Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

317-боб. Рухсат этилган ғийбат баёни

Билингки, ғийбат ҳаром бўлса-да, баъзи ҳолатларда ислоҳ учун рухсат этилган. Ана шу ислоҳ саҳиҳ, шаръий мақсадда бўлиб, ундан бошқа йўл билан етишиш мумкин бўлмаса, ўшанда рухсат этилган. У қуйидаги олтита сабабларнинг бирида бўлади:

Биринчиси - шикоят. Мазлум султонга ёки қозига ёки золимни инсофга чақиришга қурби етадиган шунга ўхшаш бирор бошлиққа шикоят қилиб, «Фалон киши менга зулм қилди» ёки «Мендан буни тортиб олди» каби сўзлар айтмоғи жоиз.

Иккинчиси - мункар нарсани ўзгартиришга ва осийни тўғри йўлга қайтаришга ёрдам сўрамоқ. Бас, у ана шу мункар нарсани кетказишга қудрати етадиган кишига «Фалон киши бундай ишларни қилиб юрибди, уни бундан тўхтатиб қўйинг» каби сўзларни айтади. Ана шу пайтда унинг мақсади мункар нарсани кетказишга бўлмоғи керак. Унинг мақсади бундай бўлмаса, ҳаром бўлади.

Учинчиси - фикр-мулоҳаза сўраш. Масалан, муфтига «Отам ёки иним ёки фалончи менга зулм қилди, ундан халос бўлиш, ҳаққимни олиш ва зулмни ўзимдан даф этиш йўли қанақа?» деб айтмоғи жоиз. Ва шу сингари «Хотиним мени ундай қилди» ёки «Эрим бундай қилди», деб ҳожати учун айтмоғи жоиз. Яна ҳам тўғрироғи, «Бир кишини ана бу ишида нима дейсиз?» ёки «Эр ёки хотин бундай қилди», деб тайин қилмасдан мақсадини ҳосил қилмоғи ҳам дуруст.

Кейинги бобда зикр этиладиган Ҳинддан (р.а.) қилинган ривоят тайин қилишнинг жоизлигини кўрсатади. У эри Абу Суфённинг бахил-зиқна эканини айтганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бу ғийбатидан қайтармадилар.

Тўртинчиси - мусулмонларни ёмонликдан огоҳ этиб, уларга насиҳат қилиш. У бир нечта кўринишда бўлади. Улардан ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг гувоҳлик кўрсатмаларини мажруҳлиги учун рад этмоқ. Мана шу мусулмонлар ижмоъи билан жоиздир. Балки эҳтиёж бўлгани учун вожибдир. Айтадилар: «Бир киши никоҳ йўли билан қариндошлик муносабатларига киришини ёки ишда шерик бўлишини ёки омонат олишини ёки унинг ҳузурига омонат қўйишни ёки бундан бошқа нарсаларда муомала қилишни сендан маслаҳат сўраса, насиҳат юзасидан у ҳақда билган нарсангни айтмоғинг вожиб бўлади. Агар сен унга «Муомала қилиш ёки никоҳ ила қариндош бўлиш дуруст бўлмайди» ёки «Бундай қилмагин», деб айтиш билан мақсад ҳосил бўлса, ёмонлигини ортиқча зикр қилиш жоиз эмас. Энди борди-ю, мақсад ҳосил бўлмаса, унда очиқчасига зикр қилавергин». Ва яна айтадилар: «Ўғирлиги, зинокорлиги, ичувчилиги ила машҳур бўлган қулни сотиб олаётган кишини кўрсанг, уни сотиб олувчи киши билмайдиган бўлса, баён қилмоғинг лозим бўлади. Нафақат бу қул сотиб олишда. Балки ҳар бир сотиб олинаётган нарсанинг айбини билсанг, агар сотиб олувчи билмаса, баён этмоғинг вожиб бўлади». Яна айтадилар: «Агар бир фиқҳ ўрганувчи бидъатчи ёки фосиқ ҳузурига бориб, ундан илм ўрганаётган бўлса ва сен у фиқҳ ўрганувчи зарар топмоғидан қўрқсанг, унга насиҳат қилмоғинг ва ҳолини баён қилмоғинг лозим бўлади. Шу шарт биланки, сен бунда насиҳатни қасд қилмоғинг керак. Мана шу нарсада кўпинча хатога йўл қўйилади. Гоҳида ҳасадга олиб келади ёки шайтон алдаб қўяди. У эса бу қилган ишини насиҳат ва шафқат, деб хаёл қилади. Сен буни идрок этиб, фаросатли бўл». Яна айтадилар: «Бир киши бошлиқ бўлса-ю, солиҳ бўлмагани ёки фосиқ ва муғаффал бўлгани сабабли ишни яхши кўринишда бажармаса, ундан ҳам каттароқ бўлган бошлиққа унинг айбини зикр қилмоғинг вожиб бўлади. Ана шу катта бошлиқ уни ишдан четлатиб, ундан-да салоҳиятлисини тайинлайди. Ёки унинг ҳолатини билса, уни тўғри йўлда бўлишга ундайди».

Бешинчиси - фосиқлиги, бидъатчилиги ошкора бўлган кишиларни ғийбат қилиш жоиз. Масалан, ароқни ошкора ичувчи, кишиларнинг молини солиқ солиб, мусодара қилиб, зулм билан тортиб олувчи ҳамда ботил ишларни юргизувчилар шулар жумласидандир. Мана шу ишларни ошкора қилувчини ғийбат қилиш жоиз. Аммо бундан бошқаларида, юқоридаги зикр қилганларимиздан ташқари ҳолатларда жоиз эмас.

Олтинчиси - танишлик учун. Агар киши кўзи хира, оқсоқ, кар, кўр, ғилай, бурни пачоқ ва шунга ўхшаш нуқсонли лақаб билан танилган бўлса, танитиш ниятида танитмоқлик жоиз. Аммо ноқислик томонини бундан бошқа мақсадда айтиш ҳаром. Агар айбини айтмасдан бошқа йўл билан бўлса, жуда ҳам яхши.

Мана шу зикр қилинган олтита сабабларда уламолар ғийбат қилиш жоиз, деб айтишган. Бунга Имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолий ва бошқа уламолар ҳам китобларида мисол келтиришган. Бунинг далили саҳиҳ ҳадисларда зоҳирий ҳолда келтирилган.

 

897/1. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига киришга изн сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга изн беринглар, у мунча ҳам қабиланинг ёмон биродари экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бухорий бузғунчи ишончсиз кишиларни ғийбат қилиш жоизлигига мана шу ҳадисни хужжат қилганлар.

 

898/2. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир улушни тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад бу тақсими ила Аллоҳ розилигини истамади», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бунинг хабарини бердим. Шунда у зотнинг юзлари ўзгариб, «Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин. Бундан-да кўп азият берилса ҳам сабр қилган», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Баъзи ривоятларда келтирилишича, Ибн Масъуд (р.а.): «Бундан кейин у зотга гап ташиб бормайман», дедилар.

Имом Бухорий биродари ҳақида айтилган нарсанинг хабарини беришга юқоридаги ҳадисни ҳужжат қилганлар:

 

899/3. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ва пистончи (мунофиқлардан икки киши) динимиздан бирор нарса билади, деб гумон қилмайман», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

900/4. Зайд ибн Арқамдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга чиққанимизда кишиларга қийинчилик етди. (Мунофиқ) Абдуллоҳ ибн Убай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги кишиларга (муҳожирларга) эҳсон қилманглар, шунда атрофларидаги кишилар тарқалиб кетади. Агар Мадинага қайтсак, кучли бўлганлар кучсизларни у ердан чиқариб юборади», деганида, мен бунинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдим. Бас, у зот Абдуллоҳ ибн Убайга одам юбордилар...», деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. Аллоҳ таоло буни тасдиқлаб Мунофиқун сурасининг 1-оятини нозил қилди: «(Эй Муҳаммад), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар...». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Суфённинг хотини Ҳинддан қилинган саҳиҳ ривоятда унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Абу Суфён - бахил киши», деб айтган сўзлари ва яна Фотима бинти Қайсга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аммо Муовия қашшоқ, Абу Жаҳл эса асоини елкасидан қўймайди», деб айтган сўзлари ғийбатнинг мана шу кўринишдагиси жоиз эканига далил қилиб келтирилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио