Ал-жомиъ ас-саҳиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Мадина фазилати ҳақида китоб

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМИ

1-боб. Мадинанинг муҳаррам (муқаддас) эканлиги ҳақида

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадина шаҳри фалон жойдан фалон ергача муҳаррам қилингандир, унинг дарахтлари кесилмағайдир ва унда Қуръонга хилоф ишлар қилинмағайдир. Кимки қуюшқондан чиқса, унга Аллоҳ, фаришталар ва одамларнинг лаънати бўлсин!» — дедилар».

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келиб, масжид қурмоқни амр қилдилар. Кейин ул киши: «Эй Баний Нажжор, менга баҳолаб берингиз (яъни, бўлажак масжид ўрни икки етим боланики эрди, уни сотиб олмоқчилар)»,— дедилар. Улар (ўша икки етим бола ва уларнинг яқин қариндошлари): «Биз пул сўрамасмиз, Аллоҳ йўлига хайр қилғаймиз»,— дейишди. Лекин, Жаноб Расулуллоҳ уларни барибир рози қилдилар. Кейин, Жаноб Расулул,лоҳнинг фармонларига биноан масжид ўрнидаги мушриклар қабри бошқа жойга кўчирилди, харобалар текисланди, қибла томондаги хурмолар кесилди».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинанинг икки тошлоқ жойи оралиғидаги ерни (уни «ҳарра», деб аташғайдир) ўз тилим бирлан муҳаррам, деб эълон қилғайман!» — дедилар. Кейин, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Баний Ҳадиса маҳалласига бориб: «Эй Баний Ҳадиса, сизлар (Мадинанинг) муҳаррам эканлигини унутиб, қуюшқондан чиққан кўринурсизлар»,—дедилар, кейин чор атрофга қараб: «Балки ундоқ эмасдир»,— деб қўйдилар (ўшанда Амир Ҳамза шаҳид бўлган жойда турган эрдилар)».

Иброҳим ибн Язид Таймий ривоят қиладирлар:
 «Али разияллоҳу анҳу: «Бизда Аллоҳнинг Китоби ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган мана бу саҳифадан бўлак ўзимизга хос ҳеч нарса йўқдир»,— деб Жаноб Расулуллоҳнинг ўша саҳифада битилган васиятларини қуйида баён қилдилар: «Мадинанинг Оир тоғидан фалон жойигача бўлган ерлар муҳаррамдир, кимки ўшал муҳаррам қилинган ерда исломга хилоф ишларни қилса ёким бирор бидъатчининг ёнини олиб, жой бериб ҳурматласа, унга Оллох, малоикалар ва барча одамларнинг лаънати бўлсин! Унинг тавбаси ҳам, фидясй (гуноҳни ювмоқ учун бериладирган тўлови) ҳам қабул қилинмағайдир». Ҳазрат Али кейин бундай дедилар: «Мўсулмонларнинг ягона зиммаси (мусулмонлар ғайридинларни ўз ҳимоясига олиб тузган шартномаси) бор, кимки бу аҳдномани бузса, унга Аллоҳ, малоикалар ва одамларнинг лаънати бўлсин! Унинг тавбаси ҳам, фидяси ҳам қабул бўлмағайдир, кимки (ўртада иттифоқ тузилмаган) бир қавмни хожаларидан ижозатсиз ўзига яқин тутса, унга ҳам Аллоҳ, малоика ва одамларнинг лаънати бўлсин! Унинг тавбаси ва фидяси қабул қилинмағайдир».

2-боб. Мадина фазилатлари ҳақида; одамларнинг дилидаги қабоҳатни маҳв қилмоқ Мадина фазилатларидандир

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Менга бир қишлоққа (ҳижрат қилмоқ) амр қилинди, ул қишлоқ бошқа қишлоқлардан устундир. Баъзилар (яъни, мунофиқлар) уни Ясриб дейишғайдир, ваҳоланки, ул Мадина бўлиб, одамларнинг кирини (гуноҳини) темир юзидаги куюкни дам (босқон) қандай кеткизса, шундай кеткизгайдир»,— дедилар.

3-боб. Мадина — Тобадир

Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Табук ғазавотидан қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда Жаноб Расулуллоҳ: «Бу Тобадир»,— дедилар.

4-боб. Мадинанинг икки тошлоқ ери

Саъид ибн Мусаййаб ривоят қиладирлар:
 «Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: «Агар Мадинада ўтлаб юрган кийикни кўрсам, ҳуркитмай ўтиб кетар эрдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинанинг икки тошлоқ ери ўртасидаги жойлар муҳаррамдир»,— дер эрдилар»,— деб айтдилар.

5-боб. Мадинани яхши кўрмаганлар ҳақида

Саъид ибн Мусаййаб қуйидаги ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан эшитган эрканлар:
 «Мадина сизлардан кейин янада сўлим бўлғайдир,— дедилар Жаноб Расулуллоҳ,— унда ёввойи ҳайвонларгина яшашғайдир. Энг охири Музайна қабиласига мансуб икки чўпон тирик қолғайдир. Улар Мадина томон қўй ҳайдаб келишганда ул ерда ваҳший ҳайвонлар тўлиб ётганини кўришғайдир. Саниййат ул-Видоъга етганларида улар ҳам йиқилғайдирлар (яъни, ўлғайдирлар)».

Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Яман фатҳ қилинғайдир,— дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам,— қавмлар шоша-пиша мол-ҳолларини ҳайдаб, бола-чақалари-ю хизматкорларини эргаштириб (Яманга) келишғайдир, ваҳоланки Мадина ўзлари учун афзалроқ эрканин билмаслар, кейин Шом фатҳ қилинғайдир, қавмлар Мадинани ташлаб, шоша-пиша мол-ҳолларини ҳайдаб, бола-чақалари-ю хизматкорларини эргаштириб бул ерга ҳам келғайдирлар, ваҳоланки Мадина ўзлари учун афзалроқ эрканин билмаслар, сўнг Ироқ ҳам фатҳ бўлғайдир, унга ҳам қавмлар бола-чақалари-ю хизматкорларини эргаштириб келишғайдир, ваҳоланки Мадинанинг ўзлари учун афзалроқ эрканин англашмағайдир».

6-боб. Иймон Мадинада тўпланадир

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илон ўз инида кулча бўлиб яшириниб олгани сингари иймон ҳам бора-бора Мадинада тўпланғайдир»,— дедилар».

7-боб. Мадина аҳлига ёмонлик истаганларнинг гуноҳи

Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Мадина аҳлига ёмонлик истаган одам, туз сувда эриганидек эриб кетғайдир»,— деганларини эшитганман»,— дейдилар.

8-боб. Мадинанинг қўрғонлари ҳақида

Усома разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина қўрғонларидан бирига чиқиб, баланддан пастга қарадилар-да: «Билурмисиз, неларни кўрмакдамен? Мен хонадонларингиз ўртасида бўлажак фитналарни шаффоф сув томчиси остидаги нарсани кўргандек аниқ кўриб турибдирмен»,— дедилар.

9-боб. Мадинага Дажжол кирмайдир

Абу Бакра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дажжол Мадинага хавф сололмағайдир, ўшал куни Мадинанинг етти қопқасидан ҳар бирини иккитадан фаришта қўриқлаб турғайдир»,— дедилар».

Нуъайм ибн Абдуллоҳ Мужмир Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан эшитиб ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинага кираверишда фаришталар мавжуд бўлиб, унга вабо ҳам, Дажжол ҳам бошини суқолмағайдир»,— дедилар».

Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа разияллоҳу анҳу Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан эшитиб ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадинадан бўлак Дажжол босиб олмаган бирорта ҳам шаҳар қолмағайдир, Мадинага олиб борадирган барча йўлларни фаришталар саф-саф бўлиб ҳимоя қилиб тургайдирлар. Кейин, Мадина уч маротаба силкинғайдир, Аллоҳ унинг аҳолиси орасидаги барча кофир ва мунофиқларни итқитиб ташлағайдир»,— дедилар».

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Дажжол хусусида анча гапларни айтиб бердилар. Хусусан, бундай дедилар: «Дажжол Мадинага киролмағайдир, чунким ул Мадинага олиб борадирган йўлларга қадам қўймоқ имконидан маҳрум бўлиб, шаҳар ташқарисидаги тузлоқ ерга келиб тушғайдир. Ўшал куни шаҳарнинг энг фозил кишиси Дажжолга: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида айтган ўшал Дажжол эрканлиғингни кўриб турибдирман»,— дейдир. Дажжол: «Айтғил-чи, агар мана бул кишини ўлдириб, кейин қайта тирилтирсам, менинг ишим ҳақ эрканлиғига шубҳа қилмасмисизлар?»—дейдир. Одамлар: «Йўқ»,— дейишғайдир. Дажжол ўзи кўрсатган кишини ўлдириб, кейин қайта тирилтирғайдир, Шунда қайта тирилган одам: «Худо ҳаққи, мен сенинг тўғрингдаги сўзларга энди ишондим»,— дер. Дажжол бояги (фозил) кишини ҳам ўлдирмоқчи бўлур, аммо ҳарчанд уринмасин, барибир ўлдира олмағайдир».

10-боб. Мадина гуноҳдан фориғ қиладир

Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Бир бадавий Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, исломга байъат қилди. Эртасига ул безгак тутиб келди-да: «Байъатимдан қайтмоғимга ижозат берингиз!» — деди. Жаноб Расулуллоҳ қатъий бош тортиб: «Мадина, темирчининг босқони (дами) темир юзидаги куюкни кетказгандек, гуноҳларни кетказғайдир»,— дедилар».

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд ғазотига чиққанларида баъзи саҳобалар орқага қайтиб кетишди. Жаноб Расулуллоҳ бирлан бирга қолган саҳобаларнинг баъзилари уларни «ўлдирғаймиз»,— дейишса, баъзилари «ўлдирмасмиз»,— дейишди. Шунда, «Мунофиқлар хусусида нега икки тараф бўлиб олдингизлар?!» деган оят нозил бўлди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қараб: «Бу (Мадина) темирчининг босқони (дами) темир куюкини кетказгани янглиғ одамлар қабоҳатини кетказғайдир»,— дедилар».

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё парвардигор-о, Мадинага Маккага берган баркотингдан икки баробар кўп баракот берғайсен!» — дедилар».

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб, узоқдан Мадина деворларини кўришлари биланоқ, туяларини тезлаштирар эрдилар, Мадинани шу қадар яхши кўрар эрдилар».

11-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг ҳувиллаб қолмоғини ёқтирмаганлар

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Баний Салама қабиласи Масжид ун-Набийга яқинроқ ерга кўчиб келмоқчи бўлди. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Баний Салама, охиратдан умид қилмасмисизлар?!»—деб эрдилар, улар жойларида қолишди...

12-боб.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг ҳужрам бирлан минбарим оралиғида жаннат боғларидан бири жойлашғайдир, минбарим эрса, Ҳавзи Кавсар устида бўлғусидир»,— дедилар».

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Бакр бирлан Билол иситмалаб қолишди. Абу Бакр иситма зўриққанда:
«Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,
Пойабзал ипидан яқиндир ажал»,—дер эрдилар.
 Билол эрса, иситма бир оз пасайганда, йиғлаб:
«Тақдирим не эрур, билмасман, э воҳ,
Бошимга ажалдин келурму сипоҳ?
Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,
Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!
Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,
Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!»—
дер эрдилар. Билол яна бундай дер эрдилар: «Ё парвардигор-о, вабо бизни юртимиздан қувгандек, Шайба ибн Робиъа, Утба ибн Робиъа ва Умаййа ибн Халафни лаънатлаб, қувгин!» Жаноб Расулуллоҳ Аллоҳга илтижо қилиб бундай . дер эрдилар: «Ё Аллоҳ, бизга Мадинани Макка сингари ёким ундан ҳам ортиқроқ маҳбуб этғил! Ё Аллоҳ, унинг тошу-тарозусига барака бер, аҳлини саломат қил, мана буларнинг безгагини эрса, Жуҳфага кўчирғил! (Жуҳфа Мисрда бўлиб, унинг аҳолиси мушрик эрди).

Оиша онамиз бундай дейдилар:
 «Биз Мадинага келдик. Бу ерда тез-тез вабо чиқиб турар эрди. Мадина водийлари бўйлаб эрса, оқин сувлар оқиб турар эрди».

Зайд ибн Аслам оталари Асламдан эшитиб ривоят қиладилар:
 «Умар разияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳ, ўз йўлингда шаҳид бўлмоқни ва Рафлуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарларида (Мадинада) жон таслим этмоқни менга насиб айлағил!»—дер эрдилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио