Ҳадис ва Ҳаёт (Ҳадис илми)

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ДАЪВАТЧИЛАРГА ЭСЛАТМА

Кишиларни Исломга, иймонга, шариатга амал қилишга, одобли-ахлоқли, юксак фазилатли бўлишга чиқаришда ва куфру нифоқдан, гуноҳкорликдан, ёмонликдан, қабоҳатдан қайтаришда Қуръони Карим оятлари билан бир қаторда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жуда муҳим манбаъдир. Ҳадисларда ажойиб насиҳатлар, амру-маъруфлар, ваъзу-иршодлар, қайтариқлар, қўрқитишлар, танбеҳ ва огоҳлантириш ҳамда бошқа даъват учун зарур нарсалар мавжуд. Бу иш билан шуғулланадиганлар ўзлари учун керакли ҳадисларни қайси китоблардан олиш кераклигини яхши билиб олишлари лозим.

Ушбу соҳада энг асосий манбаълар «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китоблари бўлади. Кейинги ўринда Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можаларнинг «Сунан»лари, Имом Моликнинг «Муваттоъ»лари Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»лари, Имом Доримийнинг «Сунан»лари туради. Ушбу китобларда келган ҳадислар сара ва ишончли ҳисобланади.

Шунингдек мазкур мўътабар китоблардан олиб жамланган ёки уларни шарҳ қилинган китоблар ҳам фойдалидир. Мисол учун Имоми Ҳокимнинг «Мустадрак», Ибн Асийрнинг «Жомеъ ул-усул», Имом Нававийнинг «Риёз ус-солиҳийн» китоби ва бошқалар шулар жумласига киради. Шарҳ китобларнинг мўътабар ва машҳурлари ҳақида сўз юритадиган бўлсак аввало «Саҳиҳ Бухорий»нинг шарҳлари келади. Имом Бадриддин Айнийнинг «Умдадат ул-қорий», Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Фатҳ ул-Борий», Имом ал-Қасталонийнинг «Иршод ус-сорий» номли шарҳлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, «Саҳиҳ Муслим»нинг ҳам бир неча шарҳлари борки, булар ичида Имом Нававийнинг шарҳлари анча машҳур. Имом Моликнинг «Муваттоъ»лари шарҳлари ичида Абул Валид ал-Божийнинг шарҳи мўътабар.

Имом Абу Довуднинг «Сунан»ларига қилинган шарҳлар ичида Имом ал-Хаттобийнинг «Маъолимус Сунан»лари шуҳрат қозонган. Имом Термизийнинг китобларига қилинган эски шарҳлар ичида Имом Абу Бакр  ибн ал-Арабийнинг «Оризат ул-Аҳвазий» номли шарҳлари ва янги шарҳлар ичида шайх ал-Муборакфурийнинг «Туҳфат ул-Аҳвазий» номли шарҳлари эътиборли.

Шарҳ китоблар ичида Аллома Мулла Али Қорийнинг «Мишкот ул-Масобийҳ» китобига қилган «Мирқот ул-Мафотийҳ» номли шарҳлари жуда ҳам фойдали. «Мишкот ул-Масобийҳ» китобига Шайх Убайдуллоҳ ал-Муборакфурий ҳам «Миръот ул-Масобийҳ» номли яхши шарҳ ёзганлар.

Имом Нававийнинг «Риёзу ус-солиҳийн» китобларига Шайх Ибн Аллоннинг «Далийлул Фолиҳийн» номли шарҳи бор. Бу соҳада Имом Бухорийнинг «ал-Адаб ул-муфрад» китоблари ва унинг шарҳи ҳам ўта муҳим. Шунингдек Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг «Ҳужжатуллоҳил болиға» китоблари жуда ҳам фойдали.

Минг афсуслар бўлсинким, турли омилларга кўра кўплаб заиф ва сохта гаплар ҳадис сифатида китобларимизга кириб қолган. Бунга асосан ҳадисларни суриштирмасдан келтириш, аниқланмасдан ёзиш каби ишлар сабаб бўлган.

Шунинг учун ваъз-насийҳат, амру-маъруф, наҳий-мункар, тарғибот ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланадиган кишилар, қолаверса ҳар бир мусулмон ҳамма нарсани ҳадис, деб қабул қилавермаслиги керак. Балки, бирор нарсани ҳадис, деб айтишдан олдин уни яхшилаб текшириб кўриши лозим. Уламоларимиз халқ ичида ҳадис дея эътиқод қилиниб, айтилиб юрган кўпгина гаплар аслида ҳадис эмаслигини исбот қилганлар. Масалан, кўпчилик орасида «Ватанни севмоқ иймондандир» деган гап ҳадис деб тушинилади, айтилади ва ёзилади. Лекин, бирор киши уни ким ривоят қилганини, қайси китобда келганини зикр қилмайди. Аслида эса у гап ҳадис эмас, исломий ҳикматлардандир. Кишиларни тарғиб қиламан деб ҳадис бўлмаган нарсани ҳадис, деб айтиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, катта гуноҳ эмасми?!

Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳадисни ровийси ва ким чиқарганини зикр қилмасдан келтиришни манъ этганлар. Мисол учун Аллома Ибн Ҳожар ал-Ҳайсамий ўз замонларидаги ҳокимлардан ҳадисларни ровий ва тўплаб чиқарувчиларини айтмай ваъз қиладиганларни ишдан ҳайдашни талаб қилганлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио