Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

329-боб. Лаънатлашдан қайтариш тўғрисида

916/1. Собит ибн Заҳҳокдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот «дарахт» соҳибларидан эдилар (яъни, дарахт остида байъат берганлар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдирган кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

917/2. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиддиқ лаънатловчи бўлиши мумкин эмас», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

918/3. Абу Дардодан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънатловчилар Қиёмат кунида шафоат қилувчи ҳам, шоҳидлик берувчи ҳам бўлишмайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

919/4. Самура ибн Жундубдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг лаънати, ғазаби ва дўзахи билан лаънатламанглар», дедилар. Имом Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари.

 

920/5. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

921/6. Абу Дардодан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда бирор нарса ила лаънатласа, лаънати осмонга кўтарилади. Осмон эшиклари унинг рўпарасида ёпилади. Сўнгра ерга тушади. Бас, унинг эшиклари ҳам ёпилади. Сўнгра ўнг ва чап томонга боради. Агар имконият топа олмаса, лаънатланган кишига қайтади. Агар унинг соҳиби ўша лаънатга аҳл (муносиб) бўлса, унда қолади. Агар аҳл бўлмаса, айтган кишининг ўзига қайтади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

922/7. Ибн Аббосдан (р.а.) қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки аҳли бўлмаган нарса ила лаънатласа, лаънати ўзига қайтади», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари.

 

923/8. Имрон ибн Ҳусайндан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларнинг бирида эканликларида ансорийлардан бир аёл туядан аччиқланиб, уни лаънатлади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитиб, «Бундаги нарсаларни олиб туяни қолдиринглар, чунки туя лаънатлангандир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари. Имрон (р.а.) «Мен у туяни ҳозир кўргандекман. У кишилар орасида юради-ю, аммо унга бирор киши юзланмайди», деб айтганлар.

 

924/9. Абу Барзадан (р.а.) ривоят қилинади. Бир жория қиз қавмнинг юки турган туяда эди. Тоғнинг тор жойида у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, туяга «Тўхта! Аллоҳ сени лаънатласин», деб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу лаънатланган туяни бизга ҳамроҳ қилманг», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда «Аллоҳнинг лаънати бўлган бу уловни бизга ҳамроҳ қилманг», деб келган.

Фасл: Гуноҳкор кишиларни лаънатлашнинг жоизлиги ҳақида машҳур саҳиҳ ҳадисларда собит бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Соч уловчи ва соч улатганни, рибо еювчини, расм чизувчини, ер қозиғини (қўшни ҳаққини) ўзгартирувчини, тухум ўғрисини, отасини лаънатлаганни, Аллоҳдан бошқага қилинган қурбонликни Аллоҳ лаънатлади. Кимки бизларнинг ишимизда янгилик яратса ёки янгиликка йўл берса, унга Аллоҳнинг фаришталари ва одамлар барчасининг лаънати бўлсин», дедилар. Ва яна: «Аллоҳим, Риъл, Закавон ва Усаййалаларини лаънатлагин. Улар Аллоҳ ва расулига осийлик қилишди. Булар араб қабилаларидан учтасидир. Яна У яҳудийларни лаънатлади. Чунки уларга (ҳайвон) ёғини ейишни ҳаром қилса, улар уни эритиб сотишди. Яна Аллоҳ таоло яҳудий ва насронийларни пайғамбарлар қабрларини масжид қилиб олишгани учун лаънатлади. Ва яна аёлларга ўзини ўхшатган эркакларни ва эркакларга ўзини ўхшатган аёлларни лаънатлади», дедилар.

(Бу ҳадислар лафзи Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган. Буларнинг баъзиси иккитасида, баъзиси улардан бирида келган.)

 

925/10. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға урилган эшакни кўриб, «Аллоҳ тамға урганни лаънатласин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

926/11. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот қурайшлик йигитлар ёнидан ўтаётганларида, улар қушни нишон қилиб, унга (нарса) отишаётган эди. Шунда Ибн Умар: «Аллоҳ лаънатласин, буни ким қилди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жонли нарсани (отиш) мақсадида фойдаланганни Аллоҳ лаънатласин», деганлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Ўзини сақлаб юрувчи (тақводор) мусулмонни лаънатлаш мусулмонлар ижмоъси билан ҳаромдир. Ёмон сифат соҳибларини лаънатлаш эса жоиздир. Масалан, «Аллоҳ золимларни лаънатласин», «Аллоҳ кофирларни лаънатласин», «Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин», «Аллоҳ фосиқларни лаънатласин», «Аллоҳ сурат чизувчиларни лаънатласин» каби лаънатлаш жоиз. Аммо гуноҳларнинг бирортаси билан сифатланган кишининг айни ўзини, масалан, яҳудий, насроний ёки золим, зинокор, сурат чизувчи, ўғри, рибо еювчини алоҳида лаънатлаш ҳадиснинг зоҳиридан ҳаром эмаслиги кўриняпти.

Имом Ғаззолий эса буларни ҳаром, деб фикрларини шундай изоҳлайдилар: «Фақат куфрда ўлганлиги аниқ бўлган Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Фиръавн, Ҳомон ва шуларга ўхшаш кишилар ҳақида лаънатлаш ҳаром эмас. Чунки лаънат Аллоҳнинг раҳматидан узоқлатади. Биз эса фосиқ ёки кофирнинг охирги ҳаёти нима бўлиб тугашини билмаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эса уларни тайин қилиб лаънатлашларига сабаб уларнинг куфрда ўлишларини билганлар. Инсонга ёмонлик билан қилинган дуо лаънатга яқиндир. Масалан, «Аллоҳ жисмини соғ қилмасин, саломат қилмасин» каби ва шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси ёмон саналгандир. Шу сингари жамики ҳайвонлар ва ўсимликларни лаънатлаш ҳам ёмон амаллардандир».

Фасл: Абу Жаъфар Наҳҳос баъзи уламолардан ҳикоя қилиб, «Агар киши лаънатлаш лойиқ бўлмаган нарса билан лаънатласа, унинг лойиқмаслигини айтишга шошилсин. Бўлмаса, лойиқ бўлмаган лаънат бўлиб қолади», дедилар.

Фасл: Ҳар бир амру маъруф ва наҳий мункар қилувчи ҳамда одоб берувчи киши хитоб қилаётган кишисига «Вой бўлсин», «Эй ҳоли заиф», «Ўз нафсига оз назар солувчи» ёки «Нафсига зулм қилувчи» каби сўзларни ёлғон ишлатмасдан айтмоғи жоиз. Сўзида очиқ киноя ёки ишора, агар рост бўлмаса ҳам, ҳақоратли сўз бўлмаслиги лозим. Фақат бу одоб бериш ва сўзининг таъсирини ўтказиш учун бўлмоғи керак.

 

927/12. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилинадиган туяни ҳайдаб кетаётган кишини кўриб, «Уни миниб ол», дедилар. Ҳалиги киши: «Бу қурбонлик туяси-ку», деди. Расулуллоҳ яна: «Уни мингин», деб айтганларида, у яна: «Бу қурбонлик туяси-ку», деди. Учинчи марта Пайғамбар (а.с.): «Вой бўлгур, уни мингин», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

928/13. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. У зот улушларни тақсимлаётганларида, Бани Тамим қабиласидан Зулхувайсира деган киши: «Эй Расулуллоҳ, одил бўлинг», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вой бўлсин, мен одиллик қилмасам, ким ҳам одиллик қиларди?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

929/14. Адий ибн Ҳотамдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида хутба айта туриб, «Кимки Аллоҳга ва расулига итоат қилса, батаҳқиқ тўғри йўлни топибди. Кимки у икковига осийлик қилса, батаҳқиқ адашибди», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен мунча ҳам ёмон хатибсан! (иккови, деб баробар айтмасдан) балки «... Кимки Аллоҳга ва расулига осийлик қилса...» деб айтгин», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 

930/15. Жобир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. Хотибнинг (р.а.) қуллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, Хотибдан шикоят қилди. «Эй Расулуллоҳ, Хотиб дўзахга тушади», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон айтдинг, у дўзахга тушмайди. Чунки у Бадр ва Ҳудайбияда иштирок этган», дедилар. Имом Муслим ривотлари.

 

931/16. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ўғиллари Абдураҳмонни меҳмонни зиёфат ила сийламаганида, «Эй ғунсар» («Эй пасткаш»), деб айтганлар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

932/17. Жобир (р.а.) бир кийимда намоз ўқиб, (иккинчи) либосларини олдиларига қўйиб қўйдилар. «Нимага бундай қилдингиз?» дейилганида, «Сен каби жоҳиллар кўриши учун», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда «Сен каби ахмоқ кўриши учун», деб келган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио