Уйдирма ҳадислар

Кейинги >  

МАВЗУЪОТ ҲАҚИДА

 Режа:

 Ι.  Муқаддима.

ΙΙ.  Асосий қисм:
1. Мавзуъ ҳадисларнинг моҳияти, таърифи.
2.Мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлиши тарихи ва сабаблари.
3. Мавзуъ ҳадисларни ажратиш усуллари.
4. Ҳадис тўқиш фаолиятига қарши уламолар ҳаракатлари.
5. Мавзуъ ҳадисларнинг ҳукми.
6. Мавзуъ ҳадислар буйича ёзилган асарлар.
     
ΙΙΙ. Хулоса.


Ι.  Муқаддима.
Қайси даврга мансуб бўлмасин ҳар бир миллатнинг, ҳар бир юртнинг фахри ва ифтихори унинг олимлари-ю, жаҳон илм-фани ва маданияти равнақига қўшган ҳиссаси билан ўлчанади ва қадрланади. Мана шу мезонга таяниб, адолат кўзи билан қарайдиган бўлсак, кўҳна Туркистон (Ўрта Осиё) заминимиз, ҳеч бир муболағасиз, дунёда энг илғор, олдинги ўринлардан бирини эгаллайди.
Чунончи, илм-фаннинг қайси бир жабҳасини олмайлик- аниқ фанларми, табиий фанларми ёки ижтимоий фанлар дейсизми, Ўрта Осиёлик олимларнинг хизматлари беқиёсдир. Айниқса, ўрта асрларда яшаган алломаларимизнинг бу борадаги улушлари дунё миқёсида салмоқлидир. Диёримиздан чиққан Имом Муҳаммад ал-Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Бурҳониддин ал-Марғилоний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Абу Наср ал-Фаробий, Аҳмад Яссавий, Абу Райҳон ал-Беруний, Абу Али Ибн Сино, Баҳоуддин ан-Нақшбанд, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби юзлаб, минглаб буюк сиймоларимиз билан биз ҳақли равишда фахрланамиз. Чунончи, бу даҳолар яратиб кетган ўлмас асарлар, буюк кашфиётлар жаҳон илм-фани ва маданияти равнақига қўшилган улкан ҳисса бўлиш билан бирга, айни вақтда, маълум даражада ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга ҳам хизмат қилган.
Афсуски, шўро тузуми давридаги адолатсиз сиёсат натижасида мана шу алломаларимиз яратган асарларнинг аксариятидан халқимиз, кенг жамоатчилик бехабар, уларнинг бой ижодидан маҳрум эди. Уларнинг кўпчилигига диний арбоб, асарларига эса диний, хурофий китоблар деб қаралар эди.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бундан ўн тўрт йил муқаддам жумҳуриятимизда қарор топа бошлаган ижтимоий адолат, айниқса мустақиллигимиз шарофати билан бой ва кўҳна тарихимиз, маданий меросимиз, маънавий қадриятларимизга муносабат батамом ўзгарди. Буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодларини ҳар томонлама ўрганиш, улар асарларини нашр қилиш каби хайрли ишлар кенг йўлга қўйилди. Бу фикримизга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, диний қадриятларимизнинг асоси бўлмиш Қуръон, ҳадис, ақида илмларига оид кўплаб асарлар яратилди, таржима қилинди. Шу жумладан, буюк аждодимиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ Бухорий”, Ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”, Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳ ул ғофилийн” асари ва бошқа кўплаб асарлар соф ўзбек тилида чоп этилди ва Абдулазиз Мансур, Убайдулла Уватов, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби замонамиз олимлари томонидан яратилган ҳадис, тафсир илмларига, алломаларимиз ҳаётига оид асарлар нашр этилмоқда.
Халқимиз дилини мунаввар қилган бу хайрли ишларнинг ҳаммаси Республика ҳукумати, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг собитқадамлик билан олиб бораётган доно ва халқчил сиёсатининг самарасидир.
Албатта, бу ижобий ишлар билан бир қаторда илм билан боғлиқ  бир қанча салбий ҳолатлар ҳам вужудга келдики, бу айниқса, ҳадис илмида яққол кўзга ташланади. Бу ҳам бўлса, Пайғамбаримиздан кейинги даврлардаёқ вужудга келган ҳадисга мавзуъ (тўқима) аралаштириш ҳолатидир. Бугунги даврга келиб  ҳадисга мавзуъ аралаштириш кенг тус олмаган бўлсада, аммо 70 йиллик диний илмлардан узоқлик натижасида халқимиз Пайғамбар а.с. ҳадисларидан  бехабар бўлди ва ҳақиқий Пайғамбар а.с.  ҳадислари билан мавзуъ ҳадиснинг фарқини ажратиш, умуман, ҳадисларни тушуниш имкониятидан маҳрум бўлиб қолди. Бу ўз навбатида турли диндан бўлмаган нарсаларни диндан деб билишга, инсонлар орасида ихтилофлар вужудга келишига сабаб бўлди.
Маълумки, ўз даврида Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддис аждодларимиз бу каби ҳолатларга бутун куч-ғайратларини сарфлаб курашганлар ва бу ифтихор бизни руҳлантиради, гарчи уларнинг ишларини тўлақонли давом эттира олмасакда, бу ишга озгина ҳисса қўшишлик фикри бизга қанот бағишлайди. Мана шунинг учун мен малакавий битирув ишимни “Мавзуот” мавзусида кичик бир илмий мақола сифатида ифодалашга қарор қилдим.
Мен бу ишда мавзуъ ҳадиснинг таърифи, тарихи ва келиб чиқиш сабабларига, мавзуъ ҳадисни ҳақиқий ҳадисдан ажратиш усулларига, ҳадис тўқиш ҳаракатига қарши уламолар фаолиятига (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим ва бошқалар) ва мавзуъ ҳадислар буйича ёзилган асарлар рўйхатига тўхталиб ўтдим.
Бу  малакавий битирув ишим  муқаддима қисми, асосий қисм,  хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлди.
Маълумки, Аллоҳ таоло инсонларга   Ўзи юборган ҳақ диннинг асоси қилиб  Қуръонни нозил қилди, сўнгра бу Қуръонни инсонларга кенг тушунтириб, баён қилиб бериш учун Муҳаммад с.а.в. ни  вакил қилди. У зот эса бу вазифани адо этишда ўз нафсидан эмас, балки илоҳий илҳом билан гапирардилар.                                                                                         (Нажм 3-4). Демак, суннати набавиянинг қадри ва мақоми шу даражада экан, саҳобалар р.а. лар буни англаб етдилар, унинг риоясини қилдилар, уни қалбларида ёд сақладилар ва уни омонат сифатида ўзларидан кейинги авлодга етказдилар. Шу ўринда саҳобаларнинг ҳадис ривоят қилишликларига оид қуйидаги маълумотни келтириб ўтамиз;
 Саҳобаларнинг ҳадис ривоят қилишдаги тафовутли бўлиш сабаблари:               
 Саҳобалар р.а. барчалари ҳадисларни ёдлаш билан машғул бўлганлар, бироқ ҳадисларни кўп ёки оз ёдлашда ҳар бир саҳобанинг таржимаи ҳолига кўра, хусусий ва жамият билан қай даражада алоқадорлигига  кўраумумий сабаблар мавжуд, буларни қисқача айтиб ўтамиз:
1.          Халифалик ва ҳарблар билан машғул бўлиш кўпгина саҳобаларни ҳадисларни ёдлаш ва ривоят қилишларига халал берган, шунинг учун ҳам  тўрт чаҳорёр ҳалифалар, Талҳа, Зубайр р.а.лар машҳур бўлишларига қарамасдан кўп ҳадис ривоят қилмаганлар.
2.         Пайғамбар а.с. суҳбатларида узоқ вақт бўлиш, турли сафарларида ва муқимликларида у зот билан бирга бўлиш вау зот с.а.в. нинг вафотларидан кейин узоқроқ ҳаёт бўлиш кўп ҳадис ёдлаб , уни ривоят қилиш имкониятини берган.  Буларга  Ибн Масъуд, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас, Ибн Умар ва бошқа кўплаб саҳобалар р.а.ларни мисол қилишимиз мумкин.  
3.         Ҳаётда турли ҳодисаларнинг янгиланиб бориши ва инсонларда буларнинг  ҳукмлари баёнига бўлган эҳтиёж, инсонларнинг  ҳадис талабига  бўлган иштиёқи ҳаёт  саҳобаларнинг кўпроқ  ҳадис ривоят қилишларига  сабаб бўлган. Саҳобалар бунингдек ҳадисларнинг  шаръий ҳукмини                                                      инсонларга англатиш учун ўз зеҳнларидаги суннатларни изҳор этишда ҳимматларини аямаганлар.
4.          Фитналар вужудга келиши шиа ва  хорижий каби баъзи фирқалар  томонидан ҳадисларга  ёлғон аралаштирилиши ривоят қилинган ҳадисларнинг камайишига олиб келган ва ҳадис ривоят қилувчиларга нисбатан жуда қаттиқ туришликни талаб қилган. Мана шунинг учун, Алидан (р.а.) ривоят қилинган ҳадислар камлигини кўрамиз. Сабаби, аҳли ҳадислар у зотдан ривоят қилинган ҳадисларни фақатгина,  Ибни Маъсуднинг  асҳоблари ( Убайда Салмоний, Шурайх, Абу Вобил ва бошқалар.) орқали бўлса ёки Али (р.а.) аҳли оиласидан бўлсагина қабул қилганлар, бундан бошқаларни тарк этганлар.
5.         Эргашувчиларнинг кўп-озлиги, фаоллик даражалари ҳам саҳобалар (розиоллҳу анҳумлар) дан ривоятларнинг кўп-оз бўлишига катта таъсир кўрсатган. Масалан, Усмон ибн  Аффондан (р.а.)  жуда кам ҳадис риқоят қилинган. Бунга сабаб, у зот ҳалифалик , ҳарблар, Қуръонни жамлаш ва шу каби бошқа вазифалар билан машғуллиги туфайли у зотдан ҳадис эшитувчиларнинг камлигидир.
6.          Хотиранинг кучлилиги ва ҳадисларни ёзиб қайд қилиб қўйишлик ҳам ривоятнинг кўп бўлиши омилларидандир. Буларга мисол тариқасида Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.) ларни кўрсатишимиз  мумкин.
7.          Ибодатга берилиб кетиши ва ҳадисларни Пайғамбар ( а.с.)дан  эшитгандек тарзда  айтиб бера олмаслик хавфи кўпгина саҳобаларни ҳадис ривоят қилишдан тўсган.
8.          Ривоят қилувчи саҳобийга олиб борувчи иснод йўли заиф бўлишлиги. Масалан, умматнинг энг ишончли зотларидан бўлган Абу Убайда ибн Жаррох(р.а.) дан ривоят қилинган ҳадислар саҳиҳ  китобларда топилмайди, бунга сабаб, у зотдан ривоят қилувчилар ишончсиз, заиф бўлганлиги туфайли аҳли саҳиҳлар қабул қилмаганлигидир. (“Ал-Ҳадис вал муҳаддисун”)   
Мазкур маълумотдан кўриниб турибдики, саҳобалар р.а. ҳадисларга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди. Мусулмонлар кенг оммаси ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етишдан ожиз бўлдилар, ҳадисларнинг асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди, энг ачинарлиси, ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ  турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўришимиз мумкин.
Қуръони Каримнинг Ҳижр сурасида Аллоҳ Таъоло шундай дейди:
“Албатта, бу Зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчимиз!” (Ҳижр сураси, 9-оят)
 Кўпчилик мусулмонлар бу илоҳий ваъда фақат Қуръонга оид деб биладилар. Аммо Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннатлари ҳам ушбу ваъда остида эканлигини унутадилар.
Тариҳдан биламизки, ғаразли ниятдаги баъзи шахслар ўз даъвосини татбиқ этиш учун Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг мусулмонлар орасида бўлган юксак обрўсидан ва мусулмонлар ҳаётига кучли таъсиридан фойдаланганлар.
 Мавзуънинг луғавий ва атама сифатидаги таърифи:
Мавзуъ- арабча - Ал-мавзуъ шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган  маъноларини англатади.
Истилоҳда эса, Ал-мавзуъ- ровийнинг Пайғамбар а.с. ҳадисларида ёёлғон тўқиши, яъни у зотнинг айтмаганликларини била туриб, Пайғамбар а(с.а.в.) дан дея ҳадис ривоят қилиши.
     Мавзуъ  ҳадиснинг  ҳадис деб номланиш жиҳати.
      Ибн Силоҳ айтишича, мавзуъ ҳадис заиф ҳадисларнинг энг ёмонроғидир.                                                                                                                        Хофиз Ибн Хажар айтишича, Хаттобийнинг фикри ҳам шундай бўлган.
       Имом Хаттобий яна шундай дейди: Аҳли ҳадислар наздида ҳадис уч турга турланади:  саҳиҳ ҳадис, ҳасан ҳадис, сақим ҳадис ( иллатли   заиф ҳадис). Сўнгра саҳиҳ, ҳасанни   таърифлаб , заиф ҳадис ҳақида шундай дейди: “Аммо заиф кўп  табақададир, энг пасти мавзуъ, сўнгра мақлуб ва ҳокозо”.
       Хофиз Ибн Хажар эса мавзуъ  ҳадис ҳақида шундай дейди: Мавзуъни ҳадис деб аташни инкор қиламан, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлик ҳам уни ҳадислар қаторида  ҳисоблашни ифодалайди.
       Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ эса шундай дейди: ҳақиқатдан, мавзуъни ҳадис деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни ҳадис деб номлаши  қуйидаги сабабларга кўра бўлади:
1.- Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси ирода қилинади.
2.- Ёки мавзуъ тўқувчиларнинг назаридаги эътибор билан шундай дейилади.
3.- Ёки мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига мурожат қилинганлиги сабаби шундай дейилади.
Бизнинг фикримизча ҳам мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар а.с. ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Ваҳоланки, мавзуъ ҳадис бошқа шахслар тарафидан тўқилган ҳисобланади. Шунинг учун биз ҳам мавзу ҳадисларни ҳадиснинг алоҳида бир тури сифатида ўрганилиши тарафдоримиз.
Пайғамбар ( с.а.в.) номидан ёлғон тўқишнинг (мавзуънинг)  ҳукми:
Юқорида айтиб  ўтганимиздек,   мавзуъ –бирор  кишининг қасддан Пайғамбар а.с номидан ҳадис тўқиб, у зотга нисбатини бериб айтган  сўзидир, ваҳоланки у зот бундан узоқ бўладилар. Шак-шубҳасиз, Пайғамбар а.с. номидан ҳадис тўқиш ҳаром ва улкан кабира гуноҳдир. Бунга қуйидаги мутавотир ҳадис далил бўлади;
   Мавзуъ тўқиш улкан фосиқлик ва катта азобга сабаб бўлувчи амалдир. Лекин модомики ҳалол санамаса, бу ёлғон сабабли кофир ҳисобланмайди.
Икки Ҳарам (Макка ва Мадина)нинг  имоми Абул Маолийнинг  отаси Абу Мухаммад Ал Жумайний шундай дейди:
-Пайғамбар (с.а.в.)га  нисбатан қасддан ёлғон тўқиш билан кофир бўлади.
Аммо  Абул Маолийнинг ўзи бу фикрни заиф санаган. (Мутавотир ҳадис, етмишдан ортиқ саҳобий ривоят қилган.)
Имом Заҳабий шундай дейди: -Пайғамбар (с.а.в.) номидан ёлғон тўқиш  куфр, диндан чиқаради.Чунки бу харомни ҳалол, ҳалолни харом  санашга олиб боради. Бу эса ғирт куфрдир.
Имом Нававий эса  шундай дейди: Тўғрироқ фикр жумҳур уламоларнинг фикридир, бу ёлғон ҳадис тўқиш билан  кофир ҳисобланмаслигидир. Валлоҳу аълам.

Демак, қасддан биргина ёлғон ҳадис тўвиш фосиқлик, унинг барча ривоятлари инкор этилади, улар билан  ҳужжат қилинмайди.

   Мавзуъ  ҳадисни ривоят қилиш ҳукми:
  Кўпчилик олимлар фикрича, қайси соҳага оид бўлсин,яъни, ҳукмга оид, қиссалар тарғиб, таҳдидга оид бўлсин, мавзуъ ҳадисни  унинг  мавзуълигини билган ҳолда ривоят қилиш харомдир. Аммо унинг мавзуълигини очиқ айтиб утиш билан жоиздир.  Бунга Муслим  ривоят қилган қўйдаги ҳадис далил қилинади.
« Кимки ёлғон эканлагини билган ҳолда менинг номимдан ҳадис ривоят қилса,  у ҳам ёлғончиларнинг биридир».
 Бу ҳадис мавзуъ  ривоят қилувчига қарши      кифоя қилади, бироқ юқорида айтилганидек, мавзуълигини очиқ айтишлик бундан мустасно.
Хатиб Бағдодий айтади: « Муҳаддис ботил мавзуъ ҳадисларни ривоят қилмаслиги лозим бўлади. Агар шундай қиладиган бўлса улкан гунохга эга бўлади  ва ёлғончилар сафига қўшилади. Бунга далил қилиб Хатиб Бағдодий ушбу ҳадисни келтиради: Ҳабиб ибн Абу Собитдан ривоят қилинади: “Кимки ёлғонни ривоят қилса, бас у ҳам ёлғончидир”.
Бизнингча, бундай ҳадисларни ёлғон эканлигини билиб туриб ривоят қилиш барча олимлар тарафидан таъқиқланган. Бироқ , “мавзуъ”деб таъкидлаб ривоят қилишга баъзи олимлар рухсат берганлар.Мавзуъ ҳадис ҳақиқий ҳадис бўлмагани учун унга амал қилиш ҳам шариат нормаларига тўғри келмайди. Шунингдек, мавзуъ ҳадисларга оид асарларда баъзи олимлар уларни нақл қилганларида: “ Маъноси тўғри, аммо уйдирилган, Пайғамбар (с.а.в.) га оид эмас” жумласини қўшиб қўядилар. Бундай ифодаларни “ Мавзуъот” китобларда кўплаб учратишимиз мумкин.

Тарғиб ва огоҳлантиришда мавзуъ тўқиш бўйича Каромияларнинг фикри;

 Каромия фирқаси  тарғиб ва огоҳлантириш мақсадида ҳадис тўқиш жоизлигига  фатво берганлар. Бунда уларнинг далили: Мавзуъ бобида келтирилган юқоридаги машҳур ҳалис баъзи йўллар билан  деб ривоят қилинган, яъни “инсонларни адаштириш учун” қўшимчаси билан ривоят қилинган деб даъво қиладилар. Ёки уларнинг баъзилари 
“***” жумласини  “кимки менга қарши ҳадис, сўз айтса, яъни инкор қилса” деган маънога ҳамл қиладилар ва “биз у зотга қарши эмас,  балки у зотнинг фойдасига ёлғон тўқиймиз” дейдилар.
     Имом  Нававий бу фирқага раддия билдириб шундай дейди;
 -Улар ниҳоятда жоҳилона далил келтирганлар ва Аллоҳ таолонинг ушбу оятига хилоф сўз айтганлар; (Исро; 36-оят .)
   (Эй инсон), ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ,  кўз, дил- буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)
      Ва уларнинг  бу фикрлари шу маънодаги мутавотир ҳадислар мазмунига ҳам хилофдир.

    Мавзуъ тўқувчиларнинг турлари:                       
Қози Иёз шундай дейди: Пайғамбар а.с. ҳадисларида мавзуъ тўқувчилар қуйидаги турларга турланади:
   1-Пайғамбар а.с. асло гапирмаган сўзни ҳадис дегувчи тоифа. Бу тоифа ёки динни хорлаш мақсадидаги кофирлардан;                                                                                                                                               -Ёки буни    динга қизиқтириш ва гунохлардан огоҳлантириш учун жоиз ҳисоблайдиган жоҳил суфийлар, имомлардан;
-Ёки ҳужжат қилиш мақсадидаги бидъатчилардан;    
 -Ёки бирор мазҳаб мутаассибларидан;
 -Ёки Дунё аҳли ҳоҳлайдиган орзу-ҳавасларга мувофиқ ҳадис тўқувчилардан иборат бўлади.
   2-Ҳадиснинг матнини эмас, балки заиф ровийлар иснодининг ўрнига машҳур, одил ровийлар иснодини тўқувчи тоифа.
   3-Саҳобалар ёки бирор донишманднинг сўзини Пайғамбар а.с.га нисбат берувчи тоифа.
         Қози Иёз айтишича, мазкур тоифаларнинг барчаси ёлғончидирлар, уларнинг ҳадислари тарк қилинади.

2.    Мавзуъ тўқиш қайси даврдан бошланган
Бизга маълумки саҳобалар (р.а.) ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ учун фидо қилган зотлар бўлган. Агар уларнинг тарихига назар солсак, шу нарсага амин бўламизки, улар жонлари-ю молларини Аллоҳ йўлида Расулуллоҳга фидо қилганлар ва дин йўлида ватанларини тарк этганлар, энг муҳими. Улар Пайғамбар а.с. нинг
****  каби ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки Ислом тарихида шоҳид бўламизки, саҳобалар ҳар бир хато ижтиҳодга, ёлғонга сукут қилиб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ  турганлар.
Аммо тобеъинлар даврида эса илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади, лекин бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.
Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш, турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди.
 Ёлғон тўқувчиларнинг энг зарарлироғи.                                                                                           
Олимлар фикрича, ёлғон тўқувчилар уларни ёлғон тўқишга олиб келувчи омилларга кўра бир неча қисмга ажратилади, шулардан  энг зарарлиси зоҳидлик ва ибодатгўйлик билан танилган шахслар бўлиб, улар ўзларининг ботил эътиқодлари туфайли Аллоҳнинг олдида ажрига эга бўлиш умидида ҳадис яъни,тарғиб учун тўқийдилар. Буларнинг ҳадислари омма орасида ишончли тарзда қабул қилинади.
Хофис Ас-Суютий айтади: Улар илмсизликлари туфайли яхшилик учун ҳар бир нарсани жоиз деб биладилар ва хато билан тўғриликнинг орасини ажрата олмайдилар.
Шу ўринда мазкур зоҳидлардан баъзиларини мисол тариқасида айтиб ўтиш жоиз:
-Ибн Жавзий Ибн Маҳдийдан аниқ санад билан ривоят қилинишича, У зот Майсара ибн Абдураббиҳдан сўраганки: айтаётган ҳадисларни қаердан олдинг?
У шундай деди: Инсонларни қизиқтириш учун ўзим тўқидим.
-Ғулом Халил зоҳидликда жуда машҳур, дунё шаҳватларидан юз ўгирган зот. У вафот этган кунда унинг ҳурмати учун Боғдод бозорлари ёпилган. Шу билан бирга у мавзуъ тўқиган. Ўлими олдидан ундан сўрадилар: Охиратингиз ҳақида гумонингиз қандай, яхшими?
У деди: Нима учун яхши бўлмасин, ахир мен Али(р.а.)нинг фазли ҳақида 70 та ҳадис тўқидим.
 -Ибн Хиббон шундай дейди: Абу Башр Ахмад ибн Мухаммад фақих ал-Марвазий ўз замонасида Пайғамбар(а.с.) суннатларида жуда мустаҳкам турувчи, унга хилоф қилганларга нисбатан жуда қаттиқ турувчи зот эди, аммо шу билан бирга мавзуъ тўқир эди.  
 Мавзуъ тўқувчиларнинг усуллари:
Ҳадис тўқувчилар қуйидаги усуллардан фойдаланадилар:        
1-Баъзилаи ўзлари ҳадис тўқийдилар ва Пайғамбар а.с. дан деб ривоят қиладилар. 
2-Баъзилари эса донишмандлар, зоҳидлар ёки исроилиётдан баъзи ривоятларни олиб, Пайғамбар а.с.га нисбат берадилар. Мисол тариқасида шуни айтиш мумкин:
а)-                                     ҳадиси:
-Ёки Молик ибн Динорнинг сўзи, чунки бу иборани Ибн Абу Ад Дунё “Макойид аш Шайтон” асарида унга нисбат берган.
-Ёки бу ибора Исо ибн Марям а.с.нинг сўзи бўлиши мумкин. Буни Байхақий ўзининг “Аз Зуҳд” асарида келтиради. Бироқ бу ибора бирор саҳиҳ йўл билан Пайғамбар а.с.дан ривоят қилинмаган.
б)                                 ҳадиси баъзи табибларнинг сўзидир. “Ал Мавзуъот ал Кубро” асарида айтилишича бу иборалар араб табиби Хорис ибн Килдага тегишлидир.
3-Қасддан эмас, балки баъзи ровийларнинг хато гумонлари туфайли вужудга келган мавзуъ ҳадислар. Бизнинг фикримизча , бу саҳиҳ ҳадис матнига баъзи иборалар ёки сўзларнинг қўшилиб қолиш шаклида бўлади.

      Мавзуъ ҳадислар тўқилишининг асосий сабаблари.
Ҳадис тўқилиши учун бир қанча сабаблар мавжуд. Булардан асосийларини қуйида айтиб ўтамиз:  
1-Сиёсий ихтилофлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида юз берган фитналар турли хил сиёсий ва диний оқимлар учун қўл келган. Тарихдан маълумки, бу ихтилофлар  Усмон ибни Аффон р.а.нинг ўлдирилишлари ва Али р.а.нинг   халифаликни қўлга олишларидан сўнг бошланди. Мусулмонлар турли тоифа ва гуруҳларга ажралиб кетди. Кўпчилик мусулмонлар Али р.а. томонида туриб, Муовия р.а.га мухолиф бўладилар.
Баъзи олимлар эса мавзуъ ҳадислар ҳижрий сананинг 41-йилига, яъни Ҳз. Али(р.а.)нинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар. Шиаликлар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни келтирадилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам  Алидир”; “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлган каби , менинг васиятчим ва ворисим ҳам Али ибн Абу Толибдир”; “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”;“Алига назар ташлаш ибодатдир”.
Шунингдек, шиаликлар Абу Бакр, Умар, Муовийа(р.а.) ва умавийларни камситувчи ҳадисларни тўқиганлар.

Бир қисм мусулмонлар хорижийлар номи остида алоҳида сиёсий фирқани ташкил қилдилар. Бироқ, минг афсуски, бу сиёсий ихтилофлар диний тус олди ва исломда турли нотўғри диний оқимларнинг вужудга келишига улкан таъсир кўрсатди. Чунки, ҳар бир гуруҳ ўз мавқесини Қуръон ва Сунна Билан қувватлашга ҳаракат қилар эди. Табиийки, Қуръон ва Сунна ҳар бир мутлақо мухолиф гуруҳнинг мухолиф даъволарига мувофиқ далил бериши мумкин эмас. Манна шу пайтда баъзи фирқалар орасида Қуръонни ўз даъволарига мувофиқ ўзгартириш ва Пайғамбар а.с.га нисбат бериб ҳадислар тўқиш ҳаракатлари пайдо бўлди.
Бу соҳадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан баъзи шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазли ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.
Манбаъларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб, “шиа” тоифаси бошлаган.
Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни баъзиларини мисол тариқасида айтиб ўтишимиз мумкин:
1-Ибн Аббосдан ривоят қилинади, у зот эса Пайғамбар а.с.дан ривоят қилган эмишларки:
“Жаннатда ҳэч бир дарахт йўқки, баргларига Мухаммад Расулуллоҳ, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ал Форуқ, Усмон Зиннурайн деб ёзилмаган бўлса”.
2-Ибн Аббосдан, у эса Пайғамбар а.с.дан ривоят қилинади: “Пайғамбар а.с.айтадилар:- Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”.
3-Пайғамбар а.с.дан ривоят қилинади: “Албатта, менинг биродарим ва вазирим ва ўз аҳлимдан бўлган халифам, мендан кейин қарзимни адо қиладиган ва менинг ваъдаларимни рўёбга чиқарадиган энг яхши киши –бу Алидир”.
4-Абу Хурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбар а.с. шундай дедилар:-Ишончлилар учтадир: Мен, Жаброил ва Муовия.
Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада турли ҳадислар вужудга келди. Масалан, “Ким форсчада гапирса, жиннилиги ортиб муруввати камайади”.
Хулафои Рошидин даврида юз берган Яна бир фитналардан бири хорижийлар ва Ҳз. Али(р.а.) ўртасидаги бўлган тўқнашувлар. Хорижийларнинг ҳадис тўқишлари масаласида олимлар турли фикр билдирганлар. Ибн Лаҳиъа, Убайдуллоҳ ибн Амр ва Суютий хорижийларга мансуб бўлган ва умрининг охирида тавба қилган бир шайхдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Ҳадислар бир диндир. Шунинг учун динингни кимдан ўрганаётганингга эътибор бер. Чунки биз бир фикрни амалга оширмоқчи бўлсак, уни ҳадисга айлантирар эдик”. Бироқ бошқа олимларнинг назарида хорижийлар ёлғон гапиришни гуноҳи кабира ҳисоблагани учун улрнинг мавзуъ ҳадислар вужудга келишида ҳеч қандай ўрни йўқ деб ҳисоблайдилар.

2.  Ислом душманлари (зиндиқлар). Булар мусулмонларни ақидаларидан ва Ислом динидан узоқлаштириш мақсадида ҳадислар тўқиб, уларга асосланган ботил ақидаларни мусулмонлар орасида тарғиб қилганлар. Айтиш мумкинки, Ислом душманлари ўша даврда кенг тарқалган турли диний оқимларнинг ниқоби остида фаолият кўрсатганлар. Бундай кишилардан бири Абдулкарим ибн Абу Ивожвдир. У Басра амири Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Аббосий томонидан ўлдирилишидан олдин шундай деган: “Мен ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиш мақсадида 4 минг ҳадис тўқиганман”. Одамларнинг Ислом динини қабул қилмасликлари, қабул қилганларни эса ундан совутиш мақсадида зиндиқлар (дин душманлари) мантиқсиз, ақл бовар қилмайдиган ва эртакка ўхшаган ҳадисларни тўқий бошдаганлар. Ҳаммод ибн Зайд айтади:“Ислом душманлари одамлар орасида Пайғамбар(с.а.в.) айтмаган 14 минг ҳадисни тарқатганлар”.  
 
   Мавзуъ ҳадисни билиш йўллари
 І.  Иснод( ривоятчилар занжири) даги белгилар:      
       1.Ривоятчининг иқрори. Бунда ривоятчи ёлғон ҳадисни тўқиб, тўқиганлигини таъкидлаб айтади.  
      2. Ривоятчининг иқрор бўлишига мажбур қилган баъзи сабаблар. Бунда ҳадисни ривоят қилаётган шахс умрида учрашмаган шайдан, ҳаётидабирор марта бормаган шаҳардаги шайхдан шунингдек, ривоятчи ўзининг  вафотидан кейин тўғилган шайхдан  ривоят қилса, бу сабаблар ривоятчининг ёлғон ҳадис тўқиганлигини  таъкидлаб айтишига  мажбур қилади.
        3. Ривоятчидаги  белгилар.  Бунда ривоятчи одамлар орасида шиа, муътазила, хорижийа ёки бошқа фирқа  вакили сифатида тан олинган.
ІІ. Матндаги белгилар:
        1. Лафз ва ифодада нуқсон.Пайғамбаримиз(с.а.в.) фасоҳатларига ва гапириш услубларига тўғри келмаслиги.
         2.Ҳадиснинг маъносидаги хатолар. Бунда ҳадислар ақлга, тажриба ва умумий қоидалартга зид келади.
         3.Қуръон ва Суннага зидлиги: Масалан: “Зинодан туғилган боланинг ўзи ҳам, етти пушти ҳам жаннатга кирмайди” мавзуъ ҳадиси Қуръони каримнинг
“(Ҳеч бир) кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (жон)нинг юки (гуноҳи) ни кўтармайди” (Анъом сураси, 164-оят) оятига зид келмоқда. Суннага зид қуйидаги ҳадисни ҳам келтириш мумкин: “Чақалоғига “Муҳаммад” исмини қўйган киши ўзи ҳам, боласи ҳам жаннатга киради”. Нажотга эса фақат имон ва хлос орқалигина эришилади.
Шунингдек, Аллоҳнинг сифатларига, тарихий воқеъликка ҳамда тиббиёт фанидга зид келувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади. Бундан ташқари бир ирқни, мазҳабни, мазҳаб имомларини, адашган фирқаларни мадҳ этувчи ва Саҳобалар (р.а.)ни камситувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади.  


Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио