Ҳадис ва Ҳаёт (Ҳадис илми)

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

ҚАНДОҚ НАРСАЛАР МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДАН БАШАРЛИК ТАҚАЗОСИ ИЛА СОДИР БЎЛГАН?

Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақазоси ила содир бўлган нарсаларни ҳам ривоят қилганлари, Суннатга амал қилишда мазкур нарсалар билан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарликни етказиш борасида содир бўлган нарсаларни ажрата билш кераклиги ҳақида сўз кетганда, деярли ҳамма уламоларимиз «Хурмони чанглатиш ҳадиси» номи ила шуҳрат топган ҳадиси шарифни ҳужжат-далил сифатида келтирадилар.

Аввал ўрганиб ўтган тақсимда аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий ҳам ҳудди шундоқ қилдилар. Ҳақиқатда ушбу ҳадиси шариф бу масала бўйича асосий ва белгиловчи ўрин тутади. Шунинг учун уни батафсил ўрганиб олсак инша Аллоҳ иш осон кўчса ажаб эмас.  

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг Саҳиҳларида Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (хурмо) чанглатаётган бир қавмнинг олдидан ўтаётиб, агар буни қилмасангиз ҳам бўлаверади, дедилар. У(мева)ёмон чиқди. У зот яна ўшаларнинг олдиларидан ўтаётиб, хурмонгизга нима бўлди? дедилар.Улар, шундоқ, шундоқ, деган эдингиз... дейишди. У зот: «Сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз» дедилар.

Бу ҳадисдан нима хулоса чиқариш мумкин?  Одамлар дунёвий ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра билувчироқ эканликлариними? Ёки дин аҳкомлари дунёвий ишларга аралашмаслигиними? Ўзи дин ва дунё деганда нима тушинилади? Дин дегани, калимаи шаҳодат, намоз, рўза, ҳаж, закот, никоҳ ўқитиш, жаноза ва худойи қилишдан иборатми? Ҳаётнинг бошқа соҳалари дунё ҳисобланадими? Ундоқ бўладиган бўлса, юқорида санаб чиқилган «ибодатлар»дан бошқа нарсаларга Исломнинг дахли йўқми?

Баъзи бир ўзини билмаган ёки билишни хоҳламаган ёҳуд ғайриисломий тарбия топганлар юқоридаги саволларга, ҳа, деб жавоб беришлари турган гап. Воқеъликда шундоқ бўлган ҳам. Улар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзлари, сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз, деб айтганлар. Биз иймон келтириб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилсак бўлди. Фарзанд кўрганимизда мусулмонча исм қўйиб, ўғилларимизни суннат қилдириб, оила қураётганларимиз никоҳ ўқитиб ва ўлганларимизга жаноза ўқитиб, сўнг уларни йўқлаб худойи қилсак мусулмони комил бўламизда деб ўйлашлари мумкин. Бу овропадаги черков ва унга қарши чиққанлар орасидаги аёвсиз урушда ғолиб чиққан черков душманларининг гапидир. Улар динни черков биносига қамаб қўйиб бошқа ёқда ўз билганларини қилиш учун шундоқ ҳукм чиқаришган. Ана ўша овропалик черков душманларига шогирд тушганлар уларнинг гапини Исломга ҳам жорий қилишга ҳаракат қиладилар.

Аслида эса, Исломда дин ва дунё деган айри-айри тушинча йўқ. Ҳар иккисини қўшиб жамловчи – Ислом деган тушинча бор. Ислом инсоннинг ҳаётидаги ҳар бир соҳада  ўз кўрсатмасини беради. Мусулмонлар ҳамма нарсани Ислом таълимотларига мослаб адо этишлари матлуб.

Унда ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифдаги «дунё»ни қандоқ тушинишимиз керак? деган ҳақли савол бўлиши турган гап. Бу саволга жавоб эса, юқорида ўрганиб ўтган таълимотларимиздан келади. Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларидан келади.

Келинг, аввало «Хурмони чанглатиш» ҳадисининг бошқа ривоятларни ҳам кўриб чиқайлик, кейин хулоса чиқаришга ҳаракат қиламиз.

Имом Муслим Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хурмолар устида турган қавмнинг олдидан ўтдим. Бас, У зот:

«Анавилар нима қилишмоқда?»-дедилар.

«У(хурмо)ни чанглатишмоқда, эркагини урғочисига қўшса, чангланади»-дедим.

«Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан»-дедилар, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одамларга бунинг хабари берилди. Бас, улар у(чанглатиш)ни тарк қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда:

«Агар ўша нарса уларга манфаат берса уни қилаверсинлар. Албатта, Мен бир гумон қилдим, халос. Гумон ила Мени тутманглар. Лекин, қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар. Чунки Мен зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон демасман»-дедилар»

Имом Муслим Рофеъ Ибн Худайж розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Пайғамбар Мадинага келганларида, улар хурмони чанглатишар эдилар. Бас. У зот:

«Нима қилмоқдасизлар?»-дедилар.

«Буни қилиб юрар эдик»-дейишди.

«Шояд, қилмасангиз ҳам яхши бўлса»- дедилар. Улар тарк қилдилар. Сўнг (мева) нуқсонли бўлди. Буни У зотга зикр қилдилар. Шунда У зот:

«Албатта, Мен бир башарман. Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг. Қачонки, сизга Ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, Мен бир башарман, халос-дедилар»

Ушбу ҳадиси шарифнинг Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятидаги,

«У зот: «Сизлар дунёнгиз ишини билувчироқсиз» дедилар», иборалари ўрнига Толҳа розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда,

«Албатта, Мен бир гумон қилдим, халос. Гумон ила Мени тутманглар», иборалари, Рофеъ Ибн Худайж розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса,

«Қачонки, сизга Ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, Мен бир башарман, халос»-дедилар» иборалари келмоқда.

Демак, дунё, деганда, Ислом таълимотларда башар ўз раъйи, фикри ва тажрибасини ишлатиши учун ажратилган нарсалар англаниши керак экан.

Диққат билан разм солсак, юқоридаги ҳадисларда, «Лекин, қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар», жумласи ва «Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг», жумласи бир-бирларининг ўрнига ишлатилмоқда. Шундоқ бўлганидан кейин, Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир, дин Аллоҳ таолодан бўлган нарсадир дейишимиз лозим бўлади.

Ана энди ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиққан дунё ва дин тушинчаси ҳамда бу икки нарса орасидаги нозик фарқ ҳақида сўз юритсак бўлади. Хурмочиликка диннинг алоқаси борми? Хурмочиликда дунё нима ўзи? Аввал Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир, дедик. Хўш, хурмочилик бўйича Аллоҳ таоло нимани таълим берган? Хурмочилик боғдорчиликнинг, қишлоқ хўжалиги ишларининг бир тури эканини ҳамма яхши билади. Шунингдек, зироатчилик, боғдорчилик ва деҳқончилик ҳақида Ислом дини таълимотлари қанчалик кўп эканини ҳам яхши биламиз. Бир дона кўчат экканга қанча савоб бўлиши, пишган мевадан одамлар, ҳатто қушлар ёки ҳашаротлар ҳам еса савоби экканга тегиши динимиз таълимоти эканини ҳам яхши биламиз. Мазкур ишни амалга оширишда ҳалол-пок бўлиш кераклиги, ҳаром-харишдан хазар қилиш лозимлиги ва ҳоказолар дин бўлмай нима?! Агар мусулмонлар дангасалик қилиб ўз жамиятларини етарли озиқ-овқат ва мева-чева билан таъминлай олмасалар ҳаммалари тенг гуноҳкор бўлишлари Ислом ҳукми бўлмай нима?! Демак, бу соҳа бўйича дин аҳкомлари ҳудди бошқа соҳалардаги каби мукаммал равишда.

Энди хурмочиликдаги, бошқача қилиб айтсак, боғдорчилик, умуман қишлоқ хўжалигидаги «дунё»га келадиган бўлсак, хурмони чанглатиш ёки чанглатмаслик, чанглатса, қачон ва қандоқ қилиб чанглатиш. Шунингдек, янги кўчатни қачон, қандоқ ерга, қай тарзда экиш ва шунга ўхшаш инсон тажрибасига, тадбирига оид нарсалар киради. Динимиз ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги ҳалол-ҳаром, жоиз-ножоиз, савоб-гуноҳ ва марғуб-номарғуб тарафларни белгилаб берган. Мусулмонлар ана ўша таълимотларга амал қилишлари матлуб. Ҳар бир соҳанинг инсон тажрибасига оид томони эса мусулмонлар ихтиёрига қўйилган, унда ким ижтиҳод қилиб янги натижага эришса икки савоб, эриша олмаса, бир савоб олади.

Ушбу маъноларни яхшироқ тушиниш ва гапни чўзиб юбормаслик мақсадида аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларига қайтайлик. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг иккинчи тури ҳақида сўз юрита бориб:

«Ўша нарсалар(яъни, Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаган нарсалар) жумласига: Тиб ҳам киради» деган эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тибга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳатто баъзи уламоларимиз турли ҳадис китобларидаги, тиб боблари билан кифояланиб қолмай, ат-Тиббу ан-Набавийю (Набавий тиб) номли китоблар ҳам таълиф қилганлар. Шу билан бирга уламоларимиз, аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийга ўхшаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг тиббий тажрибага боғлиқлари диндан эмаслиги, яъни мусулмонлар учун ўша ҳадисларга амал қилишлари динимиз талаби эмаслигини  таъкидлайдилар. Чунки У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиси шарифларни Ўзлари яшаб туган замон ва макон ҳамда жамият тажрибасига суяниб айтганлар. Мисол учун Ибн Можа, ал-Ҳоким ва Абу Нуъайм каби муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиз уйқудан олдин исмид(сурма)ни лозим тутинг, у кўзни равшан қилур ва тукни ўстирур» деганлар.

Бу ҳар бир мусулмон кўзида шикояти бўлса, ухлашдан олдин исмид номли сурмани суртиб ётиши лозим, агар шуни қилмаса, гуноҳкор бўлади, дегани эмас. Балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўз шароит ва тажрибаларига суяниб, атрофларидаги кишиларга берилган маслаҳатдир. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, жумладан,тиб борасида айтганлари ҳам биз учун зардан ҳам қимматли. Ҳозирги замон тиб илми У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиб борасида айтганлари мўъжиза эканлигини таъкидламоқда. Лекин шундоқ бўлса ҳам, илмий ҳақиқатнинг ўз қоидалари бор. Ҳамма нарсани ўз номи ила аташ керак. Айниқса диндан бўлмаган нарсани дин дейишга ҳеч ҳаққимиз йўқ. Агар ана шундоқ қиладиган бўлсак, ҳар бир мусулмонга сурма қўйишни мажбурий қилган бўлар эдик. Ҳолбуки, баъзи макон ва ҳолатларда сурма қўйиш фойда бермаслиги ҳам мумкин.

Аммо бу дегани, тиб дунё иши, унга Ислом аралашмаслиги керак дегани эмас. Исломнинг тибга оид ўзига хос таълимотлари бор. Мусулмонлар ўша таълимотларга амал қилишлари матлуб.

Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом ал-Ҳоким ва Имом Ибн Ҳиббонлар Усома Ибн Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам бергандир» деганлар.

Имом Бухорий ва Имом Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда эса:

«Аллоҳ қай бир дардни нозил қилган бўлса, унинг давосини ҳам нозил қилгандир» дейилган.

Ушбу таълимотлар ҳар бир мусулмонга ўз соғлиги учун ҳаракат қилиш вазифасини юклайди.

Имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта Аллоҳ сизнинг шифоингизни, Ўзи сизга ҳаром қилган нарсада қилган эмас» деганлар.

Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсонга шариатимизда ҳаром саналган нарсани даво сифатида истеъмол қилиш мумкин эмас. Мана шунга ўхшаш нарсалар диндир. Аммо тиб илми мутахасислари тажрибаларига боғлиқ; дори тайёрлаш, беморликни аниқлаш, даволашни қайси услуб ила олиб бориш, дорини қанча миқдорда ва нима воситасида юбориш каби ишлар дунёдир. Мисол учун биров, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида игна ила дори юбориш бўлмаган, ким игна ила дори қабул қилса гуноҳкор бўлади, деса нотўғри гапирган бўлади.

«Мазкур нарсалар жумласига: У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг» деган гапларига ўхшаш боблар ҳам киради. Булар тажрибага суяниб айтиландир» дейдилар, аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий ўз сўзлариниг давомида.

Бу ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам от танлашда маслаҳат тариқасида айтганлар. Муҳаддис имомларимиз ушбу ҳадиси шарифни ўз китобларининг жиҳод бобида келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни ўз замонлари, яшаб турган шароитлари, шахсий тажрибалари ва қолаверса ўша пайтдаги от турларига қараб айтганлар. Ҳақиқатда, бу жуда ҳам ўринли маслаҳат бўлиб, кўп фойдаларга сабаб бўлган. Лекин ушбу маъно дин тусини олиб, ҳамма замон ва макондаги мусулмонлар учун амал қилиш лозиму лобуд ҳукмга айланган эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ўхшаш тажрибага асосланган, маслаҳат тарқасидаги гапларни гапирган бўлсалар, бош устига, лекин бу қабилдаги гаплари ила У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарлик сифатида айтган гаплари орасида  фарқ бўлади.  Яна, аллома Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларидан навбатдагисига мурожат қилайлик:

«Ўша нарсалар жумласига: У зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифа лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор(мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) таъйин қилишига ўхшашлар»

Ҳа, жиҳод-уруш ишларининг «дунёвий» қисмига душманга қарши лашкар тайёрлаш, лашкарга зарур нарсаларни, бошқа турли тадбир чораларни тайёрлаб, йўлга қўйишлар киради. Ҳеч ким, ҳадис китобларида келишича Пайғамбаримиз вақтларида урушга туя миниб борилган экан, биз ҳам туя миниб боришимиз керак, деийиш ҳаққига эга эмас. Ёки урушда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, камон, найза ва қиличгина ишлатилади. Бошқа қурол ишлатиш Суннатга хилоф бўлади, ҳам дея олмайди.

Ушбу масаланинг «диний» томонига келсак, бу томонини Ислом очиқ баён этиб қўйган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларни доимо душмандан ҳазир бўлиб, тайёр туришга чорлаб:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни хушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғолинг ёки тўп ҳолингизда қўзғолинг!»

Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг мусулмонларга жиҳод бобидаги амрларидан бири ҳисобланади. Динимизнинг ушбу ҳукмига биноан мўминлар доимо ўта ҳушёр ҳолатда, бепарво бўлмасдан туришлари лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада мўмин бандаларига хитоб қилиб душманга қарши ҳарбий куч-қувватни тайёрлаб қўйишни буюради:

«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардин бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз»

Шунингдек, динимиз урушда риоя қилиниши лозим бўлган қонун-қоида ва одоб-ахлоқларни ҳам белгилаб берган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмайди»

Худди шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ҳадиси шариф ворид бўлган:

Имом муслим ривоят қилган ҳадисда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўлжага хиёнат қилманглар. Номардлик қилманглар. Ўлганларнинг аъзоларини кесманглар. Ёш болаларни қатл этманглар» деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу мавзуъда, яъни, жиҳод-уруш мавзуъсида У зотнинг Пайғамбарлик вазифасини адо этишлари юзасидан ворид бўлган бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор:

Жумладан У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Уқба Ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Огоҳ бўлингиз! Албатта қувват отишдадир» дейдилар.

Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом ал-Ҳокимлар Уқба Ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким отишни ўргансаю, сўнгра унитса, неъматга ношукрлик қилган бўлади» деганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Ким Аллоҳнинг калимаси устин бўлиши учун қитол қилса, бас, у Аллоҳнинг йўлидадир» деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиш мусулмонлардан матлубдир.

Мана шунга ўхшаб, инсон ҳаётининг турли соҳаларида динимиз таълимотлари борки, уларга амал қилиб яшаш мусулмонларнинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир. Уларга ким амал қилмаса гуноҳкор бўлади. Шу билан бир вақтда, ўрганиб ўтганимиздек, инсоннинг оддий ҳаётий тақозо ва тажрибаларидан келиб чиқадиган нарсаларда ҳам ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Мазкур, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башарлик сифатларидан келиб чиққан ва яна шунга ўхшаш У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликларига алоқаси йўқ омиллардан келиб чиқиб содир бўлган нарсалар эса, шаръий ҳукм даражасидаги нарса деб қабул қилинмаган. Бу масалани уламоларимиз батафсил баён қилганлар. Биз ҳам ўша баёнлар денгизидан баъзи томчиларидан қўлимиздан келганича ўрганиб ўтдик. Аллоҳ хоҳласа, ушбу «Ҳадис ва ҳаёт» китобимизда ҳар мавзуънинг ўрни келганда яна кенгроқ тушинишга ҳаракат қиламиз, деган ниятимиз бор.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио