Ҳадис ва Ҳаёт (Ҳадис илми)

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

СУННАТНИНГ САНАД ЖИҲАТИДАН ТАҚСИМИ

Суннат, яъни ҳадислар, санади, яъни ривоят қилган кишилар эътиборидан Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида учга бўлинади:

1.»Мутавотир» – бу истилоҳ луғавий жиҳатдан «кўплик» маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса, бундай ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамларининг ёлғон келишувига имкон бермайдиган даражада кўп бўлиши керак. Мисол учун бир ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийда шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъийнлар, улардан эса худди шунча табаъа тобеъийнлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис мутовотир ҳадис, дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби нарсалар кўп марта, кўпчилик ҳузурида бўлгани учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилган. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин» ҳадиси ва шунга ўхшаш кўпгина ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этсаю, лекин унга амал қилмаган одам эса гуноҳкори азим бўлади.

2.»Машҳур» – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасига етмайдиган саҳобий ёки саҳобалар ривоят қилиб, улардан кўпчилик ривоят қилиб шуҳрат топган ҳадисни «машҳур» дейилади. «Машҳур» ҳадиснинг «Мутавотир»дан фарқи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида халос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳа-дислардир. Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса гуноҳкор бўлади. «Мутавотир» ҳадис ҳам, «машҳур» ҳадис ҳам Қуръони Каримнинг умумий ҳукмини хос, мутлақ ҳукмини қайд қилади.

3.»Оҳод». Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса биринчи уч асрда ровийларнинг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб ила гуноҳкор бўлади.

Шу билан бирга уламолар оҳод ҳадисда келган ҳукмга амал қилиш учун баъзи шартлар ҳам қўйганлар. Жумладан Ҳанафий мазҳаби уламолари оҳод ҳадисга амал қилиш учун учта шарт қўйганлар.

1)Ўша оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Чунки, ўзи ривоят этсаю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Чунки, ровий, ўша ривоят мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин. Шунинг учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган. Чунки, Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳу ўзлари уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.

2)Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар намозда рукуъга кетишдан олдин икки қўлини кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Бу иш аслида кўп такрорланадиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Чунки намоз кўп ўқилган, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис оҳод бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.

3)Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг елини тўлиб турган қўйини соғиб турган одам сут ўрнига бир соъ миқдорда хурмо бериши зарурлиги ҳақидаги ҳадис мисол бўлади. Шариат қоидаси бўйича бир нарсанинг ўрнига ўзига ўхшаш нарса қайтарилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис насх бўлган бўлиши мумкин.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио