Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

93-боб. Васвасага йўлиққанда айтиладиган зикрлар

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 36-оятида:

«Агар сизни шайтон томонидан бирор васваса йўлдан оздирса, Аллоҳдан паноҳ сўранг. Албатта, У эшитувчи ва билувчи зотдир», деди.

 

333/1. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангизга шайтон келиб: «Уни ким яратди?» «Буни ким яратди?» деб савол беради, ҳатто, «Раббингни ким яратди?» дейишгача боради. Ана шунда у Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва (фикрига) барҳам берсин», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари

Бошқа саҳиҳ ривоятда айтилади: «Инсонлар сўрашда давом этишади, ҳатто: «Аллоҳ бутун махлуқотни яратди. Унда Аллоҳни ким яратди?» дейишади. Кимнинг қалбида шу савол пайдо бўлса,

«аманту биллаҳи ва русулиҳи» (Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирдим), деб айтсин».

 

334/2. Оишадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг фикрига васваса келса, «Аманна биллаҳи ва биросулиҳ», деб уч марта айтсин. Шу дуони айтса, ундан васваса кетади», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари

 

335/3. Усмон ибн Абул Осий (р.а.) ривоят қиладилар: «Эй Расулуллоҳ, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида халақит қилиб, чалкаштириб юборяпти», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шу шайтондир. У «Хинзаб», дейилади. Агар сен уни ҳис қилсанг, Аллоҳ номи ила ундан паноҳ тила ва чап томонингга уч марта туфлаб қўй», дедилар. Мен у зотнинг айтганларини қилган эдим, Аллоҳ таоло мендан уни кетказди». Имом Муслим ривоятлари

 

336/4. Абу Зумайл (р.а.) айтадилар: «Ибн Аббосга (р.а.): «Қалбимда ниманидир ҳис қиляпман», дедим. У зот: «Нима у?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, уни бирор кишига айтмайман», дедим. У зот: «Бирор шак бўляптими?» деб кулдилар. Сўнг: «Бирор киши шак-шубҳадан омонда бўлмаган. Ҳатто, Аллоҳ таоло: «Агар Биз сизга туширган нарсага шубҳада бўлсангиз...» (Юнус сураси, 94) оятини нозил қилган. Нафсингда бирор нарса топсанг, «Ҳувал аввалу вал ахиру ваз зоҳиру вал батину ва ҳува бикулли шай`ин ъалийм», деб айт», дедилар». (Маъноси: У аввал ва охирдир, У зоҳир ва ботиндир. У ҳар бир нарсани билувчидир.) Абу Довуд ривоятлари

Устоз Абулқосим Қушайрийнинг рисолаларида Аҳмад ибн Ато Рузборийдан ривоят келтирилган. У зот айтадилар: «Таҳорат қилганимда, сувни кўп ишлатиб юборгандай бўлдим, ичимда ғашлик пайдо бўлди. Кейин: «Эй Раббим, афв эт, афв эт», дедим. Шунда: «Афв илмдадир», деган нидо эшитилди. Сўнгра мендан ҳалиги ғашлик кетди».

Баъзи уламолар: «Намоз, таҳорат ва шуларга ўхшаш нарсада васвасага тушган киши: «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтиши мустаҳабдир. Чунки шу калимани шайтон эшитса, узоқлашади», дейишган.

«Ла илаҳа иллаллоҳу» калимаси зикрнинг бошидир. Шунинг учун умматнинг улуғлари, солиҳларнинг тарбиячилари, муридларга одоб берувчилар шу калимани доимо айтиб юришни буюришган.

Саййид Аҳмад ибн Абул Ҳаворий айтадилар: «Абу Сулаймон Доронийга васваса оралагани тўғрисида шикоят қилдим. У зот: «Агар сендан васваса кетишини хоҳласанг, қай вақт бўлса ҳам, хурсанд бўл. Чунки мўминнинг хурсандчилигидан кўра шайтонни ғазаблантирадиган нарса йўқдир», дедилар».

Баъзи уламолар: «Иймони комил киши васваса билан синалади. Чунки ўғри ҳеч қачон хароба уйни ўмаришни қасд қилмайди. Шунинг сингари шайтон ҳам иймони заифни эмас, балки иймони комилни қасд қилади». деб айтишди.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио