, «Сизларга бу кечанинг хабарини берайми? Юз йилдан кейин бугун ер юзида бўлганлардан бирортаси қолмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

973/40. Абу Мусо ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга салла ўрадилар-да, ҳаттоки қоронғу тушди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга намоз ўқиб бердилар. Қачонки, намоз тамом бўлгандан кейин ўша ерда ҳозир бўлганларга «Осойишта бўлинглар, мен сизларга таълим бераман. Хурсандлик хабарини беринглар, албатта сизлардан бошқа бирор киши бу соатда намоз ўқимаяпти. Шундай бўлиши Аллоҳнинг сизларга берган неъматидандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

974/41. Анасдан (р.а.) қилинган ривоятда саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларини кутдилар. Бас, у зот кечанинг ярмига яқин қолганда келдилар. Уларга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Сўнгра хутба айтиб, «Огоҳ бўлинглар, албатта кишилардан намоз ўқиб жойларига ётганлари бор. Сизлар эса намозни кутиб намоздасизлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Ибн Аббосдан (р.а.) қилинган ривоятда бу зот холалари Маймунанинг (р.а.) уйларида ётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтонни ўқидилар-да, сўнгра уйга кириб, «Болакай ухладими?» деб аҳлларига гапирдилар.

Ва яна Абдураҳмон ибн Абу Бакр (р.а.) қилган ривоятларидаги меҳмонлар қиссасида «У зот тўхталиб, ҳаттоки хуфтонни ўқидилар. Сўнгра келиб, улар билан гаплашдилар ва хотинлари ҳамда ўғиллари билан гаплашдилар. Ва уларнинг сўзлашувлари такрор-такрор бўлди», деб келтирилади. Бу иккиси ҳам саҳиҳ китобдан олинди. Бу каби ҳадислар сон-саноқсиздир. Зикр этганларимизнинг ўзиёқ кифоя қилади.

Фасл: Охирги хуфтон намозини «ъатама» ва шомни «ъишо», деб исмламоқликнинг кароҳияти:

 

975/42. Абдуллоҳ ибн Муғаффал ал-Музанийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шом намозларингиз исмида бадавий араблар номлашган сўз ғолиб келмасин, яъни бадавийлар шом намозини «ъишо», деб аташар эди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Аммо хуфтонни «ъатама», деб номлангани, яъни «Агар субҳи ва ъатама намозларида қандай савоб борлигини билишганида, эмаклаб бўлса ҳам, унга келишар эди», деб келганига икки хил жавоб бор: биринчиси - бундаги қайтариқ ҳаром эмас, балки ҳалол эканлигини баён қилиб келяпти. Иккинчиси - агар ъишо, деб исмланса, шом намозига аралашиб кетишидан қўрққан кишига хитоб қилиняпти.

Аммо бомдодни «ғадот», деб атамоқнинг кароҳияти йўқ. ғадот, деб ишлатилганлиги ҳақида саҳиҳ ҳадисларда далиллар бор. Бир жамоат бунинг кароҳияти бор, дейишган. Ундай эмас. Шом ила хуфтоннинг икковини бирга «ъишоайни», дейишнинг ва хуфтонни «охирги ъишо», деб аталишининг зарари йўқ. Асмаъий (р.а): хуфтон «охирги ъишо», деб аталмайди деган. Бу гаплари нотўғри. «Саҳиҳи Муслим»да собит бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир аёл хушбўй нарсаларни истеъмол қилган бўлса, биз билан охирги ъишода иштирок этмасин», дедилар.

Бундан ташқари икки «Саҳиҳ»дан бошқаларида ҳам саҳобаларнинг сўзлари сон-саноқсиз. Мен буларнинг барчасини «Таҳзийбул асмо вал-луғат» китобида баён қилдим.

Фасл: Сирни ошкор қилишдан қайтариш:

Бунга ҳадислар жуда кўп. Агар сирни ошкор қилишда зарар ёки азият бўладиган бўлса, ҳаромдир.

 

976/43. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши бир сўзни гапирса, сўнг у ёқ-бу ёққа қараса, бас, у омонатдир», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

Фасл: Ҳожатсиз хотинини урган кишидан нимага урганини сўрашнинг кароҳияти:

Биз «Тилни сақлаш ҳақидаги китоб»нинг аввалида манфаат бўлмайдиган нарсада сукут қилиш ҳақидаги саҳиҳ ривоятни келтирдик. Ва яна «Бефойда нарсани тарк қилиш кишининг Исломи чиройлилигидандир», дейилган саҳиҳ ҳадисни зикр қилдик.

 

977/44. Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинини нимага ургани ҳақида кишидан сўралмайди», дедилар. Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можалар ривояти.

Фасл: Аммо шеър ҳақида биз ҳасан иснод ила Абу Яъло ал-Мувсилийнинг муснадларида ривоят қилдик. Унда Оиша (р.а.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шеър ҳақида сўраганларида, «У калом бўлиб, яхшиси яхши, ёмони ёмондир», дедилар.

Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шеър эшитганлар ва Ҳассон ибн Собитга кофирларни ҳажв қилиб шеър айтмоғини буюрганлар. Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шеърда ҳикмат бордир», дедилар. Ва яна у зот: «Сизлардан бирингизнинг қорни қусқига тўлгани шеърга тўлганидан кўра яхшироқдир», дедилар.

Фасл: Фаҳш ва беодоб гапларни сўзлашдан ман қилинганлиги ҳақида:

Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар жуда кўп. Бунинг маъноси ёмон ишларда очиқча ибораларни қўллаш. Агар у сўзлаётгани тўғри ва гапирувчи ростгўй бўлса ҳам. Бу кўпинча жинсий алоқага тааллуқли нарсаларда бўлади. Ана шу нарсада киноя ила мақсадни тушунадиган даражада чиройли иборалар билан қўллаш лозим. Қуръони карим ҳамда саҳиҳ суннатларда мана шу чиройли услубда келган. Аллоҳ таоло: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди», деди (Бақара сураси, 187-оят).

Ва яна: «Ахир бир-бирингиз билан қўшилиб, улар (яъни, хотинларингиз) сизлардан қатъий аҳд-паймон олганларидан сўнг қандай қилиб, уни (яъни, маҳрни) қайтариб оласиз», деган (Нисо сураси, 21-оят).

Ва яна: «Агар уларни маҳрни белгилаб қўйган ҳолингизда қўл тегизишдан илгари талоқ қилсангизлар...» (Бақара сураси, 237-оят) деб чиройли услубда айтган. Бундай услуб саҳиҳ ҳадисларда ҳам келган.

Уламолар: «Шунга ўхшаш айтиш уятли бўлган ибораларни тушуниладиган кинояли исмлар билан ишлатиш лозим бўлади», дейишган. Масалан, аёл билан жинсий алоқа қилишни билдиришда қўшилиш, духул қилиш, ишрат қилиш ва шуларга ўхшаш иборалар қўлланилади. Аммо жинсий алоқа қилиш, жимоъ қилиш ва шунга ўхшаш хунук иборалар ишлатилмайди. Шу сингари сийиш ва бўшаниш ибораларини ҳожатхонага ёки халожойга бораман, деган киноя ила чиройли услубда қўлланилади. Аммо сияман, ичимни бўшатаман, демайди. Шу сингари пес, оғзидан сассиқ ҳид келувчи ва қўлтиғи остидан сассиқ ҳид келувчилар ва бошқаларда ҳам мақсадни тушунадиган қилиб, чиройли иборалар ила гапирилади. Билингки, буларнинг ҳаммаси очиқ исмини айтишга зарурат туғилмаса, қўлланилади. Аммо хитоб қилинаётган киши мажозий ва кинояли сўзни идрок этмаса, таълим бериш ва баён этиш мақсадида гапирилаверади. Ёки мақсад қилинган нарсада бошқа нарсани англайдиган бўлса ҳам, ҳақиқий мазмунни ҳосил қилиш учун очиқча гапирилаверади. Чунки ҳадисларда келаётган нарса мана шуни ифода этяпти. Юқорида айтганимиздек, эҳтиёж туғилгандагина шундай қилинади. Чунки мазмун ҳосил қилиш одобга риоя қилгандан яхшироқдир.

 

978/45. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши сўкувчи, лаънатловчи, фаҳш сўзларни айтувчи, ахлоқсиз бўлмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

979/46. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради», дедилар. Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

Фасл: Ота-онани ва уларга ўхшашларни жеркиб бериш қаттиқ ҳаромлардан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ал-Исро сурасининг 23-24-оятларида: «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб (уф) тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут - хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) деб айтган.

 

980/47. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онасини сўкиш катта гуноҳдир», деганларида, саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?» дейишди. Шунда у зот: «Ҳа, бошқанинг отасини сўкади. Бу билан ўзининг отасини сўкади. Ва бировнинг онасини сўкади, бу билан ўз онасини сўкади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

981/48. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот айтдилар: «Менинг (қўл) остимда бир хотиним бор эди. Мен уни яхши кўрар эдим. Отам Умар уни кариҳ кўрар эди. Отам у хотинингни талоқ қил, деб айтди. Мен бунга кўнмадим. Бас, отам Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, ана шуни зикр қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни талоқ қил», деб айтдилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио