Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

361-боб Вабо тарқаган шаҳардан қочиб чиқиб кетишнинг ҳамда вабо тарқаган шаҳарга киришнинг кароҳияти ҳақида

Аллоҳ таоло: «Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олур» (Нисо сураси, 78-оят);

 

«Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб айтган.

 

1790/1. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб Шом шаҳрига жўнадилар. Қачонки, Сарғ номли жойга етиб келганимизда, шаҳар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ ва ёронлари кутиб олгани чиқиб, Шомда вабо касали тарқаганининг хабарини беришди. Умар р.а. менга: «Аввалги муҳожирларни, яъни икки қиблага қараб намоз ўқиганларни чақир», дедилар. Мен бориб уларни чақириб келдим. Умар р.а. улар билан маслаҳатлашиб, Шомда вабо касали тарқаганининг хабарини бердилар. Улар бунда ихтилоф қилишди. Баъзилари: «Улуғ бир ишни (яъни, душман билан урушишни) қасд қилиб чиққансиз, у режадан орқага чекинишингизни эп кўрмаймиз», дейишди. Баъзилари эса: «Сиз билан бирга бошқа одамлар ва Расулуллоҳнинг  с.а.в.  саҳобалари ҳам бор. Уларни мана бу вабо касалига олиб боришингизни эп кўрмаймиз», дейишди. Умар р.а.: «Менинг ҳузуримдан туринглар», деб айтдилар. Кейин у зот: «Ҳузуримга ансорийларни чақир», дедилар. Мен уларни чақириб келган эдим, улар билан ҳам маслаҳатлашдилар. Ансорийлар ҳам муҳожирлар каби ихтилоф қилиб икки хил фикр айтишди. Умар р.а. уларга ҳам: «Ҳузуримдан туринглар», деб айтдилар. Сўнгра у зот: «Ҳузуримга Макка фатҳ бўлишидан олдин Исломга кирган Қурайш оқсоқолларини чақир», дедилар. Мен уларни чақирдим. Улардан ҳеч бир киши ихтилоф қилмади. Улар: «Эй Умар ибн Хаттоб, сиз одамлар билан қайтиб кетишингизни маслаҳат берамиз. Мана бу вабо касали тарқаган жойга уларни олиб кирманг», деб айтишди. Шу маслаҳатдан кейин Умар р.а. одамларга қарата: «Тонгда мен (Мадинага) қайтиб кетаман. Сизлар ҳам қайтинглар», дедилар. Абу Убайда ал-Жарроҳ р.а. Аллоҳнинг қадаридан (тақдири азалида битиб қўйилган нарсасидан) қочиб кетяпсизми?» дедилар. Умар р.а.: «Қанийди, бу гапни сендан бошқа киши айтганда эди», дедилар. Чунки Умар р.а. Абу Убайдага хилоф чиқишни ёмон кўрардилар. Ва яна Умар р.а.: «Ҳа! Аллоҳнинг (ёмон) қадаридан Аллоҳнинг (яхши) қадарига қочяпмиз. Эй Абу Убайда, менга хабар бер-чи, агар сенда туялар бўлса ва улар бир водийга тушса-да, у водийнинг иккита майдони бўлса, бири кўкаламзор, иккинчиси эса қуп-қуруқ бўлса ва сен кўкаламзорда ўтлатишинг ҳам Аллоҳнинг қадари, қуп-қуруқ ерида ўтлатишинг ҳам Аллоҳнинг қадари эмасми?» дедилар. Шу пайт Абдураҳмон ибн Авф келиб қолдилар. Бу саҳоба баъзи зарур ишлари туфайли бу ерда йўқ эдилар. Абдураҳмон ибн Авф р.а.: «Менинг бу ҳақда Расулуллоҳдан  с.а.в.  эшитган нарсам бор. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар бир жойда вабо тарқалибди, деб эшитсангизлар, у ерга кирманглар. Агар сизлар турган маконда вабо тарқаса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар», деганлар», деб айтдилар. Буни эшитган Умар ибн Хаттоб Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар ва (Мадинага) жўнадилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

1791/2. Усома ибн Зайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар бир ерда ўлат (вабо) касали тарқабди, деб эшитсангизлар, у ерга кирманглар. Агар сизлар яшаб турган жойда ўлат касали тарқаса, у ердан чиқиб кетманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: эпидемия тарқаган жойга кириш ёки ўзи яшаб турган жойда тарқалса, у ердан қочиб чиқиб кетиш тақиқланмоқда. Бугунги кунимизда буни «карантин», деб номлашади. Чунки яшаб турган маконда вабо тарқаса, у ердан қочиб чиққан киши ўзи билан бирга зарарли микробларни эргаштириб, соғлом кишиларга юқтириши мумкин. Мана шу нарсага амал қилиш Аллоҳ таолога таваккал қилишга қарама-қарши нарса эмас. Балки сабабларнинг олдини олиш ва ҳалокатга элтувчи нарсалардан ўзини узоқ тутиш ва айни Аллоҳга таваккал қилишликдир.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио