Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

220-боб. Саломдаги фуруъ масалалар ҳақида

Абу Саид Мутаваллий айтдилар: «Ҳаммомдан чиқаётган кишига «ёқимли ҳаммом» каби сўзларни айтмоқ жоиз эмас. Яъни, бу сўзларнинг асли йўқдир. Лекин ривоятда Али (р.а.) ҳаммомдан чиқаётган кишига «Нажас бўлмасдан пок бўлгин», деганлар».

Имом Нававийнинг фикрларича, бу ўринда бирор нарса айтиш жоиз эмас. Агар яқинлик, улфат ва дўстликни жалб қилиш учун «Адо маллоҳу лакан наъийма», яъни «Аллоҳ сенга бу неъматни бардавом қилсин» каби дуоларни айтишнинг зарари йўқдир.

Агар ўтиб кетаётган киши ўтирган кишига салом ўрнига «Аллоҳ тонггингизни хайрли қилсин» ёки «Содатли этсин» ёки «Аллоҳ қўллаб-қувватласин» ёки шунга ўхшаш кишилар одатда ишлатадиган сўзларни айтса, жавоб бериш шарт эмас. Бу киши саломга бепарво бўлиб, хилоф қилгани учун унга танбеҳ маъносида жавоб тарк этилади. Унга ва бошқаларга салом беришга ундаш учун одоб берган ҳолда шундай қилинади.

Фасл: Агар зоҳидлиги, ислоҳчилиги, илми, шарафи, тақводорлиги ёки дин ишларидан бўлган шунга ўхшаш нарсаси учун бошқа кишининг қўли ўпилса, макруҳ бўлмай, балки мустаҳаб амалдир. Лекин бойлиги-дунёси, бадавлатлиги, шавкати, обрўси учун дунё аҳлларининг қўлини ўпса, қаттиқ макруҳдир. Мутаваллий фикрларича, ҳаромдир.

 

651/1. Зореъдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ва оёқларини ўпиш учун уловларимиздан шошиб борар эдик», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

652/2. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот бир қиссада: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиб, қўлларини ўпдик», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

Аммо кичик боланинг юзидан ўпиш ёки укасини ўпиш ёки юзидан бошқа жойларини ўпиши шафқат, раҳмат, лутф ва қариндошлик муҳаббати юзасидан суннатдир. Бунга машҳур саҳиҳ ҳадислар кўпдир. У хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин. Шу сингари болалари дўстини ва бошқа ёш болаларни ҳам шу алфозда ўпиш суннатдир. Аммо шаҳват билан ўпиш иттифоқ қилинган ҳолда ҳаромдир. Хоҳ ёш бола бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин. Ҳатто шаҳват билан назар қилиш ҳаромдир. Хоҳ яқини, хоҳ узоқ кишиси бўлсин.

 

653/3. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини (р.а.) ўпганларида, ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис ат-Тамиймий бор эди. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор-у, уларнинг бирортасини ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, «Ким раҳм қилмаса, раҳм қилинмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

654/4. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига аъробийлар келиб, «Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Улар: «Биз, Аллоҳга қасамки, болаларимизни ўпмаймиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизлардан раҳмни тортиб олган бўлса, мен нимага ҳам қодир бўлардим?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бу ҳадис бошқача лафзлар билан ҳам ривоят қилинган.

 

655/5. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳимни ушлаб туриб, ўпдилар ва ҳидладилар. Имом Бухорий ва бошқалар ривояти.

 

656/6. Баро ибн Озибдан (р.а.) ривоят қилинади: «Мадинага келинган пайтда Абу Бакр (р.а.) билан бирга (уйларига) кирсак, қизлари Оиша (р.а.) иситма бўлиб ёнбошлаб ётган эдилар. Абу Бакр (р.а.) олдиларига бориб, «Эй қизчам, аҳволингиз қандай?» деб юзларидан ўпиб қўйдилар». Абу Довуд ривоятлари.

 

657/7. Сафвон ибн Ассолдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир яҳудий дўстига «Анави набий ҳузурига бизни олиб бор», деди. Бас, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, тўққизта очиқ-ойдин оят ҳақида сўрашди. (Ҳадиснинг давомида) улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ва оёқларини ўпиб, «Биз гувоҳлик берамизки, албатта сен набийдирсан», дейишди. Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривояти.

 

658/8. Иёс ибн Дағфалдан (р.а.) ривоят қилинади. «Абу Назрани Ҳасан ибн Алининг (р.а.) юзидан ўпганини кўрдим», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

Ибн Умар (р.а.) ўғиллари Солимни ўпиб, «Қария қарияни ўпганида ажабланинглар», дедилар.

Бу умматнинг зоҳид ва обидларидан бири бўлган Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий Абу Довуд Сижистонийнинг олдиларига келиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини гапирувчи ўша тилингизни чиқаринг, ўпиб олай», деб ўпар эдилар. Салафларимизнинг бу тўғридаги амаллари чегарасиз кўп эди.

Фасл: Солиҳ маййит кишининг юзини муборак бўлгани учун ўпишнинг зарари йўқ. Сафардан қайтган дўстининг юзидан ўпишнинг ҳам зарари йўқ.

 

659/9. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари ҳақидаги узун ҳадисда айтилишича, Абу Бакр (р.а.) у зот ҳузурларига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очдилар. Сўнгра энгашиб туриб ўпдилар-да, йиғлаб юбордилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

660/10. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Мадинага келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимда эдилар. Зайд келиб эшикни тақиллатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, кийимларини судраб бориб, қучоқлашиб ўпдилар». Имом Термизий ривоятлари.

Аммо ёш бола ва сафардан қайтувчидан ташқари кишиларнинг юзидан ўпиш ва қучоқлашиш макруҳдир. Бунга далил қуйидаги ҳадис:

 

661/11. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Расулуллоҳ! Киши биродари ёки дўстига йўлиқса, бош эгадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Ўзига яқинлаштириб ўпадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Қўлидан ушлаб сўрашадими?» деганида, «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Термизий ва Ибн Можалар ривоятлари.

Фасл: Билингки, йўлиққанда қўл бериб сўрашиш суннат амалдир.

 

662/12. Қатодадан (р.а.) ривоят қилинади. «Анасга (р.а.) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларида қўл бериб сўрашиш бормиди?» десам, «Ҳа», деб жавоб қилдилар». Имом Бухорий ривоятлари.

 

663/13. Каъб ибн Моликнинг (р.а.) тавбалари ҳақидаги қиссада келтирилишича, «Талҳа ибн Убайдуллоҳ (р.а.) югуриб келиб, менга қўлларини бериб сўрашдилар ва табрикладилар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

664/14. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон йўлиқиб, қўл бериб сўрашишса, улар иккови ажралмасларидан олдин гуноҳлари кечирилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

665/15. Бародан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон йўлиқишса, икковлари ажралмасдан олдин гуноҳлари кечирилади», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар ривояти.

 

666/16. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Расулуллоҳ! Киши биродари ёки дўстига йўлиқса, бош эгадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Ўзига яқинлаштириб ўпадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Қўлидан ушлаб сўрашадими?» деганида, «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Термизий ва Ибн Можалар ривоятлари.

 

667/17. Ато ибн Абдуллоҳ ал-Хуросонийдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қўл бериб сўрашинглар, у нафратни кетказади. Бир-бирингизга ҳадя бериб туринглар, шунда бир-бирингизга муҳаббат қиласиз ҳамда гиналар барҳам топади», дедилар». Имом Молик ривоятлари.

Билингки, ҳар йўлиққанда қўл бериб сўрашиш мустаҳабдир. Аммо кишилар одат қилиб олганидек, субҳ ҳамда аср намозларидан кейин қўл бериб сўрашишдек маълум бир вақтларни белгилаб олиш шариатда йўқ. Лекин қўл бериб сўрашишнинг асли суннат бўлгани учун зарар қилмайди. Улар эса баъзи ҳолатларда бардавом бўлиб, кўп ҳолатларда камчиликка йўл қўйишди. Баъзида бўлса ҳам, қўл бериб сўрашиш шариатда ворид бўлган нарсадан чиқариб юбормайди.

Имом Абу Муҳаммад Абдусалом (р.а.) «Ал-Қавоъид» номли китобларида; «Албатта бидъат беш қисм бўлади: вожиб, ҳаром, макруҳ, мустаҳаб, мубоҳ. Субҳ ва аср намози сўнггида қўл бериб сўрашмоқ мубоҳ бўлган бидъатлар қаторига киради», деганлар.

Имом Нававийнинг фикрларича, тук чиқмаган чиройли юзли киши билан қўл бериб сўрашишдан сақланмоқ лозимдир. Чунки уларга назар солишнинг ўзи ҳаром. Баъзи соҳибларимизнинг фикрича, ҳар бир назар қилиш ҳаром бўлган нарсани ушлаш ҳам ҳаромдир. Балки ушлаш ундан ҳам ҳаром. Уйланадиган киши бегона аёлга уйланишини ирода қилиб қараса, ҳалол. Шу сингари олди-сотди ва олиш-беришларда ҳам назар солиш ҳалол. Аммо буларнинг бирортасида ушлашлик жоиз эмас.

Фасл: Қўл бериб сўрашаётганда очиқ юзли бўлиш ва мағфират сўраб дуо қилиш маҳбуб амаллардандир.

 

668/18. Абу Заррдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санама! Агар биродарингга йўлиқсанг, очиқ юз ила кўришишинг ҳам яхшиликдир», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

669/19. Баро ибн Озибдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон йўлиқишганда қўл бериб сўрашиб жилмайишса ва дўстона ҳамда насиҳатда бўлишса, ўрталаридаги хатолар сочилиб кетади», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

Бошқа бир ривоятда қуйидагича келтирилади: «Икки мусулмон йўлиқиб, қўл бериб сўрашишса ва Аллоҳга ҳамд ҳамда истиғфорда бўлишса, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг гуноҳларини мағфират қилади», дедилар.

 

670/20. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ йўлида яхши кўришган икки киши йўлиқиб, бир-бирига қўл бериб сўрашишса ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишса, ажрамасларидан туриб аввалги-ю охирги гуноҳлари кечирилади», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари.

 

671/21. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишининг қўлини ушласалар,

 «Аллоҳумма атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан вақина азабан-нар», деб айтмасдан ажралмасдилар. Ибн Сунний ривоятлари.

Фасл: Ҳар қанақа кишига ҳар бир ҳолатда бўйин эгиш жоиз эмас. Биз бунга мисол қилиб, Анасдан (р.а.) ривоят қилинган 666-рақамли ҳадисни юқорида келтиргандик. Ана шу ҳадис ҳасан бўлиб, мухолифлик йўқдир. Илм, ислоҳ ва бошқа фазилатли хислатларга мансуб кишиларни унга амал қилишлари сизларни ғурурга олиб бормасин. Чунки эргашиш фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хосдир. (Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйин эгма дедиларми, буйруқларини бажармоқ лозим.) Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг еттинчи оятида: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» ҳамда Нур сурасининг 63-оятида: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирор фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» деб айтган.

«Жаноза китоби»да келтирганимиздек, Фузайл ибн Иёздан қуйидаги маънодаги нарса ривоят қилинган: «Ҳидоят йўлига тобеъ бўл. Ўша йўлда юрувчиларнинг озлиги сени ўкситмасин. Залолат йўлидан четлан. Ҳалокатга олиб борувчи йўлдагиларнинг кўплиги сени ғурурга олиб бормасин».

Фасл: Аммо кирувчи кишига ҳурмат қилиб ўрнидан туриш маҳбуб амаллардандир. Агар ўша киши илмда фазилатли ёки ислоҳ, шараф ёки ўзини сақлаган бошлиқ бўлса ёки туғишгани ҳамда катта ёшдаги қариндош бўлса, ана шу туришдан мақсади яхшилик, икром ва эҳтиром бўлиши шарт. Аммо риё ва буюк санаш бўлса, жоиз эмас. Бунга салаф ҳамда халафлар бардавом амал қилишгани учун бу сўзни ихтиёр қилдик. Бунга далил бўлувчи салафларнинг сўзлари ва асарларини жамладим. Бунга хилоф қилганларни ҳам зикр этдим ва жавоб ҳам бердим. Кимга бу нарсалар тушунарсиз бўлса, мана шу қисмда ёзганларимдан ўқиб, тушунмаган нарсаларини бартараф этишини умид қиламан.

Фасл: Солиҳ кишилар, оғайнилар, қўшнилар, дўстлар ва қариндошларни зиёрат қилиш таъкидланган маҳбуб амаллардандир. Вақтини аниқлаш уларнинг ҳолатлари, мартабалари ва бўш пайтларига қараб ўзгаради. Зиёрати кариҳ кўрмайдиган кўринишда ва рози бўладиган вақтда бўлиши шарт. Бунга бир неча машҳур асар ва ҳадислар бор.

 

672/22. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги оғайнисини зиёрат қилди. Аллоҳ таоло унинг йўлида кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб, «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги оғайнимникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

673/23. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор касални бориб зиёрат қилса ёки биродарини Аллоҳ йўлида зиёрат қилса, бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Қадамларингга ҳасанот, жаннатдан ўз манзилингни тайёрлаб қўйдинг», деб айтади», дедилар. Термизий ва Ибн Можалар ривоятлари.

Фасл: Киши солиҳ дўстидан зиёратни кўпайтирмоғини сўраш маҳбуб эканлиги ҳақида:

 

674/24. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «Бизни бундан-да кўпроқ зиёрат қилишдан сизни нима ман қилади?» деганларида, қуйидаги оят нозил бўлди: «(Эй Муҳаммад), биз ёлғиз Парвардигорингизнинг амри-фармони билангина нозил бўлурмиз. Олдимиздаги (охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Уникидир» (Марям сураси, 64-оят). Имом Бухорий ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио