Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ТИЛНИ САҚЛАШ КИТОБИ 313-боб. Тилни сақлаш ҳақида

Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 18-оятида: «У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)»; Вал-фажр сурасининг 14-оятида эса: «Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир», деб айтган.

Олдинги ўтган бобларда Аллоҳ осон қилганича мустаҳаб бўлган зикрларни айтиб ўтдим. Энди лафз аҳкомларини жамлаб, қисмларини баён этиш учун макруҳ ёки ҳаром бўлган лафзларни буларга қўшмоқни ҳам хоҳладим. Ҳар бир диёнатли киши муҳтож бўладиган ана шу нарсаларни зикр қилдим. Уларнинг аксарияти маълум ва машҳур бўлгани учун кўпчилигидан далилларни тарк қилдим. Аллоҳнинг Ўзи бу ишда тавфиқ берсин.

Фасл: Билингки, ҳар бир мукаллаф киши манфаат (фойдали) бўлган сўзлардан ташқари қолган барчасида тилини тиймоғи лозим бўлади. Гапириш ва гапирмаслик манфаатда баробар бўлиб қолганида гапирмаслик суннатдир. Чунки гоҳида мубоҳ сўзлар ҳаромга ёки макруҳга олиб боради. Аксарият ёки кўп ҳолларда шундай бўлади. Бундан сақланишни эса бирор нарсага тенглаштириб бўлмайди.

 

874/1. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бу ҳадиси шариф саҳиҳ эканлигига иттифоқ қилинган. Бунинг маъноси: «Манфаат зоҳир бўлган яхши сўзни гапирсин. Қачонки, манфаат зоҳир бўлишида шак қилса, гапирмасин».

Имом Шофеий (р.а.): «Агар киши гапиришни хоҳласа, сўзлашдан олдин фикрламоғи лозим. Агар манфаат зоҳир бўлса, гапирсин. Агар шак қилса, тоинки зоҳир бўлгунича гапирмасин», дедилар.

 

875/2. Абу Мусо ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. «Эй Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайсиниси афзал?» деб сўралганида, у зот: «Агар мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишса, ана шуниси афзал», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

876/3. Саҳл ибн Саъддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

877/4. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда ўйламай бир сўзни айтиб қўяди-да, кейин дўзахда машриқ билан мағриб оралиғидек жойда сарсон бўлиб юради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бухорийнинг ривоятларида «мағриб» сўзи зикр қилинмаган.

 

878/5. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади-да, аммо Аллоҳ таоло Ўзи билиб, унинг даражасини кўтаради. Яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади-да, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам Ўзи билиб, жаҳаннамга ташлайди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

879/6. Билол ибн Ҳорис ал-Музанийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши Аллоҳнинг розилигидан бўлган сўзни гапириб, у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача розилигини ёзиб қўяди. Ва яна бир киши Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи сўзни гапириб у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача ғазабини ёзиб қўяди», дедилар. Имом Молик, Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

880/7. Суфён ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади: «Эй Расулуллоҳ, менга бир ишни айтиб беринг, мен уни маҳкам ушлай», деганимда, у зот: «Раббим - Аллоҳ, деб айт, сўнгра истиқоматда (собитқадам) бўл», дедилар. Яна «Эй Расулуллоҳ, менга қўрқиладиган нарсанинг энг хавфлиси (хабарини беринг)», деганимда, у зот тилларини ушлаб, «Бу», дедилар». Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривояти.

 

881/8. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзларни кўпайтирманглар. Чунки Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзлар бағритош қилиб қўяди. Аллоҳдан инсонларнинг энг узоғи бағритошларидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

882/9. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги ёмонликдан ва икки оёғи орасидаги ёмонликдан сақласа, жаннатга киради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

883/10. Уқба ибн Омирдан (р.а.) ривоят қилинади: «Эй Расулуллоҳ, нажот нимада?» десам, у зот: «Тилингни тийгин ва хатоларингга йиғлагин. Шунда турмушинг фаровон бўлади», деб жавоб бердилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

884/11. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одам боласи тонг оттирса, аъзоларнинг барчаси тилнинг гуноҳини кечириб, «Бас, эй тил, Аллоҳдан қўрқ! Биз ҳам сенданмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз», дейди», деб айтдилар. Термизий ривоятлари.

 

885/12. Умму Ҳабибадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласининг ҳар бир сўзи унинг фойдасига ҳал бўлмайди. Фақатгина яхшиликка буюрган ва ёмонликдан қайтарган ёки Аллоҳни зикр қилганигина фойдасига ҳал бўлади», дедилар. Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

886/13. Муоздан (р.а.) ривоят қилинади: «Эй Расулуллоҳ, менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ қилсин», десам, у зот: «Сен жуда катта нарса сўрадинг. Албатта, у Аллоҳ осон қилган кишига енгилдир», деб, сўнгра: «Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиласан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан», дедилар. Ва яна у зот: «Сени эшикларнинг яхшисига далолат қилайми? Рўза пардадир. Садақа хатоларни худди сув оловни ўчиргандек ўчиради. Кишининг кечанинг ўртасидаги намози», деб қуйидаги оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирор жон билмас» (Сажда сураси, 16-17-оятлар). Сўнгра яна у зот: «Ишнинг боши ва устуни ҳамда юксак чўққисининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда у зот: «Ишнинг боши - Ислом. Устуни - намоз. Юксак чўққиси жиҳоддир», дедилар. Яна у зот: «Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб, «Сен мана буни тийгин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?» десам, у зот: «Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилишлари фақат тиллари айтган нарсалар сабабидандир», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

 

887/14. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бефойда сўзларни тарк қилиш кишининг Исломи чиройлилигидан (далолат)дир», дедилар. Имом Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

888/15. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки гапирмасдан жим турса, нажот топади», дедилар. Имом Термизий заиф иснод ила ривоят қилганлар.

Мен бу ҳадисларни машҳур бўлгани учун баён этдим. Зикр қилганимга ўхшаш саҳиҳ ҳадислар кўп. Кифоя қилгуликларига ишора этдим. Иншааллоҳ, «Ғийбат» бобида батафсил келади.

Аммо бу бобга тегишли салафлардан келган асарлар жуда кўп. Ўтган ҳадислар олдида буларга ҳожат йўқ. Лекин кўз югуртириб чиқиш учун улардан ҳам келтириб ўтаман.

Бизга етиб келган хабарда айтилишича, Қасс ибн Соъида ва Аксам ибн Сайфий бир ерга тўпланиб, бири иккинчисига: «Одам боласидаги айблардан қанчасини топдинг?» деганида, шериги: «Саноғи йўқ, санаганим саккиз мингта айб чиқди. Аммо унда бир хислат бор. Агар ўша хислатни қаттиқ ушласа, айбларининг ҳаммаси ёпилади», деди. «У нима?» деб сўраганида, «Тилни сақлаш», деб жавоб қилди.

Абу Али Фузайл ибн Иёздан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот: «Ким сўзини амалидан санаса, бефойда сўзлари камаяди», дедилар. Имом Шофеъий шериклари Рабийъга: «Эй Рабийъ, бефойда сўзни гапирма. Агар сен ана шундай сўз гапириб қўйсанг, у сенга устингдан молик (эга) бўлади, сен уни устидан эга бўла олмайсан», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): «Тилдан кўра бирор нарса тутқунда ушлашга ҳақли эмас», дедилар. Яна у зот: «Тилнинг мисоли худди йиртқичга ўхшайди. Агар уни маҳкамламасанг, ўзингга душманлик қилади», дедилар.

Устоз Абулқосим Қушайрий машҳур рисолаларида қуйидагиларни айтдилар: «Жим туришнинг асли омонликдир. Худди нутқ ўз ўрнида энг шарафли хислат бўлганидек, вақтида сукут қилиш ҳам кишиларнинг сифатларидандир».

Абу Али Даққоқ: «Кимки ҳақдан сукут қилса, тилсиз шайтондир», дедилар.

Нафсларига мужоҳада қилувчиларнинг сукутни афзал кўришларига сабаб улар сўздаги офатларни, нафс у офатлардан насибадор бўлишини, мақтовли сифатларини намоён бўлишини, нутқни чиройли қилиб, кишилар орасида ажралиб туришга мойилликни ва бундан бошқа офатларни билганликлари учундир. Мана шу сукут қилиш риёзат арбобларининг сифатларидан бўлиб, даражаларни ҳукм қилишдаги ва халқни тарбия этишдаги муҳим нарсалардан биридир. Бу ҳақда қуйидаги шеърлар ҳам битилган:

Тилингни сақлагин, эй инсон,

Бошингга ғам-кулфат солмасин.

Тил - гўёки заҳарли илон,

Эҳтиёт бўл, чақиб олмасин.

Қабрда ётур минг-минглаб одам,

Вафот этган тил сабабидан.

Қўрқар экан ҳатто ботир ҳам,

Тил заҳри-ю ва ғазабидан.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио