Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

РОСТГЎЙЛИК ВА КАРАМЛИ БЎЛИШ ҲАҚИДА

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у Зот:
«Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд.

Имом Муслимнинг ривоятида:
«Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши бозорда туриб бир молни савдога қўйди ва мусулмонлардан бир одамни қизиқтириш учун у(мол)га ўзига берилаётгандан кўп берганини айтиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичди. Шунда:
«Албатта, Аллоҳнинг аҳди ва қасамлари ила арзон баҳога сотиб оладиганлар...» ояти нозил бўлди.»
Имом Бухорий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандоқ сотаяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у Зотга қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ, деб ваҳий қилинди. У Зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биздан эмасдир, ким алдаса», дедилар».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Имом Муслим ва имом Термизийнинг лафзида:
«У зот:
«Эй таом эгаси! Бу нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди.
«Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар».

Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида даллол, деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар:
«Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринглар», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни кўриб:
«Эй тожирлар жамоаси!» дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. Шунда у зот:
«Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан мустасно», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дейилган».
Икковини имом Термизий ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».
Имом Бухорий ва имом Термизий ривоят қилишган.

 Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга:
«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар.
«Йўқ», деди у.
«Эсла», дедилар.
«Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойдан осонлаштиришни амр қилар эдим», деди.
Аллоҳ таоло:
«Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди».

Бошқа ривоятда:
«Магар, мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ таоло:
«Бандамни кечиб юборинглар», деди» дейилган».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», дедилар».
Термизий ривоят қилган ва, саҳиҳ деган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақи бор эди. Ўша одам у Зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда у зот:
«Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар:
«Биз унинг ёшидан яхшироқ ёшдан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди.
«Ўшани сотиб олиб унга беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио