Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

КАЪБАДА НАМОЗ ЎҚИШ ЖОИЗ ВА ҲИЖР УНДАНДИР

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида ичида олиҳалар борлиги учун Байтга киришдан бош тортдилар. Бас, амр қилдилар ва улар чиқариб ташланди. Иброҳим ва Исмоилнинг сувратини олиб чиқдилар. Уларнинг қўлларида фол чўплари бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ уларни қатл қилсин! Албатта, иккилари улар билан ҳеч ҳам фол очмаганларини яхши билар эдилар-ку!» дедилар. Кейин Байтга кирдилар ва унинг атрофларида намоз ўқидилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байт­га кирдилар. У зот билан бирга Усома, Билол ва Усмон ибн Толҳа ҳам кирди. Уларнинг устидан эшикни ёпиб қўйдилар. Очганларида биринчи кирган одам мен бўлдим. Шунда Билолни учратиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ичида намоз ўқидиларми?» деб сўрадим.
«ҳа. Икки яманий устунлар орасида», деди.
Бошқа ривоятда:
«Бир устинни чап томонларида қўйдилар, икки устинни ўнг томонларида ва уч устунни ортларида. Байт ўша кунлари олти устунли эди. Сўнг намоз ўқидилар», дейилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимдан масрур ҳолда чиқиб кетдилар ва кейин ғамгин ҳолда кириб келдилар. У зот, «Мен Каъбага кирдим. Агар ишимни қайтадан қилиш имконига эга бўлсам, буни қилмасдим, унга кирмасдим. Мен умматимга машаққат туғдириб қўйишдан қўрқаман», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Байтга кириб, унинг ичида намоз ўқишга муҳаббатим бор эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан тутиб, мени ҳижрга киритдилар ва «Агар Байтга киришни ирода қилган бўлсанг, ҳижрда намоз ўқийвер, албатта, у ҳам Байтнинг бир бўлагидир. Сенинг қавминг, Каъбани бино қилган пайтларида уни Байтдан чиқариб қўйганлар, холос», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган. Имом Термизий саҳиҳ, деган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жадр ҳақида:
«У ҳам Байтданми?» деб сўрадим.
«ҳа», дедилар.
«Нима учун уни Байтга киритмаганлар?» дедим.
«Қавмингнинг нафақаси етмай қолган», дедилар.
«Нима учун унинг эшиги баланд?» дедим.
«Буни қавминг қилган. Хоҳлаганларини киритиш учун ва хоҳлаганларини ман қилиш учун. Агар қавмингнинг жоҳилиятга яқинликлари бўлмаганида ва уларнинг қалблари инкор қилишидан қўрқмаганимда, албатта, Жадрни Байтга киритиш ва унинг эшигини ерга ёпиштиришга бир назар қилган бўлардим», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Агар қавмингнинг ширкка яқинлиги бўлмаганида, албатта, Каъбани бузиб, уни ерга тенглаштирган, унга икки эшик: шарқий ва ғарбий эшик қилган бўлар эдим. Бир эшикдан кириб, бир эшикдан чиқар эдилар. Кейин унга ҳижрдан олти аршин зиёда қилар эдим. Қурайш Каъбани қурганда уни қисқа қилиб қўйган», дейилган.
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио