Ал-Азкор

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

69-боб. Аллоҳнинг гўзал исмлари

Аъроф сурасининг 180-оятида:

«Аллоҳнинг чиройли исмлари бор. У билан дуо қилинглар», деб айтилган.

 

269/1. Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта - бир кам юзта исми бор. Ким уни санаса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради», дедилар.

Бу ҳадисни шу ергача Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган. Давомида Имом Термизий ва бошқалар Аллоҳ таолонинг исмларини келтиришган:

Аллоҳ таолонинг исмлари:

 

1. Аллоҳ.

Аллоҳ лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб маъбуд-ибодат қилинган зот маъносини англатади. Арабларда «илоҳ»нинг алиф ва лом ҳарфлари киритилган ва «алилоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра ҳамзанинг ҳаракатини ломи таърифга нақл қилинган ва бир жинсдаги икки ҳарфни идғом қилингандан кейин «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган. Аллоҳ лафзи яккаю ягона маъбуди ҳаққа исм бўлиб қолган. У зотдан бошқага бу исм ишлатилмаган.

 

2. Раҳмон.

Улуғ неъматларни берувчи. Бу сифат фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи маъносини англатади. Раҳмон сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.

 

3. Раҳийм.

«Раҳийм» латиф неъматларни берувчи. Бу сифат хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи маъносини англатади. Ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.

 

4. Малик.

Барча нарсани эгаси. «Малик» ҳақиқий эгадир. Ундан ўзга эга йўқдир. Шунинг учун бандалар фақат унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжайин бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий Маликка қул бўлишлари лозим.

 

5. Қуддус.

«Қуддус»-барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан муназзаҳ, мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг ўзигагина хосдир.

 

6. Салом.

«Салом»-барча нуқсонлардан саломат. Шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи дегани. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

 

7. Мўмин.

Мўмин-иймон ва омонликни берувчи.

 

8. Муҳаймин.

Ҳамма нарсани қамраб олувчи. Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради. Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

 

9. Азиз.

Барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб келолмайди.

 

10. Жаббор.

«Жаббор» олий қадар улуғ, Унинг олдида ҳамма ўзини хор тутади.

 

11. Мутакаббир.

«Мутакаббир»- кибриёси ва улуғлиги беҳад. Унинг олдида бошқалар қул бўлиб туради.

 

12. Холиқ.

Асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчи. Аллоҳ махлуқларни яратишдан олдин ҳам Холиқ деган васфга эга эди. У халойиқни халқ қилганидан кейин Холиқ исмини олгани йўқ. Холиқ мутлақ вужудга келтирувчидир.

 

13. Бориъ.

Йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи. Бориънинг вужудга келтиришида тафовут йўқдир.

 

14. Мусаввир.

Мусаввир маҳлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи, ҳар бир нарсага ўзига хос суврат берувчи.

 

15. Ғаффор.

Кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айбини ўз фазли ила кечиб юборувчи.

 

16. Қаҳҳор.

Барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи.

 

17. Ваҳҳоб.

Неъматларни беҳисоб берувчи.

 

18. Раззоқ.

Кўплаб ризқ берувчи. Ризқларни ва уларнинг воситаларини яратувчи. Раззоқ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз, қийинчиликсиз, ёрдам сўрамасдан ризқ берувчидир.

 

19. Фаттоҳ.

Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчи

 

20. Алийм.

Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввлги ва охирги зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.

 

21. Қобиз.

Руҳларни қабз қилувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.

 

22. Босит.

Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилиб қўювчи. Қалбларни кенг қилувчи.

 

23. Хофиз.

Пасайтирувчи. Мисол учун, кофир ва фосиқларнинг мартабасини уларни хору зор қилиб пасайтиради.

 

24. Рофеъ.

Кўтарувчи. Мисол учун, мўмин ва тақводорларнинг мартабасини азизу мукаррам қилиб кўтаради.

 

25. Муъизз.

Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб азиз қилади.

 

26. Музилл.

Хор қилувчи. Кимни хоҳласа, эгри йўлга юргани учун хор қилади.

 

27. Самийъ.

Ҳар бир нарсани эшитувчи.

 

28. Басийр.

Ҳар бир нарсани кўрувчи.

 

29. Ҳакам.

Ҳукм қилувчи.

 

30. Адл.

Мутлақ адолат қилувчи.

 

31. Латийф.

Ўта лутф кўрсатувчи. Барча нарсаларнинг нозик ва дақиқ жойларигача билувчи.

 

32. Хабийр.

Ҳамма нарсадан ўта хабардор.

 

33. Ҳалийм.

ўазаби қўзимайдиган ва иқоб қилишга шошилмайдиган.

 

34. Азийм.

Ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ.

 

35. Ғафур.

Кўп мағфират қилувчи.

 

36. Шакур.

Оз амал учун кўп савоб берувчи.

 

37. Алий.

Мартабаси олийликда бениҳоя.

 

38. Кабийр.

Ҳар бир нарсадан катта.

 

39. Ҳафийз.

Ҳар бир нарсани комил муҳофаза қилувчи.

 

40. Муқийт.

Барча моддий ва руҳий ризқларни яратувчи

 

41. Ҳасийб.

Кифоя қилувчи. Қиёматда бандаларнинг ҳисобини қилувчи.

 

42. Жалийл.

Сифатларида улуғликка эга.

 

43. Карийм.

Биров сўрамаса ҳам, ҳеч бир эваз олмасдан, нарсаларни кўплаб ато қилувчи. Қарама-қаршиликлардан пок. Карамли ишлар ва хислатлар соҳиби.

 

44. Рақийб.

Ҳеч бир заррани ҳам қўймай текшириб турувчи.

 

45. Мужийб.

Дуоларни ижобат қилувчи.

 

46. Восеъ.

Кенг-Ҳамма нарсани кенг илми ила иҳота қилган. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган.

 

47. Ҳакийм.

Ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи.

 

48. Вадуд.

Барчага яхшиликни раво кўрувчи.

 

49. Мажийд.

Шон-шарафи ва қадри беҳад юксак.

 

50. Боъис.

Халқларга пайғамбарлар юборувчи. Кишиларга ҳиммат юборувчи. Ўликларни қайта тирилтирувчи.

 

51. Шаҳийд.

Ҳар бир нарсага ҳозиру нозир. Барчага шоҳидлик берувчи.

 

52. Ҳақ.

Ўзгармас, собит зот. Ҳақни юзага чиқарувчи.

 

53. Вакийл.

Барчанинг иши унга топширилган зот.

 

54. Қавий.

Қувватли зот.

 

55. Матийн.

Матонатли зот.

 

56. Валий.

Муҳаббат қилувчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи зот.

 

57. Ҳамийд.

Барчага мақтовлар ила мақталган зот.

 

58. Муҳсий.

Барча нарсанинг ҳисобини олувчи зот.

 

59. Мубдиъ.

Барча нарсаларни аввал бошдан бор қилган зот.

 

60. Муъийд.

Йўқ бўлган нарсаларни яна қайтадан бор қилувчи.

 

61. Муҳйи.

Тирилтирувчи. У зот ўликларни тирилтирувчидир. Бу исмга махлуқларни қайта тирилтиришдан олдин ҳам сазовордир. Аллоҳ ўликларга жон киритиб, тирилтирганидан кейин тирилтирувчи, деб аталганидек, уларни халқ қилишдан олдин, ҳаёт беришидан олдин ҳам тирилтирувчи дейилаверади. Худди халойиқни халқ қилишдан олдин Холиқ бўлганидек. Аллоҳ қиёмат куни ўликларни тирилтиради, шунинг учун, тирилтирувчи номи берилди. Бас, тирилтириш сифати Аллоҳ таолода махлуқларни тирилтиришдан олдин ҳам собит .

 

62. Мумийт.

Ўлдирувчи. Барча жонзотларнинг жонини олувчи.

 

63. Ҳайй.

Тирик. У ҳамиша тирикдир, У ўлмайди. Яъни, Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалий, олдин йўқ бўлган эмас. Ягона Аллоҳнинг тириклиги ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатда бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.

 

64. Қаййум.

Ўзи қойим бўлган ва бошқаларни қойим қилган зот. Аллоҳнинг «қаййум»лик сифати маъноси Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи экани ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришини англатади. Шу билан Аллоҳнинг қойимлиги бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир.

 

65. Вожид.

Топувчи. Хоҳлаган нарсасини топувчи. Бу ишда биров Уни тўса олмайди.

 

66. Можид.

Улуғлик ва шараф соҳиби.

 

67. Воҳид.

Ягона, битта. У зот зотида ҳам, сифатларида, ишларида ҳам ягонадир.

 

68. Сомад.

Сомад сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:

итоат қилинган, улуғ, Усиз ҳеч бир иш битмайди;

ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга

тушади;

бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, ўзи доим боқийдир ва

ҳоказо.

 

69. Қодир.

Чексиз қудрат соҳиби. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳар бир иш унга осондир. Аллоҳ таоло азалдан ҳар бир нарсага қодирдир. Агар азалдан қодир бўлмаса, қачон ва қандоқ қилиб, ҳар бир нарсага қодир бўла олади.

 

70. Муқтадир.

Жуда ҳам қудратли.

 

71. Муқаддим.

Олдинга сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаган шахс ва нарсасидан олдинга суради.

 

72. Муаххир.

Орқага сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани, хоҳлаган шахс ва нарсасидан орқага суради.

 

73. Аввал.

У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди. Мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди. Яъни, Аллоҳнинг вужудга келишининг бошланиши йўқдир.

 

74. Охир.

Ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам, Унинг ўзи қолади.

 

75. Зоҳир.

Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир.

 

76. Ботин.

У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пинҳон-махфий нарсаларни билиб турувчидир.

 

77. Волий.

Ҳар бир нарсага волий-эга.

 

78. Мутаъолий.

Нуқсонлардан юқори турувчи зот.

 

79. Барр.

Улуғ яхшилик қилувчи.

 

80. Таввоб.

Бандаларни тавбага йўлловчи ва уларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи зот.

 

81. Мунтақим.

Золим ва осийлардан интиқом олувчи.

 

82. Афувв.

Афв қилувчи.

 

83. Ра`уф.

Ўта шафқатли ва меҳрибон.

 

84. Моликул мулк.

Мулк эгаси. Бу дунёдаги ишларни ўзи хоҳлаганича қилади. Унинг қазосини қайтарадиган ва ҳукмини ўзгартирадиган йўқ.

 

85. Зул жалол вал икром.

Шараф ва камол эгаси. Карам ва икром эгаси.

 

86. Муқсит.

Адолати ила мазлумларга нусрат ва золимларга жазо берувчи.

 

87. Жомеъ.

Жамловчи. Барча ҳақиқатларни жамловчи. Одамларни қиёмат куни жамловчи.

 

88. Ғаний.

Беҳожат. Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди.

 

89. Муғний.

Беҳожат қилувчи. У зот ўз бандаларидан хоҳлаганини беҳожат қилиб қўяди.

 

90. Монеъ.

Манъ қилувчи.

 

91. Зорр.

Хоҳлаганига зарар қилувчи.

 

92. Нофеъ.

Манфаат берувчи.

 

93. Нур.

Ўзи ўзи ила зоҳир бўлган ва ўзгаларни зоҳир қилган.

 

94. Ҳодий.

Ҳидоят қилувчи. У зот ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни, Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.

 

95. Бадийъ.

Ўхшаши йўқ нарсаларни келтирувчи.

 

96. Боқий.

Боқий қолувчи. У доимий бордир, унга фонийлик етмайди.

 

97. Ворис.

Мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам боқий қолувчи зот.

 

98. Рашийд.

Тўғри йўлга иршод қилувчи.

 

99. Сабур.

Ўта сабрли. Осийларни азоблашга шошилмайди.

 

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио