Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

УҲУД ҒАЗОТИ

Бадрда мағлубиятга учраб, савдо йўллари тўсилиб қолгач, қурайш зодагонлари бу мушкул аҳволдан қутилиш чорасини излай бошлашди. Улар Абу Суфёнга учрашиб: "Муҳаммад бизни хўрлаб, мўътабар одамларимизни ўлдирди. Карвон билан жўнатган молларимизнинг фойдасини Муҳаммад билан урушишга сарфламоқчимиз. Бу ишга ўзинг бош бўлгин", дейишди. Карвондаги моллар Доруннадвада сақланар, унинг фойдаси эллик минг динор эди. Бу гапдан руҳланган Абу Суфён дарров уруш тадорикига киришди, қурайшларнинг ўзидан уч минг одам тўпланди. Улар орасида иттифоқдошлари Мусталиқ, Ҳавн ибн Хузайма уруғлари ҳам бор эди. Бундан ташқари расулуллоҳни ёмон кўриб бир тўда одамлари билан Мадинадан чиқиб кетган Абу Омир Роҳиб, Авсий Кинона ва тиҳомалик араблар ҳам уларга қўшилди.

Сафвон ибн Умайя шоир Абу Аззага: "Сен ҳеч бўлмаса бизга тилинг билан ёрдам бер", деди. Абу Азза Бадр ғазотида асирга тушганда расулуллоҳ уни товон олмай қўйиб юборган ва миннатдор шоир бундан кейин ҳеч қачон Исломга тил тегизмасликка ваъда берган, иккинчи қайта мусулмонлар қўлига тушишга тоқати йўқ эди. Бироқ Сафвон таънаю маломат қилавериб уни ҳоли-жонига қўймади. Абу Азза яна қўлга тушса омон қолмаслигини била туриб мушрикларнинг қутқусига учди. Бор сўзамоллик санъатини ишга солиб ҳаммани мусулмонларга қарши курашга чорлай бошлади.

Жубайир ибн Мутим Ваҳший исмли қулига Ҳамзани ўлдириб, амаким Туайимнинг интиқомини олиб берсанг, озод қиламан, дея ваъда берди. Қурайшлар мешларга ароқ-шаробларни тўлдириб, чўрию канизакларини олиб, чилдирмаю ноғораларини чалганча йўлга тушдилар. Айрим зодагонлар бу жангда чекинмаслик учун хотинларини ҳам ҳамроҳ қилиб олдилар ва жуда катта дабдаба, асъаса билан Мадина яқинидаги Зуҳулайфа деган жойга келиб тушишди.

Қурайш мушриклари жангга отлангани ҳақида пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Аббос мактуб йўллаб хабар етказди. Унинг ўзи Бадрда жуда кўп талафот кўрганини баҳона қилиб бу юришдан четда қолди. Расулуллоҳ саҳобалар билан кенгашиб, шаҳардан ташқарига чиқмасликни, агар ёв Мадинага бостириб кирсагина жанг қилишни таклиф этдилар. Бу фикр ёши улуғ муҳожир ва ансорларга маъқул келди, бироқ Бадр жангида зафар қучган ёшлар, шу жумладан Ҳамза Ибн Абдулмутталиб ҳам ғаним билан шаҳар ташқарисида олишишни талаб қилишди. Улар сон жиҳатдан кўпчилик ҳамда урушнинг асосий юки шуларнинг зиммасига тушадиган бўлгани учун пайғамбар алайҳис-салом ўз фикрларидан қайтдилар.

Шаввол ойининг ўнинчи кунидаги Жумъа намозидаги хутбада расулуллоҳ саҳобаларни довюрак ва сабр-бардошли бўлишга чақирдилар: "Чидам ва сабр эгаларига ғалаба ёр бўлгай!" дедилар. Шундан кейин уйларидан икки қават совут (симдан тўқилган кийим) кийиб, қилич тақиб, қалқонларини орқаларига осиб чиқдилар. Шаккоклиги учун ёшларни айблаган катталар: "Эй расулуллоҳ, сенинг фикринг бўйича иш қилганимиз дуруст эмасми?" дейишди. "Пайғамбар жангу жадал либосини кийгач, душманлари билан урушиб Оллоҳ ирода этган натижани кўрмагунча кийимини алмаштириши мумкин эмас", дедилар расуллулоҳ ва байроқларни тарқатдилар.

Муҳожирлар байроқдори Мусъаб ибн Умайир, Хазраж қабиласининг яловбардори Ҳаббоб ибн Мунзир, Авс қабиласининг аъламбардори Усайид ибн Ҳузайир бўлди. Минг кишилик қўшин шаҳардан чиқиб, тоққа яқинлашиб қолганда бир тўп қуролли кишиларга дуч келишди. Булар яҳудий Абдуллоҳ ибн Убайнинг иттифоқчилари эканини билган расулуллоҳ: "Мушрикларга қарши курашда кофирлардан ёрдам сўрамаймиз", деб уларни қайтариб юбордилар, сабаби уларнинг хиёнат қилмаслигига ишонч йўқ эди. Пайғамбар алайҳис-салом қўшинни кўздан кечириб балогъатга етмаган ўспиринларни орқага қайтариб юбордилар. Уларнинг орасида Рофий ибн Хадиж билан Сумра ибн Жундублар ҳам бор эди. Рофийнинг уста камончилиги маълум бўлгач, қолдирилди. Буни эшитган Сумра: "Нега энди кураш тушганда доим мендан енгилиб юрадиган Рофий қолиб, мен кетар эканман", деб йиғлаб юборди. Буни эшитган пайғамбар алайҳис-салом иккаласини курашга солдилар. Чиндан ҳам Сумра ғолиб чиққач, сафда қолдирилди.

Қўшин шу ерда тунади. Муҳаммад ибн Маслама билан Заквон ибн Абди Қайс посбонликка қўйилди. Эрталаб қўзғалиб, Уҳуд билан Мадина орасидаги Шават деган боққа етганда Абдуллоҳ ибн Убай: "Менинг маслаҳатимга қулоқ солмай (расулуллоҳни айтмоқчи) гўдакларнинг гапига кириб шаҳар ташқарисига урушгани чиқди. Биз нега бекордан бекорга ўзимизни ажалнинг тиғига урушимиз керак экан?" деб уч юз одами билан қайтиб кетди. Жобирнинг отаси Абдуллоҳ ибн Амр уларнинг орқасидан бориб: "Ҳой биродарлар, ўз қавмингиз билан пайғамбарингизни ташлаб кетгани Худодан қўрқинг", деди. "Уруш бўлишини билганимизда сизларга сира ҳам қўшилмасдик", деди қочоқлар. "Оллоҳ сизларни биздан йироқ қилсин. Худо хоҳласа, пайғамбаримиз сизларга сира ҳам муҳтож бўлмайди", деди Абдуллоҳ ибн Амр. Бу воқеа мусулмонлар сафига саросима солди, Хориса билан Салама аймоғининг одамлари ҳам вақтни ғанимат билиб жуфтакни ростламоқчи бўлишди-ю, лекин ботинишолмади. Қайтиб кетганларни нима қилиш кераклиги ҳақида дарров бир қарорга келишолмади, фикрлар иккига бўлиниб бир гуруҳ улар билан урушиш, иккинчиси эса ўз майлига қўйиб бериш тарафдори эди. Бу хусусда парвардигори олам Нисо сурасининг 88-оятида бундай дейди: "Сизлар нега мунофиқлар ҳақида икки гуруҳга бўлинасизлар? Ваҳоланки, Оллоҳ мунофиқларни қилмишлари туфайли куфурга қайтарди. Оллоҳ уларни гумроҳ қилган бўлса-ю, сизлар ҳидоятга эриштирмоқчимисизлар? Оллоҳ гумроҳ қилган кимсага сен ҳеч қачон ҳидоят йўлини топиб беролмайсан".

Қўшин Уҳуд тоғидаги бир дарага келиб тушди. Расулуллоҳ қўшинни Мадина томонга юзлантириб, тоғ этагига жойлаштирдилар. Тоғ яқинидаги текисликдан жой олган мушрикларнинг ўнг қанотига Холид ибн Валид, чап қанотига Икрима ибн Абужаҳл, пийодаларга эса Сафғон ибн Умайя бошчилик қиларди. Пайғамбар алайҳис-салом Холидга Зубайир ибн Аввом қўмондонлигидаги қўшинни, чап қанотдагилар билан пийодаларга қолган лашкарларни қарши қўйдилар. Эллик камончига мадиналик Абдуллоҳ ибн Жубайирни бош қилиб, орқа томонга жойлаштирилди а кутилмаганда ҳужум бўлиб қолса, қайтариш, мусулмонлар енгса ҳам енгилса ҳам, ўрнидан қимирламаслик буюрилди. Шундан кейин расулуллоҳ нутқ сўзлаб, жангчиларни саботли бўлишга чақириб: "Жаброил дилимга солдики, киши ризқи битмагунча ўлмайди. Ризқинглар тугамаган бўлса, Оллоҳдан қўрқиб, уни ҳалол йўл билан топинглар, ҳаром йўлларни изламанглар. Мўминлар худди инсон танасидаги аъзоларга ўхшайди, агар бирортаси оғриса, бутун бадан ҳаловатини йўқотади", дедилар.

Шундан кейин таомилга биноан яккама-якка олишув бошланди. Мушриклар сафидан бир одам чиқиб, муборизага талабгор чақирди. Зубайир олдинга чиқиб, уни ўлдирди. Мушрикларнинг байроғи Талҳа ибн Абу Талҳанинг қўлига ўтди. Али уни ўлдиргач, байроқни қариндоши Усмон олди. Ҳамза уни ўлдиргач, байроққа Абу Саид эга бўлди. Саъд ибн Абу Ваққос уни ёй отиб ўлдиргач, байроқ қулади. Шундан кейин чиққан тўрт киши ҳам ҳалок бўлди. Мушриклар сафидан Абу Бакрнинг ўғли Абдураҳмон муборизага чиққанда олдинга интилган отани расулуллоҳ қайтариб: "Сен бизга кераксан", дедилар.

Мушрикларнинг суворийлари уч марта қилган хужуми камончиларнинг ўқ селига дуч келиб қайтди. Икки томон юзма-юз бўлиб, жанг қизиган пайтда лашкарнинг руҳини кўтариш учун мушрикларнинг аёллари чилдирмаларни чалиб, шўх-шўх қўшиқлар айта бошлашди. Буни кўрган расулуллоҳ: "Эй яратган эгам, сенга ишониб хужумга ўтаман, сен учун ғазот қиламан. Менга ўзинг кифоясан, парвардигор, сен ишончли ва суюкли зоцан!" дедилар.

Кутилмаганда расулуллоҳнинг амакилари Ҳамза ибн Абдумутталиб шаҳид бўлди. У ўнгу сўлдан келган душманни қийратиб кетаётганида Ваҳший исмли қул найза уриб унинг қорнини ёриб ташлади. Буни кўрган мусулмонлар янада шиддат билан жангга киришиб, душман саркардаларини кетма-кет ҳалок қилишди. Мушриклар орқа олдига қарамай қоча бошлади, жанг майдонида ўралашиб юрган аёллар уввос солиб йиғлашга тушди. Мусулмонлар бўшаб қолган жанг майдонидаги кийим-кечак, қурол-ярогларни йиғишга киришишди. Тогъ тепасидаги ўқчилар буни кўришгач, расулуллоҳнинг топширигини унутиб, ўлжа олишга югуришди, бошлиғи Абдуллоҳ ибн Жубайирнйнг гапига ҳеч ким қулоқ солмади. У бир нечта одами билан ўз жойидан жилмай тураверди. Бу аҳволни кўрган Холид ибн Валид ўқчиларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлади. Жанг майдонидаги мавқэни қўлга киритгач, ўлжа йиғиб юрган мусулмонларни бир четдан қийрата бошлади.

Саросимага тушиб қолган мусулмонлар нима қиларини билмай ўлжасини ташлаб дуч келган томонга қоча бошлади, ҳатто янглишиб бир-бирларига қилич ҳам солишди. Бир мушрик аёл ерда ётган байроқни кўтарган эди, атрофига дарров аскар тўпланди. Ибн Қимъа деган мушрик мен Муҳаммадни ўз қўлим билан ўлдирдим, деган овоза тарқатди. Мусулмонлар сафидаги парокандалик баттар кучайди. Бир гуруҳ одам пайғамбар ўлган бўлса ҳам, биз динни ҳимоя қилиб урушишимиз керак, дейишди. Мағлубиятдан эсанкираб қолган Валид ибн Уқба, Хорижа ибн Зайид, Рифоа ибн Муаллоҳ, Усмон ибн Аффон орқага чекинишди, лекин дабдурустдан Мадинага киришдан уялиб, уч кунгача шаҳар атрофида айланиб юришди.

Расулуллоҳ омон қолган мусулмонларни жамлаб, курашни давом эттирдилар. Абу Талҳа Ансорий у кишининг ёнида юриб, ҳимоя қилишга уринарди. Уста мерган Абу Талҳа ғанимни бехато урар, садоқни расулуллоҳга бериб, менинг жоним сен учун фидо бўлсин, дея ғанимларни у кишининг яқинига йўлатмасди. Расулуллоҳ мусулмонларга: "Оқларингизни Абу Талҳага беринглар", дер эдилар. Абу Талҳа душман томонни кузатиб, бўйнини чўзаётган расулуллоҳнинг этагидан тортиб: "Қўй, улар томонга қарама, тағин бирон дайди ўқ тегаб кетмасин. Сен менга ота-онамдан ҳам азизсан. Қандай бўлмасин, жонингни асраб қолишим керак", дерди. Пайғамбар алайҳис-саломни муҳофаза қилганлар орасида Саъид ибн Абуваққос, уста мерганлардан Саҳл ибн Ҳаниф, расулуллоҳни танаси билан пана қилиб, ўқ тегса ҳам қилт этмай турган Абу Дужона, тайғамбарни ҳимоя қилиб шаҳид бўлган Зийода ибн Ҳорис бор эди.

Пайғамбар алайҳис-салом бошларига тушган бу қийинчиликларга мардона бардош бердилар. Убай ибн Халаф у кишини ўлдиришга қасд қилиб келаётганини кўрганларида ёнидагиларнинг найзасини олиб, оғир яраладилар. Убай Уҳуддан қайтаётганида ўша жароҳатдан вафот этди. У расулуллоҳнинг барча ғазотларда ўз қўллари билан олдирган ягона одам эди. Абу Омир Роҳиб мусулмонлар тушиб кетсин деган ниятда катта-кичик ўралар ковлаб, устини хас-пўшлаб қўйди. Пайғамбар алайҳис-салом шундай чуқурлардан бирига йиқилиб, тиззалари шилинди. Али билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ у кишини тортиб олишди. Тонг отиб расулуллоҳнинг курак тишларини синдирган Утба ибн Абу Ваққосни Ҳатиб ибн Абу Балтаг югуриб бориб ўлдирди.

Мушрик Абдуллоҳ ибн Шиҳос Зуҳрий расулуллоҳнинг юзини ёриб юборди. Ибн Қимъа шундай қаттиқ урдики, совутнинг симлари расулуллоҳнинг юзларига кириб, қонатиб юборди. Ёрдамга етиб келган Абу Убайда симларни тишлаб суғурганда тишлари синиб кетди. "Пайғамбарнинг юзини қора қонга белаган қавм нажот топармиди" дедилар пайғамбар алайҳис-салом. Оли Имрон сурасининг 128-оятида парвардигор бу хусусда шундай дейди: "Ҳеч бир ишнинг инон-ихтиёри сенинг измингда эмас, Оллоҳ ё уларнинг тавбасини қабул қилади, ё золим бўлгани учун азобга гирифтор этади.

Расулуллоҳ ўлдига чиқарилганларидан кейин у кишини биринчилар қатори кўрган Каъб ибн Молик Ансорий қувонганидан: "Мусулмонлар, хушхабар!" дея қичқириб юборди. Расулуллоҳ унга жим бўлишни амр этиб, Саъд ибн Абу Ваққос билан Саъд ибн Убоданинг ҳамроҳлигида сафдаги ўз жойларини эгаллашга юрдилар. У кишининг ёнида Абу Бакр, Умар, Али, Талҳа, Зубайир, Ҳориз ибн Саммалар ҳам бор эди. Тўсатдан уларнинг олдидан Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Муғиро чиқиб: "Муҳаммад қани? Ҳозир ё у ўлади, ё мен ўламан", дея дағдаға қилди. Кутилмаганда мушрикнинг оти мункиб, ўзи чуқурга юмалаб тушди. Ҳориз ибн Самма вақтни ғанимат билиб, уни чопиб ташлади.

Пайғамбар алайҳис-салом жанговар сафда ўз ўринларини эгаллаганларидан кейин Али сув қуйиб турди, Фотима у кишининг жароҳатларини ювиб, малҳам қўйди. Расулуллоҳ катта тош устига чиқиб, жанг майдонини кузатмоқчи бўлдилар, бироқ кўп қон йўқотганлари учун харсангга чиқолмадилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ югуриб келиб у кишига кўмаклашди. Расулуллоҳ тоғ ёнбағрини эгаллаган душманларни кўриб: "Улар биздан юқорида турмаслиги керак, — дедилар ва Худога муножот қилдилар, — Эй яратган эгам, ўзинг бизга куч-қувват ато этгин!" Умар ибн Хаттоб бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмонлар жанг қилиб ғанимларни тоғ тепасидан қувиб туширдилар. Пайғамбар алайҳис-саломни қўриқлаётганлар жуда кўп жароҳатланишгани учун бирин-кетин сафдан чиқа бошлашди.

Расулуллоҳни мўлжаллаб отилган ўқларга ўзини қалқон қилавериб етмишдан ортиқ жароҳат олган Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг бир қўли бутунлай ишламай қолди. Каъб ибн Молик ўн этти еридан яраланди. Умуман бу жангда мусулмонлардан етмиш киши шаҳид бўлди; уларнинг олтитаси муҳожирлардан, қолгани ансорлардан эди. Шаҳидлар орасида муҳожирлардан Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Мусъаб ибн Умайир, ансорлардан Ҳанзала ибн Абу Омир, Амр ибн Жамуҳ, унинг ўғли Халлод ибн Амр ва хотинининг акаси бор эди. Амрнинг аёли шаҳидларни туяга ортиб, Мадинада дафн этмоқчи бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом шаҳидларни Уҳуддан олиб кетишни таъқиқладилар. Ҳинд ноилож орқага қайтиб кетди. Шаҳидлар орасида Саъд ибн Робиъ қам бор эди.

Расулуллоҳ излаб топиш учун одам юборганларида у узиладиган бўлиб турган экан. Пайғамбар алайҳис-саломдек зот уни эслаб излатганларини эилгач, бениҳоя таъсирланиб кетди. "Қавмимга айтинглар, расулуллоҳга берган аҳдида қаттиқ турсин. Худонинг номи билан қасамйод қиламанки, агар ваъдасида туришмаса, у дунйода менинг юзимга қарашолмайди", деди. Шаҳид бўлганлар орасида Анас ибн Моликнинг амакиси Анас ибн Назир ҳам бор эди. У пайғамбар алайҳис-саломнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитгач: "Эй, қавмим, расулуллоҳдан орқада қолиб нима қилдик? Биродарларимиз каби душман билан олишиб ўлайлик!" деди-да мушрикларнинг сафига ўзини урди ва баҳодирларча олишиб ҳалок бўлди.

Мушриклар бу жангда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни қилишди. Улар жасадларнинг қулоқ ва бурунларини кесиб олишди, қорнини ёриб, ичак-чавоғини ағдариб ташлашди. Абу Суфённинг хотини Ҳинд Ҳамзанинг қорнини ёриб жигарини суғуриб олди-да, чайнади, бироқ ютиб юборолмай туфлаб ташлади. Қўли баланд келганидан ғурурланган Абу Суфён тоғ тепасига чиқиб баланд овозда: "Яхши уруш бўлди, саваш бор жойда енгиш, енгилиш бўлиши турган гап. Омадимиз чопиб Бадрдаги ўчимизни олдик. Хоҳласанглар келгуси йили Бадрда яна учрашамиз. Оликларнинг қулоқ бурни кесиб ташланибди, мен бундай қилишга буйруқ бермаганман, лекин бу ишдан кўп хафа бўлганим ҳам йўқ", дея жар солди. Шундан кейин мушриклар Маккага йўл олишди.

Бу жангда мусулмонлар кўп талафот кўришган бўлса-да, енгилмагани ойдинлашади. Агар енгилишганида мушриклар уларни таъқиб этиб, Мадинага бостириб кирар ва шаҳарни талон-тарож қилишар эди.

Пайғамбар алайҳис-салом шаҳидларни кўздан кечирдилар, амакилари Ҳамзанинг чавақланиб ётганини кўриб қаттиқ изтироб чекдилар. Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар энгил-боши билан икки-учтаси бир қабрга дафн этилди. Оғир жангда ҳориб-чарчаган мусулмонларнинг ҳар бир одам учун алоҳида гўр ковлашга мажоли йўқ эди. Улар эзилган аҳволда Мадинага қайтиб келишганда яҳудий ва мунофиқлар масхаралаб кулишди, ўзларини шаҳидларга ачингандек кўрсатиб: "Биз билан қолишганда ўлишмасди", — дея душманликларини ошкор этишди.

Уҳуд жангида мусулмонлар икки сабаб туфайли оғир талафотга учради:

Биринчиси, камончилар расулуллоҳнинг биз енгсак ҳам, енгилсак ҳам ўрнингиздан қимирламанг, деган топшириқларига амал қилмай жойларини ташлаб кетганлиги; иккинчиси, ҳар бир ишни Худо йўлида холис эмас, балки жуда кўп мусибатларга сабаб бўладиган дунё манфаатини кўзланганидир. Камончилар дунё манфаатини ўйлаб ўлжанинг кетига тушиб кетишди ва оқибатда бунинг жазосини тортишди.

Оллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 152-оятида Уҳуд жанги тафсилоти ҳақида бундай дейди: "Оллоҳ сизларга берган ваъдасида турди. Оллоҳнинг иродаси билан уларни қираётган эдинглар, Оллоҳ сизлар ёқтирадиган ғалабани кўрсатгандан кейин заифлашиб қолдинглар, пайғамбарнинг амри ҳақида баҳслашдинглар, (пайғамбарнинг амрига) бўйсунмадинглар; баъзиларингиз дунёни кўзладингиз, баъзиларингиз охиратни кўзладингиз, кейин Оллоҳ синаш учун сизларни душмандан қайтарди ва сизларни афву этди. Оллоҳ мўминларга марҳамат қилгувчидир".

Уҳуд фожиасининг асосий сабаби бирликнинг йўқлиги, бошлиққа итоат этмай бош-бошдоқлик қилиш, зарур пайтда шижоатнинг етишмаслигидир. Ҳар қандай ишда бирлик, бошлиққа итоат ва жасорат зарур. Оллоҳ ҳаммага тавфиқ берсин.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио