Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қабул қилар ва унга яраша мукофот берар эдилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита қўшним бор, қай бирига ҳадя берай?» дедим. «Сенга эшиги яқинроғига», дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар пойча ёки туёққа даъват қилинсам ҳам, албатта, қабул қилар эдим. Агар менга пойча ёки туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта, қабул қилар эдим», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро ҳадя қилишинг, чунки ҳадя кўнгилдаги ғашликни кетказади. Қўшни аёл ўз аёл қўшнисини қўй туёғининг бир бўлагида ҳам ҳақир санамасин», дедилар». Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
|