Ал-жомиъ ас-саҳиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Умра ҳақидаги боблар

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМИ

1-боб. Умранинг вожиблиги ва фазилати

Ибн Умар:
«Ҳар бир мусулмонга ҳаж ва умра вожибдир!— дейдилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Аллоҳнинг Китобида «Умра ҳажнинг эгизагидир, Аллоҳ йулида умра ва ҳаж қилингиз!» дейилган»,— дейдилар (яъни, Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани бўлмай, биргаликда адо этмакка амр берган.

Абу Ҳурайра разияллоху анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра — икки умра оралиғида қилинган гуноҳларга каффоратдир ва пок ниятда қилинган ҳаж ажри — фақат жаннатдир!»—деб айтганлар».

2-боб. Ҳаждан олдин умра қилган киши хусусида

Ибн Журайж ривоят қиладирлар:
 «Икрима ибн Холид Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ҳаждан олдин умра қилмоқ тўғрисида сўрадилар. У киши: «Бўлаверғайдир, чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаждан олдин умра қилганлар»,— дедилар».

3-боб. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам неча марта умра қилганлар?

Мужоҳид ривоят қиладирлар:
 «Мен ва Урва ибн Зубайр Мадинадаги Масжид ун-Набийга кирдик, қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳужралари ёнида ўтирган эканлар. Одамлар эрса, масжидда чошгоҳ намозини ўқишмоқда эрди. Урва Абдуллоҳдан ушбу намоз ҳақида сўраганда, ул киши: «Бидъат!» — дедилар. Кейин, Урва: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам неча марта умра қилдилар?» — деб сўради. Ул киши: «Тўрт марта, бири Ражаб ойида»,— дедилар. Кейин, биз ул кишидан бошқа бирор нарса ҳақида сўрамоққа журъат этмадик».

Мужоҳид ривоят қиладирлар:
 «Урва, Оиша онамиз ҳужраларида тишларини мисвоклаб турганларида: «Эй онамиз, Абу Абдурраҳмоннинг нелар деганин эшитдингизми?» — деди. Оиша онамиз: «Не дебдир?» — дедилар. Урва: «Абу Абдурраҳмон Жаноб Расулуллоҳнинг тўрт марта умра қилганларини, бири Ражаб ойида эканлиғини айтди»,— деди. Оиша онамиз: «Абу Абдурраҳмонга Аллоҳ раҳм айласин! Ул, Жаноб Расулуллоҳнинг умра қилганларини ҳақиқатан ҳам кўрган, лекин Жаноб Расулуллоҳ Ражаб ойида умра қилмаганлар»,— деб айтдилар».

Урва ибн Зубайр:
 «Оиша разияллоҳу анҳодан сўрасам, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ражаб ойида умра қилмаганлар» — деб айтдилар»,— дейдилар.

Қатода разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Мен Анас ибн Моликдан: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам неча марта умра қилганлар?» — деб сўрадмм. Ул киши: «Биринчи умралари Ҳудайбия умраси бўлиб, мушриклар қаршилик кўрсатганлиғи оқибатида чала қолган (қазо бўлган), келаси йили ўшал қазр бўлган умрани ҳам адо этмак мақсадида бир йўла икки маротаба умра қилганлар, кейингилари — Зулқаъда ойида қилган умралари (Жиърона умраси) ва ҳаж бирлан қўшиб қилган умраларидир»,—дедилар».

Ҳумом ривоят қиладирлар:
 «Анас разияллоҳу анҳу: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулқаъда ойида ҳажга қўшиб қилган умраларидан ташқари тўрт маротаба умра қилганлар, биринчиси — Ҳудайбиядаги умралари, иккинчиси келаси йилги умралари, учинчиси Ҳунайн ўлжаларини бўлиб берганларидаги умралари ва тўртинчиси — ҳажга қўшиб қилган умраларидир»,— деб айтдилар».

Абу Исҳоқ ривоят қиладирлар:
 «Масруқ, Ато ва Мужоҳиддан сўрасам, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулқаъда ойида ҳаж этмасдан бурун умра қилдилар»,— деб айтишди.
Барро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулқаъда ойида ҳаж этмасдан бурун икки маротаба умра қилдилар» деганини ҳам эшитганман».

4-боб. Рамазон ойида қилинадирган умранинг фазилати тўғрисида

Ато разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ансория аёлга (Ибн Аббос унинг исмини айтган эрди, лекин мен ёдимдан чиқарибман): «Биз бирлан бирга ҳаж қилмоғингга не монеълик айлади?» — деб айтдилар, деганини эшитдим. Шунда аёл: «Бизнинг соғин туямиз бор эрди, уни эрим бирлан ўғлим ва ўгай ўғлим миниб кетдилар, бизга эрса, сутини ичиб турмоғимиз учун бошқа бир соғин туяни қолдириб кетишди»,— дебди. Жаноб Расулуллоҳ: «Рамазон ойида умра қилғил, чунким Рамазон ойидаги умра ҳаж айлаган бирлан баробар савобга эгадир!» — дебдирлар».

5-боб. Ҳасба кечаси ва бошқа вақтларда қилинадирган умралар ҳақида


Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга Зулҳижжа ойи арафасида йўлга чиқдик. Ул киши бизга: «Ҳаж қилмоқчи бўлганлар ҳам, умра қилмоқчи бўлганлар ҳам эҳром боғласинлар, агар мен жонлиқ келтирмаганимда эрди, умрага эҳром боғлаган бўлар эрдим»,— дедилар. Шундан сўнг, баъзиларимиз ҳажга, баъзиларимиз умрага эҳром боғладик, мен умрага эҳром боғлаганлар орасида эрдим. Шунда мен ҳайз кўриб қолдим. Бул ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга маълум қилдим. Жаноб Расулуллоҳ: «Умрани қўя турғил, сочингни ёзиб, ғусл айлаб олғил-да, ҳажга талбия айтғил!» — дедилар. Кейин, Ҳасба кечаси мени укам Абдурраҳмон бирлан бирга Танъимга юбордилар, мен қазо бўлган умрани адо этиб, қайтдим».

6-боб. Танъим умраси ҳақида

Абдурраҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳу хабар беришларича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ул кишига Оишани туяга миндириб, Танъим умрасига олиб бормоқни амр қилганлар. Суфён ибн Уяйна бу ҳадисни Амрдан бир маротабагина эшитганларини айтдилар.

Ато ривоят қиладирлар:
 «Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтадирлар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари бирлан ҳажга ният айлаб, эҳром кийдилар. Ўшанда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Талҳадан бўлак ҳеч кимда жонлиқ йўқ эрди. Али разияллоҳу анҳу эрса, Ямандан жонлиқ олиб келган эрдилар. Ул киши: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимага ният айлаб, эҳром боғлаган бўлсалар, мен ҳам ўшанга эҳром боғладим»,— дедилар. Кейин, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жонлиғи йўқ асҳобларига умрага ният айлаб, Каъбани тавоф этмакни, сўнг сочларини қисқартириб, эҳромдан чиқмоқни амр қилдилар.
Иттифоқо, Оиша ҳайз кўриб қолиб, Каъбани тавоф қилмакдан бўлак барча ҳаж удумларини адо этдилар. Ул киши покланганларидан кейингина Каъбани тавоф айлаб: «Ё Расулуллоҳ, сизлар ҳаж ва умра қилиб қайтмакдасизлар, мен эрсам, ҳаж қилганимча қолдим»,— дедилар. Шунда Жаноб Расулуллоҳ Абдурраҳмон ибн Абу Бакрга Оиша бирлан бирга Танъимга бормакни буюрдилар. Оиша онамиз Зулҳижжа ойида ҳаждан кейин умра қилдилар».

7-боб. Ҳаждан кейин жонлиқсиз умра қилмоқ ҳақида

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
 «Биз Зулҳижжа ойи арафасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ҳажга чиқдик. Жаноб Расулуллоҳ: «Умра қилмакни истаганлар ҳам, ҳаж қилмакни истаганлар ҳам, эҳром боғласинлар. Мен жонлиқ келтирмаганимда албатта умрага эҳром боғлар эрдим»,—: дедилар. Шунда саҳобаларнинг бир қисми умрага, қолганлари ҳажга эҳром боғладилар. Мен эрсам, умрага эҳром боғлаган эрдим. Маккага келганимизда ҳайз кўриб қолдим, арафа куни эрди. Мен Жаноб Расулуллоҳга бу ҳақда маълум қилдим. Ул киши: «Умрани қўя турғил, сочингни ёзиб, ғусл қилиб олғил-да, ҳажга эҳром боғлағил!» — дедилар. Мен айтганларини қилдим. Ҳасба кечаси мени укам Абдурраҳмон бирлан бирга Танъимга юбордилар. Укам мени туяга мингаштириб, Танъимга олиб боргач, қазо бўлган умра ўрнига қайтадан умра қилмак учун эҳром боғладим. Аллоҳ таоло ҳаж ва умра қилмакни менга насиб этди. Бунда қўшимча жонлиқ ҳам, садақа ҳам ва рўза тутмак ҳам талаб қилинмағайдир».

8-боб. Умранинг савоби (ажри) чекилган машаққатга яраша бўлғайдир

Қосим ибн Муҳаммад ривоят қиладирлар:
 «Оиша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, одамлар бир йўла ҳаж ва умра қилдилар, мен эрсам, ҳаж қилганимча қолдим»,— дедилар. Жаноб Расулуллоҳ: «Поклангунингча сабр айлағил, кейин Танъимга бориб, эҳром боғлағил, биз сени фалон ерда кутиб турғайдирмиз, бироқ қилган умрангнинг савоби чеккан машаққатингга яраша бўлғайдир»,— дедилар».

9-боб. Умра тавофини адо этган киши Тавофи видоъ қилмаса ҳам бўладирми?

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладирлар:
 «Ҳаж ойларидан бирида ҳажга таҳлил айтиб йўлга тушдик, иттифоқо ҳаж манъ қилиниб, Сариф деган ерда қўндик. Жаноб Расулуллоҳ Саҳобаларга: «Кимки жонлиқ олиб келмаган эрса, ҳаж ўрнига умра қилсин, жонлиқ олиб келганлар эрса, бундоқ қилмасинлар!» — дедилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бир қанча бадавлат саҳобалар жонлиқ келтиришган бўлиб, улар умра қилмадилар. Мен йиғлаб ўтирган эрдим. Ҳузуримга Жаноб Расулуллоҳ кириб: «Нега йиғлаётирсен?» — деб сўрадилар. «Мен саҳобаларингизга айтган сўзларингизни эшитдим, демак, мен умра қилолмас эрканман-да?!» — дедим. Ул киши: «Нега бундоқ дерсан?»—деб сўрадилар. Мен: «Бенамоз бўлиб қолдим»,— дедим. Ул киши: «Ҳечқиси йўқдир, сен ҳам Одам Ато қизларидандирсан, уларнинг пешоналарига неки ёзилған эрса, сенинг манглайингга ҳам шул ёзилгандир, ҳажни давом эттираверғил, шояд, Аллоҳ таоло сенга умра қилмакни насиб этса!» — дедилар. Мен ҳажни давом эттиравердим. Минодан чиқиб, Муҳассабга келиб тушдик. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ укам Абдурраҳмонни чақириб: «Опанг бирлан Танъимга борғил, умрага эҳром боғлаб, тавоф айлаб келсин, мен сизларни шул ерда кутиб турғайдирман»,— дедилар. Биз кечаси умра қилиб келганимиздан кейин, «Умра қилиб келдингизларми?»—дедилар. Мен: «Ҳа»,—дедим. Шундан сўнг, саҳобаларга йўлга чиқмакни буюрдилар. Одамлар қўзғолишди, бомдоддан илгари Каъбани тавоф айлаганлар ҳам йўлга тушдилар. Жаноб Расулуллоҳ Мадинага қараб йўл олдилар».

10-боб. Умрада нима қилинса, ҳажда ҳам шу қилинадир

Ато разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жиъронада эрканликларида жубба кийган, ўзига хушбўй нарса сепиб олган бир одам келиб: «Умрани қай тариқа адо айламакни амр этғайдирсиз?» — деб сўради. Шул пайт, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келиб қолиб, кийимлари бирлан бошларини буркаб олдилар. Мен пайғамбаримизнинг ваҳий келган ҳолатларини кўргим келди. Умар мендаги бу истакни сезиб: «Бу ёққа келғил, мен пайғамбаримизнинг ваҳий келган ҳолатларини кўрмошнгга ёрдам берғайман»,— дедилар-да, пайғамбаримиз ёпиниб олган кийимларининг бир тарафини кўтардилар. Қарасам, ул киши бўталоқдек пишиллаб нафас олаётган эрканлар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига келиб: «Умра хусусинда сўраган одам қани?» — деб сўрадилар ва унга: «Устингдаги жуббани ечғил-да, яхшилаб ювиниб, ҳажда неки қилсанг, умрада ҳам шуни қилғил!»—дедилар».

Урва разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Болалик чоғимда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг заифалари — Оиша онамизга: «Аллоҳ таолонинг «Сафо ва Марва(ни тавоф айламак) Аллоҳнинг удумларидандир, кимки Каъбани тавоф айлаб, ҳаж қилғайдир, ёким умра қилғайдир-у, кейин Сафо ва Марвани тавофи саъй этғайдир, гуноҳ бўлмағайдир» деган ояти каримаси хусусида не дерсиз? Назаримда, Сафо ва Марвани тавоф айламаган киши гуноҳкор бўлмаса керак?»—дедим. Оиша онамиз бундай дедилар: «Мутлақо ундоқ эрмас, агар сен айтганингча бўлганда, Сафо ва Марвани тавоф айламаса, ҳеч ким гуноҳкор бўлмас эрди. Бироқ, бул оят Манот деган бутга сиғинган ансорлар ҳақида нозил бўлгандир. Ансорлар Сафо ва Марва оралиғида тавоф қилмакка ботинишмас эрди (гуноҳ бўладир, деб ўйлашар эрди). Улар Ислом даври келиб, мусулмон бўлганларидан кейин, Жаноб Расулуллоҳдан шул хусусда сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло ул кишига: «Сафо ва Марва(ни тавоф айламак) Аллоҳ удумларидандир, кимки Каъбани тавоф айлаб ҳаж қилғайдир ёким умра қилғайдир-у, кейин Сафо ва Марвани тавофи саъй қилғайдир, гуноҳ бўлмағайдир» деган ояти каримасини нозил қилди».

Ҳишом ибн Урва:
«Оиша онамиз: «Марва ва Сафони тавоф айламаган одамнинг ҳаж ва умрасини Аллоҳ қабул қилмағайдир» деб айтганлар»,— дейдилар.

11-боб. Умра қилган одам қачон эҳромини ечадир?

Ато разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига ҳаж ўрнига умра қилмакни ҳамда Каъба тавофидан сўнг, сочларини қисқартириб, эҳромларини ечмакни буюрдилар».

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умра қилдилар, биз ҳам бирга умра қилдик. Жаноб Расулуллоҳ Маккага кириб тавоф айлаганларида, биз ҳам ул киши бирлан бирга тавоф айладик. Кейин, Сафо ва Марвага келдилар, биз ҳам ул киши бирлан бирга келдик. Биз ул кишини Макка аҳлидан бирортаси отиб қўймасин деб, пана қилиб юрдик».

Исҳоқ ибн Иброҳим ривоят қиладирлар:
 «Менинг бир ошнам Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан: «Жаноб Расулуллоҳ Каъбага кирдиларми?» — деб сўрабдир. Шунда ул: «Йўқ»,— деб жавоб берибдир. Ўша ошнам Абдуллоҳ ибн Абу Авфога: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам заифалари Хадича хусусинда не деганлар, сўзлаб беринг!» — дебдир. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо: «Жаноб Расулуллоҳ, Хадичага унинг учун жаннатда шакарқамишдан қурйлган уй атаб қўйилганини ва унда ғаму ташвиш ҳамда машаққат йўқлиғини айтиб, хурсанд қилингизлар, деганлар»,— дебдир».

Амр ибн Динор ривоят қиладирлар:
 «Биз Ибн Умар разияллоҳу анҳудан: «Кимки, умра жараёнида Сафо ва Марвани тавоф айламай, фақат Каъбани тавоф этмак билангина чекланса, аёлига яқинлик қила олғайдирми?»— деб сўрадик. Ул киши: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келиб, Каъбани етти марта тавоф айладилар, сўнг Мақоми Иброҳим орқасида икки ракъат тавоф намози ўқиб, Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилдилар»,— дедилар-да, «Расулуллоҳда сизлар учун яхши ибратлар мавжуддир» деган оятни ўқидилар».

Амр ибн Динор ривоят қиладирлар:
 «Биз Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан сўраган эрдик, ул киши: «Сафо ва Марвани тавоф айламагунча аёлларингизга яқинлашмангиз!»—деб айтдилар».

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳода эрканликларида ҳузурларига бордим, ул киши туяларини чўктириб қўйган эрканлар. Мени кўриб: «Ҳаж қилиб келдингми?» — дедилар. Мен: «Ҳа»,— дедим. «Нимага (ҳажгами? умрагами?) таҳлил айтдинг?» — дедилар. «Жаноб нимага таҳлил айтган бўлсалар, мен ҳам ўшанга таҳлил айтдим»,— дедим. Ул киши: «Яхши қилибдирсен, Каъба ҳамда Сафо ва Марвани тавоф айлағил-да, эҳромингни ечғил!» — дедилар. Айтганларини қилдим. Кейин, Қайс қабиласига мансуб бир аёлнинг олдига бордим, ул сочимни калта қилиб қўйди, сўнг эҳромимни ечдим. Кейин, Ҳазрат Умар халифа бўлгунларига қадар шул ҳақда фатво бериб юрдим. Ҳазрат Умар халифа бўлганларидан сўнг, шул хусусда айтган эрдим, ул киши: «Агар Қуръонни олиб ўқисак, бошлаган ишимизни ниҳоясига етказмоқ, Жаноб Расулуллоҳнинг суннатларига риоя қилмоқ буюрилганлигини англағайдирмиз, чунким Расулуллоҳ қурбонликка аталган жонлиқларини забҳ қилмагунларича эҳромларини ечмаганлар»,— деб айтдилар».

Абуласвад ривоят қиладирлар:
 «Асмо бинти Абу Бакрнинг мавлоси Абдуллоҳ, Асмонинг ҳар сафар Ҳажундан ўтаётиб, «Аллоҳ Муҳаммадни раҳмат қилсин, биз ул киши бирлан мана шул ерга тушганмиз, ўшанда юкимиз енгил, туяларимиз ва озуқамиз оз эрди. Мен, синглим Оиша, Зубайр ва фалончи-пистончилар умра қилган эрдик. Каъбани ўпиб, силаб тавоф айлаганимиздан сўнг, ҳажга эҳром боғлаган эрдик» деганларини эшитган эркан».

12-боб. Ҳаж, умра ёки ғазотдан қайтганда нима дейиладир?

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, ғазот ёким ҳаж ёҳуд умрадан қайтаётганларида ҳар бир тепаликда тўхтаб, уч маротабадан такбир айтар эрдилар, сўнг: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, ул якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир, жамики нарсалар унинг мулкидир, унга ҳамду санолар бўлсин! Ул ҳамма нарсага қодирдир! Биз (куфрдан) қайтаётирмиз, тавба қилаётирмиз, раббимизга ибодат ва саждалар айлаётирмиз, ҳамду санолар айтаётирмиз. Аллоҳ ваъдасига содиқдир, ул бандаларининг қўлини баланд қилиб, жамики душманларини якка ўзи тор-мор айлади»,—дер эрдилар».

13-боб. Келаётган ҳожиларни кутиб олмоқ

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида Баний Абдулмуталлибга мансуб болалар қаршиларига югуриб чиқишди. Расулуллоҳ болалардан бирини олдиларига, иккинчисини орқаларига мингаштириб олдилар».

14-боб. Ҳаждан эрта тонгда қайтмоқ ҳақида

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага сафар қилсалар, йўлда «Шажара» масжидида намоз ўқиб ўтар эрдилар. Маккадан қайтишда эрса, Зулҳулайфа водийсида намоз ўқиб, тонг ёришгунча ўшал ерда қолур эрдилар».

15-боб. Ҳаждан шомда қайтмоқ ҳақида

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига бевақт эшик тақиллатиб келмас эрдилар. Борди-ю, ҳаждан кеч қайтсалар, хуфтондан олдин ёким тонг чоғи уйларига кирар эрдилар».

16-боб. Мадинага кеч қайтса, эшик тақиллатиб уйдагиларни безовта қилмаслик ҳақида

Жобир разияллоҳу анҳу:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаждан кечаси қайтсалар, эшик тақиллатиб, аҳли аёлларини безовта қилмас эрдилар»,— дейдилар.

17-боб. Мадинага яқин қолганда туясини тезлаштирган киши хусусида

Анас разияллоҳу анҳу:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётганларида узоқдан Мадина дарахтлари кўриниши биланоқ туяларини тезлаштирар эрдилар»,— дейдилар. Абу Абдуллоҳ Анас разияллоҳу анҳу ривоятига қўшимча қилиб: . «Ул киши бирлан бирга, Мадинани яхши кўрган кишилар ҳам уловларини тезлаштиришар эрди»,—дейдилар.

Анас разияллоҳу анҳу:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг деворлари кўриниши биланоқ туяларини тезлаштирар эрдилар»,— деб ҳам айтганлар.

18-боб. Аллоҳ таолонинг «Уйларга эшик орқали кирингиз!» деган каломи шарифи ҳақида

Барро разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Бу оят бизнинг ҳақимизда нозил бўлган эрди. Чунким бир пайтлар ансорлар ҳаждан қайтишда уйларига эшик қолиб, томдан ошиб тушишар эрди. Бир куни ансорлардан бири уйига эшик орқали кирди-да, бу бирлан қолганлар устидан ўзича кулган бўлди. Шунда Аллоҳ таолонинг «Савоб, уйларга томдан ошиб тушишда эрмас, балки Аллоҳдан тақво қилишдадир, уйларга эшикдан кирингиз!» — деган ояти кариймаси нозил бўлди».

19-боб. Сафар азобнинг бир парчасидир! (сафар азоби — гўр азоби)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафар азобнинг бир парчасидир (сафар азоби — гўр азоби), бирингиз таомсиз, бирингиз сувсиз ва яна бирингиз уйқусиз қолғайдирсиз. Сафарингизни (ҳожатингизни) тугатибоқ бола-чақангиз олдига шошилингиз!» — деб айтганлар»,— дейдилар.

20-боб. Мусофир сафарда қийналиб қолса, уйига қайтадир

Зайднинг оталари Аслам ривоят қиладирлар:

 «Абдуллоҳ ибн Умар бирлан бирга Маккага кетаётган эрдим. Абдуллоҳга Сафиййа бинти Абу Убайданинг қаттиқ бетоб бўлиб қолганлиғини хабар қилишди. Шунда, ул киши уловларини тезлаштирдилар, Қуёш шафағи ғойиб бўлгач, бир жойда тушиб, шом бирлан хуфтонни қўшиб ўқидилар. Сўнг: «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлда қийналиб қолганларида шомни кечиктириб, хуфтОнга қўшиб ўқиганларини кўрганман»,— дедилар».

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМИ

МУҲСАР (ҚАМАЛДА ҚОЛГАН КИШИ) ВА ОВДАН ТЕГАДИРГАН УЛУШ ҲАҚИДА ҲАМДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ «АГАР ҚАМАЛДА ҚОЛСАНГИЗ, ҚУРБОНЛИК ҚИЛМОҒИНГИЗГА НЕЧУК ЖОНЛИҚ НАСИБ БЎЛСА, ЎШАНИ ЗАБҲ ЗТМАГУНИНГИЗЧА  СОЧИНГИЗНИ ОЛДИРМАНГИЗ!» ДЕГАН КАЛОМИ ШАРИФИ ХУСУСИДА

21-боб. Умра қилғувчи қамалда қолса...

Нофиъ ривоят қиладирлар:
 «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу фитна содир бўлган йили (яъни, Ҳажжож Маккани қамал қилган йили) умра қилмоқ ниятида Маккага келдилар-да, «Агар Каъбага мени қўймасалар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан илгари қандоқ қилган эрсак, шундоқ қилғайдирман»,— дедилар. Кейин, умрага талбия айтдилар, чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Ҳудайбия йили умрага талбия айтгандилар».

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ва Солим ибн Абдуллоҳ иккалалари, Ибн Зубайр тасарруфидаги ерларга (Ҳажжож) қўшини келиб тушган кеча, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳуга: «Бу йил сиз ҳаж қилмасангиз, ҳеч нарса қилмағайдир, (душманлар) сизни Каъбага қўйишмағайдир, деган хавфдамиз»,— деб айтишди. Шунда ул киши: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга ҳажга чиққанимизда ҳам Қурайш кофирлари бизни Каъбага қўйишмаган эрди, ўшанда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жонлиқларини сўйиб, кейин сочларини олдирган эрдилар. Сизларнинг гувоҳлигингизда умра қилмоққа аҳд этдим, худо хоҳласа, йўлга чиққайдирман. Борди-ю, йўлимни тўсишмаса, Каъбани тавоф айлағаймен, башарти тўсишса, унда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга илгари нима қилган бўлсак, шуни қилғайдирмен»,— дедилар. Кейин, Зулҳулайфадан бошлаб талбия айтганча бир оз юрдилар-да, «Иккаласининг (ҳаж ва умранинг) амаллари бир хилдир, мен сизларнинг гувоҳлигингизда бир йўла ҳаж бирлан умра қилмоққа аҳд этдим»,— деб айтдилар. Сўнг, ул киши ҳаж бирлан умрани адо этиб, жонлиқларини сўймагунларича эҳромларини ечмадилар. Ул киши доим: «Маккага кирилган куни Каъбани бир маротаба тавоф айламай, эҳром ечилмағайдир», — дер эрдилар».

Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг ўғилларидан бири (Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ёки Солим) Нофиъга: «Фитна вақтида ҳажга бормай, Мадинада туриб турсангиз, яхши эрди»,— деб айтган эканлар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу:
 «(Душманлар) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаж айламоқларига тўсқинлик қилдилар. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ сочларини олдириб, аёлларига яқинлик қилдилар, қурбонлик қилдилар. Умрани эрса, келаси йили адо этдилар»,— дедилар.

22-боб. Ҳаж вақтида бўладирган тўсқинликлар ҳақида

Ибн Умар разияллоҳу анҳу:
 «Мободо, бирортангиз ҳаж вақтида (душман) тўсқинлигига дуч келсангиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари сизларга кифоя қилмағайдирми (яъни, Жаноб Расулуллоҳ шундоқ тўсқинликка дуч келганларида қилган амалларини адо этсангиз, кифоя қилмағайдирми)? Жаноб Расулуллоҳ ҳажда тўсқинликка дуч келганларида Каъба ҳамда Сафо ва Марвани тавоф айлаб, эҳромларини ечганлар-да, шу бирлан ҳажни тугатганлар. Кейин, келаси йили ҳаж қилиб, жонлиқ сўйганлар. Жонлиқ топмасалар, ўрнига рўза тутганлар»,— дедилар.

23-боб. Тўсқинликка учраганда соч олдирмасдан бурун қурбонлик қилмоқ ҳақида

Мисвар разияллоҳу анҳу:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам соч олдирмоқдан бурун жонлиқ сўйдилар ва саҳобаларга ҳам шундай қилмоқни буюрдилар»,— дейдилар.
Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Абдуллоҳ ва Солим оталари Абдуллоҳ ибн Умар разияллоху анҳуга: «Бу йил ҳажга бормасангиз, яхши бўлар эрди, душманлар тўсқинлик қилмаса, деб қўрқғаймиз»,— дейишганда, ул киши: «Биз Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга умра қилмоқ ниятида чиққанимизда ҳам Қурайш кофирлари Каъба йўлини тўсиб, бизни ўтказишмаган эрди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ туяларини сўйиб, сўнг сочларини олдирган эрдилар»,— деб айтдилар».

24-боб. Ҳажда тўсқинликка учраган кишига қайта (ўша йили) ҳаж қилмоқ лозим эрмас

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Ҳажини дунёвий лаззат бирлан бузган одамгина қайта ҳаж қилмоғи лозимдир, аммо бирор узрли сабаб бирлан ҳажи чала қолган бўлса, қайта ҳаж қилмағайдир. Агар ҳажда тўсқинликка дуч келган кишининг жонлиғи бўлса-ю, уни бирор киши орқали қурбонлик қилинадирган жойга бериб юбормоқ имкони бўлмаса, ўзи забҳ қилғайдир. Борди-ю бериб юбормоқ имкони бўлса, жонлиқ ўша ерга олиб бориб сўйилмагунча, эҳромини ечмай турғайдир».

Имом Молик ва бошқалар бундай дейишадир:
 «Ҳажда тўсқинликка учраган киши қаерда турган бўлса, ўша ерда жонлиғини сўйиб, сочини олдираверғайдир, бунинг учун қайта ҳаж қилиб ўтирмағайдир, чунким Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул кишининг саҳобалари Ҳудайбияда тўсқинликка дуч келишганда, ўша турган ерларида жонлиқларини сўйиб, сочларини олдираверганлар. Улар Каъбани тавоф айламай, жонлиқлари қурбонлик қилинадирган жойга олиб борилмай туриб, барча ҳаж таъқиқларидан халос бўлишди. Ўшанда, Жаноб Расулуллоҳнинг саҳобалардан бирортасига (ҳам) қайта ҳаж қилмоқни буюрганликлари тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Ҳудайбия ҳарамдан (муқаддас жойдан) ташқаридадир».

Нофиъ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу (Ҳажжож) фитна қилган йили Маккага умра айламоққа келганларида, «Башарти, душманлар йўлимни тўсиб, Каъбага ўтказишмаса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга илгари нима қилган бўлсак, шуни қилғайдирман»,— дедилар-да, умрага талбия айтдилар. Чунким Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия йили умрага талбия айтган эрдилар. Ибн Умар бир оз мулоҳаза қилиб туриб: «Ҳаж ва умранинг удумлари бир хил бўлгач»,— дедилар-да, ҳамсуҳбатларига қараб, «Мен сизларнинг гувоҳлигингизда бир йўла ҳаж ва умра қилмоққа аҳд этдим»,— деб қўшиб қўйдилар. Кейин, ул киши Каъбани бир марта тавоф айлаб, «Шу кифоя қилғайдир»,— деб жонлиқларини забҳ этдилар».

25-боб. Аллоҳ таолонинг «Қайси бирингизким бетоб бўлгайдирсиз ёким бошингизда иллатингиз (бит) бўлғайдир, товон учун рўза тутғайдирсиз ёким садақа қилғайдирсиз ёҳуд жонлиқ қурбонлик этғайдирсиз, буларнинг қайси оирини қилмоқ сизнинг ихтиёрингиздадир, бироқ рўза тутсангиз, уч кун тутгайдирсиз» деган каломи шарифи хусусида

Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (менга): «Ҳашоратлар (бит) сени безовта қилса керак»,— дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ»,— дедим. Ул киши: «Сочингни олдириб, уч кун рўза тутғил ёким олти мискинни тўйдирғил ёким бир қўйни қурбон қилғил!»—дедилар».

26-боб. Аллоҳ таолонинг «... ёким садақа...» деган сўзи олтита мискинни тўйдирмоқни англатадир

Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда эканлиғимизда тепамда турган эрдилар, бошимни битлаб кетганлиғини кўриб: «Сени битлар безовта қилаётирми?» — дедилар. Мен: «Ҳа»,— дедим. Ул киши: «Сочингни олдирғил!» — дедилар. Шу пайт, Аллоҳ таолонинг «Қайси бирингизким бетоб бўлгайдирсиз ёкйм бошингизда иллатингиз (бит) бўлғайдир..» деган ояти мени деб нозил бўлди. Шунда, Жаноб Расулуллоҳ менга: «Уч кун рўза тутғил, ёким олти мискинга бир фарқ (16 ратл) таом берғил, ёҳуд қурбингга қараб жонлиқ қурбонлик қилғил!» — дедилар».

27-боб. Фидя (жарима) учун ярим соъ таом садақа қилмоқ ҳақида

Абдуллоҳ ибн Маъқил ривоят қиладирлар:
 «Каъб ибн Ужра разияллоҳу анҳунинг ёнида ўтирган эрдим, ундан фидя тўғрисида сўрадим, ул киши: «Мазкур оят менинг ҳақимда нозил бўлган эрса ҳам, сизларнинг барчангизга тааллуқлидир. Ўшанда мени Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир юмуш бирлан юборишган эрди, бошимдан битлар юзимга тўкилиб турар эрди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ менга: «Сени бунчалик битлаб кетгансан, деб ўйламаган эрдим, жуда қийналиб қолибсан-ку! Битта қўй топа олғаймисен?»—дедилар. Мен: «Йўқ»,— дедим. «Унда уч кун рўза тутғил ёким олти мискинни тўйдирғил, ҳар бир мискинга ярим соъдан таом берғил!» — дедилар (1 соъ — 4 мудд, 1 мудд—1,33 ратл)».

28-боб. Фидя учун бир қўй қурбонлик қилинадир

Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Ужранинг бошидан юзига бит ўрмалаб турганини кўриб: «Сени бит безовта қилаётирми?»—дедилар. Каъб: «Ҳа»,— деди. Жаноб Расулуллоҳ унга сочини олдирмоқни буюрдилар. Шунда улар Ҳудайбияда туришган бўлиб, эҳромларини шу ерда ечиш-ечмасликлари аниқ эмас эрди, чунки улар Маккага кирмоқ ниятида эрдилар. Шу пайт, Аллоҳ таоло фидя ҳақидаги ояти каримасини нозил қилди. Мазкур оятга биноан, Жаноб Расулуллоҳ олти мискинни бир фарқ таом бирлан тўйдирмоқни ёким бир қўй қурбон қилмоқни ёҳуд уч кун рўза тутмоқни буюрдилар».

29-боб. Аллоҳ таолонинг «... шалоқ сўз... (айтилмагайдир)» деган каломи шарифи хусусида

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъбага ҳаж қилган киши шалоқ сўз айтмай, бузуқлик қилмай, онасидан туғилгандек пок бўлиб қайтсин!» — дедилар».

30-боб. Аллоҳ таолонинг «Ҳажда бузуқлик ҳам, жанжал ҳам бўлмасин!» деган каломи шарифи хусусида

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Байтуллоҳга ҳаж қилган киши шалоқ сўзламай, бузуқлик қилмай, онаси туққан кундагидек пок бўлиб қайтсин!» — дедилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио