381/1. Умму Саламадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг олдига кирганларида, у зот вафот этиб, кўзлари очиқ қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўзларини юмиб қўйдилар. Сўнгра: «Агар руҳ олинса, кўз унга эргашади», дедилар. Абу Саламанинг аҳлларидан бўлган кишилар баланд овоз ила қичқириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга дуо қилаётганингизда, фақат яхшилик сўранглар, чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омийн, деб туришади», деб қуйидаги дуони ўқидилар:
«Аллоҳуммағфир лиабий Саламата варфаъ дарожатаҳу фил маҳдиййийна вахлуфҳу фий ъақибиҳи фил ғобирийна вағфирлана ва лаҳу йа роббал ъаламийн вафсаҳ лаҳу фий қобриҳи ва наввир лаҳу фийҳи». (Маъноси: Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қил. Унинг даражасини ҳидоят топганлар қаторига кўтар. Орқасида қолганларга Ўзинг унинг ўрнини бос. Эй оламлар Рабби, уни ва бизни мағфират қил. Унинг қабрини кенг қил, нурга тўлдир.) (Бу дуони ўқиётганда «Абу Салама»нинг ўрнига ўлган кишининг исми айтилади.) Муслим ривоятлари
382/2. Улуғ тобеъинлардан бири Бакр ибн Абдуллоҳ: «Агар маййитнинг кўзини ёпиб қўйсанг:
«Бисмиллаҳи ва ъала миллати росулиллаҳ», деб айт. Агар кўтарсанг, «Бисмиллаҳ», де. Агар кўтаришда яна давом этсанг, тасбиҳ айт», дейдилар. Байҳақий ривоятлари
|