Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

213-боб. Саломнинг сифати ҳақида

Билингки, мусулмон киши (салом) айтишининг энг афзали «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу»дир. Агар салом берилувчи бир киши бўлса ҳам, кўплик олмоши ила айтилаверади. Жавоб берувчи «Ваалайкум ассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу», дейди. Яъни, «ва» қўшимчасини зиёда қилади.

 

607/1. Имрон ибн Ҳусайндан (р.а.) ривоят қилинади. «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб ўтирдилар-да, йигирмата, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта, дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

Абу Довуд Муоз ибн Анасдан (р.а.) қилган ривоятларида шунга қуйидагиларни зиёда қилдилар: «Сўнгра бошқаси келиб «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу ва мағфиротуҳу», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қирқта, фазилатлар мана шундай бўлади», дедилар». (Яъни, салом қанча зиёда бўлса, савоби ҳам шунга қараб бўлади... - тарж.)

 

608/2. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан ўтди. У киши биродарларининг ҳайвонларини боқиб юрарди. Бас, «Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва алайкас салом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу ва мағфиротуҳу ва ризвонуҳу», дедилар. Шунда: «Эй Расулуллоҳ, сиз бунинг саломига бундай алик оляпсиз-у, саҳобалардан бирортасининг саломига бундай алик олмагансиз?» дейилганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени бундан нима ман қилсинки, бу киши бир неча ўн киши ажри билан кетяпти», дедилар. Ибн Сунний заиф иснод ила ривоят қилганлар.

Салом айтишга Қуръони каримдан далил Ҳуд сурасининг 69-оятидир: «Салом бердилар. У ҳам салом, деди».

Ҳадиси шарифдан далил эса юқорида Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилинган ривоятдаги Одам алайҳиссаломга фаришталар қилган жавобдир. Буни бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар. Унда Аллоҳ: «Мана шу саломинг зурриётинг саломидир», деган. Бу уммат ҳам ўша зурриёт ичига кирувчидир.

 

609/3. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гап айтсалар, эшитувчи уни англагунича уч марта қайтарардилар. Агар бирор жамоага бориб салом берсалар, уч марта салом берардилар.. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадиснинг маъноси агар жамоат кўп бўлса, деганидир.

Фасл: Ҳақиқий суннатга амал қилинган салом овозини салом берилган киши эшитиш даражасида айтилганидир. Агар уни эшитмаса, салом берувчи деб ҳисобланмайди. Унга жавоб қайтариш ҳам вожиб бўлмайди. Саломга алик олувчидан вожиб соқит бўлиши учун унинг овозини салом берувчи эшита оладиган даражада бўлиши керак. Агар салом берувчи уни эшитмаса, жавоб қайтарувчидан вожиб соқит бўлмайди. Буларни Мутаваллий ва бошқалар зикр қилишган. Имом Нававийнинг фикрларича, салом берилган киши эшитадиган даражада овозни баландлатиш маҳбуб саналган ишдир. Агар уни эшитдими ёки эшитмадими, деб шак қиладиган бўлса, овозни яна ҳам баландлатади ва уни билдиришга ҳаракат қилади. Агар салом бераётганда салом берилган кишилар орасида ухлаётган бўлса, овозни пасайтириш суннатдир. Салом шу даражада бўлсинки, уйғоқлар эшитиб, уйқудагилар уйғониб кетмасин.

 

610/4. Миқдоддан (р.а.) қилинган узун ҳадисда келтирилишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сутдан бўлган насибаларини олиб қўйдик. У зот кечаси келиб, уйқудагилар уйғонмайдиган ва уйғоқлар эшитадиган қилиб салом бердилар. Менинг уйқум келмасди. Аммо икки шеригим ухлаб бўлишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, аввал қандай салом берсалар, шу тарзда салом бердилар». Имом Муслим ривоятлари.

(Ушбу ҳадис узун бўлиб, бу ерда мавзуга тегишли жойи қисқа ҳолда келтириляпти... - тарж.)

Фасл. Имом Абу Муҳаммад қози Ҳусайн ва Имом Абул Ҳасан ал-Воҳидий ҳамда бошқаларнинг фикрича, саломга жавобни тезлик билан бериш керак. Агар кечиктириб алик қилса, жавоби ўтмайди. Жавобни тарк қилгани сабабли гуноҳкор ҳам бўлади.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио