Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

МАСЖИДЛАРНИНГ ОДОБИ ҲАҚИДА

Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжидга кирса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин. Сўнгра:
«Аллоҳумма ифтаҳ лии абваба роҳматика», десин. «Бас, агар чиқадиган бўлса, Аллоҳумма иннии асъалука мин фазлика», десин», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилган.

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга кирсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар айтар эдилар ва:
«Аллоҳумма иғфир лии зунубии вафтаҳ лии абваба роҳматика», дер эдилар».
Қачон чиқсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтар эдилар ва:
«Аллоҳумма иғфир лии зунубии вафтаҳ лии абвоба фазлика», дер эдилар».
Термизий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга кирсалар:
«Аъузу биллаҳил Азийм ва биважҳиҳил карийм ва султо-ниҳил қадийм минаш шайтонир рожийм», дер эдилар. Бас қачон шуни айтсалар, Шайтон:
«Мендан куннинг қолганида сақланди», дер эди».
Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу масжидга ўнг оёғи билан кириб, чап оёғи билан чиқар эди.
Бухорий ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқисин», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келсалар биринчи масжидга борар ва унда намоз ўқир эдилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган. Муслимнинг лафзида:
«Сафардан фақат кундузи, чошгоҳ вақтида келар эдилар. Бас, қачон келсалар биринчи масжидга борар, унда икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра ўтирар эдилар», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Масжидга туфурмоқ гуноҳдир, уни ювиш, кўмиш биландир», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган

Имом Муслим келтирган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга умматимнинг яхшию ёмон амаллари кўрсатилди. Бас, уларнинг яхши амаллари ичида йўлдан олинадиган озор берувчи нарсани, ёмон амаллари ичида эса, масжидда кўмиб қўйилмаган балғам эканини кўрдим», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қибла томонда балғамни кўрдилар ва уни қўллари билан ишқаб ташладилар. У кишидан кароҳият ёки у зотнинг буни кариҳ кўришлари ва унга нисбатан шиддатлари кўринди. У зот:
«Албатта, қай бирингиз қачон намозида турса Роббисига муножат қилади. Бас, қибласига туфурмасин. Лекин чап томонига ёки қадами остига туфурсин», дедилар. Сўнгра, ёки бундоқ қилади, деб ридоларнинг бир томонини олиб унга туфуриб, ўраб кўрсатдилар ва, мана бундоқ, дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир қора киши ёки аёл масжидни тозалаб юрар эди. У вафот қилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда сўрадилар.
«У вафот этди», дейишди. У зот:
«Буни менга билдирсаларингиз бўлмасмиди! Менга унинг қабрини кўрсатинглар!» дедилар ва унинг қабрига бориб(жаноза) намоз ўқидилар».
Икки ҳадисни уччовлари ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга умматининг ажрлари, ҳаттоки, кишининг масжиддан чиқарган чўпни ҳам кўрсатилди. Менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Бас, Қуръондан бир сура ёки оят берилган одам уни унитганидан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан, у киши ўз амакисидан ривоят қилади:
«У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда бир оёқларини иккинчиси устига қўйиб чалқанча тушиб ётганларини кўрган экан».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ибн Умар ёш, бўйдоқ, аҳли аёли йўқ пайтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ухлаб юрар эди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажд томонга отлиқларни юбордилар. Улар Бани Ҳанийфалик Сумама ибн Усал, деган одамни олиб келдилар ва масжиднинг устунларидан бир устунга боғлаб қўйдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Жинлардан бир Ифрийти кеча менга намозимни бузиш учун бирдан йўлиқиб қолди. Бас, Аллоҳ унга нисбатан менга имкон берди. Ҳаммангиз эрталаб туриб унга назар солишингиз учун уни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим. Бас, биродарим Сулаймоннинг: «Эй, Роббим, менга мендан кейин ҳеч кимга бўлмайдиган мулкни бергин» деган гапини эслаб, уни ноумид қилиб қайтариб юбордим», дедилар».
Бухорий, Муслим ривоят қилган.

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Масжидда турган эдим. Биров менга тош отиб қолди. Назар солсам Умар ибн Хаттоб экан. У менга:
«Бориб, ҳов анови икковини олдимга олиб кел»-деди. Мен бориб икковини олиб келдим. Бас, У:
«Икковингиз кимсиз ёки қаердансиз?!» деди.
«Аҳли Тоифдан»-дейишди.
«Агар шу ерлик бўлганингизда кунингизни кўрсатар эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида овозингизни кўтарасизлар-а!» деди».
Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким масжидда йўқолган нарсасини сўраган одамни эшитса, унга: «Аллоҳ сенга уни қайтармасин. Масжид бунинг учун бино қилинмаган», десин», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Имом Муслим қилган ривоятда айтилишича:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларида, бир одам ўрнидан туриб:
«Ким қизил туяни кўрди?» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни тополмагин. Масжидлар ўзлари бино қилинган нарса учун бино қилингандир», дедилар».

Учовлари келтирган ҳадисда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким масжидларимиздан ва бозорларимиздан камон ўқига ўхшаш нарса ила ўтса, уни кафти ила тутиб ўтсин, мусулмон одамни кесиб қўймасин», дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким пиёз, сармисоқ пиёз ва ёввойи пиёз еса масжидимизга асло яқин келмасин. Чунки, фаришталар, одам болалари озор топадиган нарсалардан озор топадилар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ким сармисоқ пиёз ёки пиёз еган бўлса, биздан четда бўлсин» ёки масжидимиздан четда бўлсин, уйида ўтирсин», дедилар».
Яна бошқа ривоятда эса:
«Ким ушбу сабзавотни еса унинг ҳиди кетмагунча асло масжидимизга яқин келмасин», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.
Муслим ва Насаий келтирган ривоятда:
«Умар розияллоҳу анҳу ўз хутбаларида:
«Эй, одамлар! Сизлар икки хил нарсани ейсизлар. Мен у иккисини, албатта, яхшимас нарса, деб биламан; пиёз ва сармисоқ пиёз. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайси бир одамда уларнинг ҳидини топсалар, уни амр қилиб, Бақеъга чиқартириб юборар эдилар. Бас, ким у иккисини ейдиган бўлса пишириб-ўлдириб есин», дедилар».

Термизий ва Насаий келтирган ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар», дейилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио