Мақолалар

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Мазҳаб асосчилари бўлган тўрт имомга тегишли ҳадис китоблар ва уларнинг таржимаи-ҳоллари ҳақида

        1. مسند الإمام الأعظم أبي حنيفة نعمان بن ثابت   
Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитнинг «Муснад»и
Кашфуз-зунуз асари муаллифи: Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит куфий (вафоти 150 ҳ.) нинг «Муснад»ини шогирди Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий ривоят қилган.  Қосим ибн Қутлубғо ал-Ҳанафий  мазкур «Муснад» ни Ҳорисийнинг ривоятига биноан фиқҳ боблари асосида тартибга келтирган. Шунингдек, Қосимнинг «Муснад» га ёзган  икки жилдлик  "الأمالي" – «Ал-амалий» асари мавжуд. Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад Қунавий Димашқий (вафоти 770) «Муснад» ни қисқартириб, уни «Муътамад» деб номлади. Кейин «Муснад» ни шарҳлаб, «Мустанад» деб ном берди. Абулмуаййид Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий (вафоти 665 ҳ.) унинг завоид (зиёда) ларини тўплади. Шундай бошланади:
"الحمد لله الذي سقانا بطوله من أصفى شرائع الشرائع"
Хоразмий деди: Шомда «Муснад»ни миқдорини камайтириб кўрсатиб, бошқа асарларни эса қадрини юқори кўрсатаётган баъзи-бир кишиларни кўрдим. Абу Ҳанифа кам ҳадис ривоят қилган, Шофиъийнинг «Муснад»и ва Моликнинг «Муватто»си каби ҳадислар келтирилган «Муснад»и йўқ деб даъво қилганлар ҳам бўлди. Шунда менинг ғайратиб келиб, ҳадис уламолари тўплаган 15 та муснадини бирлаштиришга бел боғладим. Улар қуйидагилар:
Имом Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб Ҳорисий Бухорий, Устоз Абдуллоҳ номи билан машҳур.
Имом Ҳофиз Абулқосим Талҳа ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Шоҳид Адл.
Имом Абулҳасан Муҳаммад ибн Мутоҳҳир ибн Мусо ибн Исо ибн Муҳаммад.
Имом Ҳофиз Абу Наъим Исфаҳоний Шофиъий.
Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқий ибн Муҳаммад Ансорий.
Имом Абу Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Адий Журжоний.
Имом Ҳофиз Умар ибн Ҳасан Шайбоний.
Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Холид Калоъий.
Имом Абу Юсуф Қозий Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий, бу «Абу Юсуф нусхаси» деб номланади.
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, бу «Муҳаммад нусхаси» деб аталади.
Ўғли Имом Ҳаммод, Абу Ҳанифадан ривоят қилган.
Яна Имом Муҳаммад. Кўпини тобеъинлардан ривоят қилган. У ривоят қилганлари «أثار»  - асар деб номланади.
 Имом Ҳофиз Абулқосим Абдуллоҳ ибн Абулавом Саъдий
Имом Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Балхий (вафоти 523 ҳ.). Яхши шарҳлаган ва осон услуб билан келтирган. Икки жилддан иборат.
Имом Мовардий.
 
Хоразмий: «Ушбу асарни фиқҳ бобларига асосан, қайтарилганларини ва такрорий иснодларни ташлаб тўпладим», деди.
Ушбу муснадлар мажмуасига битилган «Мухтасарлар»:
Имом Шарафуддин Исмоил ибн Исо ибн Давлатул-авғоний Маккий (вафоти 892) ушбу асарни мухтасарини ёзди ва унга  "اختيار اعتماد المسانيد في اختصار أسماء بعض رجال الأسانيد"  «Исноднинг  баъзи кишилари исмларини қисқартиришда муснадларга суяниш ихтиёри» деб ном берди. «Мухтасар» да Имом Абу Ҳанифанинг юксак фазилат-мартабалари ҳақида ҳам қисқача маълумот келтирди.
Имом Абулбақо Аҳмад ибн Абуззиё Муҳаммад Қураший Адавий Моликийнинг мухтасари «المستند في مختصر المسند»  - «Муснаднинг мухтасаридаги  мустанад (тиргак)» деб аталади.
Муҳаммад ибн Абод Халотий (вафоти 651 ҳ.) ҳам мухтасар ёзиб,     "مقصد المسند" – «Муснаддан кўзланган мақсад» деб номлади.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим Ҳанафий ҳам «Мухтасар ёзди».
Ибн Баззор номи билан машҳур Ҳофизиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Кардарий  (вафоти 827 ҳ.) асарнинг завоидларини  (зиёдаларини) тўплади.
Жалолиддин Суютий (вафоти 911 ҳ.)  ушбу «Муснадлар тўплами» га шарҳ ёзди ва уни «التعليقة المنيفة على مسند أبي حنيفة» - «Абу Ҳанифа муснадига юқори даражали шарҳ» деб атади. Ушбу шарҳ "الحمد لله الذي أكمل ديننا"   - «Динимизни мукаммал қилган Аллоҳ Таолога ҳамд айтаман» дея бошланади. (Котиб Чалабий «Кашфуз-зунун»)
«Ат-Таҳзиб» да айтилади: Абу Ҳанифа куфий форс ўғлонларидан эди. Абу Ҳанифа  саҳобий Анас ибн Моликни кўрганлар. Ато ибн Абу Рабоҳ, Осим бин Абу Нажуд, Алқама ибн Марсад, Ҳаммод ибн Сулаймон, Ҳакам ибн Атийба, Салама мбн Куҳайл, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али, Али бин Ақмар, Зиёд ибн Алоқа, Сақид ибн Масруқ Саврий, Адий ибн Собит Ансорий, Атийя ибн Саъд Авфий, Абу Суфён Саъдий Абдулкарим Абу Умайя, Яҳё ибн Саъд Ансорий, Ҳишом ибн Урвадан ҳадис ривоят қилди. Абу Ҳанифадан ўғли Ҳаммод, Иброҳим ибн Тоҳман, Ҳамза бин Ҳабиб Зиёт, Зуфар ибн Ҳузайл, Абу Юсую Қозий, Абу Яҳё Ҳамоний, Исо ибн Юнус, Вакиъ, Язид ибн Зурайъ, Асад ибн Амр Бажаллий, Ҳиком ибн Яъло ибн Салам Розий, Хорижа ибн Мусъаб, Абдулмажид ибн Абу Равод, Али ибн Мусаҳҳар, Муҳаммад ибн Бишр Абдий, Абдурраззоқ, Муҳаммад ибн Ҳассон Шайбоний, Мусъаб ибн Мақдом, Яҳё  ибн Ямон, Абу Исма Нуҳ ибн Абу Марям, Абу Абдурраҳмон Мақрий, Абу Наъим, Абу Осим ва бошқалар ривоят қилдилар.    
 Аъжалий деди: Абу Ҳанифа Куфий Таймий Ҳамзатул-Зиёт қабиласидан бўлиб, ипак савдоси билан шуғулланган. Набираси Исмоил ибн Ҳаммод: «Биз форснинг озод ўғлонларимиз. Бобом Нуъмон 80 ҳижрийда таваллуд топган. Катта бобом Собит Абу Ҳанифа ёшлигида Али (р.а.) ҳузурларига борганлар. Али (р.а.) бобомни ва зурриётларининг ҳақларига барака тилаб дуо қилганлар», - деди.
 Муҳаммад ибн Саъд Авфий деди: Абу Муъиннинг шундай деганини эшитдим: Абу Ҳанифа ишончли ровийлардан бўлиб, фақат ёд олган ҳадиснигина айтарди. Ёд олмаган ҳадисни айтмасди.
Солиҳ ибн Асадий Ибн Муъиндан келтирди: Абу Ҳанифа ҳадис ривоят қилишда энг ишончи ровийлардан ҳисобланади.
Абу Ваҳб Муҳаммад ибн Музаҳим деди: Ибн Муборакнинг: «Инсонлар орасида фиқҳни кучли биладиган Абу Ҳанифадир. Фиқҳ бобида унга ўхшашини кўрмадим», деганини эшитдим.
Ибн Муборак деди: Аллоҳ Таоло менга Абу Ҳанифа ва Суфён билан мадад бермаганда, бошқа одамлар қаторида бўлардим.
Ибн Абу Хайсама деди: Сулаймон ибн Абу Шайх бизга: «Абу Ҳанифа тағводор, саховатли инсон эди», - деди.
Ибн Исо ибн Таббоъдан келтирилади, Руҳ ибн Убоданинг шундай деганини эшитдим: 150 ҳижрийда Ибн Журайжнинг олдида эдим. Абу Ҳанифанинг вафоти ҳақидаги хабарни етказишди. Ибн Журайж «истиржоъ» («Биз Аллоҳга тегишлимиз ва албатта унга қайтажакмиз») деб, ҳамдардлик билдирди. Сўнг: «Шундай илм хазинаси кетди», - деди.
Абу Наъим деди: Абу Ҳанифа масалаларни ечишда ғаввос каби эди.
Аҳмад ибн Али ибн Саъид Қозий деди: Яҳё ибн Муъинни шундай деганини эшитдим: Яҳё ибн Саъид шундай дер эди: «Абу Ҳанифанинг фикр (раъй) ларидан  кўра яхшироқ фикрларни эшитмадик десак, тўғри гапирган бўламиз. Биз унинг кўп сўзларини олганмиз».
Робиъ ва Ҳармала дедилар: Шофиъийнинг Абу Ҳанифа ҳақларида: «Фиқҳда инсонлар Абу Ҳанифага эҳтиёж сезадилар», деганини эшитдик.
Абу Юсуфдан ривоят қилинади: Абу Ҳанифа билан йўлда кетаётган эдик. Шунда бир кишининг шеригига: «Бу Абу Ҳанифа деганлари, тунларни бедор ўтказар экан», деганини эшитиб қолдик. Абу Ҳанифа унга: «Мен ҳақимда қилмайдиган ишимни айтиб юрма», - дедилар. Шундан кейин Абу Ҳанифа тунларни бедор ўтказадиган бўлдилар.
Исмоил ибн Ҳаммад ибн Абу Ҳанифа отасидан келтиради: Отам вафот этганларида Ҳасан ибн Умора у зотни ювишга ижозат сўради. Ювиб бўлгач шундай деди: «Аллоҳ Таоло сизни раҳмат қилсин ва мағфират этсин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз ёстиқ кўрмадим. Сиздан кейин келганларни қийин аҳволга солиб қўйдингиз. Қориларни эса уятга қўйдингиз».
Ибн Ҳубайра Абу Ҳанифага Куфага қозилик килиш ҳақида гапирди. Абу Ҳанифа бу таклифни рад этдилар. Шунда Абу Ҳубайра дарра уришга буюри. 110 та дарра урдилар ҳамки, Абу Ҳанифа фикрларидан қайтмадилар. Шунда уни қўйиб юбордилар.
Сағоний Ибн Муъиндан деди: Убайд ибн Аби Қорранинг шундай деганини эшитдим: Яҳё ибн Дорис деди: Суфённинг олдига бир киши кириб, «Абу Ҳанифанинг фикрларини қоралайсизми?», - деб сўради. Суфён: «Нимани назарда тутяпсан», - деди. У деди: Абу Ҳанифа: Биринчи навбатда Аллоҳнинг «Китоб»идан ҳукм оламан. Агар ундан топмасам, Расулуллоҳнинг «сунна» лари мурожаат қиламан. Ундан ҳам топмасам, саҳобалар сўзига таянаман. Улардан шоҳлаганим саҳобанинг сўзини оламан. Уларни қўйиб, бошқалар сўзига суянмайман. Энди, Иброҳим, Шаъбий, ибн Сирин ва Атога келсак, улар ижтиҳод қилганлар. Мен ҳам улар каби ижтиҳод қиламан», - демоқда.
Абу Наъим ва бошқалар деди: Абу Ҳанифа 150 санада вафот этди.
Абу Бакр ибн Абу Хайсама Ибн Муъиндан деди: Абу Ҳанифа 151 санада вафот этди.
Термизийнинг китобида Абу Ҳанифадан қуйидаги санад ва матн билан ҳадис келтирилган: (Сунани Термизий, «Ал-илал» китоби.)
"حدثنا محمود بن غيلان حدثنا أبو يحيى الحماني قال سمعت أبا حنيفة يقول ما رأيت أحدا أكذب من جابر الجعفي ولا أفضل من عطاء بن أبي رباح".
    Шунингдек, Насоийда Ибн Зардан, у Ибн Аббосдан «ليس على من أتى بهيمة حد » ҳадиси Абу Ҳанифадан келтирилган.
Абу Ҳанифанинг мақтовга сазовар сифатлари бисёрдир. Аллоҳ Таоло ундан рози бўлсин ва Фирдавс жаннатига киритсин (Омин).
Заҳабий «Тазкира»да қуйидаги маълумотларни келтирди: Молик ибн Анас Куфага келганида Абу Ҳанифа уни кўрган. Зуфар ибн Ҳузайл, Довуд ибн Тоий, Қози Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Асад ибн Амр, Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий, Нуҳ Жомиъ, Абу Мутиъ Балхий ва бошқалар унинг қўлида таълим олганлар. Абу Ҳанифанинг ўзи Ҳаммод ибн Сулаймон қўлида таҳсил кўрган. Абу Ҳанифа буюк олим, тақводор, зоҳид инсон эди. Султонларнинг совғаларини қабул этмасди. Савдогарлик билан шуғулланиб, пешона териси билан меҳнат  қилиб кун кечирар эди.
Дирор ибн Сард деди: Язид ибн Ҳорундан: «Фиқҳ бобида Суфён кучлими ёки Абу Ҳанифами?», - деб сўрашди. У: «Абу Ҳанифа фиқҳда кучлидир. Суфён ҳадисларни ёдлаш бўйича кучлидир», -  деб жавоб берди. 
Язид деди: Абу Ҳанифадан кўра тақводор ва оқилроқ ҳеч кимни кўрмадим.
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Қосим ибн Муҳриз Яҳё ибн Муъиндан келтирди: Язид ибн Амр ибн Ҳубайра Абу Ҳанифани қозиликни рад этгани учун савалатган эди.(Защабий «Тазкира»)
Ибн Халдун деди: Мужтаҳид олимлар ҳадиснинг оз ва кўп ривоят қилишди бир бирларидан фарқланадилар. Айтишларича, Абу Ҳанифанинг ҳадис ривояти 17 ёки шу атрофида. Моликнинг «Муватто» сида 300 атрофида саҳиҳ ҳадис келтирилган. Аҳмад «Муснад»ида 50000 ҳадис келтирган.    
Баъзи манфур кимсалар: Ҳадис бўйича билим бойлиги оз бўлганларгина кам ҳадис ривоят қиладилар, - деб бўлмағур гаплар гапирдилар. Бундай даъвони бундай буюк имомларга қарата этилиши бутунлай нотўғридир. Чунки, шариат «Китоб» ва «сунна» асосига қурилгандир. Уларнинг ҳадис ривоятининг оз бўлиши, ушбу йўлда дуч келаётган нозик-қалтис ўринлар, турли сабабларга боғлиқдир. Ҳижоз аҳли Ироқ аҳлига кўра ҳадисларни кўп ривоят қилганлар. Чунки Мадина дарул-ҳижра, саҳобалар яшаган жой бўлган. Ироққа кўчиб борганлар эса шароит тақозоси билан кўпроқ ижтиҳодга эҳтиёж сезганлар.
Абу Ҳанифа ривоят шартлари, ҳадис ривоятидаги заифлик ва бошқаларда қаттиққўлликни талаб қилганлари учун ҳадис ривоятлари кам бўлган. Қасддан ҳадис ривоятидан четда бўлиш у инсонга хос эмас.    
Жалол Суютий деди: Ироқ волийси Ҳофизга қуйидаги фатвони кўтардим: Абу Ҳанифа Набий (с.а.в.) нинг саҳобаларидан биронтасини кўрганми? Тобеъинлардан ҳисобланадими ёки йўқми? У қуйидагича жавоб берди: Имом Абу Ҳанифанинг Набий (с.а.в) саҳобаларининг биридан ривояти саҳиҳ бўлмайди. У Анаи ибн моликни кўрган. Тобеъий бўлиш учун фақат бир саҳобани кўриш кифоя. Ушбу савол билан Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийга мурожаат этилганда, шундай деди: Абу Ҳанифа Бир қанча саҳобаларни кўришга муваффақ бўлган. Чунки у ҳижрий 80 санада Куфада таваллуд топган. Айни дамда у ерда Абдуллоҳ ибн Аби Авфа, Басрада эса Анас ибн Молик (тахминан 90 йилда вафот этган) бўлган. Ибн Саъд келтиришича, Абу Ҳанифа Анас ибн Моликни кўрган. Ўша вақтда ундан ташқари турли ўлкаларда бошқа саҳобалар ҳам тирик бўлган. Баъзилар Абу Ҳанифанинг саҳобадан ривоятини тўплаган. Бироқ  уларнинг исноди заифликдан холи эмас. Ибн Саъднинг «Табақотлар» да Абу Ҳанифанинг баъзи саҳобаларни кўрганини келтириб, шунга биноан уни  тобеъинлар табақасига киритган. Лекин, унинг замондошлари бўлган шаҳарлик имомларга нисбатан бундай қўлланмайди. Жумладан, Шомда Авзоъий, басрада Ҳаммодин, Куфада Саврий, Мадинада Молик, Маккада Муслим ибн Холид Занжий ҳамда Мисрда Лайс ибн Саъд.
Саховий «Алфиянинг шарҳи» да деди: Абу Ҳанифа ўша вақтда ёш бўлгани учун саҳобалардан ривояти бўлмаган.
Ибн Ҳажар Маккий «Мишкотнинг шарҳи» да деди: Абу Ҳанифа фиқҳни Ҳаммод ибн Сулаймондан ўрганди. Саҳобалардан 4 тасини, эҳтимол 8 тасини кўрган. Улар: Анас, Абдуллоҳ ибн аби Авфа, Саҳл бин Саъд, Абу Туфайл. Баъзилар ушбу саҳобаларнинг ҳеч бири билан учрашмаган дейишади.
Ибн Халликон деди: Абу Ҳанифа 4 та саҳоба (Аллоҳ улардан рози бўлсин) яшаган даврга етишга муваффақ бўлди. Улар: Куфада Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Аби Авфа, Мадинада Саҳл ибн Саъд Соъидий ҳамда Маккада Абу Туфайл Омир ибн Восила. Бироқ уларни ҳеч бири билан учрашмади ва улардан билим олмади. Унинг шогирдларининг айтишига қараганда, бир жамоа саҳобалар билан учрашган ва улардан ривоят қилган. Лекин нақл аҳли буни эътироф этмаган.
Нававий «Таҳзибул-асмо» да келтиришича, Шайх Абу Исҳоқ «Табақот» да деди: Нуъмон ибн Собит ибн Зутий ибн Моҳ, Таймуллоҳ ибн Саълабанинг мавлоси, ҳижрий 80 санада таваллуд топди. 150 ҳижрийда Бағдодда 70 ёшида вафот этди. Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан фиқҳни таълим олди. У 4 саҳобага замондош бўлган. Улар: Анас бин Молик, Абдуллоҳ ибн Абу Авфа, Саҳл ибн Саъд ва Абу Туфайл. Уларнинг ҳеч биридан ҳадис келтирмаган.
Ҳофиз «Тақриб» да деди: Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит куфий асли форс ўлкаларидан дейишади. Баъзилар Бану Тамимнинг мавлоси (озод этилган қул) си бўлган дейишади. Олтинчи табақадаги машҳур фақиҳдир.
Ҳофиз «Тақриб» нинг аввалида деди: Табақаси олтинчи. Бешинчи табақа билан ҳамаср бўлди. Бироқ ҳеч бир саҳобани кўришга муваффақ бўлмади. Тадқиқотчи муътабар олимларнинг сўзларидан Имом Абу Ҳанифанинг ҳеч бир саҳоба билан учрашмагани ва улардан ҳадис ривоят қилмагани маълум бўлди.                   
              
2. الموطأ للإمام مالك   
«Имом Моликнинг «Муватто» си»
    Имом Моликнинг ҳадис борасида машҳур китоби «Муватто» («Оммалаштирилган», «Ҳамма учун тушанарли») ҳисобланади. Суютий «Танвирул ҳавалик» да келтирди: Қози Абу Бакр ибн Арабий «Шарҳи Термизий» да деган: Муватто бириничи асл китоб ҳисобланади. Бу борада Бухорийнинг «Саҳиҳи» иккинчи асл саналади. Шу икки китоб барча асарларга  пойдевор бўлди. Муслим ва Термизий асарлари шулар жумласига киради. Ибн Ҳабоб деди: Молик 100 минг ҳадис ривоят қилиб, «Муватто» да 10000 ҳадисни жамлади. Сўнг уларни Қуръон ва суннага кўндаланг қўйди, осарлар ва ахборлар билан текширди ва ниҳоят 500 ҳадис ҳолатига келтирди. Каё Ҳаросий «Таълиқ фил-усул»ида деди: Моликнинг «Муватто» си бошида 9000 ҳадисни ўз ичига олган эди. Сўнг улардан 700 ҳадис саралаб чиқди.
Абулҳасан ибн Фаҳр Атиқ ибн Яъқубдан Моликнинг фазилатлари ҳақида келтирди: Молик 10000 га яқин ҳадисни жамлади. Ҳар йил уларни текшириб, саралаб шу ҳолатига келтирди. Ибн Абдулбарр Авзоъийнинг издоши  Умар ибн Абдулвоҳиддан келтирди: Моликнинг «Муватто» си                                       бизга 40 кунда ўқиб эшиттирилди. Молик: «40 йилда таълиф этган асаримни 40 кунда қабул қилиб олдингизми? Ундан тушунганингиз қандай кам», - деди.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим Каноний Исфаҳоний деди: Абу Ҳотим Розийдан: «Моликнинг «Муватто»сининг бу номнинг олишига сабаб нима бўлган?», - деб сўрадим. У деди: Молик бу китобни одамларга ташунарли қилиб, оммалаштириб тузди. Шундан кейин худди «Суфённинг Жомеъи» деб аталгани каби «Моликнинг Муваттоси» номини олди. Абулҳасан ибн Фаҳр деди: Аҳмад ибн Иброҳим ибн Фарос бизга хабар қилди, отамни шундай деганини эшитдим: Али ибн Аҳмадни Ханжалийни эшитдим, Баъзи машойихларни эшитдим, Молик деди: Ушбу китобимни Мадинанинг 70 нафар фақиҳига намойиш қилдим. Уларнинг барчалари менга мувофиқ эканликларини билдирдилар. Шу сабаб мен уни «Муватто» (келишилган маъносида) деб номладим. Ибн Фаҳр деди: Имом Моликда олдин ҳеч ким бундай номда асар яратмаган. Унинг замонида яратиладиган асарларнинг айримлари «Жомиъ», айримлари «Мусаннаф» ва «Муаллаф» деб номланган. Муватто – «енгиллаштирилган», «текисланган», «қайта кўриб чиқилган», «тузатиш киритилган» маъноларини билдиради.              
Ибн Абдулбарр Муфаддал ибн Муҳаммад ибн Ҳарб Маданийдан келтирди: Мадина аҳлининг сўзига кўра Мадинада биринчи бўлиб Муватто маъносидаги китоб устида ишлаган Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абу Салама Машжун бўлиб, у ҳадис борасида бўлмаган китоб бўлган. Уни Моликка кўрсатганда, у китобни кўриб: «Бу нақадар гўзал иш. Мен шундай иш устида ишласам, осарлардан бошлайман. Сўнг «Калом» билан қувватлайман»,- деди. Кейин у «Муватто»ни таълиф этди. Мадинадаги уламолар ҳам «Муваттолар» тузиш устида иш олиб бордилар. Унга: «Бу китобни тузиш билан банд бўлдинг. Одамлар шунга ўхшаш китобларни туздилар», деб айтишди. Молик: «Қилган ишларини менга олиб келинглар», - деди. Уларни кўриб чиқди ва ташлаб қўйди. Сўнг: «Аллоҳ розилиги учун қилган амалимгина қадр-қийматга эгадир», - деди.
Шофиъий деди: Ер юзида Аллоҳнинг «Китоби» дан сўнг Моликнинг китобидан саҳиҳроқ китоб йўқ. Буни Ибн Фаҳр Юнус ибн Абдулаъло йўлидан келтирган. Ушбу жумла бошқа ўринларда қуйидаги матнлар билан келади: «Ер юзида Аллоҳнинг Китобидан сўнг Моликнинг Муваттосидан кўра савоби улуғ китоб йўқ», «Ер юзида Қуръони Каримга яқинроқ китоб Моликнинг Муваттосидир», «Аллоҳнинг Китобидан кейин Моликнинг Муваттосидан бошқа фойдалироқ китоб йўқ».
Ҳофиз Мағлатоий деди: «Саҳиҳ» ни биринчи тузган одам Моликдир.
Кашфуз-зунунда келтирилди: Имом Молик ибн Анас Ҳимярий Асбаҳий Маданий ҳижрат диёрининг имоми (вафоти 179 ҳ.) нинг «Муватто»си қадимий муборак китобдир. Унга ёзилган шарҳлар:
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Наҳавий Батлаюсий (вафоти 521 ҳ.) томонидан ёзилаган шарҳ;
Абу Марвон ибн Абдулмалик ибн Ҳабиб Моликий (вафоти 239 ҳ.) томонидан ёзилагн шарҳ;
Шайх Жалолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютий (вафоти 911 ҳ.) шарҳлар битган. Улар қуйидагилар:
а)   «كشف المغطى في شرح الموطأ» - «Кашфул-муғатто фи шарҳил-муватто» («Муваттони шарҳлашда маъноси қоронғу сўзларни кашф этиш») деб атади.
б)   " تنوير الحوالك على موطأ الأمام مالك "- «Танвирул-ҳавалик ала муваттои имам Малик» («Имом Моликнинг Муваттосидаги қоронғуликларни ёритиш»);
с)    Бир китобда фақат ҳадисларини тўплади;   
д)    " إسعاف المبطأ في رجال المبطأ " – «Исъафул-мубатто фи рижалил-муватто».
Ҳофиз Абу Умар ибн Абдулбарр Юсуф ибн Абдуллоҳ Қуртубий (вафоти 463 ҳ.)  " التغطأ بحديث الموطأ "    - «Тағотто биҳадиси муватто» асарини ёзган. Яна бири  "التمهيد لما في الموطأ من المعاني والأسانيد" – «Тамҳид лима фил-муватто минал маъаний вал асанид».
Қози Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Арабий Мағрибий (вафоти 546 ҳ.) шарҳлаб, «Қабас» деб номлади.
«Муватто» га ёзилган «мухтасарлар»:
 Ибн Ҳазм: «Муватто» фиқҳ ва ҳадис борасида тенги йўқ китоб», - деди ва унга мухтасар ёзиб  "الاستذكار" – «Ал-Истизкар» деб номлади.
Абулвалид Сулаймон ибн Халаф Божий (вафоти 474 ҳ.)          "المنتقى" – «Ал-Мунтақо» номли мухтасар ёзган. 
 Шайх Зайниддин Умар ибн Аҳмад Шаммоъ Ҳалабий ҳам "المنتقى" – «Ал-Мунтақо» номли мухтасар ёзган. 
Ибн Рашиқ Қайравоий (вафоти 784 ҳ.) нинг мухтасари;
Иброҳим ибн Муҳаммад Асламий (вафоти 546ҳ.) нинг "موطأ أضعاف موطأ مالك"  - «Муватто адъаф Муватто Молик» номли мухтасари.
    Қози Абу Бакр «Қабас»да деди: Ислом шариати борасида тузилган биринчи ва охириги китоб Моликнинг «Муватто»сидир. Чунки унга ўхшаши таълиф этилмаган. Молик (роҳимаҳуллоҳу) уни усулдан фуруъга кириш тарзида тузди. Ундаги фиқҳ усулларининг кўпчилиги масалалар ва фуруъда айни ўша усулларга қайтишига ишора қилди. Имом Хаттобий Абу Сулаймон Аҳмад ибн Муҳаммад Бастий (вафоти 388 ҳ.) саралади. Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Халаф Қобисий қисқа моҳиятини баён этадиган қисқартмасини ёзди. Бу китоб "ملخص الموطأ" – «Мулаххосул-муватто» номи билан машҳур. Бу китоб исноди муттасил бўлган 25 та ҳадисни қамраб олган.
    Абу Наъим «Ҳалийя»да Молик ибн Анасдан ривоят қилди: Ҳорун Рашид «Муватто»ни Каъбага осиб қўйишни ва инсонлар ундаги нарсаларга амал қилиши ҳақида мен билан маслаҳатлашди. Мен: «Бундай қилмайлик, чунки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари фуруъда ихтилофга борганлар ва турли мамлакатларга тарқалиб кетганлар. Уларнинг ҳаммаларининг бу борадаги иши тўғридир», - дедим. Ҳорун Рашид: «Эй, Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ сени ярлақасин», - деди.
    Ибн Саъд «Табақотлар» да Молик ибн Анасдан келтирди. Молик деди: Мансур ҳаж амалини адо этганидан кейин менга: «Ушбу ёзган китобингдан нусхалар кўпайтириб, мусулмонлар яшайдиган барча мамлакатларга бир нусха юборишга ва уларни ундагиларга амал қилишга буюришга қарор қилдим», деди. Мен: «Эй, Амирул-муъминин, бундай қилманг. Зеро, инсонларга сўзлар етиб борган, ҳадислар эшитганлар, ривоятлар келтирилган. Ҳар бир қавм ўзига етиб келган нарсани маҳкам ушлаган. Ҳар бир юрт аҳли ўзи учун ихтиёр этган нарсаси билан қолаверсин», - дедим. Ушбу ривоят «Уъқудул-жамон» да ҳам келтирилган. Моликнинг «Муватто»сига Муҳаммад ибн Абдулбоқи ибн Юсуф ибн Аҳмад ибн Алвон Зарқоний Мисрий Моликий (вафоти 122 ҳ.?) 3 жилддан иборат кенг шарҳ битган.
    Қози Иёд «Мадорик»да деди: Инсонлар ҳадис ва илмни акс эттирган ҳеч бир китобга «Муватто»га эътибор қаратганлари каби аҳамият берган эмаслар. Ибн Фарҳун ҳадис, рижолига эътибор билан китоб таълиф этган кўплаб моликийларни ва бошқаларни санаб ўтган. Қози Иёд 90 га яқин шундайларни санаб келтирган. Суютий «Танвирул-ҳавалик»да ва Ибн Фарҳун «Муватто»ни шарҳлаган кўплаб исмларни келтирган.
    Дедим: «Муватто»ни муҳаддис Шайх Абдулҳақ Деҳлавий авлодларидан бўлган Шайх Саломуллоҳ Ҳанафий шарҳлаган ва "المحلى       بأسرار الموطأ" – «Ал-муҳалла би асрорил-муватто» деб номлаган. Аллома Шайх муҳаддис Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Муватто»га иккита шарҳи бор:
Бири форс тилида битилган бўлиб, «Мусаффо» деб номланади. Бу китобда ҳадислар ва осарларни ўзини келтириб, Моликнинг сўзлари баъзи балоғатларини тушириб қолдирган, мужтаҳидлар сўзи каби гапирган.
Иккинчиси араб тилида ёзилган бўлиб, «Мусавва» деб ном берилган. Унда мазҳаблар ихтилофи ҳамда ғариб ва бошқа зарур бўлган ҳадисларни шарҳлаганлар зикрини келтириш билан кифояланган.
Имом Моликнинг шахсиятига келсак, унинг тўлиқ исми Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн Ҳорис Ҳофиз, умматнинг фақиҳи, шайхул-ислом, Абу Абдуллоҳ Асбаҳий Маданий ҳижрат диёрининг фақиҳи. Молик Нофиъ, Мақбарий, Наъим, Зуҳарий, Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр, Ибнул-Мункадир, Абдуллоҳ ибн Динор ва бошқалардан ҳадис келтирган. Моликдан сон-саноқсиз кишилар ҳадис келтирган. Ибнул-Муборак, Қаттон, Ибн Маҳдий, Ибн Ваҳб, Ибнулқосим, Қоънабий, Абдуллоҳ ибн Юсуф, Саъид ибн Мансур, Яҳё ибн Яҳё Найсобурий, Яҳё ибн Яҳё Андалусий, Яҳё ибн Бакир, Қутайба, Абу Мусъаб Зубайрий шулар жумласига киради. Асҳобининг охиригиси Абу Ҳузофа Саҳмийдир.
Ато ибн Рабоҳ Мадинага келганида Молик уни кўришга муваффақ бўлган. 
Абдуллоҳ ибн Аҳмад деди: Отамга шундай дедим: Зуҳарийнинг асҳобларини ким қайд этиб мустаҳкамлаган? Отам: «Молик ҳамма нарсани мустаҳкам қилган», деди. Абдурраззоқ деди: Инсонлар илм талабида машаққатли сафарларга отланар эдилар. Бироқ Мадина олимидан  кўра олимроқ ҳеч кимни топмасдилар. Биз уни Молик деб билардик. Абдурраҳмон ибн маҳдий Моликдан ҳеч кимни устун қўймасди.
Шофиъий деди: Уламолар тилга олинганда, Молик мисоли юлдуздир.
Ибн Маҳдий деди: Молик Ҳакам ва Ҳаммоддан кўра олимроқдир.
Шофиъий деди: Молик ва Ибн Уяйна бўлмаганида, Ҳижоз илмсиз қоларди.
Ибн Ваҳб деди: Молик ва Лайс бўлмаганида адашиб қолардик.
Шаъба деди: Нофиънинг вафотига бир йил ўтгандан кейин Мадинага келдим. Молик ҳалқа ташкил қилган экан.
Абу Мусъаб деди: Моликнинг шундай деганини эшитдим: 70 киши шунга ҳақли эканимга гувоҳлик бермагунича фатво бермадим.
Ашҳаб деди: Молик салла ўраганида ияги остидан ўтказиб, елкаси ўртасига ташлаб қўярди.
Мусъаб деди: Молик Адандан келтирилган яхши либос киярди ва атир сепарди.
Қаънабий деди: Уяйнанинг олдида эдим. Моликнинг вафоти ҳақидаги хабар келди. У ғамгин бўлиб: «Ер юзида унга ўхшаши қолмади», - деди.
Абдурраҳмон ибн Воқид деди: Мадинада Моликнинг эшигини кўрдим. У гўёки аимрнинг эшиги каби эди.
Ибн Муъин деди: Мен учун Нофиъ ибн Айюб ва Убайдуллоҳдан кўра Молик севимлидир.
Ваҳиб деди: Ҳадис аҳлининг имоми - Моликдир.
Аҳмад ибн Халил деди: Исҳақ ибн Иброҳимни шундай деганини эшитдим: Саврий, Молик ва Авзоъий бир ишда бир фикрга келишса – суннатдир. бир фикрда бўлмаса – нассдир.
Аҳмад ибн Ҳанбал деди: Шурайҳ ибн Нуъмон Абдуллоҳ ибн Нофиъдан келтирди: Молик (р.а) деди: Аллоҳ сомондадир, илми ҳар бир макондадир. Моликдан келтирилган ушбу сўз ҳам саҳиҳдир: Истива – маълум, бироқ кайфияти номаълум. Бунга иймон келтириш – вожиб, у ҳақида савол бериш – бидъатдир.
Саъид ибн Абу Марям деди: Абу Ҳанифани Моликнинг олдида отаси қўйнидаги бола мисоли кўрдим. Заҳабий деди: Бу Абу Ҳанифанинг Молик ибн Анасдан 13 ёш катта бўлсада, нақадар гўзал одобли эканидан далолат беради.
Қози Исмоил деди: Абу Мусъаб бизга сўзлаб берди: Моликни шундай деганини эшитдим: Амирул-муъминин Абу Жаъфар хузурига бордим. Бир бола кириб, қайтиб чиқиб кетди. Амир: «Бу кимлигини биласанми?», - деди. Мен: «Йўқ»,- дедим. Амир: «Менинг ўғлим, сенинг ҳайбатингдан қўрқиб чиқиб кетди», - деди. Сўнг мендан ҳалол, ҳаром нарсалар хусусида сўради. Кейин: «Аллоҳга қасамки, сен инсонларнинг энг оқили ва билими кучлисисан», - деди. Мен: «Ундай эмас, амирул-муъминин», дедим. Амир: «Шундай, бироқ ўзингни четга оласан. Шу ерда қолсанг сўзларингни ёзиб олардим. Сўнг барчага тарқатиб, амал қилишга буюрардим», - деди.
Ҳоким деди: Али ибн Исо Ҳийрий-Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим Абдий-Қутайба-Маъан ибн Исо деди: Амирул-муъминин Ҳорун Рашид Абу Юсуф билн ҳаж қилиш учун Мадинага ташриф буюрди. Молик амирул-муъминин хузурига келди. Амир унинг ташрифидан қувониб кетди ва меҳмон қилди. Ўтиришган бир пайтда Абу Юсуф келиб қолди. Моликдан бир масала хусусида сўради, жавоб бермади. Сўнг қайтариб яна сўради, бироқ жавоб олмади. Амирул-муъминин: «Эй, Абу Абдуллоҳ бу бизнинг қозимиз Яъқуб сиздан сўрамоқда», - деди. Молик Абу Юсуфга юзланиб: «Бекорчилар билан ўтирганимни кўрсанг, олдимга кел. Сенга улар билан бирга жавоб бераман», - деди. «Тазкира»да ҳам шундай келтирилган.
Ибн Халликон деди: Молик ҳадис айтмоқчи бўлса, аввал таҳорат оларди. Сўнг кўрпачанинг ўртасига ўтириб, қўли билан соқолини тарарди ва салобат ва ҳайбат билан яхшилаб ўтириб оларди. Кейин ҳадис айтарди. Бу ҳақида сўрашганда: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларини эъзозлашни истайман. Шунинг учун таҳоратимга ишонч ҳосил қилганимдан кейин ҳадис айтаман», - деди. Имом Молик йўлда кета туриб, тик турган ҳолда ёки шошилинч суратда ҳадис айтишни истамас эди. Бу борада: «Росуллулоҳдан нима сўзлаётганимни яхши англаган ҳолда айтишни шоҳлайман», - дер эди. Имом Молик қувватсиз, ёши катталигига қарамасдан Мадинада улов минмас эди. Бу борада: «Расулуллоҳ (с.а.в) нинг дафн этилган жасадлари бўлган Мадинада улов минмайман» - дер эди.
Шофиъий деди: Менга Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ким олимроқ? Соҳибимизми ёки соҳибингизми (яъни, Абу Ҳанифа ва Молик (р.а)?», - деди.
Шофиъий: «Адолат билан этайми?», - деди.
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳа», - деди.
Шофиъий: «Аллоҳ номи ила сўрайман, Қуръонни яхши биладиган ким? Соҳибимизми ёки соҳибингизми?», деди.
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Соҳибингиз», деди.
Шофиъий: «Аллоҳ номи ила сўрайман, суннатни ким яхши билади? Соҳибимизми ёки соҳибингизми», - деди.
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Соҳибингиз», - деди.
Шофиъий: «Аллоҳ номи ила сўрайман, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг пешқадам саҳобаларининг сўзларини ким билади? Соҳибимизми ёки соҳибингизми», дедим.
Муҳаммад ибн Ҳасан: «Соҳибингиз», деди.
Шофиъий: «Фақат қиёс қолди. У эса шу нарсалардан келиб чиқади», -  деди.
Абдуллоҳ ибн Муборак деди: Моликнинг хузурида эдим. У ҳадис айтар эди. Уни чаён 16 марта чақди. Унинг ранги ўзгарар, юзи сарқайса ҳамки сўзини бўлмас эди. Одамлар тарқалганидан кейин унга: «Бунга сизда ажиб нарсани гувоҳи бўлдим», - дедим. Молик: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларига ҳурмат юзасидан сабр қилдим», - деди.
Заҳабий деди: Имом Молик 86 йил умр кўрди. Айтишларига қараганда, 96 йил таваллуд топган.
Абу Довуд деди: Имом Молик 92 санада  таваллуд топган. Бироқ Яҳё ибн Бакир Моликнинг: «Мен 93 санада туғилганман» деганини эшитган. Шу рақамни кўрсатадиган сўзлар энг тўғридир.
Вафотига келсак, Абу Мусъаб: «Робиъул-аввалдан 10 кун ўтгандан кейин вафот этди», деди.Ибн Ваҳб ҳам шу рақамни кўрсатган. Ибн Саҳнун 11 рабиъул-аввални айтган. Ибн Абу Авис 14 рабиъул-аввалнинг эрта тонгини айтган. Мусъаб Зубайрий сафар ойида деган. Барчалари вафоти санасини 179 ҳижрий деб айтганлар.     
     
مسند الإمام الشافعي
Имом Шофиъийнинг «Муснади»
Муснадни Амир Санжар ибн Абдуллоҳ илмуд-дин Жовилий тартибга келтирган. Ибнуласир Жазарий номи билан машҳур бўлган Абус-саодат Муборак ибн Муҳаммад (вафоти 606 ҳ.) шарҳ «муснад»га шарҳ ёзди.  Ушбу шарҳ  "كتاب الشافعي العيني في شرح مسند الشافعي" – «Китобуш-Шафиъий ал-айний фи шарҳи Муснди Шафиъий» деб номланиб, 5 жилддан иборат.Шайх Зайниддин Умар ибн Аҳмад Шаммоъ Ҳалабий «Муснад»ни саралади ва уни "المنتخب المرضي من مسند الشافعي" – «Ал-Мунтахоб ал-мардий мин Муснади аш-Шофиъий» деб атади. «Муснад»ини Абу Абдуллоҳ бин Яъқуб ибн Юсуф ал-Асом Шофиъий (вафоти 246 ҳ.) тўплади. Имом Абуҳосим Абдулкарим ибн Муҳаммад Қазвиний Рофиъий (вафоти 623 ҳ.) 612 йил ражаб ойида шарҳлашни бошлади. Бу шарҳ 2 жилддан иборат. Суютий (вафоти 911 ҳ.) ҳам бир китоб тасниф этиб, уни "الشافي العيني على مسند الشافعي" – «Аш-шафий ал-айний аъла Муснад аш-Шафиъий» деб номлади.
Шофиъийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофиъ ибн Сойиб ибн Абид ибн Абд Язид ибн Ҳишом ибн Мутталиб ибн Абдуманноф ибн Қусай ибн Килоб Қураший Мутталибий Маккий. Расулуллоҳ билан насабда туташади. 150 йилда /аззада таваллуд топди. Она сутидан ажралмасдан туриб Маккага кўчиб келишди. У шу ерда ўсиб улғайди. Муслим Занжий ва бошқалар қўлида таълим олди. Шофиъий амакиси Муҳаммад ибн Али, Абдулазиз Машжун, Имом Молик, Исмоил ибн Жаъфар, Иброҳим ибн Абу Яҳё ва бошқалардан ҳадис айтди. Ўз навбатида Шофиъийдан Аҳмад, Ҳамидий, Абу Абид, Абу Савр, Робиъ Муродий, Заъфароний ва бошқалар ҳадис ривоят қилдилар. Қурайшнинг ўта моҳир мерганларидан бўлиб, 10 та ўқ отса ҳаммаси бехато нишонга тегарди. Фаолиятининг бошида шеър, тил ва араб кунларини ўрганди. Сўнг ҳадис ва фиқҳга навбат келди. Қуръонни Макка муқриъи (қориси) Исмоил ибн Қиститиндан таълим олди. Рамазонда 60 марта хатм қиларди. Кейин Моликнинг «Муватто»сини ёд олди ва Моликка ёдлаб берди. Муслим ибн Холид унга фатво беришига рухсат этди. Ҳолбуки ўша вақтда энди 10 ёшни қаршилаган бола эди.
Ибн Исҳоқ Роҳавайҳ деди: Маккада Аҳмад ибн Ҳанбал менга: «Сенга кўзинг унга ўхшаганини кўрмаган кишини кўрсатай», - деди ва Шофиъийга рўбарў қилди.
Ибн Савр деди: «Шофиъийга ўхшаган ҳеч кимни кўрмадим. Унинг ўзи ҳам ўзига ўхшаганни кўрмаган».
Ҳармала деди: Шофиъийнинг шундай деганини эшитдим: Боғдодда «ҳадиснинг ёрдамчиси» деган ном олдим. Аҳмад ва бошқалар буни тасдиқлади.
Ибн Роҳавайҳ деди: Шофиъий буюк имомдир. Раъй билан гапирганлар ичида кам хато қилгани Шофиъийдир.
Абу Довуд деди: Шофиъийдан келган хато ҳадисни билмайман.
Абу Ҳотим деди: Шофиъий ростгўй, ишончли киши. Шофиъийдан келтирилган: «Ҳадис саҳиҳ бўлса сўзим билан деворни уринглар» саҳиҳдир.
Робиъ Шофиъийнинг: «Бир саҳиҳ ҳадис ривоят қилсам, бироқ уни олмаган бўлсам, сизларни ишонтириб айтаманки, ақлим кетган бўлади», - деган сўзини эшитган.
Имом Шофиъий Мисрда 240 ҳижрий 1 шаъбон ойида вафот этди. Мисрга 199 йилда кўчиб борган эди. Тазкирада ҳам шундай келтирилган.
Ҳофиз деди: Абу Наъим ибн Муҳаммад деди: Расулуллоҳнинг «Аллоҳим, Қурайшни ҳидоят қилгин. Зеро унинг олими бутун ер юзини илм билан қамраб олади» ҳадисларида аниқ бир алломага ишора бор. Ҳадисдан маълум бўладики, бу олим Қурайшдан бўлиб, илми мамлакатлар бўйлаб тарқалади. Бундай сифатни қамраган ягона инсон Шофиъий деб биламиз. Қурайшдан бўлган саҳоба, тобеъин ёки бошқалардан бирор киши илми тарқалган бўлсада, ривоятда келтирилган даражага етмаган. Қайсидир илм нуқтасида кичик бир нуқсони бўлган. Шундан Расулуллоҳ Шофиъийни назарда тутганлари маълум бўлади.
Абу Саъид Фарёбий деди: Аҳмад ибн Ҳанбал деди: Аллоҳ Таоло ҳар 100 йил бошида одамларга суннатни ўргатадиган, Расулуллоҳга нисбат берилган ёлғонни кетказадиган  инсонни юборади. Мушоҳада қилсак, 100 йил бошида Умар ибн Абдулазиз,  200 йил бошида Шофиъий.
Музанни деди: Шофиъийнинг шундай деганини эшитдим: 7 ёшимда Қуръонни, 10 ёшимда «Муватто»ни ёд олдим. Боғандий деди: Робиъ ибн Сулаймон жизий сўзлаб берди, Ҳамидий айтди: Муслим ибн Холидни шундай деганини эшитдим: Шофиъийнинг олдидан ўтиб қолдим. У фатво бермоқда эди. Эндигина 15 ёшни қаршилаган йигит эди. Унга: «Фатво беравер, фатво бериш вақтинг келди», деди.

مسند الإمام أحمد بن محمد بن حنبل
Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалнинг «Муснади».
    24 жилдда 30000 ҳадисни қамраб олган (мустансария вақф нусхаси). Ислом усуллари жумласига кирадиган буюк китобдир. 3 исноддан иборат ҳадислар 300 дан ортиқ. Айтишларича, Аҳмад ибн Ҳанбал ўз наздида саҳиҳ бўлган ҳадисларни келтиришни шарт қилган. Абу Мусо Маданий деди: Бироқ, айтишларича, «Муснад»да мавзуъ ҳадислар ҳам бор. Бақоъий ҳам буни эътироф этган. Ундаги «завоидлар» ўғли Абдуллоҳга мансуб. «/улам саълаб» номи билан танилган Абу Умар Муҳаммад ибн Абдулвоҳид (вафоти 345 ҳ.) «Мусндад»даги ғариб ҳаидсларни бир китобда жамлаган. «Ибнул-мулаққан» номи билан машҳур бўлган шайх имом Сирожиддин Умар ибн Али Шофиъий (вафоти 805 ҳ.) «Муснад»га мухтасар битган. Суютий «Муснад»га таълиқа (изоҳ, шарҳ) ёзиб, уни   "عقود الزبرجد" – «Уқудуз-забаржад» деб номлаган. Аҳмаднинг «Муснад»ига Мадинаи мунавварада истиқомат қилган Абулҳасан ибн Абдулҳадий Санадий (вафоти 1139 ҳ.) катта шарҳ ёзган. Тахминан 50 та катта китобчадан иборат Шайх Зайниддин Умар ибн Аҳмад Шаммоъ Ҳалабий «Муснад»га шарҳ ёзиб, уни  "در المنتقد من مسند أحمد"    - «Дуррул-мунтақид мин Муснади Аҳмад» деб номлаган.
    Нававий «Тақриб»да деди: Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Довуд Таёлисийнинг ва бошқаларнинг «Муснад»лари далил олинадиган ва ишонч билдирилган 5 та усул ва унга баробар бошқалари қаторига кирмайди. Суютий «Тадриб»да деди: Аҳмад «Муснад»ида саҳиҳ ҳадисларни шарт қилганига эътироз бор. Ироқий деди: Биз бу эътирозни ёқламаймиз. Абу мусо маданий Аҳмаддан ривоят қилишича, ундан бир ҳадис хусусида сўрадилар. У: «Муснад»да бўлмаса ҳужжат эмасдир», - деди. Бу ундаги ҳаммаси ҳужжат дегани эмас, балки унда бўлмагани ҳужжат эмас. Али деди: «Муснад»да «Саҳиҳайн»да келтирилган ва унда келтирилмаган ҳадислар ҳам мавжуд.   "أم زرع" қиссасида Оиша ҳадиси шу ҳадислар жумласидандир. Унда заиф ҳадислар борлиги аниқ. Ундаги мавзуъ ҳадисларни бир жузъда жамлаганман. Ўғли Абдуллоҳ киритган зиёдаларда ҳам заиф ва мавзуъ ҳадислар бор. Шайхул-ислом Ҳофиз ибн Ҳажар бунга раддия билдириб,  "القول المسدد في الذب عن المسند"  - «Муснадни ҳимоя қилиш бўйича тўғри йўлга йўналтирилган сўз» деб номлади. Ибн Ҳажар унда деди: Мен ушбу варақларда баъзи ҳадис аҳли мавзуъ дея даъво қилган ҳадислар борасида менга етиб келган сўзларни келтирдим. Жумладан, уммат эҳтиром ила қабул қилган, ихтилоф пайтида унга таяниладиган, ҳужжат қилиб келтириладиган имом Аҳмаднинг Муснадини ҳимоя қилиш йўлидан бордим. Сўнг Ироқий йиғган ҳадисларни келтирди. Уларнинг сони 9та бўлиб, уларга 15 та ҳадисни зиёди қилди. Буларни Ибн Жавзий «Мавзуъот»да келтирди ва уларга ҳадисма-ҳадис жавоб берди.
    Шайхул-ислом китоби «Таъжилул-манфаъа фи рижалил-арбаъа»да деди: «Муснад» да асли бўлмаган 3 ёки 4 ҳадис бор. Шулардан бири Абдураҳмон ибн Авфнинг «жаннатга судралиб кириши» ҳақидаги ҳадиси. Таймий «Завоидул-муснад»да деди: Аҳмаднинг «Муснад»и бошқалардан кўра энг саҳиҳдир. Ибн Касир деди: Аҳмаднинг муснади сиёқининг гўзаллиги, кўплиги билан бошқаларига ўхшамайди. Унда жуда кўп ҳадислар келтирилмаган. Саҳиҳайнда келтирилган саҳобалар жамоасидан тахминан 200 таси келтирилмаган. Ҳусайний «Тазкира фи рижалил-аъшра»да деди: Аҳмаднинг Муснадидаги ҳадислар сони такрор келтирилганларилари билан 40 минг. 


Ҳанафий имомлари тасниф этган ҳадис китоблари ва озчиликни ташкил этган уларнинг ҳаёти ҳақида

    1. كتاب الآثار للإمام محمد بن الحسن 
    (Китабул-асар лил-имам Муҳаммад ибн ал-Ҳасан) – Муҳаммад ибн Ҳасаннинг «Асар» китоби
    Ушбу китобда Абу Ҳанифадан ривоят қилинган осарлар (ривоятлар) зикр қилиниб, мухтасар шаклида фиқҳ боблари бўйича тартибга келтирилган. Ҳофиз Таҳовий Ҳанафий Имом Муҳаммаднинг китобига шарҳ ёзган.
    Имом Муҳаммад тўлиқ исми-шарифи - Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фарқод Шайбоний. Асли Дамашқдаги /ута марказида жойлашган Ҳараста қишлоғидан. Отаси Шомдан Ироққа келган ва «Восит» шаҳрида яшаб қолган. Фарзанди Муҳаммад шу ерда дунёга келган. Куфада вояга етган. У ҳадис ўрганди, бир жамоа катта имомлар билан учрашди, Абу Ҳанифанинг ҳалқасига бир неча йиллар қатнади. Сўнг Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуф қўлида таълим олди.ва кўплаб нодир китоблар тасниф этди. «Ал-Жомиъ ал-кабир», «Ал-Жомиъ ас-сағир» ва бошқалар шулар жумласига киради. Унинг мусаннафотлар орасида айниқса араб тилига алоқадор бўлган мушкул масаларлар мавжуд. Имом Муҳаммад Абу Ҳанифанинг меросини тарқатди. У шундай суҳандон нотиқ эдики, уни тинглаётган инсоннинг хаёлидан «Қуръон унинг тилида нозил бўлган» деган фикр ўтарди. Имом Шофъий (р.а.) Бағдодга келганларида Ҳорун Рашид ҳузурида  ораларида суҳбатлар бўлган. Имом Шофъий: «Баҳс-мунозарали масалалар ҳақида сўралганда, юзида ёқимсизлик аломати сезиладиган Муҳаммад ибн Ҳасандан бошқа ҳеч кимни кўрмадим», - деди. Шофиъий яна шундай деган: «Мен Муҳаммад ибн Ҳасан илмидан туянинг оғирлигига тенг келадиган нарсаларни олдим». Ҳорун Рашид Муҳаммадни Руққа вилоятига қозиликка тайинлаган, кейин уни бу лавозимдан бўшатган. У Бақдодга келиб, қуйидагича ҳикоя қилди: Абу Ҳанифа ҳузурларига қорнида боласи қимирлаётган ўлган бир аёлни келтирдилар. Абу Ҳанифа буйруқлари билан аёлни қорнини ёриб болани олдилар. У ўсиб улғайиб, илм ола бошлади. У Муҳаммад ибн Ҳасаннинг шалқасига қатнар эди. Унга Абу Ҳанифанинг ўғли деб ном берган эдилар.         Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳорун Рашид билан Рай шаҳрига биринчи марта сафарга чиқди. У Рай қишлоқларидан бири Ронбавайҳда 189 ҳижрий санада вафот этди. Унинг таваллуд топган санаси 135 ҳижрий эди. Баъзилар 131 ҳ., 132 ҳ. саналарни ҳам кўрсатганлар.
     Заҳабий «Мезон»да деди: Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳайбоний фақиҳларнинг бири бўлиб, Молик ибн Анас ва бошқалардан ривоят қилган. Имом муҳаммад илм ва фиқҳда денгиз мисоли эди.
    Ҳофиз «Лисонул-мезон»да деди: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фарқад Шайбоний Ироқнинг Восит шаҳрида тўғилди ва Куфада ўсиб улғайди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи аълайҳдан фиқҳни ўрганди. Саврий, Масъар, Умар ибн Зар, Молик ибн Муғаввал, Авзоъий, Молик ибн Анас, Замъа ибн Солиҳ ва бошқалардан ҳадис эшитди. Имом Муҳаммаддан эса Шофъий, Абу Сулаймон Жузжоний, Абу Убайд ибн Салом, Ҳишом, Убайдуллоҳ Розий, Али ибн Муслим Тусий ва бошқалар ҳадис келтирдилар. Ҳорун Рашид даврида қозилик лавозимида фаолият олиб борди.     Ибн Саъд деди: Муҳаммаднинг отаси Шом армияси таркибида эди. Воситга келганида, 132 ҳижрий санада ўғли Муҳаммад дунё юзини кўрди. Ибн Абдулҳакам деди: Шофиъийнинг шундай деганини эшитдим: Муҳаммад ибн Ҳасан деди: 3 йил мобайнида Молик ҳузурига бордим. Ундан 700 дан ортиқ ҳадис эшитдим. Ибн Мунзир деди: Музаннидан Имом Шофиъийнинг шундай деганини эшитдим: «Муҳаммад ибн Ҳасан каби семиз, бироқ руҳи енгил (қувноқ), заковатли, суҳандон  ҳеч кимни кўрмаганман».
    Аббос Даврий Ибн Муъиндан деди: Мен Муҳаммад ибн Ҳасандан «Жомиъ ас- сағир»ни ёзиб олдим.
    Робиъ деди: Шофиъийнинг шундай деганини эшитдим: «Муҳаммаддан туя оғирлиги баробарида китоблар олдим». Ибн Адий Исҳоқ ибн Роҳавайҳдан келтирди, Яҳё ибн Одамнинг шундай деганини эшитдим: Муржийлар гувоҳлиги жоиз эмас. Шарик ҳузурида Муҳаммад ибн Ҳасаннинг гувоҳлиги рад этилди. Ундан бу ҳақида сўрашганда: «Намозни иймондан демайдиган кишини гувоҳликка рухсат этмайман», - деди.
    Абу Нуъайм йўли билан келтирилишича, Абу Юсуф: «Муҳаммад ибн Ҳасан менга нисбатан ёлғон сўзларни айтмоқда», - деди.
    Ибн Адий: «Муҳаммад ибн Ҳасан ҳадисга эътиборинини қаратган эмас. Ҳадис аҳли ҳадисини шарҳлашдан четда бўлганлар», - деди.
    Абу Исмоил Термизий деди: Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шундай деганини эшитдий: муҳаммад ибн Ҳасан аввал бошида жаҳмий мазҳабига эътиқоб қиларди.
    Ҳанбал ибн Исҳоқ Аҳмадддан деди: Абу Юсуф ҳадисда заиф эди. Муҳаммад ибн Ҳасан ва унинг шайхи эса «асар»га мухолиф эдилар.
Саъид ибн Амр Бардаъий деди: Заръа Розийнинг шундай деганини эшитдим: Муҳаммад ибн Ҳасан ва унинг шайхи жаҳмий эдилар. Абу Юсуф эса жаҳмийликдан узоқ эди.
Закариё Сожий: «Муҳаммад ибн Ҳасан муржиъ эди», - деди.
Муҳаммад ибн Саъд Суфий: «Яҳё ибн Муъин Муҳаммадни ёлғончиликда айблаганини эшитдим», - деди.
Аҳвас ибн Фадл Аълоий отасидан деди: Ҳасан Луълуъий ва Муҳаммад ибн Ҳасан (ҳадислари) заифдир.
Амр ибн Али: «Муҳаммад заифдир», - деди.
Абу Довуд: «Тарк этилишга ҳақли эмас», - деди.
Абдуллоҳ ибн Али Маданий отасидан деди: Имом Муҳаммад ростгўйдир.
Саълаб деди: Кисоий (араб тилининг буюк олими) ва Муҳаммад ибн Ҳасан бир кунда вафот этдилар. Одамлар: «Бугун тил ва фиқҳ дафн этилди», - дедилар. (Ҳофиз «Лисонул-мезон») 

شرح معاني الآثارللطحاوي الحنفي
(Шарҳ маъоний ал-асар лит Тоҳавий ал-Ҳанафий) – Таҳовийнинг «Осар» маънолари шарҳи.
    Тўлиқ исми–шарифи – Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий. 228 ҳижрий санада таваллуд топди. 321 ҳижрийда вафот этди. Ушбу китобда зикр қилинишича, носих ва мансухдан бехабар куфр аҳли Расулуллоҳнинг ҳадислари бир-бирига зид келади дея даъво қилишлари боис, Абу Жаъфарнинг баъзи шогирдлари ундан китоб таълиф этиш ҳақида сўрадилар. Абу Жаъфар ушбу шарҳни бобларга ажратиб, носих ва мансухларини, уламолар шарҳини, саҳиҳ ҳадисга ҳажжат келтириб таълиф этди.
Таҳовийнинг шарҳига Ҳусайн Муҳаммад ибн Муҳаммад Боҳилий (вафоти 321 ҳ.), Муҳаммад Бадруддин Маҳмуд ибн Муҳаммад Аъйний (вафоти 355 ҳ.) шарҳ ёздилар. Қосим ибн Қутлубғо (вафоти 879 ҳ.) унинг рижоллари ҳақида   "الإيثار برجال معاني الآثار" – «Ал-ийсар би рижали маъаний ал-асар» китобини ёзди.
Заҳабий «Тазкира»да деди: Имом Ҳофиз аллома Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салма Аздий Ҳажарий Мисрий Таҳовий Ҳанафий ажойиб мусаннафотлар соҳиби. Таҳовий Ҳорун ибн Саъид Айлий, Абдулғаний ибн Руфоъа, Юнус ибн Абдулаъло, Исо ибн Масруд, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулҳакам, Баҳр ибн Наср ва уларнинг табақаларидан ҳадис эшитди. Ўз навбатида Таҳовийдан Аҳмад ибн Қосим Хашшоб, Абулҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад Ахмимий, Юсуф Миёнжий, Абу Бакр ибн Муқриъ, Табароний, Аҳмад ибн Абдулворис Зажжож, Абдулазиз ибн Муҳаммад Жавҳарий Қози Соъийд, Муҳаммад ибн Бакр ибн Матруҳ ва бошқалар ҳадис келтирдилар. 268 ҳижрий санада Шомга борди. Абу Ҳазим ва бошқалар қўлида таълим олди.
Ибн Юнус деди: Абу Жаъфар Таҳовий 237 ҳижрийда таваллуд топди. У ишончли (сиқа), фақиҳ, оқил инсон.
Абу Исҳоқ Шерозий «Табақот»да деди: Абу Жаъфар Таҳовий Абу Жаъфар ибн Абу Умрон, Абу Ҳазим Қозий ва бошқалардан илм олди. Бошида шофъий мазҳабида эди. Музанний қўлида таълим оларди. музанний унга: «Аллоҳга қасамки, сендан ҳеч фойда бўлмади», - деди. Бундан жаҳли чиққан Таҳовий Ибн Абу Умрон таълим ола бошлади. «Мухтасар»ини таълиф этганда, Абу Иброҳимни Аллоҳ раҳмат қилсин, тирик бўлганда қасамидан қайтган бўларди, деди.
Заҳабий деди: Абу Жаъфар уламолар ихтилофи , шартлар, Қуръони Карим аҳкомлари ҳақида ва осар маънолари китобини таълиф этди.
Ибн Юнус деди: Абу жаъфар 321 ҳижрий зулғаъда ойининг бошида 80 ёшдан ўтиб вафот этди (Заҳабий «Тазкира»).    


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио