Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

183-Боб. Махсус суралар ва оятлар тиловатига тарғиб

1008/1. Абу Саид Рофеъ ибн Муъаллодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  менга: «Эй Абу Саид, масжиддан чиқишингдан олдин сенга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатайми?» деб қўлимдан ушлаб (юра бошладилар). Масжиддан чиқмоқчи бўлганимизда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатаман, дедингиз», десам, Расулуллоҳ  с.а.в. : «У етти оятдан иборат «алҳамдулиллаҳи роббил оламийн» бўлиб, менга берилган улуғ Қуръон (сура) шудир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1009/2. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  «қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини қироат қилиш ҳақида қуйидагича сўз айтдилар: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, бу сура Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади».

 

Бошқа ривоятда Расулуллоҳ  с.а.в.  саҳобаларга: «Сизлардан бирингиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишга ожизми?» деганларида, бу сўз саҳобаларга оғир ботди. Ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайсимиз бир кечада Қуръоннинг учдан бир қисмини ўқий олади?» дейишганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қул ҳуваллоҳу аҳад Аллоҳуссомад» сураси Қуръоннинг учдан бир қисмига тўғри келади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1010/3. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши бошқа бир кишининг «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини ўқиётганини эшитди. Тонг отганида Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб, гўё у киши қилган амалини кичик санагандек қилиб зикр этди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, бу сура (ўзи кичик бўлишига қарамасдан) Қуръоннинг учдан бирига тенг келади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

1011/4. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураси ҳақида: «Албатта, бу сура Қуръоннинг учдан бир қисмига тенг келади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1012/5. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини яхши кўраман», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари. Имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ»ларида таълиқ ҳолда ривоят қилганлар.

 

1013/6. Уқба ибн Омирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу кеча менга нозил қилинган оятларга қарамайсизларми? Бу каби сура ҳали кўрилмаган. Ўша сура «Қул аъузу бироббил фалақ» билан «Қул аъузу бироббин нас»дир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1014/7. Абу Саид ал-Худрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  иккита «қул аъузу» нозил бўлишидан олдин жинлардан ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ тилаб юрардилар. «Қул аъузу» сураси нозил бўлганидан сўнг у иккиси билан паноҳ тилаб, бошқа паноҳ тиланадиган нарсаларни тарк қилдилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

1015/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қуръонда ўттиз оятли бир сура бор. У (ўқиб юрган) кишини шафоат қилади. Ҳаттоки гуноҳлари мағфират қилинади. Ўша сура «Таборакаллазий биядиҳил мулк»дир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

 

1016/9. Абу Масъуд ал-Бадрийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ким кеч кирганда Бақара сурасининг охиридаги икки оятни ўқиса, унга кифоя қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

(Яъни ўша кечаси буладиган турли офатлар етишидан кифоя қилади. Ёки ўша кечаси қоим бўлишига кифоя қилади).

 

1017/10. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Уйларингизни (намоз ўқилмайдиган) қабр каби қилманглар. Албатта, шайтон Бақара сураси ўқиладиган уйдан қочади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

1018/11. Убай ибн Каъбдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидан сен ёд қилган қайси оят улуғ эканини биласанми?» дегандилар, мен: «Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум», дедим. Шунда у зот кўкрагимга уриб: «Илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

 

1019/12. Абу Ҳурайра р.а. ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  мени Рамазон закотига қўриқчи қилдилар. Шунда бир киши келиб, таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб: «Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У : «Болаларим кўп, жуда муҳтожман», деб айтган эди, қўйиб юбордим.  Тонг оттирганимда, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, унга раҳм қилиб қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «У сенга ёлғон гапирган бўлмасин, яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳнинг сўзларидан унинг тағин келишини билиб, кутдим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Ушлаб олиб: «Сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У яна: «Мени қўйиб юбор, болаларим кўп, шунга жуда муҳтожман, бошқа қайтиб келмайман», деб айтди. Раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, раҳм қилиб қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сенга ёлғон гапирётган бўлмасин, у яна қайтади», дедилар. Учинчи бора кута бошладим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб олдим ва: «Келмайман, дейсан-да, яна қайтиб келаверасан, бу охиргиси, сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. Шунда у: «Мени қўйиб юбор, агар қўйиб юборсанг, сенга бир нечта калималарни ўргатиб қўяман, у билан Аллоҳ сенга наф беради», деди. «Қайси калималар?» деганимда, «Тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деди, сўнг мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кечаги асиринг нима қилди?» деб сўрадилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у Аллоҳ фойда берадиган калималарни ўргатувди, қуйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «Қайси калималар экан?» дедилар. Мен: «Агар тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, рост гапирибди. Эй Абу Ҳурайра, уч кундан бери сен билан гаплашаётган киши кимлигини биласанми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «У шайтон эди», деб айтдилар Набий алайҳиссалом». Имом Бухорий ривоятлари.

 

1020/13. Абу Дардодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки Каҳф сурасининг аввалидан ўн оят ёдласа, дажжолдан омонда бўлади», дедилар. Бошқа ривоятда «Каҳф суранинг охиридан» бўлиб келган. Имом Муслим ривоятлари.

 

1021/14. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларида ўтирган эдилар, устларида янграётган бир овозни эшитдилар. Ва бошларини кўтариб, бу осмондаги бир эшик бўлиб, бугун шу эшик очилди. Фақат бугун очилди, холос. Ҳамда у ердаги бир фаришта тушди. Шу фаришта ер юзига бугун тушди, холос. Бундан олдин тушмаган эди. Фаришта салом бериб, Расулуллоҳга  с.а.в.  икки нур башоратини берди. Ва: «Бундан олдин бирор пайғамбарга берилмаган, деди. У Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охиридир. Ундан бирор ҳарф ўқисангиз, унинг савоби берилади», деди. Имом Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио