710. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради.
Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки уни анинг учун охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади», дедилар.
«Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?», дейишди.
«Аллоҳ кўпайтирувчироқ!» дедилар.
711. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир мўмин банда юзини Аллоҳга қаратиб, бирор нарса сўраса, албатта, унга ўшани беради. Ё унга дунёда тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Модомики шошилмаса», дедилар.
Шунда одамлар: «Ё Аллоҳнинг Расули! Шошилиши нима?» дейишди.
«Дуо қилдим. Дуо қилдим. Лекин ижобат бўлишига ишонмаяпман, дейиши», дедилар».
|