Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш васақдан камда садақа йўқ. Беш заваддан камда садақа йўқ. Беш увқиядан озда садақа йўқ», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилганидан ушрнинг ярми», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий. Бошқа бир ривоятда: «Осмон, анҳорлар, булоқлар ёки томиридан сув ичганларидан ушр. Сув чиқарувчи ҳайвонлар ва сув чиқарувчи асбоблар ила суғорилганларидан ушрнинг ярми», дейилган.
|