Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

217-боб. Салом бериладиган ва берилмайдиган, алик олинадиган ва олинмайдиган кишилар ҳақида

Билингки, фосиқлиги ва бидъатчилиги ила машҳур бўлмаган мусулмон кишига салом берилади ва саломига алик олинади. Яъни, салом бериш суннат, алик олиш вожибдир.

 

623/1. Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади: «Биз аёллар билан турганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтиб бизга салом бердилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Аммо Термизий ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида масжид ёнидан ўтаётганларида, бир неча аёллар ўтиришган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар.

 

624/2. Жарир ибн Абдуллоҳдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар олдидан ўтиб, уларга салом бердилар. Ибн Сунний ривоятлари.

 

625/3. Саҳл ибн Саъддан (р.а.) ривоят қилинади: «Бизда бир аёл бор эди (бошқа ривоятда бошқача келтирилади: «Бизнинг бир (таниш) кампиримиз бўлиб...»), у лавлагини олиб келарди-да, қозонга солиб арпанинг майдалангани билан аралаштириб қўяр эди. Биз ҳар гал жумани ўқиб қайтаётганимизда, унга салом берар эдик. У бизга ҳалиги таомни тортиқ қилар эди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

626/4. Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилинади: «Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима (р.а.) эса (парда билан) тўсиб турган эканлар. Бас, мен салом бердим...» деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Фасл: Зиммийга салом берилиши ҳақида ихтилоф қилинган. Уларга салом беришни қатъий жоиз эмас, деганлар. Бошқалар эса ҳаром эмас, балки макруҳдир, дейишган. Агар зиммий киши мусулмонга салом берса, мусулмон жавоб беришда фақат «Ваалайкум» дейди. Ундан бошқасини зиёда қилмайди.

Қози Морудийнинг фикрларича, уларга салом бериш жоиз. Фақат мусулмон киши «Ассалому алайкум», деб айтмай, балки «Ассалому алайка», деб, яъни бирлик лафзи ила айтади. Алик олишда «Ваалайкум ассалом», дейди. Лекин «...ва роҳматуллоҳ»ни қўшмайди, деб айтганлар. Бу икки фикрлари қоидадан ташқари бўлиб, рад қилинган.

 

628/6. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларга аҳли китоблар салом беришса, уларга «Ва алайкум», деб айтинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

629/7. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларга яҳудийлар салом бериб, «Ас-сому алайкум» (яъни, сенга ўлим), деса, «Ваалайка» (яъни, сенга ҳам), деб айтинг», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. Бу ҳақда зикр қилганимизга ўхшаш ҳадислар кўпдир.

Абу Саъд Мутаваллийнинг айтишларича, бир кишига мусулмон деб гумон билан салом берилса-ю, унинг кофирлиги равшан бўлса, саломини қайтариб олмоқлиги мустаҳабдир. «Рудда ъалаййа саломий», яъни «Саломимни қайтариб бер», деган лафз ила қайтариб олади. Бундан мақсад уни қўрқитиб, ўртасида дўстлик йўқлигини билдириб қўйишдир.

Абу Саъд эса: «Агар зиммийга салом хоҳланса-да, салом лафзидан бошқача қилинса, масалан, «Аллоҳ сизни ҳидоят қилсин» ёки «Аллоҳ сизнинг тонггингизни неъматли қилсин», деса, зарари йўқ», дедилар.

Имом Нававий: «Мана шу Абу Саъд айтган нарсага эҳтиёж бўлиб, «Хайрли тонг тилайман» ёки «Саодат тилайман» ёки «Офият тилайман» ёки «Аллоҳ сизга хурсандчилик, саодат, неъмат, сурур ила тонг оттирсин», деса ёки шунга ўхшаш нарсаларни айтса, зарари йўқ. Агар эҳтиёж сезмаса, бирор нарса айтмасликни ихтиёр қилади. Чунки салом айтиш уларга очиқ юзли бўлиш, яқинлик ва дўстликни ифода этади. Биз эса уларга қўпол бўлиш ва дўстлик изҳор этмасликка буюрилганмиз», дедилар.

Агар бир киши жамоат олдидан ўтса, улар орасида бир неча мусулмон турса ёки бир мусулмон билан бир неча кофир бўлса, мусулмон ва мусулмонларни қасд қилиб салом бериш суннатдир.

 

630/8. Усома ибн Зайддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мажлисдан ўтдилар. У мажлисда оддий мусулмонлар, мушриклар, бутларга ибодат қилувчилар ва яҳудийлар бор эди. Ва уларга салом бердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Агар бирор мушрикка мактуб ёзса ва унда салом битса, қуйидагича ёзиш лозим бўлади:

 

631/9. Абу Суфён (р.а.) Ҳирақл қиссаси ҳақида қилинган ривоятда айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг қули ва расули Муҳаммаддан Румнинг каттаси Ҳирақлга, ҳидоятга эргашганларга салом», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Касал зиммийни зиёрат қилиш ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзи жамоалар уни маҳбуб санашган. Баъзилари эса ман қилишган.

Абу Бакр Шоший эса қуйидагиларни зикр қиладилар: «Кофир бетоб бўлганида қариндошлик ёки қўшничилик юзасидан қурбат ҳосил қилиш учун зиёрат жоиз». Имом Нававий ҳам Шоший айтган ушбу фикрни яхши, деганлар.

 

632/10. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир яҳудий бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. Кунларнинг бирида у бетоб бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зиёратига кириб, боши томонга ўтирдилар ва «Исломга кир», дедилар. У бола эса отасига қаради. Шунда отаси: «Абул Қосимга итоат қил», деди. Бас, у бола мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузуридан чиқа туриб,

 «Алҳамду лиллаҳиллазий анқозаҳу минан-нар» (яъни, «Уни дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»), дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

633/11. Саид ибн Мусаййиб оталари Мусаййиб ибн Ҳазндан (р.а.) ривоят қилинади: «Абу Толибга ўлим яқинлашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига келиб, «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳу», деб айтинг», дедилар...» Ровий бу ҳадисни узунлиги ила зикр қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

634/12. Имом Бухорий ва Муслимнинг ривоятларида келтирилишича, Каъб ибн Молик (р.а.) ва икки ҳамроҳлари Табук ғазотига бормай қолишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни улар билан гаплашишдан ман қилдилар. Каъб ибн Молик айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга салом берардим-да ва икки лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми, деб алик олаётганларига назар солардим».

Абу Бакр ибн Арабий зикр қилишларича, уламолар: «Гуноҳкорга салом бераверади, чунки салом Аллоҳ исмларидан бири бўлиб, маъноси Аллоҳ сизларни кузатувчи, деганидир. Аммо ёш болаларга салом бериш суннат амалдир», дейишди.

 

635/13. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилардилар», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Муслимнинг ривоятларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болалар олдидан ўтдилар-да, уларга салом бердилар», деб келган.

 

636/14. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйнаётган ёш болалар олдидан ўтдилар-да ва уларга салом бердилар. Абу Довуд ривоятлари.

Ибн Сунний ривоятларида келтирилишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ассалому алайкум, эй болалар», дедилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио