Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

194-боб. Емак ва ичмак пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш

557/1. Умар ибн Абу Саламадан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга (овқатланаётганимда) «Аллоҳ исмини зикр қил ва ўнг қўлинг билан егин», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

558/2. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз (овқат) ейдиган бўлса, ана шу таомнинг аввалида Аллоҳ исмини зикр қилсин (яъни, «Бисмиллаҳ»ни айтсин). Агар аввалида Аллоҳ исмини зикр этишни унутса,

 «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахираҳу», деб айтсин», дедилар. (Маъноси: «Овқатнинг аввали ва охирига бисмиллаҳ») Абу Довуд ва Термизийлар ривоятлари.

 

559/3. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни эшитдим: «Ким уйига кираётганида ва таом пайтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон шерикларига: «Сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ», деб айтади. Ким уйига кираётиб, Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Ётоқларингизга етишдингиз», дейди. Таом пайтида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон шерикларига: «Овқатга ҳам, ётоққа ҳам етишдингиз», дейди». Имом Муслим ривоятлари.

 

560/4. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Абу Талҳа ва Умму Сулаймлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овқатга таклиф этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан яна ўн киши бирга келишига изн сўрадилар. Икковлари ўша ўн кишига ҳам изн беришди. Расулуллоҳ ушбу ўн киши овқат тановул қилгани киришганда «Енглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар», дедилар. Улар овқатдан ейишди. Бундан ташқари яна саксон киши ҳам тановул қилди. Бу Расулуллоҳнинг зоҳирий мўъжизаларидан бири эди. Имом Муслим ривоятлари.

 

561/5. Ҳузайфадан (р.а.) ривоят қилинади: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга овқат тановул қилгани ўтирсак, у зот қўлларини узатмагунларича биз узатмас эдик. Бир гал у зот билан бирга таомда бўлганимизда, бир қиз келиб, овқатга қўл узатишга шошаётганида у зот қўлидан ушлаб четга олиб қўйдилар. Кейин бир аъробий келиб, у ҳам узатмоқчи бўлганида Расулуллоҳ унинг ҳам қўлидан ушлаб, четга олиб қўйдилар. Сўнгра у зот: «Албатта шайтон Аллоҳ исми зикр қилинмаган овқатни ўзига ҳалол қилиб олади. У (шайтон) овқатни ҳалол қилиш учун бу қизча билан келди. Мен унинг қўлидан тутдим. Сўнгра овқатни ҳалол қилиш учун бу аъробий билан келди. Унинг ҳам қўлидан тутдим. Менинг нафсим Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, у (шайтон)нинг қўли улар икковининг қўли билан менинг кафтимдадир», дедилар. Кейин Аллоҳ исмини зикр қилиб, овқат тановул қилдилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

562/6. Умайя ибн Махшийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши овқат тановул қилиб, охирги луқма қолгунча Аллоҳ исмини зикр қилмади. Қачонки, охирги луқмани оғзига солаётганида

 «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахираҳу» (яъни, аввали-ю охирига Аллоҳнинг исми билан), деб айтди. Буни кузатиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, сўнгра у зот: «Шайтон унинг овқатига шерик бўлиб тановул қилаётган эди. Қачонки, бу киши Аллоҳ исмини зикр қилганда қорнидагини қайт қилиб юборди», дедилар. Абу Довуд ва Насаий ривоятлари.

Бу ҳадиснинг шарҳида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишининг «Бисмиллаҳ»ни тарк қилганини иш охирида билдилар. Агар аввалда билганларида жим турмасдан эслатар эдилар.

 

563/7. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан олтитаси билан овқатланаётган эдилар. Шунда бир аъробий келиб, ўша овқатдан икки луқма билан ҳаммасини еб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у Аллоҳнинг исмини зикр қилганида, сизлар тўяр эдингиз», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

564/8. Жобирдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким овқатланаётганида Аллоҳ исмини зикр қилишни унутса, овқатдан фориғ бўлгандан кейин «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ни ўқисин», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Уламолар таомнинг аввалида «Бисмиллаҳ»ни айтиш мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Агар аввалида қасдданми, унутибми, мажбуранми, бошқа сабабларга кўра ожиз бўлибми, «Бисмиллаҳ»ни айтишни тарк қилса, сўнгра овқатланиш асносида эсига тушиб қолса, юқоридаги ҳадисга мувофиқ «Бисмиллаҳи аввалаҳу охираҳу», деб айтиш мустаҳабдир. Шу сингари сув, сут, асал, шўрва ва бошқа ичимликларда ҳам овқатга «Бисмиллаҳ» зикр этилур. Баъзи уламоларимизнинг фикрларича, «Бисмиллаҳ»ни баландлатиб айтиш мустаҳабдир. Чунки бунда бошқаларни ҳам огоҳлантириб, уларнинг эргашишларига тарғиб бор.

Фасл: «Бисмиллаҳ»нинг сифати ҳақида гапирадиган бўлсак, ундаги энг афзал лафз «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», деб айтмоқликдир. Агар «Бисмиллаҳ», деса ҳам суннат ҳосил бўлиб, кифоя қилади. Буни жунуб, ҳайзли аёл ва бошқалар ҳам айтаверишади. Овқатланаётганларнинг ҳар бири «Бисмиллаҳ»ни айтиши лозим бўлади. Агар (кўпчилик орасидан) бир киши айтса, бошқаларга ҳам кифоя қилади. Худди саломга алик олиш ва акса урганга жавоб қайтаришдаги каби жамоадан бир кишининг сўзи кифоя қилганига ўхшайди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио