Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

44-БОБ.Уламо, акобир, фазилатли кишиларни ҳурмат қилиш, бошқалардан кўра уларни эъзозлаш, мартабаларини кўтариб, буни бошқаларга билдириш ҳақида

Аллоҳ таоло:

 

«Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар сураси, 9-оят), деб айтган.

348/1. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрий ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қуръони каримни ҳаммадан яхши ўқийдиган киши қавмнинг имоми бўлсин. Агар бунда баробар бўлишса, суннатни яхши билувчилари имом бўлсин. Агар бунда ҳам баробар бўлишса, олдин ҳижрат қилгани имом бўлсин. Агар бунда ҳам баробар бўлишса, ёши каттаси имом бўлсин. Ҳаргиз кишининг риёсатида бошқа бир киши имом бўлмасин. (Яъни, бошлиқнинг ўзи имом бўлсин.) Ва бировнинг уйида ўзига хос бўлган жойига изнсиз ўтирмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «ёши каттаси», деган сўзнинг ўрнига «аввал Исломга киргани» бўлиб келган.

Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳнинг китобини ҳаммадан яхши ўқиб, қироатни аввал таълим олган киши қавмга имом бўлади. Агар қироатлари баробар бўлса, аввал ҳижрат қилганлари бўлади. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлишса, ёши каттаси имом бўлади», дейилган.

 

349/2. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ибн ал-Бадрий ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  намоз (олдидан) елкаларимизни ушлаб: «Баробар туринглар. Ҳар турли бўлиб турманглар. Қалбларингиз ҳам ҳар турли бўлиб қолади. Менга балоғатга етган ақллиларингиз яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлари турсин. Сўнгра уларга яқинлари турсин», деб айтардилар». Имом Муслим ривоятлари.

 

350/3. Абдуллоҳ ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Балоғатга етган ақлли кишилар менга яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлар», деб уч марта айтиб, сўнгра: «Бозордаги ғала-ғовур ва фитналардан сақланинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

351/4. Абу Яҳё Саҳл ибн Абу Ҳасма ал-Ансорийдан р.а. ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд икковлари Хайбарга боришди. Ўша пайтда Хайбар сулҳ ҳолатида эди. Икковлари бир-бирларидан ажрашиб йўлларига равона бўлишди. Қачонки, Муҳаййиса Абдуллоҳнинг ҳузурига келса, Абдуллоҳ ўлик ҳолатда қонга беланиб ётибди. Бас, Муҳаййиса Абдуллоҳни дафн қилди. Ва Мадинага келди. Кейин Абдуллоҳнинг иниси Абдураҳмон ибн Саҳл ва Муҳаййисанинг икки ўғли Расулуллоҳ  с.а.в.  ҳузурларига боришди. Абдураҳмон Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ҳузурларида гапира бошлаган эди, у зот: «Ёши каттангиз гапирсин, ёши каттангиз гапирсин», дедилар. Кейин у ёши кичик жим бўлди ва икки ёши катта сўзлай бошлади. Шунда Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўзингизнинг ҳақлигингизни қотилга исботлаб бера оласизларми?» дедилар... (Ҳадиснинг қолгани охиригача зикр қилинган.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

352/5. Жобирдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Уҳуд ғазотида вафот этганларнинг иккитасини бир қабрга қўярдилар. Кейин: «Буларнинг қайси бири Қуръондан кўпроқ ёд олган?» деб сўрардилар. Агар улардан бирига ишора қилинса, ўшани аввал лаҳад (қабр)га қўярдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

353/6. Ибн Умардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Мен тушимда кўрдимки, бир мисвок билан оғзимни тозалаётган эмишман. Шу пайт икки киши менинг ҳузуримга келди. Уларнинг бири иккинчисидан ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим. Шунда менга каттасига бергин, дейилди. Мен уни каттасига бердим», дедилар. Имом Муслим муснад ҳолда ва Имом Бухорий таълиқ ҳолда ривоят қилишган.

 

354/7. Абу Мусодан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонга амал қилиб, уни доим тиловат қилиб юрувчи қорини ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш билан Аллоҳни ҳурмат қилган бўлади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

355/8. Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримизнинг шарафини билмаган киши биздан эмас», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Абу Довуд ривоятларида «катталаримизнинг шарафи» ўрнига «катталаримизнинг ҳаққи» бўлиб келган.

 

356/9. Маймун ибн Абу Шабибдан р.а. ривоят қилинади. Оишанинг р.а. олдиларидан бир тиланчи ўтиб қолди. Унга бир бўлак нон бердилар. Кейин кийинган чиройли қиёфадаги бошқа киши ўтиб қолди. Бу кишини ўтқазиб олдига таом қўйдилар. Шунда Оишадан р.а. бу ҳақда сўралганида, Оиша р.а.: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишиларни ўз ўринларига ўтқазинглар», деганлар», деб жавоб қилдилар. Абу Довуд ривоятлари.

Абу Довуд: «Маймун Оиша билан кўришмаганлар», деганлар.

Имом Муслим «Саҳиҳ» китобларининг аввалида таълиқ ҳолатда Оишадан р.а. қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  бизга одамларни ўз жойларига ўтқазмоқни буюрдилар».

Имом Ҳоким «Маърифату улумул ҳадис» номли китобларида бу ҳадисни саҳиҳ, деганлар.

357/10. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Уйайна ибн Ҳисн жияни Ҳурра ибн Қайсникига меҳмон бўлиб тушди. Жияни Ҳурра ибн Қайс Умарнинг р.а. яқин аъёнларидан бири эди. Умарнинг р.а. ҳамсуҳбат ва маслаҳатчилари хоҳ ўрта ёш, хоҳ йигит бўлишсин, қорилардан эди. Уйайна ибн Ҳисн жиянига: «Эй акамнинг ўғли, бу амирнинг ҳузурида сенинг ҳурматинг бор. Менга унинг олдига киришга изн олиб бер», деганида, у изн сўради. Умар р.а. унинг киришига рухсат бердилар. Уйайна ибн Ҳисн у зот ҳузурларига кириб: «Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасамки, бизга кўп нарса бермайсиз. Одиллик билан ҳукм қилмайсиз», деганида, Умар р.а. ғазабланиб, ҳатто уни урмоқликка ҳам қасд қилдилар. Шунда Ҳурра: «Эй мўминлар амири, албатта Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Авфни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг», деган. Бу киши ўша жоҳиллардандир», деди. Аллоҳга қасамки, Ҳурра бу оятни ўқиганида у зот бундан ўтиб кетмадилар. Чунки Умар р.а. Аллоҳнинг китобида келган нарсада тўхтардилар (яъни, унга амал қилардилар). Имом Бухорий ривоятлари.

 

358/11. Абу Саид Самура ибн Жундубдан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  замонларида ёш бола эдим. Бу зотдан кўп нарсаларни ёд олар эдим. Бу зотнинг ҳузурларида гапиришдан мени фақатгина ёши катталар борлиги ман қилар эди, холос». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.  

 

359/12. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Қайси бир ёш йигит қарияни ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло ҳам бу йигитга ёши улғайганида ҳурмат қилувчи кишини юборишни тақдирга битади», дедилар. Имом Термизий бу ҳадисни ривоят қилиб, ғариб, дедилар.

 


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио