Риёзус-солиҳийн

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

11-БОБ.Яхши амалларга жидду-жаҳд қилиш баёни

Аллоҳ таоло:

 

«Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут сураси, 69-оят);

 

«Тоинки сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр сураси, 99-оят).

 

«Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)» (Муззаммил сураси, 8-оят).

 

«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур» (Залзала сураси, 7-оят).

 

«Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар» (Муззаммил сураси, 20-оят).

 

«Қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта Аллоҳ уни билгувчидир». (Бақара сураси, 273-оят) деб айтган.

95/1. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Кимки Менинг дўстларимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам фарзларимга амал қилганчалик бошқа бирор нарсада Менга яқин бўла олмайди. Бандам Менга нафллар билан яқин бўлишда бардавом бўлади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, уни бераман. Агар Мендан паноҳ сўраса, паноҳимга оламан», деди». Имом Бухорий ривоятлари.

 

96/2. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в.  Раббилари азза ва жалладан қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Агар банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар Менга юриб келса, Мен унга тез югуриб бораман (яъни, бандам ҳар турли ибодат ва яхшиликлар билан Менга яқин бўлса, Мен ундан зиёда иноят ва карамларим билан меҳрибонлик қиламан – тарж...)». Имом Бухорий ривоятлари.

 

97/3. Ибн Аббосдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги зиён топиб, бебаҳра қолишади. Сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

98/4. Оишадан р.а. ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  с.а.в.  кечалари (намозда) турганларидан оёқлари шишиб кетарди. «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ сизнинг олдинги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса, нима учун бундай қиляпсиз?» десам, у зот: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

99/5. Оишадан р.а. ривоят қилинади. «Расулуллоҳ  с.а.в.  агар (Рамазон ойининг охирги) ўн куни кирса, бутун кечани ибодат билан ўтказиб, бунга аҳли аёлларини ҳам уйғотардилар. Ўзлари кўп ғайрат қилиб, ибодат учун белбоғларини маҳкам боғлардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

100/6. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кучли мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан маҳбуброқдир. Ҳар бирларида яхшилик бордир. Сенга фойдаси бор нарсага ҳарис бўл. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожиз бўлмагин. Агар сенга бирор мусибат етса, ундай қилганимда, бундай бўларди, демагин. Лекин Аллоҳнинг тақдири, нимани хоҳласа, ўшани қилади, дегин. Чунки «агар» сўзи шайтон амали учун йўл очади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

101/7. Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Дўзах (нафс хоҳлайдиган) шаҳватлар билан ўраб қўйилгандир. Жаннат (нафс хоҳламайдиган) кароҳиятли нарсалар билан ўраб қўйилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

102/8. Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямондан р.а. ривоят қилинади. «Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини ўқий бошладилар. Мен юзинчи оятда рукуъ қилсалар керак, десам, у зот давом эттирдилар. Бақара сурасини бир ракатга ўқисалар керак, десам, у зот яна давом эттирдилар. Энди рукуъ қилсалар керак, десам, у зот Нисо сурасини ўқий бошладилар. Сўнгра Оли-Имрон сурасини ўқий бошладилар. Ўқиганларида охиста, ҳарфларини аниқ қилиб тиловат қилардилар. Агар тасбеҳ ояти ўтса, тасбеҳ айтардилар. Агар сўраш ояти келса, сўрардилар. Агар паноҳ тилаш ояти келса, паноҳ тилардилар. Сўнгра рукуъ қилиб, унда «Субҳона роббиял азийм», деб айтдилар. Рукуълари тик туришларига яқин бўлди. Сўнгра «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», деб узун тик турдилар. У тик туришлари рукуъларига яқин бўлди. Сўнгра сажда қилиб «Субҳана роббиял аъло», деб сажда қилдилар. Саждалари ҳам тик турганларига яқин бўлди». Имом Муслим ривоятлари.

 

103/9. Ибн Масъуддан р.а. ривоят қилинади. «Бир кеча Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга намоз ўқидим. У зот қиёмни узун қилганларидан ёмон бир ишни қасд қилдим (лекин уни қилмадим)». «Қасд қилган ўша нарса нима?» деб сўралганида, Ибн Масъуд р.а.: «Ўзим ўтиришни қасд қилиб, у зотни тик қолдириш эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

104/10. Анасдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўлган одамга уч нарсаси – аҳли, моли ва амали эргашади. Иккитаси – аҳли ва моли қайтиб келиб, амали (у билан бирга) қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

105/11. Ибн Масъуддан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Жаннат сизлардан бирингизнинг пойабзалининг ипидан ҳам яқиндир. Дўзах ҳам шу кабидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

 

106/12. Абу Фирос Рабийъа ибн Каъб ал-Асламийдан  р.а. ривоят қилинади. (Бу зот Расулуллоҳ  с.а.в. нинг ходимлари ҳамда аҳли суффалардан эдилар.) «Мен Расулуллоҳ  с.а.в.  билан бирга тунни ўтказиб, у зотнинг таҳорат ва бошқа эҳтиёжларига сув тутардим. Бир куни у зот: «Мендан нима сўрайсан?» дедилар. Мен: «Сиз билан жаннатда ҳамроҳ бўлсам», дедим. «Балки бундан бошқа нарса ҳам сўрарсан?» дедилар. Мен: «Ўшанинг ўзини сўрайман», дедим. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ундай бўлса, саждани кўпайтириш билан ўзингга мени ёрдамчи қил», дедилар (яъни, сендан намоз, мендан дуо бўлиб турса, иншааллоҳ, мақсадингга етишасан)». Имом Муслим ривоятлари.

 

107/13. Савбондан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Ўзингга кўп сажда қилишни лозим тут. Чунки Аллоҳга бирор сажда қилсанг, У Зот ўша сажда сабабли даражангни кўтариб, хатоларингни ўчиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

 

108/14. Абу Сафвон Абдуллоҳ ибн Буср ал-Асламийдан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишиларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали чиройли бўлганидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

 

109/15. Анасдан р.а. ривоят қилинади. «Амаким Анас ибн Назр р.а. Бадр урушида йўқ эдилар. Бу зот (келиб): «Эй Аллоҳнинг расули, мушриклар билан урушилган аввалги жангда йўқ эдим. Агар Аллоҳ мушриклар билан бўладиган урушда иштирок этишимни насиб қилса, нима қилишимни Аллоҳ кишиларга кўрсатур», дедилар. Қачонки, Уҳуд куни бўлиб мусулмонлар орқага чекинишганида, бу зот: «Аллоҳим, мана булар, яъни саҳобалар қилаётган нарсада кечирим сўрайман. Мана булар, яъни мушриклар қилаётган нарсада эса ўзимни оқлайман», дедилар. Кейин олдинга юриб, йўлда Саъд ибн Муозга йўлиқдилар. «Эй Саъд ибн Муоз, Каъбанинг Раббисига қасамки, мен Уҳуд томондан жаннат ҳидини топяпман», дедилар. Саъд ибн Муоз: «Эй Аллоҳнинг расули, у қилган нарсани мен қилишга қодир эмас эдим», дедилар. Ушбу ҳадис ровийси Анас р.а. айтдилар: «Биз унинг (баданида) саксон нечта ҳам қилич урилган ё найза санчилган ёки камон ўқи отилган ва ўлик ҳамда бадани мажруҳ этилган ҳолатда топдик. Уни ҳеч ким таний олмади. Фақатгина синглиси бармоғидан таниб олди. Бизнинг фикримиз ёки гумонимизга қуйидаги оят Анас ибн Назр ва у киши кабилар ҳақида нозил бўлган: «Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди (яъни, шаҳид бўлди). Улардан айрим кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб сураси, 23-оят)». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

110/16. Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий ал-Бадрийдан р.а. ривоят қилинади: «Садақа ояти нозил бўлганида, биз орқамизда юк ташиб (ундан тушган пулни садақа қилар эдик). Бир киши келиб кўп нарса садақа қилди. Кишилар уни риёкор, дейишди. Бошқа бир киши келиб бир соъ нарса садақа қилди. Кишилар: «Аллоҳ бу бир соъ нарсадан беҳожатдир!» деб айтдилар. Шунда қуйидаги оят нозил бўлди: «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳсон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир» (Тавба сураси, 79-оят)». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

111/17. Саид ибн Абдулазиз Рабийъа ибн Язиддан, у Абу Идрис Хувлонийдан, у Абу Зарр Жундуб ибн Жунодадан р.а., у Расулуллоҳ  с.а.в. дан, Расулуллоҳ  с.а.в.  Аллоҳ таборака ва таолодан қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар. Эй бандаларим, барчангиз залолатдасиз. Фақатгина Мен ҳидоят қилганларгина тўғри йўлдадир. Шундай экан, ҳидоятни Мендан талаб қилинглар. Ўзим сизларни ҳидоят қиламан. Эй бандаларим, барчангиз очдирсиз. Фақатгина Мен таомлантирганларгина бундай эмас. Бас, шундай экан, Мендан таом талаб қилинглар, сизларни (Ўзим) таомлантираман. Эй бандаларим, барчангиз яланғочдирсиз. Фақатгина Мен кийинтирганларгина бундай эмас. Кийинишни Мендан талаб қилинглар, Мен сизларни (Ўзим) кийинтираман. Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар. Мен эса гуноҳларингизнинг барчасини кечираман. Бас, шундай экан, Мендан истиғфор талаб қилинглар, сизларнинг гуноҳингизни (Ўзим) кечираман. Эй бандаларим, Менга зарар бермоқчи бўлсангиз, ҳаргиз зарар бера олмайсиз. Ва Менга фойда бермоқчи бўлсангиз ҳам, ҳаргиз фойда бера олмайсиз. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз тақволи қалб кишиси бўлишса, мулкимда бирор нарса зиёда бўлиб қолмайди. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз фожир қалб кишиси бўлишса, мулкимдан бирор нарса камайиб қолмайди. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз бир тепаликда туриб Мендан сўрашса, Мен ҳар бир киши сўраган нарсасини берсам ҳам, ҳузуримдаги бирор нарса камаймайди. Фақатгина денгизга игнани бир марта тиқиб олгандаги камайганчалик озаяди, холос. Эй бандаларим, у сизларнинг амалингиздир. Мен амалларингизни ҳисоблаб сақлаб қўяман. Кейин уни мукаммал қилиб топшираман. Кимки унинг яхшисини топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимки бундан бошқасини топса, фақатгина ўзини маломат қилсин», деди».

Саид айтдилар: «Абу Идрис агар мана шу ҳадисни гапирсалар, тиз чўкиб ўтирардилар». Имом Муслим ривоятлари.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал р.а.: «Шом аҳлига мана шу ҳадисдан кўра шарафлироқ ҳадис йўқдир», деб айтганлар.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио