Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

51-БОБ Умид қилиш ҳақида

Аллоҳ таоло:

 

«(Эй Муҳамммад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!» Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53-оят);

 

«Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз» (Сабаъ сураси, 17-оят);

 

«Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга имон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур» (Тоҳа сураси, 48-оят);

 

«Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156-оят), деб айтган.

412/1. Убода ибн Сомитдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кимки «Шериги бўлмаган якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули ҳамда Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули, Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), жаннат ҳақ, дўзах ҳақ», деб гувоҳлик берса, амали қандай бўлмасин, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида: «Кимки «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расулидир», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ дўзахни унга ҳаром қилади», дейилган.

413/2. Абу Заррдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар яхшилик бераман ёки ундан ҳам зиёда этаман. Ким бир ёмон иш қилса, ўша бир ёмонлик учун бир жазо бераман ёки кечириб юбораман. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Ким Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Ким Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман. Ким ҳузуримга ер юзини гуноҳга тўлдириб келса, аммо Менга ширк келтирмаса, Мен ҳам ўша миқдорча мағфират билан унга йўлиқаман», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари. 

Бу ҳадиснинг маъноси «Ким Мен томонга тоат билан яқинлашса, раҳматим билан яқинлашаман. У тоат-ибодатини зиёда қилса, Мен ҳам унга раҳматимни зиёда қиламан», деганидир.

414/3. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Бир бадавий Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, жаннатга ва дўзахга кириш учун сабаб бўладиган икки хислат нима?» деганида, у зот: «Ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этса, жаннатга киради. Ким бирор нарсани шерик қилса, дўзахга киради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

415/4. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Муоз билан бир уловга мингашиб кетишаётган эдилар. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қайси бир банда Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, албатта Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг қули ва расули эканига сидқидилдан гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар. Муоз: «Эй Аллоҳнинг расули, бу ҳақда одамларга хабар берайми? Улар бу билан хурсанд бўлишади», деганида, Расулуллоҳ  с.а.в. : «(Йўқ), бунинг хабарини берсанг, унга суяниб (амал қилмай қўйишади)», дедилар. Аввалига Муоз хабар бермай юрди. Лекин ўлими яқинлашганда, илмни яшириб гуноҳкор бўлиб қолишдан хавф қилган ҳолда унинг хабарини берди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

417/6. Итбон ибн Моликдан р.а. ривоят қилинади. (Бу зот Бадр ғазотида иштирок этган саҳобалардан эди.) «Мен қавмим Бани Солимга имомлик қилиб намоз ўқиб берар эдим. Мен билан улар орасида водий бўлиб, агар у ерга ёмғир ёғса, масжид томонга ўтиш машаққат туғдирарди. Шунинг учун Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига бориб у зотга: «Кўзимнинг нури кетиб қолди. Агар ёмғир ёғса, мен билан қавмим ўртасидаги водийда сел оқади. Табиийки, уни кечиб ўтиш машаққат туғдиради. Хоҳлардимки, сиз уйимнинг бир чеккасида намоз ўқиб берсангиз, мен ўша жойни масжид қилиб олсам», десам, у зот: «Бораман», дедилар ва қуёш кўтарилганида Абу Бакр р.а. билан келиб (киришга) изн сўрадилар. Мен изн бердим. У зот ҳали ўтирмасдан туриб: «Уйингнинг қаерида намоз ўқиб берай?» дедилар. Мен намоз ўқишни яхши кўрадиган жойга ишора қилдим. У зот ўринларидан туриб такбир айтдилар ва орқаларида саф тортдик. Икки ракат намоз ўқиб бердилар. Кейин салом бердилар. Ўша пайт биз ҳам салом бердик. У зотга атала пиширган эдик, шунга тўхтатдик. Расулуллоҳ  с.а.в.  уйимда эканликларини билиб маҳалладаги одамлар тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Ҳатто, уйда кишилар кўпайиб кетишди. Шунда бир киши: «Моликка нима бўлдики, уни кўрмаяпман?» деганида, бошқа бир киши: «У мунофиқ-ку! Аллоҳ ва Унинг расули уни яхши кўрмайди», деди. Буни эшитган Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бундай дема! Ла илаҳа иллаллоҳ, деб Аллоҳнинг розилигини талаб қилганини кўрмадингми?» деганларида, у киши: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчи! Аммо биз, Аллоҳга қасамки, унинг мунофиқлар билан гаплашиб, дўстлашганини кўрамиз», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳнинг розилигини тилаб «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган кишига Аллоҳ дўзахни ҳаром қилган», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

418/7. Умар ибн Хаттобдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  бир неча асирлар ҳузурига бордилар. Улар орасида бир хотин бор эди. У айланиб юриб бирор ёш болани топса, уни қучоқлаб эмизар эди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бу хотиннинг меҳрибонлигини кўрдингларми? Шу хотин боласини ўтга ташлайдими?» дегандилар, биз: «Аллоҳга қасамки, йўқ», дедик. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлиги бу хотиннинг боласига қилган меҳрибонлигидан ҳам зиёдадир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

419/8. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло халойиқни яратганда бир китобни битди. У китоб Ўз ҳузурида, яъни Аршнинг устидадир. Унда «Албатта раҳматим ғазабимга ғолиб келади», деб айтган», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда: «ўазабимга ғолиб келди», дейилган.

Яна бошқа ривоятда: «ўазабимдан олдинлаб кетди», дейилган.

420/9. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таоло раҳматини юзга бўлиб, тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида олиб қолди. Бир бўлагини ерга туширди. Ўша бир бўлак раҳмат билан халойиқ бир-бирига раҳм қилади. Ҳаттоки, ўша бир бўлак билан ҳайвон ҳам боласига озор етишидан қўрқиб, туёғини кўтариб туради», дедилар.

Бошқа ривоятда: «Аллоҳ таолонинг юз раҳмати бордир. Ундан бир қисмини инсонлар, жинлар, ҳайвонлар ва жониворлар орасида тақсимлаб қўйган. Ўша бир раҳмат туфайли улар меҳрибонлик ва раҳм қилишади. Ва ҳатто, ваҳший ҳайвонлар ҳам болаларига меҳрибонлик қилишади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларига раҳм қилиш учун тўқсон тўққизта раҳмни олиб қўйган», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг Салмон Форсийдан қилган ривоятларида: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ таолонинг юзта раҳмати бўлиб, ундаги бир бўлак билан халойиқ ўзаро бир-бирларига раҳм қилишади. Тўқсон тўққизтаси Қиёмат кунига қолдирилган», дедилар», дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ таоло еру осмонни яратган куни юз раҳматни ҳам яратган. Барча раҳмат агар жам бўлса, осмон билан ер ўртасини тўлдирар эди. Ўша раҳматлардан бирини ер юзига туширгандир. Бу билан она боласига, қушлар ва ҳатто ваҳшийлар бир-бирларига меҳрибонлик қилишади. Қиёмат кунида эса бу бир раҳматни (Ўзининг ҳузуридаги тўқсон тўққизта раҳматга қўшиб) мукаммал қилади», дейилган.

421/10. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Раббисидан ҳикоя қилган ҳадиси қудсийда: «Бирор банда гуноҳ қилиб, «Аллоҳим, гуноҳларимни кечир», деса, Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади», дейди. Кейин у банда яна гуноҳ қилиб қўйиб, «Эй Раббим! Гуноҳларимни кечир», дейди. Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади», дейди. Кейин у банда яна гуноҳ қилиб қўйиб: «Эй Раббим! Гуноҳларимни кечир», дейди. Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади. Ҳақиқатда бандамнинг гуноҳини кечирдим. У хоҳлаганини қилаверсин (яъни, модомики, гуноҳ қилиб, мана шу тарзда тавба қилар экан, Мен унинг гуноҳларини кечираман. Чунки тавба ўзидан аввалги гуноҳларни йўқ қилади)», дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

 

422/11. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга бошқа) гуноҳ қиладиган қавмни олиб келади. Бас, улар (гуноҳларига) истиғфор айтишади, Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

423/12. Абу Аюб Холид ибн Зайддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ таоло бошқа бир гуноҳ қиладиган халқни яратади. Улар гуноҳларига истиғфор айтишади. Ва Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

424/13. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. «Биз Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр р.а., Умар р.а. ва бир неча саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ  с.а.в.  бизнинг олдимиздан турдилар-да, ҳаяллаб кетдилар. Бир-биримиздан жудо бўлиб қолармикинмиз, деб хавф қилдик. Қўрқиб ўрнимиздан турдик. Мен биринчи бўлиб қўрқдим. Расулуллоҳ  с.а.в. ни ахтариб чиқдим. Бора-бора ансорийлардан бирининг (боғи) деворига етдим... (Ҳадисни узун ҳолатида баён қилиб, қолганини қуйидагича давом эттирдилар.) ...Расулуллоҳ  с.а.в. : «Боргин-да, мана бу деворнинг орқасида чин қалбидан ишонч ила «Ла илаҳа иллаллоҳ», яъни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб айтган кишига йўлиқсанг, унга жаннат бўлишини хурсандлик билан хабарини бер», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

425/14. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Аллоҳнинг Китобидаги Иброҳим алайҳиссалом дуоларини тиловат қилдилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир)». Ва яна Аллоҳнинг Китобидаги Исо алайҳиссалом дуоларини ҳам тиловат қилдилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  қўлларини кўтариб: «Умматим, умматим», деб йиғладилар. Аллоҳ таоло буни эшитиб: «Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб сўра-чи, нима уни йиғлатмоқда?» деди. Ваҳоланки, Аллоҳ Ўзи билиб туриб сўрашни буюрмоқда! Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб, (йиғлашлари сабабини сўраб) айтган жавобларининг хабарини Аллоҳга етказдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ буни билувчироқ эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй Жаброил, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурига бориб: «Биз умматинг учун қайғураётган нарсада рози қилиб, сени хафа қилмаймиз», деб айтгин», деди. Имом Муслим ривоятлари.

 

426/15. Муоз ибн Жабалдан р.а. ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга эшакка мингашиб кетаётган эдим. У зот: «Эй Муоз! Бандалар устидаги Аллоҳнинг ҳаққи ва Аллоҳ зиммасидаги бандаларнинг ҳаққи нима эканини биласанми?» деганларида, мен: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедим. Шунда у зот: «Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи – Унга бирор нарсани шерик қилмасдан, Ўзига ибодат қилмоқликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари – бирор нарсани Унга шерик қилмаган бандасини азобламаслигидир», деб айт-дилар. Кейин мен: «Эй Аллоҳнинг расули, шундай бўлса, бу ҳақда одамларга хурсандлик хабарини берайми?» десам, у зот: «Йўқ, хабар берма. Агар хабар берадиган бўлсанг, бу нарсага суяниб амал қилмай қўйишади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

427/16. Баро ибн Озибдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар мусулмон киши қабрда сўроқ-савол қилинса, у банданинг «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расули», деб гувоҳлик бериши мана бу оят остига киради: «Аллоҳ имон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

428/17. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кофир кимса агар бирор яхшилик қилса, шу дунёнинг ўзида ризқлантирилади. Аммо мўмин киши бирор яхшилик қилса, Аллоҳ таоло охирати учун яхшилигини захира қилиб қўяди ҳамда тоатига ярашасини дунёда ҳам ризқ қилиб беради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Яна бошқа бир ривоятларида: «Албатта Аллоҳ таоло мўминнинг қилган яхшилиги учун зулм қилмасдан шу дунёда ҳам беради. Охиратда эса у яхшилиги учун мукофот ҳам ато этади. Аммо кофир кимса ҳар қанча яхшилик қилмасин, шу дунёда ризқлантирилади. Қачонки, охиратга борганида, мукофотланиши учун яхшилиги бўлмайди», дейилган.

 

429/18. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Беш вақт намознинг мисоли сизлардан бирингизнинг эшиги олдидан лиммо-лим бўлиб оқувчи анҳорда ҳар куни беш марта ювинадиган кишига ўхшайди», дедилар. (Яъни, ҳар куни анҳорда беш марта ювинган кишининг баданида кир қолмагани каби ҳар кун беш вақт намоз ўқиган кишида гуноҳ қолмайди.) Имом Муслим ривоятлари.

 

430/19. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Бирор мусулмон киши вафот этса, бу вафот этган кишининг жанозасида Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган қирқ киши иштирок этса, Аллоҳ бу мусулмон ҳақидаги уларнинг шафоатларини қабул қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

431/20. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Биз қирққа яқин киши Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга чодирда эдик. Шунда у зот: «Сизлар жаннат аҳлларининг тўртдан бири бўлишга розимисизлар?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Яна у зот: «Сизлар жаннат аҳлларининг учдан бири бўлишга розимисизлар?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Яна у зот: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар жаннат аҳлининг ярми бўлишингизга умид қиламан. Бу жаннатга мусулмон шахсларгина киришади. Сизлар мушриклар орасида қора рангли ҳўкиз баданидаги оқ тукка ёки қизил рангли ҳўкиз баданидаги қора тукка ўхшайсизлар», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

432/21. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Қиёмат қоим бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга яҳудий ёки насронийни топшириб: «Мана бу сенинг дўзахдан қутулишинг учун бўлган гаровингдир», дейди», дедилар.

Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қиёмат куни мусулмонлардан иборат бўлган кишилар тоғ каби гуноҳ билан келишади. Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини мағфират қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ҳадисдаги «Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга яҳудий ёки насронийни топшириб: «Мана бу сенинг дўзахдан қутулишинг учун бўлган гаровингдир», дейди» каби маъно Абу Ҳурайрадан қилинган ривоятда ҳам келган. У қуйидагичадир: «Ҳар бир кишининг жаннатда ва дўзахда ўрни бордир. Агар мўмин жаннатга кирса, унинг дўзахдаги ўрнига кофир киради. Чунки кофир куфри билан ўша ерга мустаҳиқдир».

Ва яна ҳадисдаги «Қутулишинг учун бўлган фидоингдир» жумласининг маъноси – «Сен дўзахга киришга дучор бўлиб турган эдинг. Бу кофир сенинг жойингга кирди. Ва сен қутулдинг. Чунки Аллоҳ таоло дўзахни тўлдириш учун бир қанча миқдорни тайин қилган. Қачонки, кофирлар гуноҳ ва куфрлари сабабли дўзахга киришса, гўёки мусулмонлар ўрнига гаров қилиниб киришган бўлади». Валлоҳу аълам.

 

433/22. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мўмин банда Қиёмат куни Аллоҳга шу қадар яқинлаштириладики, У банданинг устига раҳмат пардасини қўяди. Ва гуноҳларига иқрор этади. Ҳамда: «Ундай ёки бундай гуноҳларингни биласанми?» дейди. Банда эса: «Эй Раббим, биламан», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен дунёдалигингда гуноҳларингни фош қилмасдан сир тутдим. Бу кун гуноҳларинг-ни кечираман», дейди. Кейин у бандага яхшиликлар ёзилган саҳифа келтирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

«Аллоҳга яқинлаштирилади», дейилганда карам ва яхшилик ила яқинлаштириш тушунилади. Чунки Аллоҳ масофа ила яқинлашишдан покдир.

 

434/23. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Бир киши бир хотиндан бўса олди. Кейин Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб хабар берди. Сўнгра Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта яхши амаллар ёмонлик – гуноҳларни кетказур». Бас, ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг расули, бу мен учун хосми?» деганида, у зот: «Балки бу умматимнинг барчаларига хосдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

435/24. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, гуноҳ қилиб қўйдим. Менга таъзир беринг», деди. (Аммо) намоз вақти бўлиб қолган эди, Расулуллоҳ  с.а.в.  билан намоз ўқиди. Қачонки, намоз ўқиб бўлингандан кейин «Эй Аллоҳнинг расули, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Аллоҳнинг Китобида буюрилганидек, унинг жазосини қоим қилинг», деган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Биз билан намозда бирга эмасмидинг?» дедилар. У киши: «Ҳа, бирга эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Батаҳқиқ, сенинг гуноҳларинг кечирилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

«Жазони қоим қилинг» жумласидаги жазо зино ва ароқ ичгандаги ҳад (шаръий жазо) эмас. Балки таъзир маъносидаги жазодир. Чунки зино ва ароқ ичгандаги жазо намоз билан соқит бўлмайди ҳамда имомнинг у жазони тарк қилиши ҳам жоиз эмас.

 

436/25. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ҳар таом еганда ва ҳар ичимлик ичганда ҳамд айтувчи бандасидан Аллоҳ таоло рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

437/26. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Тунда Аллоҳ таоло раҳмат ва мағфират қўлини кундузи гуноҳ қилувчилар тавба этишлари учун ёзади. Ва наҳорда Аллоҳ таоло раҳмат ва мағфират қўлини тунда гуноҳ қилувчилар тавба этишлари учун ёзади. Ҳаттоки, қуёш ботганидан то чиққунича мана шундай давом этади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

438/27. Абу Нажиҳ Амр ибн Абасадан р.а. ривоят қилинади. «Мен жоҳилият даврида одамлар залолатда, чунки улар бутга ибодат қилишгани учун ҳақиқат йўлида эмаслар, деб ўйлаб юрар эдим. Ногаҳон ўша кунларнинг бирида Маккада бир одам чиққанини эшитдим. У ҳар турли хабарларни айтаётган эмиш. Бас, уловимга ўтирдим-да, у жанобнинг ҳузурларига бордим. Ўша кунларда Расулуллоҳ  с.а.в.  одамлардан яшириниб юрган эканлар. Чунки қавмлари суиқасд қилишга журъат этишган экан. Мен йўлини топиб, Маккада у зот ҳузурларига кириб: «Сиз кимсиз?» дедим. У зот: «Набийман», дедилар. Мен: «Набий нима ўзи?» дедим. У зот: «Аллоҳ мени шундай қилиб юборди», дедилар. Мен: «Нима ила юборди?» дедим. У зот: «Қариндош-уруғларга боғланиб борди-келди қилишга, бутларни синдиришга ҳамда Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка ва Унинг тавҳидига чақириш буйруғи ила юборди», дедилар. Мен: «Бу йўлда сиз билан кимлар бирга?» десам, у зот: «Бир озод ва бир қул киши», дедилар. Ўшанда Абу Бакр р.а. ва Билол р.а. бирга эдилар. «Мен ҳам сизга эргашаман», десам, у зот: «Сен бу кунларда эргашишга қодир эмассан. Менинг ва одамларнинг аҳволига қарамайсанми? Лекин ўз аҳлингга қайтгин. Агар менинг овоза бўлганимни эшитсанг, ўшанда келгин», дедилар. Кейин мен аҳлимга қайтиб келдим. Расулуллоҳ  с.а.в.  эса Мадинага (ҳижрат қилиб) кетибдилар. Мен аҳлим билан биргалик пайтимда у зот ҳақларида суриштириб Мадинадан келганлардан сўрар эдим. Мадина аҳлидан бир неча киши келган эди. Мен: «Мадинага борган бу киши (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) нима қилмоқда?» деб сўрадим. Улар: «Кишилар унга (қўшилиш учун) шошилишмоқда. Ўз қавми уни ўлдиришни хоҳлаган эди. Лекин бунга қодир бўлишмади», деб айтишди. Кейин мен Мадинага бориб у зот ҳузурларига кирдим. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, мени танидингизми?» десам, у зот: «Ҳа, сен билан Маккада учрашган эдим», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга ўргатган ва мен билмайдиган нарсалар ҳамда намоз ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Бомдод намозини ўқигин. Кейин қуёш то бир найза миқдорида кўтарилгунича тўхтаб тургин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар қуёшга сажда қилишади. Кейин намозингни ўқийвер. Чунки намоз пайтида (кундузги) фаришталар ҳозир бўлишади. Қачонки, соя найза миқдорича бўлиб (қуёш тиккага етганда) намозни тўхтатгин. Чунки мана шу пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачонки, соя тушса, бунда ҳам намозингни ўқийвергин. Чунки бу намоз пайтида ҳам то аср намозини ўқигунингча фаришталар ҳозир бўлишади. Сўнгра қуёш ботгунича намоз ўқишни тўхтатгин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан ботади. Ўша пайтда ҳам кофирлар қуёшга сажда қилишади», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, энди таҳорат ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Сизлардан бирингиз таҳорат сувини олиб келиб оғзини чайқаб, бурнига сув олиб уни ташласа, юзи ва бурнидаги хатолари чиқиб кетади. Агар юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, бети ва жағи атрофидаги хатолари сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин икки қўлини тирсагигача ювса, қўли билан қилган хатолари бармоқларидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин бошига масҳ тортса, бошидаги хатолари сочлари атрофидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин оёғини ошиғигача ювса, у билан қилган хатолари оёқ бармоқларидан чиқиб кетади. Агар туриб намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, Уни шаънига мос нарса билан улуғласа ҳамда қалбини Аллоҳга боғласа, худди онасидан туғилган кундаги каби хатолардан холи бўлади», дедилар».

Бу ҳадиснинг ровийси Амр ибн Абаса уни Расулуллоҳ  с.а.в. нинг дўстлари Абу Умомага гапириб берганларида, Абу Умома: «Эй Амр ибн Абаса, нима деяётганингга қара! Бир мақомда кишига шу миқдорда даража бериладими?» деганларида, Амр ибн Абаса: «Эй Абу Умома, ёшим улғайиб, суякларим нозиклашиб, ажалим яқинлашганда, Аллоҳ ва Унинг расулига ёлғон нисбат беришимга нима эҳтиёжим бор?! Мен бу ҳадисни Расулуллоҳ  с.а.в. дан бир, икки ёки уч, ҳатто етти марта эшитганимда ҳам гапирмас эдим. Лекин мен буни ундан ҳам кўп эшитганман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

439/28. Абу Мусо ал-Ашъарийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Аллоҳ таоло бир умматга раҳмати бўлишини хоҳласа, пешвоз чиқиш учун улардан олдин пайғамбарларининг жонини олади. Агар бирор умматни ҳалок этишни хоҳласа, пайғамбарлари тирик туриб уларни азобга гирифтор қилиб ҳалок этади. Ва у пайғамбар ёлғонга чиқариб, буйруғига осийлик қилган умматининг қандай азобланаётганини ўз кўзи билан кўриб туради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио