Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ИЗН СЎРАШ ВА САЛОМ БЕРИШ КИТОБИ 212-боб. Саломнинг фазли ва уни очиқ айтишга буюриш тўғрисида

Аллоҳ таоло: «(Жиҳодга чиқмай қолишларида) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир, чўлоққа хараж йўқдир, хастага хараж йўқдир (яъни, улар жиҳодга чиқмаганлари учун айбланмас). (Эй мўминлар), сизлар ўз уйларингиздан ё оталарингизнинг уйларидан ё оналарингизнинг уйларидан ё оға-иниларингизнинг уйларидан ё опа-сингилларингизнинг уйларидан ё амакиларингизнинг уйларидан ё аммаларингизнинг уйларидан ё тоғаларингизнинг уйларидан ё холаларингизнинг уйларидан ё сизлар калитларига эга бўлган уйлардан ё дўстингизнинг уйидан (изн сўрамасдан) таомланишингизда сизларга (гуноҳ йўқдир). Тўпланган ё бўлинган ҳолларингизда таомланишингизда сизларга гуноҳ йўқдир. Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни, «Ассалому алайкум», денглар). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур», деб айтди (Нур сураси, 61-оят).

«Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган Зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).

«Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшироқдир. Шояд, эслатма-ибрат олсангизлар» (Нур сураси, 27-оят).

«Қачон гўдакларингиз балоғатга етсалар, бас, улар ҳам худди улардан илгари (балоғатга етганлар) каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур сураси, 59-оят).

«(Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими?» (Ваз-Зориёт сураси, 24-оят).

Билингки, саломнинг асли Қуръон, суннат ҳамда ижмоъда собитдир. Аммо унинг масала ва фуруъларини иҳота қилиш китобхон учун кўплик қилади. Шунинг учун енгил бобларда мақсадни қисқа ҳолда, иншааллоҳ, баён этдим. Аллоҳ шуни ҳидоят этсин ҳамда юқоридаги ривоятларни мавзуимизга муваффақ қилсин.

 

 

599/1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (р.а.) ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломдаги қайси амал яхши?» деганида, у зот: «Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

600/2. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одамни ўз суратида, узунлиги олтмиш зироъ (газ) қилиб халқ қилди. Қачонки, уни халқ қилиб бўлгач, у кишига «Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади», деди. Одам алайҳиссалом бориб: «Ассалому алайкум» («Сизларга салом»), дедилар. Фаришталар: «Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи» («Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин»), деб «раҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

601/3. Баро ибн Озибдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нарсага буюрдилар:

 

1. Касални бориб кўрмоқни;

2. Жанозада қатнашмоқни;

3. Акса урганга жавоб қайтармоқни;

4. Кучсизга ёрдам бермоқни;

5. Мазлумга кўмак бермоқни;

6. Саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёймоқни;

7. Қасамга вафо қилмоқни. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

602/4. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча имонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? У ораларингизда саломни ёймоқлигингиздир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

603/5. Абдуллоҳ ибн Саломдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйинг. Овқат билан (камбағалларни) таомлантиринг, қариндошларга етишинг. Кишилар ухлаганда намоз ўқинг, жаннатга омон ҳолатда кирасизлар», дедилар. Дорамий, Термизий ва Ибн Можалар ривоятлари.

 

604/6. Абу Умомадан (р.а.) ривоят қилинади: «Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саломни ёймоққа буюрдилар». Ибн Можа ва Ибн Суннийлар ривоятлари.

 

605/7. Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Талҳадан ривоят қилинади. Туфайл ибн Убай ибн Каъб Абдуллоҳ ибн Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб, у зот билан бирга бозорга боришар эди. Туфайлнинг хабар беришларича, «Бозорга борарканмиз, Абдуллоҳ ибн Умар бирор ичак-чавоқларни сотувчи ёки дўкондор ёки бирор мискинга йўлиқсалар, уларга салом берардилар». Туфайл айтдилар: «Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдиларига бордим. Мени ўзлари билан бозорга эргаштирдилар. У зотга «Бозорда нима қиласиз, барибир олди-сотди қилмасангиз, нархларини сўраб, баҳолашмасангиз ва бозор мажлисларида ўтирмасангиз?» десам, у зот: «Сен билан бу ҳақда ана бу ерда гаплашамиз», дедилар-да, «Я абобатн» («эй қорин отаси»), дедилар (яъни, Туфайлнинг қоринлари катта бўлгани учун шундай атадилар). Сўнг яна: «Биз бу ерга салом сабабли, яъни йўлиққан кишиларимизга салом бериш учун келамиз», дедилар». (Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини тирилтириш учун бирортасини қолдирмай мана шундай амал қилишда бошқа саҳобалардан ажраб турардилар... - тарж.) Имом Молик «Муватто» китобларида ривоят қилганлар.

 

606/8. Аммор (р.а): «Кимки ўзида уч нарсани жамласа, имоннинг барчасини жамлабди:

 

1. Нафсига инсоф қилмоқ;

 

2. Оламга саломни тарқатмоқ. (яъни, таниган ва танимаган кишиларига салом бермоқ.);

 

3. Танқисликда (молидан) инфоқ қилмоқ», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Имом Нававий бу ҳадисни қуйидагича шарҳлайдилар: «Бу уч калимада дунё ва охират яхшиликлари жамлангандир. Чунки инсоф Аллоҳнинг барча буюрган ҳукмларини адо этиб, жамики қайтариқларидан сақланишни ҳамда кишилар ҳуқуқига риоя қилишни тақозо этади. Уларда бўлмаган нарсани талаб этмайди. Ва яна ўз нафсини қабоҳат нарсаларга урмаслигини ҳам тақозо этади. Энди «Оламга саломни тарқатиш»нинг маъноси кишиларнинг ҳаммасига салом бериб, бирор кишига мутакаббирлик қилмасликни англатади. Ва яна бирор киши билан орасида жафо сабабли ман қилмаслигини англатади. «Танқисликда инфоқ қилиш» деганда, Аллоҳ таолога тўла боғланиб, Унга таваккул билан мусулмонларга шафқат қилиш тушунилади».

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио