Ҳадис ва Ҳаёт

  < Олдинги Китоб бўлимлари Кейинги >  

НАМОЗНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА УНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:
«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгарилмас. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир кеча-ю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рамозон рўзасини тутишлик», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Бас, ўша одам:
«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман» дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насаий ривоят қилган.

Абудуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Муҳаммад Витр намози вожиб, деб даъво қилди. Бас, Убода ибн Сомит:
«Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни фарз вақтида, рукуъ-хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа мағфират қилади. Хоҳласа азоблайди», деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айтингларчи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан бир нарса қолмайди», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб турадилар. Улар Бамдод намозида ва Аср намозида жамланиб турадилар. Сўнгра, ичингизда тунаганлар кўтариладилар. Бас, Роббилари улардан Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Улар:
«Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик. Улар ҳузурига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эканлар», дейшади», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Беш вақт намоз ва Жумадан Жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффаротдирлар. Мадомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса?!» дедилар.
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви чақирди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъини ва рукуъини яхшилаб адо этса, албатта, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлур. Модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу доимо. Ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман», деди».
Муслим ривоят қилган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам бир аёлни ўпиб олди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Аллоҳ: «Намозни наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур», оятини нозил қилди.
Сўнгра ҳалиги одам:
«Эй, Аллоҳнинг Расули. Бу менинг ўзимгами?» деди.
«Барчага, менинг умматимнинг ҳаммасига», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Аллоҳга қайси амал маҳбубброқ?» деб сўрадим.
«Ўз вақтида ўқилган намоз», дедилар у зот.
«Сўнгра қайсиниси?» дедим.
«Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар.
«Сўнгра қайсиниси?» дедим.
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар.
«Буларнинг менинг ўзимга айтдилар, агар зиёда сўраганимда, зиёда айтар эдилар», деди».
Икки ҳадисни Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғана кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот:
«Сўра», дедилар.
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Шунинг ўзини», дедим.
У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажжида хутба қилиб:
«Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ бандага у ўқийдиган икки ракъат намоздан афзал нарсани буюрмаган. Мадомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан, албатта, яхшилик ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса билан яқинлашгандек, бошқа нарса билан яқинлаша олмаслар», дедилар. Яъни, Қуръон, демоқчилар».
Икковларини Термизий ривоят қилган.


  < Олдинги Кейинги >  


• Ҳадис китоблари
- Ал-жомиъ ас-саҳиҳ
- Саҳиҳи Муслим
- Сунани Абу Довуд
- Сунани Насаий
- Сунани Термизий
- Сунани ибн Можа
- Муватто
- Саҳиҳи ибн Ҳузайма
- Ҳадис ва Ҳаёт
- Сунани Доримий
- Жавомеъул калим
- Риёзус-солиҳийн
- Ал-адаб ал-муфрад
- Азкор
- Мишкотул Масобиҳ
- Ҳадиси қудсий
- Муснад
- Шамоили Муҳаммадиййя
- 40 ҳадис (Нававий)
- Муҳаммадийя ҳикматлар
- Манҳалул ҳадис
- Булуғ ал-маром
- Фа-лайса минний...! Фа-лайса минна...!
- Заиф хадислар
- Уйдирма ҳадислар.
• Сийрат китоблари
- Расулуллоҳ с.а.в
- Нурул Яқийн
- Саҳобалар ҳаёти
- Муҳаддис уламолар
• Ҳадис илми
- Мусталаҳул ҳадис
- Ҳадис илми
- Мақолалар
- Тестлар тўплами
• Муҳаддислар
- Имом Бухорий
- Имом Муслим
- Имом Абу Довуд
- Имом Термизий
- Имом Насаий
- Имом Ибн Можа
- Молик ибн Анас
- Имом Аҳмад ибн Ҳанбал
- Имом Доримий
- Имом Ҳоким
- Имом Шофеъий
- Ибн Хузайма
- Дора Қутний
- Имом Байҳақий
• Аудио