93/1. Анасдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Азон билан иқоматнинг орасидаги дуо рад қилинмайди», дедилар. Абу Довуд, Насоий, Ибн Сунний ва Термизийлар ривояти
Термизийнинг ривоятларида қуйидаги жумла зиёда қилинган: «Эй Расулуллоҳ, бу иккаласининг орасида нима деймиз?» деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан дунё ва охиратда офият беришини сўранглар», дедилар».
94/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.) айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломдан: «Муаззинлар фазилатли бўлишда биздан ўзиб кетишяпти», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ҳам муаззин айтганидек айт ва азон тугагандан кейин дуо қилиб сўра, сенга ҳам уникидек фазилат берилади», дедилар». Абу Довуд ривоятлари
95/3. Саҳл ибн Саъддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки нарса рад қилинмайди. Бири, азон пайтидаги дуо, иккинчиси, уруш пайтида қийинчиликдаги дуо», дедилар. Абу Довуд ривоятлари
|