Молик ибн Ҳубайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир маййит ўлганидан кейин унга мусулмонлардан уч саф намоз ўқиса, албатта, (Аллоҳ жаннатни) вожиб қилади», дедилар». Ибн Ҳубайра айтадики: «Молик аҳли жанозани оз кўрса шу ҳадисга биноан уларни уч сафга бўлар эди». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир маййитга мусулмонлардан сони юзга етадиган уммат жаноза ўқиб, ҳаммалари унга шафоатчилик қилсалар, шафоатлари қабул қилинур», дедилар». Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон одам ўлса-ю, унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши туриб ўқиса, албатта, Аллоҳ унга ўшаларни шафоатчи қилур», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
|