Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳарларни ейдиган шаҳарда туришга амр қилиндим. Уни Ясриб дейдилар. У Мадинадир. У (ёмон) одамларни худди босқон темирнинг кирини сургун қилгандек, сургун қилади», дедилар». Иккисини Бухорий, Муслим ривоят қилишган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб у зотга Ислом учун байъат қилди. Эртасига у иситмалаган ҳолда келди ва: «Мени байъатдан бўшатинг», деди. У зот уч марта бош тортдилар. Сўнг аъробий чиқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадина худди босқонга ўхшайди. У зангини кўчириб ва яхшисини мусаффо қилиб туради», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, иймон Мадинага худди илон инига киргандек киради», дедилар». Иккисини Бухорий, Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ислом шаҳарларидан энг охири хароб бўладигани Мадинадир», дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.
|