Ал-жомиъ ас-саҳиҳ

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

Нафл намозлар ҳақида боблар

1-боб. Фарз намозлардан кейин ўқиладирган нафл намозлар

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга пешин намозидан аввал икки ракъат намоз ўқидим, пешин намозидан кейин ҳам, шом намозидан кейин ҳам, хуфтондан сўнг ҳам икки ракъат намоз ўқидим. Жумъанинг фарзларидан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқидим. Аммо, Жаноб Расулуллоҳ шом ва хуфтоннинг суннатларини уйларида ўқидилар. Опам Ҳафса: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отгач, қисқагина икки ракъат намоз ўқир эрдилар»,— дердилар. Ўша пайтларда мен Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирмас эрдим».

2-боб. Фарз намозидан сўнг нафл ўқимаган киши ҳақида

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирлан бирга бирданига 8 ракъат, кейин 7 ракъат намоз ўқидик»,— дедим. Шунда Амр ибн Динор: «Эй Абу Мусо, назаримда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг қазосини асрга, шомнинг қазосини хуфтонга қўшиб ўқидиларми, дейман»,— деди. «Мен ҳам шундоқ бўлса керак, деб ўйлайман»,— дедим».

3-боб. Сафарда зуҳо намози ўқимоқ ҳақида

Муварриқ разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Ибн Умарга: «Зуҳо намозини ўқийдирсизми?» — дедим. «Йўқ»,— деди. «Усмон-чи»? — дедим. «Йўқ»,— деди. «Абу Бакр Сиддиқ-чи?» — дедим. «Йўқ»,— деди. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам-чи?» — дедим. «Йўқ, деб ўйлайман»,— деди».

Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳо намозини ўқиганлари ҳақида Умму Ҳониъдан бошқа бирор киши бизга ҳадис айтмади. Умму Ҳониъ бундай деганди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ қилинган куни менинг уйимга кириб, ғусл қилдилар ва 8 ракъат намоз ўқидилар. Ҳанузгача мен бунчалик тез намоз ўқиган кишини кўрмаганман. Бироқ, тез ўқиган бўлсалар-да, рукуъ ва саждаларни меъёрига етказиб адо этдилар».

4-боб. Зуҳо намозини ихтиёрий деб ўқимаган киши ҳақида

Оиша онамиз ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зуҳо намозини ўқиганларини кўрмаганман, бироқ ўзим ўқиганман».

5-боб. Муқимликда зуҳо намози ўқимоқ

Атбон ибн Молик разияллоҳу анҳу:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда зуҳо намози ўқидилар, биз ул кишига иқтидо қилдик»,— дейдилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
 «Дўстим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга то ўлгунимча уч нарсага амал қилмоқни — ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, зуҳо намозини ўқимоқни ва витр намозидан кейин ухламоқни васият қилдилар».

Анас ибн Молик ривоят қиладирлар:
 «Бир бақалоқ ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен масжидга келиб сиз бирлан бирга намоз ўқимоққа қодир эрмасман»,— деб узрини айтди. Кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бир таом тайёрлаб, уйига чақирди. Бир бўйрани тозалаб, ерга солиб берди, Жаноб Расулуллоҳ бўйра устида икки ракъат намоз ўқидилар». Фалон ибн Фалон ибн ал-Жоруд: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намози ўқирми эрдилар?» — деб Анасдан сўради. Анас: «Ўшал кунлардан бошқа куни ўқиганларини кўрмаганман»,— деди.

6-боб. Пешиннинг фарзидан аввал икки ракъат намоз ўқимоқ

Ибн Умар ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан 10 ракъат суннат намозини ёдлаб (ўрганиб) олдим: пешиннинг фарзидан аввал икки ракъат, фарзидан кейин икки ракъат, шомнинг фарзидан сўнг икки ракъат (уйларида ўқидилар) ва хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракъат (уйларида ўқидилар), бомдоднинг фарзидан аввал икки ракъат (бу вақтда Расулуллоҳ ҳузурларига биров кирмас эрди). Менга Ҳафса опам: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззин азон айтганда (тонг отганда) икки ракъат намоз ўқир эрдилар»,— деб айтдилар».

Оиша онамиз:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешиннинг фарзидан аввалги тўрт ракъат, фарзидан кейинги икки ракъат ҳамда бомдоднинг фарзидан аввалги икки ракъат намозни канда қилмас эрдилар»,— дейдилар.

7-боб. Шом намозидан аввал намоз ўқимоқ

Абдуллоҳ ал-Мозиний ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шом намозидан аввал икки ракъат намоз ўқингиз!» — деб уч марта айтганларидан кейин, «Одамлар буни суннат деб тушунмасинлар, тағин!» деган ўй бирлан: «Хоҳлаган киши ўқисин!» — деб қўйдилар».

Марсад ибн Абдуллоҳ ривоят қиладирлар:
 «Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний ҳузурига бориб: «Абу Тамийм ҳақида бир сўз айтиб, сизни ажаблантирайинми? Ул шом намозидан аввал икки ракъат намоз ўқийдир»,— дедим. Шунда Уқба: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида шундоқ қилур эрдик»,— деди. «Ҳозир шундоқ қилмоғингизга не монеълик қилур?»—дедим. «Ишимнинг кўплиги»,— деди Уқба».

8-боб. Нафл намозларни жамоат бўлиб ўқимоқ ҳақида

Анас ибн Молик ва Оиша онамиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл намозларни жамоат бўлиб ўқимоқ лозимлиги ҳақида сўзлаганларини ривоят қилишғайдир.

Маҳмуд ибн ар-Рабийъ ал-Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларнинг ҳовлисидаги қудуқдан сув олиб юзига пуркаганларини ҳамда Расулуллоҳ бирлан бирга Бадр жангида қатнашган Атбон ибн Моликдан эшитганларини эслаб, «Атбон менга бундоқ деганди»,— дедилар:
 «Мен ўз қавмим бўлмиш Баний Солимга имомлик қилур эрдим. Қавмим яшайдирган қишлоқ бирлан менинг ўйим оралиғида бир водий бор эрди ва ёмғир ёққанда ўтиб бўлмайдирган бўлиб қолар эрди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Менинг кўзим хиралашиб қолди, ёмғир ёққанда қавмим бирлан ўзимнинг ўртамдаги водийни кесиб ўтмоқ менинг учун жуда оғирдир, уйимга бориб бир тайинли жойда намоз ўқиб берсангиз-у, мен ўшал ерни ўзимга намозгоҳ қилиб олсам!» — дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хўп, шундоқ қилғайдирмен»,— дедилар. Ниҳоят, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйимга кёлиб, эшигимни тақиллатдилар. Мен чиқиб, ичкарига таклиф этдим. Жаноб Расулуллоҳ ўтирмасдан: «Уйингнинг қай ерида намоз ўқиб берайин?» — дедилар. Мен ўзим хоҳлаган жойимни кўрсатдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳрима айтиб намоз бошладилар, биз ул кишининг орқаларида саф тортиб, иқтидо қилдик. Икки ракъат намоз ўқиб, сўнг салом бердилар. Биз ҳам салом бердик. Кейин, кетмоқчи бўлган эрдилар, «Сиз учун атайлаб хазир (таом) тайёрлатиб қўйганман, еб кетингиз!»— деб қўймадим. Маҳалла аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меникига келганларини эшитиб, ул зотни зиёрат қилгани киришди. Ҳовлимга одам тўлиб кетди. Қўшниларймдан бири: «Молик нега кўринмайдир?» — деди. Шунда бир киши: «Ул мунофиқ одам, Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўрмайдир»,— деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб: «Ундоқ демағил, Аллоҳни юз-хотир қилиб, Ло илоҳа илла-л-лоҳу деганини билурсен-ку!» — дедилар. «Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқдир, аммо биз Аллоҳга қасамёд қилиб айтурмизким, ул фақат мунофиқлар билайгина дўстлашиб, фақат ўшалар бирлан ҳамсуҳбат бўлғайдир»,— деди бояги киши. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолони юз-хотир қилиб, Ло илоҳа илла-л-лоҳу деган кишини Аллоҳ таоло дўзах ўтида куйдирмағайдир»,— дедилар. «Бу воқеани кўпчилик орасида айтиб бердим,— деб ҳикоя қиладир Маҳмуд ибн ар-Рабийъ,— улар орасида ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотда шаҳид бўлган саҳобалари Абу Айюб ҳамда Рум мамлакатига амир қилиб тайинланган Язийд ибн Муъовия ҳам бор эрди. Абу Айюб менинг айтганларимни рад қилиб: «Қасамёд қилиб айтурменким, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен айтган сўзларни ҳеч қачон айтмаган бўлсалар керак»,— деди. Абу Айюбнинг бул гапи менга жуда оғир ботди. Агар ғазотдан Аллоҳ таоло мени саломат қайтарса, агар Атбон ибн Моликни тирик топсам, маҳалласининг масжидида албатта ундан бу ҳақда сўрағайдирмен, деб қасамёд қилдим. Ғазотдан саломат қайтдим, кейин ҳажга (ёким умрага) эҳром боғлаб, йўлга тушдим-да, Мадинаи Мунавварага келдим. Баний Солим маҳалласига бордим. Қарасам, кўзи ожиз, мўйсафид Атбон ибн Молик ўз қавмига имомлик қилиб, намоз ўқиб турган эркан. Намоз тугаб, салом бергач, олдига бориб салом бердим. Сўнг, ҳалиги ҳадисни сўрадим, Атбон ибн Молик олдин қандоқ айтиб берган бўлса, худди ўшандоқ қилиб ривоят қилиб берди».

9-боб. Уйда нафл намози ўқимоқ

Ибн Умар ривоят қиладирлар:
 «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйингизда ҳам нафл намоз ўқиб турингиз, уйингизни қабристон қилиб қўймангиз»,— дедилар».


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио