Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҚУРЪОН ТИЛОВАТ ҚИЛИШ КИТОБИ 70-боб. Қуръон тиловати

Қуръон ўқиш зикрларнинг афзалидир. Қироатда тадаббур қилиш - тушуниб ўқиш матлуб иш саналади. Қироатнинг ўзига хос одоб ва мақсадлари бор. Қори ва қироатнинг одоблари, сифатлари ва уларга тааллуқли нарсалар ҳақида бир китоб ҳам жамлаган эдим. Чунки ҳофизи Қуръон учун шунга ўхшаш нарсалар махфий қолиши мумкин эмас. Мен бу китобда эса мақсадга мувофиғини қисқа ҳолда келтираман.

Фасл: Қуръон ўқувчи киши эртами-кечми, мусофирми-муқимми, унинг тиловатини тарк қилмаслиги, бардавом бўлиши лозим. Салаф уламоларимизнинг Қуръонни хатм қилиш одатлари турлича эди. Баъзилари икки ойда, баъзилари ҳар ойда, бошқалари ҳар ўн кун, саккиз кун ёки етти кунда Қуръонни хатм қилишарди. Кўпчиликнинг одати шу эди. Олти, беш, тўрт ёки уч кунда хатм қилувчи уламолар ҳам бор эди. Бундан ташқари ҳар кеча ва кундузи хатм қилувчилар бўлган. Саййид Жалил ибн Котиб ас-Сувфий кечаси тўрт марта, кундузи ҳам тўрт марта Қуръонни хатм қилардилар. Тобеъин Мансур ибн Зозон ибн Ибод эса пешин билан аср орасида хатм қилардилар. Ибн Абу Довуд ривоятларида келтирилишича Мужоҳид (р.а.) рамазонда Қуръонни шом намози билан хуфтон орасида хатм қилганлар. Аммо Қуръонни бир ракъатда хатм қиладиганлар кўплигидан уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Масалан, улар Усмон ибн Аффон, Тамийм ад-Дорий, Саид ибн Жубайрлардир. Лекин олдинги жамоалар Қуръонни бир кеча- кундузда хатм қилишни макруҳ деб, қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган.

 

270/1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръони каримни уч кундан оз фурсатда хатм қилса, маъноларини англамайди», дедилар. Абу Довуд, Термизий, Насоийлар ривоятлари

Аммо Қуръон ўқишни қачон бошлаш ва хатм қилиш-тугатиш вақти қорини ихтиёридадир. Масалан, Усмон (р.а.) бир ҳафталик хатмларида жума кечаси бошлаб, пайшанба кечаси тугатар эдилар. Абу Ҳомид Fаззолий «Иҳёу улумиддин» китобларида: Хатмларни афзали кечасидаги хатм ва кундузидаги хатм. Кундузги хатм душанба куни бамдод намозининг икки ракъатида ёки ундан кейин тугатилади. Кечасидаги хатм жума куни шом намозининг икки ракъатида ёки ундан кейин тугатилади деб айтганлар. Шунда кундузини аввали ва охирига етишади. Ибн Абу Довуд тобеъин Амр ибн Муррадан қилган ривоятларида: «У Қуръонни кечанинг аввалида ёки кундузни аввалида хатм қилишни яхши кўрардилар», дейди. Тобеъинлардан Талҳа ибн Масраф айтадилар: «Ким Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кеч киргунгача у кишига саловот айтишади. Ва кечаси хатм қилса, тонг отгунча саловот айтишади».

 

271/2. Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) айтадилар: «Қуръонни хатм қилувчининг хатми кечанинг аввалига тўғри келса, фаришталар тонг отгунча унга саловот айтишади. Агар кечанинг охирига тўғри келса, эртаси куннинг кечқурунигача саловот айтишади». Имом Аҳмад ривоятлари

Фасл: Қуръон қироати учун ихтиёр қилинган вақтнинг энг яхшиси намозда бўлганидир. Имом Шофеъий ва бошқаларнинг фикрларича, намозда қиёмни қироат билан узун қилиш сажда ва ундан бошқа ўринларда узоқ туришдан афзалроқдир. Намоздан ташқаридаги қироат эса, кечаси бўлгани яхшироқ. Кечани иккинчи ярмида бўлгани эса, аввалида бўлганидан яхшироқ. Шом намози билан хуфтон орасида бўлган тиловат ҳам маҳбубдир. Аммо кундузги тиловатларнинг энг яхшиси бомдод намозидан кейингисидир. Бирор вақт ҳам Қуръон тиловат қилишнинг кароҳияти йўқ. Ҳатто намоз ўқиш манъ қилинган пайтларда ҳам тиловат қилинаверади. Ибн Абу Довуд (р.а.) Муоз ибн Руфоадан ҳикоя қилиб: «Улар асрдан кейин тиловатни кариҳ кўрар эдилар», деб келтирган сўзлари эса, номақбул ва асоссиз гапдир.

Тиловат учун ихтиёр қилинган кунлар жума, душанба, пайшанба ва арафа кунларидир. Ўн кунликларда эса зул ҳижжа ойининг аввалги ўн куни ва рамазон ойининг охирги ўн кунидир. Ойлар ичида эса, рамазондагиси афзалроқ.

Хатмнинг одоби ва унга тааллуқли нарсалар

Якка хатм қилувчи қори хатмни намозда тугатиши мустаҳабдир. Аммо намоздан ташқарида хатм қилувчи ва кўпчилик бўлиб хатм қилувчилар, кечанинг аввалида ёки кундузнинг аввалида қилишлари яхшидир. Хатм кунида рўза тутиш ҳам мустаҳаб. Фақат шариат рўза тутишни манъ қилган кунлардагина рўза тутилмайди. Масалан, тобеъинлардан Талҳа ибн Мусарраф, Мусаййиб ибн Рофиъ ва Ҳабиб ибн Абу Собитлар Қуръонни хатм қиладиган кунлари рўзадор бўлардилар. Хатм мажлисларида ўқишни биладиганлар ҳам, билмайдиганлар ҳам ҳозир бўлиши мустаҳабдир.

 

272/3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит кунлари ҳайз кўрган аёлларга даъват ва бошқа яхшиликларда иштирок этишни буюрар эдилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари

 

273/4. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос (р.а.) бир кишига Қуръон ўқийдиган бир одамни кузатиб юришни тайинладилар. Ҳалиги қори Қуръон хатм қилишни бошласа, тайин қилинган киши Ибн Аббосга хабарини берар эди. Ибн Аббос эса, ана шу хатмда иштирок этардилар. Имом Дорамий ривоятлари

 

274/5. Анас ибн Моликнинг соҳибларидан бўлган улуғ тобеъин Қатода (р.а.) айтадилар: «Анас ибн Молик (р.а.) қачон хатм қилсалар (яъни, Қуръонни ўқиб тугатсалар), аҳли аёлларини тўплаб, дуо қилардилар». Ҳакам ибн Утбадан қилинган саҳиҳ ривоятда у киши айтадилар: «Менга Мужоҳид билан Абда ибн Абу Лубобани юборишибди. Улар, биз Қуръонни хатм қилишни ҳоҳлаймиз, чунки дуолар Қуръонни хатм қилинганда ижобат қилинади, деб айтишди». Ибн Абу Довуд ривоятлари

Баъзи саҳиҳ ривоятларда келтирилишича, Қуръон хатм қилинганда раҳмат ёғилиб туради, деб айтилган.

Фасл: Қуръон хатм қилинганда яхшилаб, таъкидлаб, қабул бўлишига ишонган ҳолда дуо қилиш мустаҳаб амалдир.

 

275/6. Ҳумайд Аъраж (р.а.) айтадилар: «Ким Қуръон ўқиб, сўнгра дуо қилса, унинг дуосига тўрт минг фаришта омийн, деб туради». Дорамий ривоятлари

 

276/7. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг яхшиси ал-ҳаллу варриҳла», дедилар. Шунда саҳобалар: «Ал-ҳаллу варриҳла нима деганингиз, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръоннинг бошланиши ва унинг хатми-охири», дедилар.

Одатланилган вазифа ва вирдларни бажармасдан ухлаб қолган киши ҳақида

 

277/8. Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечасидаги вазифаларини ёки улардан бирортасини бажармасдан ухлаб қолса, сўнг уларни бомдод намози билан пешин орасида ўқиб олса, гўё кечаси ўқигандек бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари

Фасл: Қуръонни маҳкам тутиш ва уни унутишдан эҳтиёт бўлиш тўғрисида

 

278/9. Абу Мусо Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни ёдлагандан кейин маҳкам тутинглар. Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръон арқони ечилган туянинг қочганидан ҳам қаттиқроқ қочади», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари

 

279/10. Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳиби (яъни, уни ёд олган киши) боғлаб қўйилган туяга ўхшайди. Агар уни маҳкам тутсанг, ўрнида туради. Агар бўш қўйсанг, кетиб қолади», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари

 

280/11. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг савоблари кўрсатилди. Буларнинг ичида киши масжиддан чиқариб ташлаган ахлатлар (учун олган савоби) ҳам бор эди. Яна менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Бир кишига Қуръондан бирор сура ёки оят берилганидан сўнг, уни унутиб юборганидан каттароқ гуноҳни кўрмадим», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари

 

281/12. Саъд ибн Убодадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик ҳолда йўлиқади», дедилар. Абу Довуд ва Дорамий ривоятлари

Фасл: Қуръон ўқувчи киши ундаги одобларга аҳамият бериши лозим. Аввало, қироатида ихлосли бўлиш ва у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш, бошқа нарсани мақсад қилмаслик, Қуръон хулқи билан хулқланиш, зеҳнни бир жойга қўйиб, ундаги маъноларни тадаббур қилиш талаб этилади. Қуръон тиловат қилаётганда Аллоҳга мурожаат қилаётганини ва Уни кўриб турган кишидек ҳис қилиши, агар Уни кўрмаётган бўлса, Аллоҳ уни кўриб турганини зеҳнига жойлаши лозим.

Фасл: Қуръон тиловат қилишни ҳоҳлаган киши оғзини мисвок ва шунга ўхшаш нарсалар билан тозалаши лозим бўлади. Мисвок арок дарахти шохидан бўлиши яхшироқ. Агар у топилмаса, бошқа нарсалар билан тозалашининг зарари йўқдир. Мисвок истеъмол қилинаётганда оғизни ўнг томонидан бошлаш ва суннатни бажараётганини ният қилиш керак. Мисвок истеъмол қилинаётиб: «Аллоҳумма барик лий фийҳи йа арҳамар роҳимийн» Яъни: «Эй раҳм қилувчиларнинг Раҳмлиси бўлган Аллоҳим, унда мен учун барака қилгин», деб айтади.

Фасл: Қуръонни хушуъ-хузуъ ва тадаббур билан ўқиш лозим. Мана шу талаб қилинган нарсадир. Шунда қалб юмшаб, нурга тўлади. Салаф уламолари ичида тадаббур қилиб бир оятни кечаси билан ёки кўп қисмида ўқиб чиққанлари бордир. Ва яна Қуръон ўқиб туриб, ҳушдан кетганлари ва вафот этганлари бор.

Қуръон ўқувчи Қуръон ўқиётганида йиғлаши, агар йиғлай олмаса, ўзини йиғлашга мажбурлаши мустаҳабдир. Ана шундоқ қилиш орифларнинг сифати ва солиҳ бандаларнинг шиоридир. Бунга Аллоҳ таолонинг китобида:

«Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва бу (Қуръон) уларнинг хушуъ-хокисорликларини зиёда қилур» (Ал-исро сураси, 109-оят), деган далил бор.

Саййид Иброҳим ал-Хаввос (р.а.) айтадилар: «Қалбнинг давоси бешта нарсада. Улар: тадаббур билан Қуръон ўқиш, қориннинг бўш бўлиши, кечаси қоим туриш, саҳар тонгда тазарруъ қилиш, солиҳ кишилар билан ўтириш».

Фасл: Қуръон тиловат қилувчининг Қуръон китобидан ўқиши ёддан ўқиганидан афзалдир. Салаф уламолари шундай дейишган. Аммо кимнинг тадаббури, фикрлаши, қалбини жамлаши Қуръондан ўқиганидан кўра ёддан ўқиганида зиёдароқ бўлса, ёддан ўқигани афзалдир. Иккаласи баробар бўлса, Қуръон китобидан бўлгани афзал.

Фасл: Тиловатда овозни баланд қилишнинг, шу билан бирга овозни чиқармасликнинг фазилати ҳақида ҳам уламоларнинг сўзлари бор. Риёдан қўрққан киши овозини чиқармасдан ўқигани афзалдир. Агар қўрқмаса, баланд овоз билан ўқигани яхши. Шу шарт биланки, атрофидагилар намоз ўқиётган, ухлаётган бўлмаслиги керак. Баланд овоз билан ўқиганда бошқаларга ҳам фойда бор. Чунки қалбни уйғотади, бутун вужудини фикрлашга чорлайди, уйқуни кетказиб, фаолликни зиёда қилади.

Фасл: Тиловат қилаётганда овоз чиройли қилинади. Аммо жуда чўзиб юборилмайди. Бирор ҳарф зиёда қилиниши ёки тушириб қолдирилиши ҳаромдир. Чўзиб ўқиш, агар ҳаддан ошмаса, зарари йўқ. Овозни чиройли қилиш ҳақида машҳур ҳадислар бор. Биз бу ерда озгинасини зикр қилдик, холос.

Фасл: Тиловат қилувчи киши суранинг ўртасидан бошласа, бир-бирига боғлиқ сўзларнинг аввалидан бошлаши керак. Тўхтатганда ҳам бир-бирига боғлиқ сўзлар билан тўхтатади. Бошланиши, вақф, жузъ, ҳизб, ўндан бири деб эътибор қилмайди. Шунинг учун уламолар: «Бир суранинг ҳаммасини ўқиши узун сурадан бир миқдор ўқигандан афзал», дейишган. Чунки кўп ҳолат ва ўринларда бир-бирига боғлиқ нарсалар билинмай қолади.

Фасл: Кишиларга таровеҳ намозини ўқиб берувчи баъзи жоҳиллар, еттинчи кечада охирги ракъатда Анъом сурасини, бир йўла нозил бўлган деб гумон қилиб, ҳаммасини ўқиш мустаҳаб амал, деб айтишади. Бундан ташқари бу амалларига яна ҳар турлик бўлмагур далилларни ҳам келтирадилар. Бу амаллари бидъатнинг ўзгинасидир.

Фасл: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анкабут ва бошқа сураларни ўз номи ила зикр қилиш лозим. Бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар келган. Шунингдек, Абу Амрнинг қироатлари, Ибн Касирнинг қироатлари ва булардан бошқаларни қироатлари деб айтишнинг ҳам кароҳияти йўқдир. Бу гапларни келтиришимиздан мақсад баъзи салаф олимлари бундай дейишни макруҳ деб айтишган. Масалан, Иброҳим Нахаий: «Улар фалончининг суннати, фалончининг қироати, деб сўйлашни кариҳ кўрардилар», деб айтганлар. Аммо, юқорида айтганимиздек, буларнинг зарари йўқ.

 

282/13. Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз фалон-фалон оятни унутдим, демасин. Балки унуттирилди, десин», дедилар.

Бошқа ривоятда: «Сизлардан бирортангизнинг фалон-фалон оятни унутдим, дейиши мунча ҳам ёмон, балки унуттирилди, десин», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоятлари

 

283/14. Оиша онамиздан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши Қуръон ўқиётганини эшитиб: «Аллоҳ уни раҳм қилсин, мен тушириб қолдирган оятни менга эслатди», дедилар.

Бошқа бир ривоятда: «мендан унутилган», дейилган. Бухорий ва Муслим ривоятлари

Фасл: «Қори ва қироат одоблари» ҳақида маълумотни бир нечта мужаллад китоблар ҳам қамраб ололмайди. Энди, ким Қуръон одоблари ҳақида кўпроқ маълумот олишни хоҳласа, «Ат-тибйан фий адаби ҳамалатил Қуръан» китобига мурожаат қилсин.

 

284/15. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундузда эллик оят ўқиган одам ғофиллар қаторида ёзилмайди, юз оят ўқиган киши кечани иҳё қилиб, Аллоҳнинг ибодатида узоқ турувчи, деб ёзилади, икки юз оят ўқиган киши билан Қуръон қиёмат куни ҳужжат талашмайди, беш юз оят ўқиган одамга эса, бир неча қинтор ажр ёзилади», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари

Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилинган ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўнта оят ўқиса, ғофиллар қаторида ёзилмайди», деганлар.

Бир кеча ва кундузда ўқилиши лозим бўлган суралар ҳақидаги кўп ҳадисларни зикр қилдик. Улар Ёсин, Таборак-Мулк, Воқеъа, Духон сураларидир. Бу сураларни ҳар куни ўқиб юриш лозим.

 

285/16. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кеча ва кундузда Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб, Ёсин сурасини ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар.

Бошқа бир ривоятда: «Ким кечаси Духон сурасини ўқиса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради», дейилган.

Ибн Масъуддан (р.а.) қилинган ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар кеча Воқеъа сурасини ўқиса, унга камбағаллик етмайди», деганлар.

Жобирдан (р.а.) қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф, лам, мийм. Танзийлул китаб...» ва Таборак сураларини ўқимасдан ухламаганлари айтилган.

 

286/17. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким кечаси «Иза зулзилатил арзу...» сурасини ўқиса, Қуръоннинг ярмини ўқигандек бўлади. Ким «Қул йа аййуҳал кафирун»ни ўқиса, Қуръоннинг тўртдан бирини ўқигандек бўлади. Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, Қуръоннинг учдан бирини ўқигандек бўлади», дедилар.

 

287/18. Бошқа бир ривоятда: «Ким Оятул курсий ва «Ҳа, мийм»нинг аввалини ўқиса, шу куни ҳар қандай ёмонликдан сақланибди», деганлар


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио