Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Нафл) намозни уйингизда ўқингиз. Албатта, кишининг энг яхши намози уйидагисидир. Фақат фарз намоз бундан мустасно», дедилар». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз масжиддаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан насиба қилсин. Чунки, Аллоҳ унинг уйида намози сабабли яхшилик қиладир», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан, Аллоҳ зикр қилинмайдиган уй мисоли, худди тирик билан ўликнинг мисолига ўхшайди», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз уйидаги фарз намозидан бошқа намози менинг ушбу масжидимдаги намозидан афзалдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ироқий, саҳиҳ, деган.
|