Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

221-боб. Акса урганга жавоб бериш ва эснашнинг ҳукми

675/1. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса кариҳ кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтса, ҳар бир эшитган мусулмон кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб айтмоғи шарт бўлади. Аммо эснаш шайтондандир. Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки эснаган кишига шайтон кулади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Уламолар шундай дейишган: «Вазннинг енгил бўлиши, таомни кам ва кучсизини истеъмол қилиш аксага сабаб бўлувчи нарсалардандир. Шунинг учун акса мақталгандир. Бу тавсия қилинган ишлардан бўлиб, шаҳватни заифлаштириб, тоатни осонлаштиради. Эснаш эса бунинг аксидир».

 

676/2. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса берса,

 «Алҳамдулиллаҳ», десин. Ёнидаги оғайниси ёки дўсти

 «Ярҳамукаллоҳ», десин.

«Ярҳамукаллоҳ», деган кишига

 «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ болакум», яъни «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин», десин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

677/3. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида икки киши акса урди. Уларнинг бирига жавоб қайтардилар. Иккинчисига жавоб қайтармадилар. Ҳалиги жавоб қайтарилмаган киши: «Фалон киши акса урувди, жавоб қайтардингиз. Мен акса урсам, жавоб қайтармадингиз», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу «Алҳамдулиллаҳи», деди. Сен «Алҳамдулиллаҳ», демадинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

678/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг. Агар ҳамд айтмаса (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», демаса), жавоб қайтарманг», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

679/5. Бародан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни етти нарсага буюрдилар ва етти нарсадан қайтардилар. Буюрилган нарсалар қуйидагилардир:

 

1. Касални бориб кўриш;

2. Жанозага эргашиш;

3. Акса урган кишига жавоб қайтариш;

4. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирган кишига жавоб қилиш;

5. Саломга алик олиш;

6. Мазлумга ёрдам бериш;

7. Қасамнинг устидан чиқиш». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

680/6. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бештадир:

 

1. Саломга алик олиш;

 

2. Касални бориб кўриш;

 

3. Жанозага эргашиш;

 

4. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;

 

5. Акса урганга жавоб қайтариш», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Муслимнинг ривоятларида эса қуйидагича келтирилади: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир:

 

1. Йўлиққанда салом бериш;

2. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;

3. Насиҳат талаб қилса, насиҳат қилиш;

4. Агар акса уриб ҳамд айтса, («Ярҳамукаллоҳ», деб) жавоб қайтариш;

5. Касал бўлса, бориб кўриш;

6. Жанозада қатнашиш». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фасл: Уламолар акса урган киши кетидан «Алҳамдулиллаҳ», деб айтишини мустаҳаб, дейишган. Агар «Алҳамдулиллаҳи роббил аламийн», деса, яхшироқ. Агар «Алҳамдулиллаҳи ъала кулли ҳол», деса, афзалроқдир.

 

681/7. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса урса,

 «Алҳамдулиллаҳи ъала кулли ҳол», десин. Уни эшитган оғайниси ёки дўсти

 «Ярҳамукаллоҳ», десин. (Акса урган)

 «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», деб айтади», дедилар. Абу Довуд ва бошқалар саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.

 

682/8. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Ибн Умарнинг ёнларида акса уриб, «Алҳамду лиллаҳи вассалому ъала расулиллаҳ», деди. Ибн Умар (р.а.): «Алҳамду лиллаҳи вассалому ъала расулиллаҳ» дедингми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга

 «Алҳамду лиллаҳи ъала кулли ҳол», дейишга буюрганлар-ку», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Имом Нававийнинг фикрларича, эшитган киши «Ярҳамукаллоҳ» ёки «Ярҳамукумуллоҳ» ёки «Раҳимакумуллоҳ», дейиши маҳбубдир. Бундан кейин акса урган кишининг «Яҳдикумуллоҳ ва юслиҳ балакум» ёки «Яғфируллоҳу лана валакум», деб айтиши ҳам маҳбубдир.

 

683/9. Нофеъдан (р.а.) ривоят қилинади. Ибн Умар (р.а): «Сизлардан бирингиз акса урса, унга

 «Ярҳамукаллоҳ», дейди. У эса

 «Ярҳамуналлоҳу ва ийёкум ва яғфируллоҳу лана ва лакум», яъни «Аллоҳ бизларни ва сизларни раҳм қилиб, сизларни ва бизларни мағфират қилсин», дейди», дедилар. Имом Молик ривоятлари.

Фасл: Акса урувчи ҳамд айтмаса, жавоб қайтарилмайди. Биз буни юқоридаги ҳадисда ўргандик. Ҳамд ва аксага жавоб қайтариш камида ёнидаги шериги эшитадиган даражада бўлиши керак.

Фасл: Акса урувчи киши «Алҳамдулиллаҳ»дан бошқа лафзни айтса, жавоб қайтарилишига ҳақли эмас.

 

684/10. Солим ибн Убайд ал-Ашжаъийдан (р.а.) ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Шу пайт қавм орасидан бир киши акса уриб, «Ассалому алайкум», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингга ҳамда онангга салом бўлсин», дедилар, сўнгра «Сизлардан бирингиз акса урадиган бўлса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Унинг ҳузуридагилар «Ярҳамакумуллоҳ», десин. Яна акса урган киши «Яғфируллоҳу лана валакум», яъни «Аллоҳ сизни ва бизларни мағфират қилсин», деб айтсин», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

Фасл: Акса келган пайтда қўлини ёки кийимини ё шунга ўхшаш нарсаларини оғзига қўйиб, овозини пастлатмоғи суннат амаллардандир.

 

685/11. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар акса урадиган бўлсалар, қўллари ёки кийимларини оғзиларига қўйиб, овозларини пастлатардилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

686/12. Абдуллоҳ ибн Зубайрдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ азза ва жалла эснаганда ва акса урганда овозни баландлатганларни ёмон кўради», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

 

687/13. Умму Саламадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Баланд (овоз ила) эснаш ва қаттиқ акса шайтондандир», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

Фасл: Агар бир инсонда акса орқама-орқа такрорланадиган бўлса, тоинки уч мартагача ҳар гал жавоб бермоқлиги суннатдир.

 

688/14. Салама ибн Акваъдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши акса урганида «Ярҳамукаллоҳ», дедилар. Иккинчи бор акса урганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу киши шамоллаб тумов бўлиб қолибди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

Аммо Абу Довуд ва Термизийлар ривоятида келтирилишича, Салама ибн Акваъ айтадилар: «Менинг гувоҳлигимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши акса урди. У зот: «Ярҳамукаллоҳ», дедилар. Иккинчи ва учинчи гал ҳам акса урганда, «Ярҳамукаллоҳ»ни айтиб, «Бу киши шамоллаб қолибди», дедилар. Имом Термизий бу ҳадисни ҳасан саҳиҳ, дедилар.

 

689/15. Убайдуллоҳ ибн Рифоъадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Акса урганга уч бор жавоб берилади. Агар учтадан зиёда бўладиган бўлса, хоҳласангиз, жавоб қилинг, хоҳламасангиз, жавоб қилманг», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

Бу ҳадис заифдир. Имом Термизий сўзларига кўра, бу ҳадис ғариб бўлиб, исноди мажҳулдир.

 

690/16. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса урса, ёнидаги ўтирган киши жавоб қайтарсин. Агар учтадан зиёда бўлса, у шамоллагандир. Учтадан кейин жавоб қайтарилмайди», дедилар.

Бу ҳақда уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар иккинчисида, дейишган, уч ва тўртинчисида, деганлар ҳам бор. Энг тўғриси учинчисидир. Бунинг маъноси - у киши аксасига жавоб қайтарилмайди. Чунки бу тумов касаллиги бўлиб, енгил акса эмас. Агар «Тумов касали бўлса, дуо қилиб жавоб қайтарилишига бошқалардан кўра ҳақли эмасми?» дейилса, бунга жавоб шундай: «Ҳақиқатда дуо қилиш маҳбуб амал. Лекин машруъ бўлган акса дуосидан ташқаридаги дуони қилсин. Балки мусулмон бошқа мусулмонга офият, саломатлик ва шунга ўхшаш нарсаларни дуо қилаверишида зарар йўқ, фақат акса уришга тааллуқли бўлмасин».

Фасл: Агар акса урса-ю ҳамд айтмаса, юқорида айтиб ўтганимиздек, жавоб қайтарилмайди. Шу сингари агар ҳамд айтса-ю уни киши эшитмаса ҳам, жавоб қайтарилмайди. Агар жамоат бўлса-ю уларнинг баъзилари эшитиб, баъзилари эшитишмаса, эшитганлар жавоб қайтаришади. Билингки, агар ҳамд айтмаса, бунда ҳамдни эслатмоқлик мустаҳабдир.

 

691/17. Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида акса уриб, Расулуллоҳнинг «Ярҳамукаллоҳ», (яъни, «Аллоҳ раҳм қилсин»), дейишларига умид қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», (яъни, «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин»), деб айтардилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Абу Яъло ал-Мувсилий «Муснад»ларида Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилинган ривоят шундай келтирилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор сўз гапираётган бўлса-ю, унинг ҳузурида акса урилса, бас, у ҳақдир», деганлар». Бунинг исноди ишончлидир. Фақат Бақийя ибн Валиднинг санадида ихтилоф қилинган. Аксар ҳадис имомлари бунинг ривоятини шомликлардан бўлсагина ҳужжат қилиб келтиришган. Бу ҳадисни эса Муовия ибн Яҳё Шомийдан ривоят қилганлар.

Фасл: Агар эснаса, юқоридаги саҳиҳ ҳадисга биноан қодир бўлганича қайтармоқлиги ва қўлини оғзига қўймоқлиги суннатдир.

 

692/18. Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қўли билан оғзини тўссин, чунки шайтон кириб кетади», дедилар.

Имом Нававийнинг фикрларича, эснаш хоҳ намозда, хоҳ ташқарида бўлсин, қўлини оғзига қўйиш маҳбуб амаллардандир. Аммо эснашдан ташқари ҳолатларда намоз ўқувчи кишининг қўлини оғзига қўйиши макруҳ саналади.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио