Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

60-Боб.Карамли, саховатли бўлиб ҳамда Аллоҳга эътимод қилган ҳолда яхши йўлларга инфоқ этмоқ хусусида

Аллоҳ таоло: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур» (Сабаъ сураси, 39-оят),

 

«Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир. Фақат Аллоҳ Юзини истаб яхшилик инфоқ-эҳсон қилингиз! Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» (Бақара сураси, 272-оят),

 

«Қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир» (Бақара сураси, 273-оят), деб айтган.

 

543/1. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Икки кишига ҳасад қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илми билан ҳукм қилиб ва ўша илмидан одамларга таълим берса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

544/2. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Сизларнинг қайси бирингиз меросхўрингиз молини ўзингизнинг молингиздан кўра яхшироқ кўрасиз?» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда ўз молидан бошқаларнинг молини яхши кўрадиган кимса йўқдир», дейишди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Киши молининг қанчасини инфоқ қилган бўлса, ўша ўзиникидир. Инфоқ қилмай йиғиб қўйгани эса меросхўрлариникидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

545/3. Адий ибн Ҳотимдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Хурмонинг ярмини инфоқ қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

546/4. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳдан  с.а.в.  нима нарса сўрашмасин, ҳеч қачон йўқ, демас эдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

547/5. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: «Аллоҳим, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт», дейди. Иккинчиси: «Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофат бергин», дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

548/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй одам боласи, молингдан инфоқ қил. Шунда сенга ҳам инфоқ этилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

549/7. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳдан  с.а.в. : «Исломдаги қайси амал яхшироқ?», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Овқат улашиб, кишиларни таомлантирмоғинг ҳамда таниган ва танимаган кишиларга салом бермоғинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

550/8. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қирқ хислат борки, уларнинг энг олийси — сутини соғиб ичиш учун эчкисини бермоқликдир. Кимки мана шу хислатлардан бирортасига савоб умидида ва ваъда қилинган нарсага ишонган ҳолда амал қилса, Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

551/9. Абу Умома Судай ибн Ажлондан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй одам боласи, агар эҳтиёжингдан ортиқ молингни инфоқ қилсанг, ўзинг учун яхшидир. Агар бермасдан ўзингда ушлаб қолсанг, ўзинг учун ёмондир. Лекин ўз эҳтиёжингга кифоя қилгудегини ушлаб қолсанг, маломат қилинмайди. Сен садақани ўз қарамоғингдагиларга улашишдан бошлагин. Юқори қўл, (яъни берувчи) паст қўлдан, (яъни олувчидан) яхшироқдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

552/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳдан  с.а.в.  Ислом ҳаққи-ҳурмати бирор нарса сўралса, уни бериб юборардилар. Кунларнинг бирида ҳузурларига бир киши келганида, икки тоғ орасини тўлдирадиган даражада қўй бериб юбордилар. У киши бориб: «Эй қавм, мусулмон бўлинглар. Чунки Муҳаммад алайҳиссалом камбағал бўлиб қолишдан қўрқмаган киши каби саховат қилар эканлар», деди. Анас р.а.: «Киши мол-дунё умидида мусулмон бўлар эди-да, озгина фурсатдан кейин у кишига дунё ва ундаги нарсалардан ҳам Ислом маҳбуброқ бўлиб қолар эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

553/11. Умардан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  мол тақсим қилдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу берилганлардан кўра берилмаганлар ичида ҳақлироғи бордир», десам, у зот: «Улар мендан беҳаёлик ила сўрашни ихтиёр қилишарди. Мен уларга бериб қутулардим. Ёки мени бахилликда айблашар эди. Ваҳоланки мен бахил эмасман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

554/12. Жубайр ибн Мутъимдан р.а. ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ  с.а.в.  билан Ҳунайн ғазотидан қайтаётганларида аъробийлар Расулуллоҳга  с.а.в.  ёпишиб олиб, тилана бошлашди. Охири Расулуллоҳни  с.а.в.  самури дарахти олдига қочишга мажбур этишди. Бас, у зотнинг кийимлари унга илиниб қолди. У зот: «Кийимимни беринглар. Агар мана шу тиконли дарахтлар ададича молим бўлса ҳам, уни ўрталарингизда тақсимлаб берган бўлар эдим. Шунда сизлар менинг бахил, ёлғончи ва қўрқоқ эмаслигимни билар эдинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

555/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

556/14. Абу Кабша Амр ибн Саъд Анморийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Уч нарса борки, улар ҳақида мен қасамёд қилиб, сизларга гапириб бераман. Уларни ёдлаб олинг: 1) Садақа берган банданинг моли камайиб қолмайди. 2) Бир кишига зулм қилинсада, у киши ўша нарсага сабр этса, Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини зиёда қилади. 3) Қайси бир банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ таоло унга камбағаллик эшигини очади», ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар. «Ва яна сизларга гапириб бераман. Уни мендан ёдлаб олинглар. Албатта, дунё тўрт кишиникидир: 1) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳамда илм берган бўлса, у киши Раббисига тақво қилиб, қариндошлари билан алоқаларини боғласа ва бу топган мол-дунёсида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билса, шу киши энг афзал мақомдадир. 2) Аллоҳ таоло бир бандасига илм берган бўлса-ю, мол-дунё бермаган бўлса, аммо бу кишининг нияти холис бўлиб, агар менда ҳам мол-дунё бўлганида эди, фалончи киши каби яхшиликлар қилар эдим деб айтса, бу қилган нияти ила юқоридаги биринчи киши билан савоби тенгдир. 3) Аллоҳ бир бандасига мол-дунё берган бўлса-ю, аммо илм бермаган бўлса, у киши молни андишасиз, пала-партиш ишлатиб, Раббисига тақво қилмасдан, қариндошчилик алоқаларини узиб ва бу топган молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмаса, шу киши энг ёмон мақомдадир. 4) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳам, илм ҳам бермаган бўлса, бу киши: «Агар менинг мол-дунёйим бўлганида, фалон киши каби (яъни учинчи кишидек) ишлатар эдим», деб айтса, бу киши мана шу нияти билан учинчи шахс каби гуноҳи тенгдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

557/15.Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  хонадонларида бир қўй сўйилди. Расулуллоҳ  с.а.в.  Оишадан р.а. «Қўйнинг қаери қолди?» деб сўрадилар. Оиша р.а.: «Фақат қўл қисми қолди», дедилар. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳаммаси қолиб, фақат қўли кетибди-да», дедилар. (Яъни, «охиратда биз учун қўлидан бошқа ҳаммаси қолибди»). Имом Термизий ривоятлари.

 

558/16. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  менга: «Эй Асмо, нарсаларингни (садақа бермасдан) сақлаб қўйма. Агар шундоқ қилсанг, Аллоҳ ҳам (сенинг ризқингни бермасдан) сақлаб қўяди», дедилар.

 

Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Молингни инфоқ, эҳсон қил. Уни санама. Агар санайдиган бўлсанг, Аллоҳ ҳам ризқни санаб беради. Молингни ўзингда сақлаб ушлаб турма. Агар сақлайдиган бўлсанг, Аллоҳ ҳам ризқингни бермасдан ушлаб туради», деганлар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

559/17. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бахил билан садақа берувчи (сахий)нинг мисоли худди темир совут кийган икки кишига ўхшайди. У совут кўкрагидан елкаларигачадир. Садақа берувчи сахий агар садақа қилса, совути кенгайиб, бутун баданини ўраб, ҳатто бармоқларини ёпиб, изини қолдирмайди. Аммо бахил бирор нарса садақа қиладиган бўлса, темир либосининг ҳар бир халқаси баданига ёпишиб олади. У уни кенгайтирмоқчи бўлади. Лекин кенгайтира олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Бунинг маъноси қуйидагичадир. Агар сахий бирор нарсани ҳар гал молидан эҳсон қилганида совути кенгайиб, узун бўлади, хаттоки у киши орқасидан судраб юрганидан, оёғи - қадам излари кўринмайди. Яъни, кийим баданни тўсганидек садақа ҳам хатоларни тўсади.

 

560/18. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки бир дона хурмо қиймати баробаридаги ҳалол касби орқали топган нарсасини садақа қилса – чунки Аллоҳ фақат ҳалол нарсанигина қабул қилади – албатта, Аллоҳ ўнг томони билан, яъни ниҳоятда хурсандлик ила қабул қилади. Кейин унинг эгасини худди сизлардан бирингиз тойчоғини тарбия этганидек тарбия қилади. Ҳаттоки у тоғ каби бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

 

561/19. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар. Бир киши чўлда кетаётган эди. Булут ичидан чиқаётган бир овозни эшитди. Унда «Фалончининг боғини суғоргин», дейиларди. Кейин ҳалиги булут жойидан силжиб, бир тошлоқ ерга борди-да, ўзидаги сувни ўша ерга бўшатди. Сел тўпланадиган ерлардан бири у сувнинг барчасини ўзида жамлади. Овоз эшитган киши сув ортидан эргашиб бориб қараса, бир киши боғида таёқ билан сувларнинг йўналишини ҳар тарафга ўзгартириб турибди. Ҳалиги овоз эшитган киши: «Эй Аллоҳнинг бандаси, исминг нима?» деган эди, бу боғдаги киши: «Фалончи», деб ҳалиги булутдан эшитилган исмни айтди. Кейин бу боғдаги киши: «Эй Аллоҳнинг бандаси, нима учун исмимни сўраяпсан?», деганида, ҳалиги киши: «Чунки мен бу сувни келтирган булутдан: «Фалончининг бўстонини суғоргин», деб сенинг исмингни зикр қилганини эшитдим», деб яна: «Сен бу ерда нима билан шуғулланасан?» деб сўраганида, боғбон: «Сен мендан сўрар экансан (бунга жавоб бераман). Мен бу ердан униб чиққан ҳосилга қараб унинг учдан бирини Аллоҳ йўлида садақа қиламан. Учдан бирини ўзим оила аъзоларим билан ейман. Қолган учдан бирини эса (уруғликка олиб қолиш ила) ўзига қайтараман», деди. Имом Муслим ривоятлари.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио