Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

215-боб. Саломнинг ҳукми

Билингки, саломни бошлаш суннатдир. Лекин вожиб эмас. У суннати кифоядир. Агар салом берувчилар кўпчилик бўлса, улардан бир кишининг салом бериши кифоя қилади. Агар ҳаммалари салом беришса-ку, афзал бўлади.

 

613/1. Алидан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўпчилик агар (йўлдан) ўтишса, улардан битталарининг салом бериши кифоя қилади. Ўтирувчиларнинг ҳам битталари саломга алик олса, кифоя қилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

614/2. Зайд ибн Асламдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қавмдан бир киши салом берса, қолганларга ҳам кифоя қилади», дедилар. Имом Молик «Муватто»да ривоят қилганлар.

Фасл: Имом Абу Саид ал-Мутаваллий айтдилар: «Агар бир киши бошқа бир шахсга парда ёки девор орқасидан чақириб, «Ассалому алайка, я фалон», деса ёки мактуб ёзиб, унда «Ассалому алайка, я фалон» ё «Ассалому ъала фалон», деса ёхуд бирор элчи жўнатиб, «Фалон кишига салом айт», деса, унинг ҳам мактуби ёки бирор элчиси етиб борса, ўшанга ҳам салом учун жавоб қайтариш вожиб бўлади». Шу сингари Ал-Воҳидий ҳам: «Мактуб ёзиб салом айтган бўлса, унга ҳам жавоб хати ёзиш вожиб бўлади», дедилар.

 

615/3. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом айтди», деганларида, мен ҳам: «Ваъалайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» («У зотга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, саломи ва баракаси бўлсин»), дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Икки «Саҳиҳ»нинг баъзи ривоятларида мана шундай «...ва барокатуҳу» бўлиб келган ва баъзисида бундай бўлмаган. Ишончли ровийнинг қўшимчаси мақбул бир ишдир. Имом Термизий китобларида эса «...ва барокатуҳу» бўлиб келган. Бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳдир. Ва ўзидан узоқда бўлган кишига салом йўллаш ҳам мустаҳаб амалдир.

Фасл: Агар бир инсон бошқа бир шахсга салом йўлласа ёки элчи: «Фалон киши сизга салом айтди», деб айтса, юқорида айтганимиздек, тезлик ила саломга жавоб қайтармоғи вожиб бўлади. Етказувчи кишига ҳам қўшиб «Ваъалайка ваъалайҳис салом», деб айтиш маҳбуб амалдир.

 

616/4. ўолиб ал-Қаттондан (р.а), у эса бир кишидан ривоят қилди. Унга отаси, отасига эса бобоси гапириб берган экан. «Отам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юбориб, «У зотга бориб мендан салом айт», деди. Мен у зот ҳузурларига бориб, «Отам сизга салом айтди», дедим. У зот: «Сенга ва отангга салом бўлсин», дедилар». Абу Довуд ривоятлари.

Бу ҳадисдаги ровийлар орасида ноаниқ киши бўлса ҳам, юқорида айтганимиздек, фазилатли ҳадисларни айтишга аҳли илмларнинг барчалари рухсат беришган.

Фасл: Мутаваллий айтдилар: «Агар эшитмайдиган карга салом берилса, у тушунадиган салом лафзи ила берилади. У англаши учун қўл билан ишора қилиб бўлса ҳам, салом берилади. Ана шунда жавобга ҳақдор бўлинади. Агар улар ораси жамланмаса, жавобга ҳақдор бўлинмайди. Шу сингари кар салом берса ва жавобни хоҳласа, тил билан айтиб, ишора ила жавоб беради. Шунда у кишидан жавоб вожиблиги соқит бўлади. Агар тилсизга салом берилса, у тилсиз қўли билан ишора қилиб жавоб берса, ундан вожиб соқит бўлади. Чунки унинг ишораси таъбир ўрнига ўтади. Агар тилсиз (дудуқ) ишора билан салом берса, жавобга ҳақдордир».

Фасл: Бир киши салом берса, сўнгра яқинроқ бир жойда йўлиқиб қолса, унга икки ва уч марта, балки бундан ҳам кўпроқ салом бериш суннатдир.

 

617/5. Абу Ҳурайрадан (р.а.) намозини ёмон ҳолда ўқиган киши ҳақида ривоят қилинади. У келиб намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига алик олгач, «Қайтадан намоз ўқи. Чунки сен ҳали намоз ўқимадинг», дедилар. У қайтиб намоз ўқиди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Ҳаттоки, шуни уч марта қилди.

 

618/6. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизларнинг бирингиз биродарига йўлиқса, унга салом берсин. Агар улар орасини дарахт ё девор ёки тош тўсиб қўйиб, сўнгра унга яна йўлиқса, салом берсин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

619/7. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кетишаётганда рўпараларидан дарахт ёки адирлик чиқиб қолиб, ўнг ва чапга қайрилиб ажрашса, сўнгра йўлиқишса, яна бир-бирларига салом беришар эди. Ибн Сунний ривоятлари.

Фасл: Агар икки киши йўлиқиб, ҳар бири шу вақтнинг ўзида салом берса ёки бири бошқасидан кейин салом берса, нима бўлади? Бу ҳақда Қози Ҳусайн ва Абу Саъд Мутаваллийлар шундай дейишади: «Иккови ҳам саломни бошлаган бўлиб, уларнинг ҳар бирига саломга жавоб қайтариш вожиб бўлади». Аммо Абу Бакр Шоший эса: «Бунга тўхталиб бир оз жавоб беришга тўғри келади. Агар бири иккинчисидан кейин салом берса, жавоб бўлади. Агар бир вақтнинг ўзида бўлса, жавоб бўлмайди», дедилар. Мана шу Шоший айтган фикр тўғрироқдир.

 

620/8. Абу Жизйил Ҳужаймийдан (р.а.) ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, «Алайкассалам, эй Аллоҳнинг расули», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алайкассалам, демагин. Чунки у ўликларнинг саломидир», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва бошқалар саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

Имом Нававийнинг фикрларича, бу ҳадис саломнинг мукаммал ва яхшироқ эканини баён этишда ворид бўлган. Бундан «салом эмас» деган мақсад бўлмайди. Валлоҳи аълам.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» китобларида шундай дейдилар: «Бу ҳадисга биноан саломни «Алайкум ассалом», деб бошламоқлик макруҳдир. Агар бошлаб қўйган бўлса, жавоб вожиб бўлади. Чунки у ҳам салом-да».

Фасл: Ҳамма сўздан олдин саломни бошлаш мусулмон кишига суннатдир. Саҳиҳ ҳадислар ва умматнинг салафи ва халафининг амали шунга мувофиқлиги машҳурдир.

 

621/9. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзлардан олдин салом», дедилар. Термизий заиф иснод ила ривоят қилганлар.

Фасл: Салом билан бошлаш афзал эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги саҳиҳ ҳадислари далилдир: «Улар икковининг яхшиси салом билан бошлаганидир». Шундан келиб чиқиб, ҳар бир кўришган киши саломни бошлашга ҳирс этмоғи лозим бўлади.

 

622/10. Абу Умомадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларнинг Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиги саломни бошлаганидир», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

Имом Термизий ривоятларида келтирилишича, «Эй Расулуллоҳ, икки киши йўлиқиб қолса, қайси бири саломни бошлайди?» дейилганида, у зот: «Аллоҳ ҳузуридаги олий мартабалиги», деб айтдилар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио