Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

75-боб.Кечиримли бўлиб, жоҳиллардан юз ўгириш ҳақида

Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят),

 

«Бас, (шундай экан, эй Муҳаммад, сиз жоҳил кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 85-оят),

 

«Балки (уларни) авф қилиб, кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?» (Нур сураси, 22-оят),

 

«(У тақводор зотлар)... одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят),

 

«Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят), деб айтган.

 

642/1. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Бу онамиз Расулуллоҳга  с.а.в. : «Уҳуд кунидан ташқари сизнинг устингизда бошқа яна қаттиқ кун бўлганми?» деганларида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳа, қавмингдан озор етди. Буларнинг энг шиддатлиси Ақаба куни улардан етган озордир. Мен ибн Абдуйолил ибн Абдукулолга ўз даъватимни тақдим қилганимда, у мен хоҳлаган даъватга қулоқ ҳам тутмади. Шу алфозда хафа бўлиб йўлга равона бўлдим. Қарнуссаоълиб номли ерга борганимда, ўзимга келиб, бошимни кўтарсам, бир булут устимда соя бўлиб турибди. Қарасам, Жаброил алайҳиссалом турибдилар. Кейин у зот менга хитоб қилиб: «Албатта, Аллоҳ таоло қавмингизнинг айтган сўзини ва берган раддияларини эшитди. Ҳамда тоғлар фариштасини хизматингизга юборди. Нима хизматингиз бўлса, буюринг, у бажаради», дедилар. Кейин тоғ фариштаси олдига чақириб, менга салом берди. Сўнгра у: «Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ таоло қавмингиз сизга айтган сўзини эшитди. Мен тоғ фариштасидирман. Аллоҳ мени сизнинг хоҳлаган буйруғингизни рўёбга чиқариш учун юборди. Агар хоҳласангиз, икки метин қояни бир-бирига урайин, улар орасида қолиб ҳалок бўлишсин», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Балки уларнинг пушти камаридан Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмай, якка Унинг ўзига ибодат қилувчи кишилар чиқиб қолиши мумкин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

643/2. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  бирор кишини ё хотинларини ёки ходимларини қўллари билан урмадилар. Фақатгина Аллоҳ йўлидаги жиҳодда қўллари билан урдилар. Ва яна бирор киши томонидан ўзларига етган озор учун ўч олмадилар. Фақатгина Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, Аллоҳ учун ўч олардилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

644/3. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний чопонлари бор эди. Бир аъробий у зотга етиб олиб, ҳалиги чопонларидан қаттиқ тортди. Мен у зотнинг бўйин томонларига қарасам, аъробий чопонларини қаттиқ тортганидан ҳошиясининг изи тушиб қолибди. Кейин у аъробий: «Эй Муҳаммад, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер», деди. Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг бу муомаласига кулиб қўйдилар. Ва кейин унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

645/4. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳни  с.а.в.  кўриб тургандекман. У зот набийлардан бири ҳақида (Аллоҳнинг уларга салавоти, саломлари бўлсин) ҳикоя қилиб: «У набийни қавми уриб, юзларини қонатиб юборди. У набий эса юзларидан қонни артиб: «Аллоҳим, қавмимни кечиргин. Чунки улар билмасдан озор беришди», деди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

646/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Курашда куч билан енгадиган одам кучли эмас., балки жаҳли чиққанида ғазабини босиб олган киши кучлидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио