Нурул-яқин

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

АСИРЛАРНИ ҚУТҚАРИБ ОЛИШ. ФИДЯ

Мутталиб ибн Абу Вадоа Саҳимий мушрикларнинг тақиқлашига қарамай яширинча Мадинага келди-да, тўрт минг дирҳам тўлаб отасини қутқариб олди. Шундан кейин қурайш мушриклари ҳар бир одам учун мингдан тўрт минг дирҳамгача товон тўлаб, ўз яқинларини асирликдан озод қилишди. Пули йўқ, лекин илмли одамлар мадиналик ўнта боланинг саводини чиқариб тутқунликдан қутулиши мумкин эди. Абу Суфёнга товон тўлаб ўғлини қутқариб кетиш таклиф этилганда у қатъиян рад этиб: "Мен ҳеч қачон ҳақ тўлаб ўғлимни қутқармайман. Унинг ихтиёри Муҳаммадда, нима қилса ўзи билади", деди. Шундан кейин бу ёвуз кимса Каъба зиёратига борган Саъд ибн Нумон Ансорийни тутиб олиб, қамаб қўйди. Расулуллоҳ Абу Суфённинг ўғлини Саъд билан алмаштиришга мажбур бўлдилар.

Асирлар орасида пайғамбар алайҳис-саломнинг куёви Абул Ос ибн Рабий ҳам бор эди. Мусулмонлар билан мушриклар ўртасида зиддият кучайган пайтда маккаликлар ундан расулуллоҳнинг қизи Зайнабни қўйиб юборишни талаб қилишди. Абул Ос имонга келмаган бўлса-да: "Менинг қўядиган хотиним йўқ. Қурайшда унга тенг келадигаи яхши хотин топилмайди", деган эди. Зайнаб эрини асирликдан қутқариш учун тўй куни онаси Хадича бойнига осиб қўйган марваридни отасига юборди. Ҳам Хадичани эслаб, ҳам қизининг чорасиз аҳволига ачиниб кўнгли бузилган расулуллоҳ саҳобаларга: "Абул Осни қўйвориб, марваридни қизимга қайтариб берсанглар бўлармикин", дедилар. Саҳобалар розилик беришди. Пайғамбар алайҳис-салом Зайнабнинг Мадинага кўчиб келишига рухсат бериш шарти билан Абул Осни озод қилдилар. Орадан кўп ўтмай, Зайнаб Мадинага етиб келди. Макка фатҳ этилиши арафасида ислом динига кирган Абул Осга Зайнаб аввалги никоҳи бўйича қайтариб берилди.

Суҳайил ибн Амр фасоҳатли нотиқ бўлгани учун мусулмонларни ҳақоратлаб кўп озор етказган эди. У асирга тушганда Умар ибн Хаттоб: "Эй расулуллоҳ, ижозат бер, Суҳайилнинг икки тишини суғуриб олай, токи сени ёмонлаб гапиролмайдиган бўлсин", деди. Расулуллоҳ: "Мен бировнинг аъзосига зарар етказиб, майиб қилмайман. Золимлик қилсам пайғамбар бўлишимдан қатъий назар Оллоҳ мени ҳам шу кўйга солади. Келажакда Суҳайил исломнинг фойдасига сўз айца ажаб эмас", дедилар. Микроз ибн Ҳафис нотиқ учун тўланадиган ҳақ миқдорини келишгач, Суҳайил озод этиладиган, лекин то товон пули келгунча Микроз гаровда қилган башоратларини рўёбга чиқарди. Сарвари олам вафот этганларидан кейин маккаликларнинг бир қисми бошқа араблар каби диндан қайтмоқчи бўлганда, Суҳайил ўрнидан турди-да, худога ҳамду сано, пайғамбар алайҳис-саломга дуруд ўқиди ҳамда йиғилганларга хитоб этиб: "Эй халойиқ! Кимки Муҳаммадга ибодат қилмоқчи бўлса, у киши оламдан ўтди. Кимки Оллоҳга ибодат қилишни истаса, у тирик, худо абадий барҳаёт! Зумар сурасининг 20-ояти эсинглардами? Оллоҳ: "Сен ҳам албатта ўласан, улар ҳам ўлиши аниқ", дейди. Бундан ташқари Оли Имрон сурасининг 144-ояти айнан сизлар ҳақингиздадир:

"Муҳаммад бор-йўғи бир пайғамбар, ундан аввал ҳам талай пайғамбарлар ўтган. у оламдан ўца, ёки ўлдирижа дарров имондан қайтасизларми?" Худо ҳаққи, мен аниқ биламанки, ислом дини худди қуёш нуридек ер юзига тарқалади. Абу Суфёнга алданманглар, у исломнинг ҳақ дин эканини жуда яхши билади, фақат ҳасадгўйлиги туфайли унга қарши туради. Роббингизга таваккал қилинг! Оллоҳнинг дини кенг тарқалади. Оллоҳнинг сўзи ҳақ. Оллоҳни ёқлаган кишига яратганнинг ўзи мадад беради‘. Худо ўз динига қувват ато этади. Яратган эгам сизларни бирлаштиргани учун ҳаммадан фазилатли Абу Бакрни пайғамбар алайҳис-саломнинг халифаси қилиб сайладинглар. Бу билан ислом дини янада кучга киради. Кимки диндан қайтиб, муртад бўлар экан, шартта калласини оламиз".

Бу гап аросатда юрган одамларни сергаклантирди, ҳақиқий мусулмонларнинг имонини янада мустаҳкамлади. Суҳайил ҳақида айтилган фикр расулуллоҳнинг мўъжизаларидан биридир.

Валид ибн Валидни Холид билан Ҳишом қутқариб олишди. Валид Маккага қайтиб келгач, мусулмон бўлди. Унга: "Товон тўланмасидан олдин имон келтириб қўя қолсанг бўлмасмиди?" дейишганда, "Одамлар қўрққанидан исломга кирибди, дейишмасин деб атай шундай қилдим", дея жавоб берди. Унинг ислом динига кирганидан ғазабланган қариндошлари Мадинага кетишига йўл қўйишмади, Расулуллоҳ Каъба зиёратига келганларида Валид пайт пойлаб у кишиинг ёнига қочиб кетди.

Бадр урушида мушрикларнинг аъламдори бўлган Соиб ибн Язид ислом оламининг мўътабар имомларидан Шофеий Муҳаммад ибн Идриснинг бобокалонидир.

Тутқун Ваҳобнинг отаси Умайир қурайшларнинг шаётинларидан бўлиб, пайғамбар алайҳис-саломга кўп азият етказган эди. Кунларнинг бирида Сафвон ибн Умайя билан Бадр жангида бошларига тушган мусибатларни эслаб ўтиришганда Умайир дардини тўкиб солди: "Агар бировдан қарздор бўлмаганимда, мендан кейин бола-чақамнинг ҳоли не кечаркин деган ташвиш қийнамаганда Мадинага бориб, Муҳаммадни ўлдириб, асирликда қийналаётган ўғлимни қутқариб келардим", деди. Сафвон: "Ундай бўлса, қарзларингни мен тўлайман, бола-чақангнинг ҳолидан хабар олишга сўз бераман", деди.

Умайир қиличига заҳар суви бериб, Мадинага йўл олди. Бир тўда мусулмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Умар қилич осиб келган Умайирга кўзи тушиб: "Манави Оллоҳнинг душмани бўлган ит яхши ният билан келмаган", деди-да, дарров пайғамбар алайҳис-саломга хабар юборди. Расулуллоҳ Умайирни ҳузурларига олиб келишни буюрдилар. Умар душманнинг қиличидан тутганча ичкарига бошлаб кирди. Пайғамбар алайҳис-салом уни қўйиб юборишни буюрдилар ва Умайирни яқинроқ келишга таклиф этдилар. Умайир яқинроқ келиб: "Эртангиз хайрли бўлсин!" деди. Расулуллоҳ: "Парвардигори олам сенинг саломингдан яхшироқ саломни ўргатди", дедилар ва унинг нима мақсадда келганини сўрадилар. Умайир: "Қўлингларда банди бўлиб ётган ўғлим учун келдим, унга мурувват қилинглар", дея ўтинди. "Ундай бўлса нега қилич кўтариб келдинг?" деб сўрадилар пайғамбар алайҳис-салом. "Худо урсин бу қилични, кунимизга ярамади-ку", деди Умайир. "Ростингни айт, нима мақсадда келдинг?" дея қайта сўрадилар расулуллоҳ. "Айтдим-ку, асир ўғлимни қутқаргани келдим", деди Умайир. "Ёлғон гапиряпсан, — дедилар расулуллоҳ. — Сен Сафвон билан тош устида ўтириб, мени ўлдиришга қасам ичдинг. Сафвон қарзингни тўлашга ваъда бериб, қутқу солди". Эси оғиб қолган Умайир: "Сенинг нуқул осмондан келишинга, ваҳийларинга ишонмаган эдим, лекин бу гапларни қандай билдинг? Ахир биз гаплашган ерда Сафвон иккаламиздан бошқа бирон тирик жон йўқ эди-ку", деди. Пайғамбар алайҳис-салом саҳобаларга: "Қариндошинглар Умайирга Қуръон билан диний аҳкомларни ўргатиб, ўғлини қўйиб юборинглар", деб тайинладилар. Умайир Маккага қайтиб боргач, мусулмон бўлганини эълон қилди.

Абу Азиз ибн Умайирни онаси тўрт минг дирҳам тўлаб кутқариб олди.

Пайғамбар адайҳис-саломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб Бадр жангига мажбуран қатнашган эди. Шу боис товон тўлашдан бош тортди. Лекин расулуллоҳ: "Душман сафида бўлганинг учун ҳам қариндошинг Уқайил иккаланг товон тўланмагунча озод этилмайсизлар", дедилар. Улар товон тўлаб озод бўлишди. Кетар олдидан: "Мени қурайшларнинг орасида бир умр косаси оқармайдиган гадо қилиб қўйдинг", дея ёзғирди Аббос. "Бекорларни айтибсан,— дедилар расулуллоҳ. — Сен Бадрга келишдан олдин Уммул-Фазлга жуда кўп мол-мулк қолдириб, қайтиб келсам оламан, мабодо ўлиб кецам сенга бўла қолсин, демабмидинг?". Аббос: Буни ҳеч ким билмаган эди-ку, деб довдираб қолди. Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўз қариндошига ён босмай қилган муомоласи энг адолатли ҳукмдир. У киши Аббоснинг жангга мажбуран чиққанини билсалар-да, барибир афв этмадилар. Ваҳоланки, ҳеч вақоси йўқ камбағалларни кечириб, асирликдан озод қилиб юбордилар. Бу чинакам исломий адолатнинг мумтоз намунасидир. Оллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларга адолатли ва ростгой бўлиш таълимини бериб, Нисо сурасининг 135-оятида: "Эй, мўминлар, ўзингиз, ота-онангиз ё қариндош-уруғингизнинг зарарига гувоҳлик бериш лозим бўлса-да Оллоҳни назарда тутиб, гувоҳликда одил бўлинглар", дейди. Мана шу исломий ахлоқ намуналарини пайғамбар алайҳис-салом асирларга муносабатда намоён этдилар.

Шоир Абу Узза Жумаҳий Маккада яшаётганларида расулуллоҳни ҳажв қилиб, кўп азият етказган эди, асирга тушгач: "Менинг бола-чақали, камбағал одамлигимни биласан, раҳм қилиб, қўйиб юборгин", деб ялинди. Пайғамбар алайҳис-салом илтифот кўрсатиб уни қўйиб юбордилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио