Қаъқоъ ва Зайд ибн Аслам Абу Бакрнинг мавлоси Сумайни Саид ибн Мусайябга мустаҳоза аёл қандай ғусл қилишини ундан сўраш учун жўнатишди. У: “Пешиндан пешингача ғусл қилади ва ҳар намоз учун таҳорат олади. Агар унда қон бўлса, бир мато билан фаржини мустаҳкамлаб олади”, деди. Абу Довуд шундай деди: “Пешиндан пешингача ғусл қилади” ибн Умар, Анас ибн Моликлардан ривоят қилинган”. Шунингдек, Довуд ва Осим Шаъбийдан, у аёлидан, у Қомийрдан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган. Фақат Довуд: “Ҳар куни” деган. Осимнинг ҳадисида: “Пешин пайтида”, дейилган. Бу Солим ибн Абдуллоҳ, Ҳасан ва Атонинг сўзидир. Абу Довуд шундай деди: “Молик: “Мен ибн Мусайябнинг ҳадисини “Покликдан покликгача”, деб гумон қиламан. Одамлар уни: “Пешиндан пешингача”, деб ўзгартиришган. Лекин унга ноаниқлик кирган. Бу ҳадисни Мисвар ибн Абдулмалик, ибн Саид, ибн Абдураҳмон ва ибн Ярбуълар ривоят қилиб, унда: “Покликдан покликгача”, деган. Одамлар уни: “Пешиндан пешингача”, деб ўзгартиришган.
|